ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ
ҚОНУНИ
16.12.2019 й.
N ЎРҚ-595
МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ
ВА ТАРБИЯ ТЎҒРИСИДА
Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 22 октябрда қабул қилинган
Сенат томонидан 2019 йил 14 декабрда маъқулланган
1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2-модда. Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисидаги қонунчилик
Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида мактабгача таълим ва тарбия тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
3-модда. Асосий тушунчалар
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
алоҳида таълим олиш эҳтиёжлари бўлган болалар - ногиронлиги бўлганидан ёки бўлмаслигидан қатъи назар, оила, педагоглар, мутахассислар, жамият ва давлатнинг алоҳида эътиборига муҳтож бўлган индивидуал эҳтиёжларга эга болалар;
давлат мактабгача таълим ташкилоти - давлат томонидан молиялаштириладиган ва бошқариладиган ҳамда мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат стандартига мувофиқ мактабгача таълим ва тарбия хизматлари кўрсатувчи ташкилот;
инклюзив таълим ва тарбия - болаларнинг алоҳида таълим олишга бўлган эҳтиёжларини ҳамда индивидуал имкониятларини ҳисобга олган ҳолда таълим ва тарбия олиши учун тенг имкониятларни таъминлайдиган жараён;
мактабгача бўлган ёш - болаларнинг туғилган пайтидан етти ёшгача, то уларга умумий ўрта таълим ташкилотларида таълим бериш бошланган пайтга қадар бўлган ёши;
мактабгача таълим ва тарбия - болаларга таълим ва тарбия беришга, уларни интеллектуал, маънавий-ахлоқий, этик, эстетик ва жисмоний жиҳатдан ривожлантиришга, шунингдек болаларни умумий ўрта таълимга тайёрлашга қаратилган узлуксиз таълим тури;
Do'stlaringiz bilan baham: |