Марказий Осиё -инсоният цивилизациясининг кадимги ўчокларидан бири
-МАВЗУ: Мўгуллар истилоси ва зулмига карши кураш. Жалолиддин Мангуберди
Download 1.34 Mb.
|
Ўзб тарих семинар
- Bu sahifa navigatsiya:
- 1.Чингизхон ва Хоразмшоҳ муносабатлари.
- 95 нафарини баҳодур
- 1206-1211 йиллар давомида Сибир ва Шарқий Туркистон халқлари бурят, ёқут, ойрат, қирғиз ва уйғурлар бўйсиндирилади.
- Чингизхон Хитойга хужум бошлайди.
- 1218 йилга келиб ғарб томонда Еттисув худудининг қолган қисми ҳам эгалланиб
- Хоразмшохлар қўшинини тор-мор келтириб
- Хоразмшохлар сулоласи ичдан емирилишга, таназзулликка юз тутган эди.
- Жалолиддин
6-МАВЗУ: Мўгуллар истилоси ва зулмига карши кураш. Жалолиддин Мангуберди
Режа 1.Чингизхон ва Хоразмшоҳ муносабатлари. 2.Мўғулларнинг Ўрта Осиёга юришлари. Махмуд Таробий қўғолони. 3.Жалолиддин Мангубердининг ватан химояси йўлидаги жасорати. 1.Чингизхон ва Хоразмшоҳ муносабатлари. Ўз довюраклиги устакорлиги, маккорлиги билан машҳур бўлган Темучин (1155-1227) XII асрнинг охирларига келиб нафақат мўғулларнинг кўп сонли уруғ-қабилаларини, шу билан бирга улар билан ёнма-ён, қўшни яшаб келган кўплаб туркий элатлар, чунончи, жалоирлар, ойратлар, қараитлар, найманлар, қорахитойлар, қирғизлар, уйғурлар, қарлуқлар ва бошқаларни ҳам бирин-кетин бўйсундириб, кучли давлатга асос солди. Бу давлат ҳарбийлашган тизимга асосланганлиги билан ажралиб турарди. Қўшинларга: ўн жангчига бир бошлиқ – ўн боши, шунингдек, юз боши, минг боши ва туманбошилар бошчилик қиларди. Туман деганда ўн минглик қўшингина эмас, балки шу қўшин сафини доимий тўлдириши керак бўлган бутун бир туман, яъни беш - ўн минг ўтовли ёки 50 мингга яқин аҳолиси бўлган ҳудуд назарда тутиларди. Ҳар бир шундай туманга тайин қилинган туманбоши фақат ўн минг жангчининг қўмондони бўлибгина қолмай, айни замонда ўз тасарруфидаги минглаб фуқароларнинг тақдирини ҳам ҳал этувчи ҳокими мутлоқ ҳисобланарди. Мазкур тумандаги барча судлов, жиноий – жавобгарлик ва фуқаролик ишлари ҳам тўлалигича унинг тасарруфида бўлган. Темучин олий ҳокимият мурувватларини ўзининг ўғиллари ва энг яқин кишиларига топширади. Жумладан, унинг яқин сафдошларидан Субитой, Хубилой, Жебе, фарзандлари: Жўжихон, Чиғатой, Ўқтой, Тўлуйхонлар биринчи бўлиб туман соҳиблари бўлганлар. Темучиннинг мўғулларнинг улуғ хоқони сифатидаги ўрни ва мавқеини ҳар жиҳатдан мустаҳкамлаш, бунга қонуний тус беришда 1206 йили пойтахт Қорақурумда бўлиб ўтган умуммўғул Қурултойи алоҳида аҳамиятга молик бўлди. Қурултойда Темучин барча мўғул-татар хонларининг улуғ хони (қоони) деб эълон қилинди ва унга Чингизхон лақаби берилди. (Чингизхон лақаби турли муаллифлар томонидан турлича, чунончи, «кучли», «қудратли», «тоза» ёки денгизлар Денгизхон, океанлар ҳукмдори ва хоказо маъноларда талқин қилиниб келинади). Қурултой томонидан қабул қилинган «Ясо» ҳужжати мўғуллар давлатининг асосий қонунлари мажмуаси улуғ хон ҳокимиятини янада мустаҳкамлади. «Ясо» мўғул жамиятидаги мулкий тенгсизликнинг ифодаси сифатида кўзга яққол ташланади. У янги пайдо бўлган ҳукмрон табақа – тархонларга катта имтиёзлар берилишини кўзда тутарди. Чингизхон улуғ ҳоқон деб эълон қилинган биринчи кундаёқ ўзининг энг яқин кишиларидан 95 нафарини баҳодур, мингбошилар этиб тайинлайди ва бир неча минг кишига тархонлик ёрлиқлари берилади. Чингизхон айни пайтда 10 та олий ҳокимият лавозимларини таъсис этади ва 150 кишидан иборат шахсий гвардия ҳамда мингта «довюрак» жангчилардан таркиб топган шахсий дружина тузади (Кейинчалик унинг сони 10 минг кишига етказилади). Бутун мамлакатда кучли темир интизом, қаттиққўл тартиб ўрнатилиб, жанговар ҳарбий сафарбарлик ишлари авжга олдириб борилди. Бу ҳол Чингизхонинг хорижий элларни забт этишдан иборат ўз олдига қўйган ёвуз, агрессив мақсадларини тез орада амалга оширишга имкон яратиб борди. XIII аср бошларига келиб Чингизхон қўшни давлатлар ва хонликларни бирин – кетин босиб олишга киришади. Агар 1206 йилга қадар бепоён Ғўби саҳросидаги қавм – қабилалар итоатга келтирилган бўлса, 1206-1211 йиллар давомида Сибир ва Шарқий Туркистон халқлари бурят, ёқут, ойрат, қирғиз ва уйғурлар бўйсиндирилади. Мўғул саркардаси Хубилой Еттисувнинг шимолий худудларини ишғол этиб, бевосита Хоразмшохлар давлати чегараларига яқинлашиб боради. 1211 йилда уйғурлар ери истило этилгач, шундан сўнг Чингизхон Хитойга хужум бошлайди. 1215 йил бошларига келиб Шимолий Хитой пойтахти Пекин ишғол этилади. 1217 йилда Хуанхэ дарёсининг шимолидаги барча ерлар мўғуллар тасарруфига ўтади. Айни чоғда 1218 йилга келиб ғарб томонда Еттисув худудининг қолган қисми ҳам эгалланиб, мўғулларга тобе бўлади. Эндиликда Чингизхоннинг асосий бош мақсади - унинг жаҳонга ҳукмрон бўлишига катта тўғоноқ бўлиб турган буюк Хоразмшохлар қўшинини тор-мор келтириб, унинг ерларини ўз қўл остига киритиш эди. Бу даврда Хоразмшоҳлар давлатининг ички ижтимоий-сиёсий ҳаёти ғоятда мурракаб, зиддиятли кечаётганди. Бу давлат ташқаридан улуғвор, кенг ҳудудларга ёйилган, қудратли салтанат тарзида кўринса-да ва унинг ҳукмдори Муҳаммад Хоразмшоҳ ўзини «Искандари соний», «худонинг ердаги сояси» деб билса-да, бироқ ҳақиқатда эса Хоразмшохлар сулоласи ичдан емирилишга, таназзулликка юз тутган эди. Аввало, олий ҳокимият бошқарувида чуқур ихтилофлар ҳукм сурарди. Бир томондан, Муҳаммад юргизаётган расмий сиёсатга нисбатан унинг онаси Туркон Хотун ва унинг қавмларидан иборат нуфузли сиёсий кучлар доимий мухолифатчилик муносабатида бўлиб келарди. Иккинчи томондан, маҳаллий ҳудудлар беклари ва ҳокимлари ҳам марказий ҳокимият билан ҳисоблашмай, ўзбошимчалик қилар, халққа ҳаддан зиёд жабр – зулм ўтказарди. Бу даврда Хоразмшоҳлар давлати олий девонида ҳам, маҳаллий ҳокимлар, амалдорлар ўртасида ҳам порахўрлик, хоинлик, сотқинлик ҳолатлари авж олиб бораётганлиги сир эмасди. Учинчидан, халқнинг ҳокимиятдан норозилиги кўплаб ғалаёнларни келтириб чиқармоқда эди. Бундай қалтис вазият, шубҳасиз, мамлакат бирлигига рахна солиб, уни тобора заифлаштираётган эди. Бунинг устига Муҳаммад Хоразмшоҳнинг халифалик ҳудудларини қўлга киритиш даъвоси билан 1217 йилда Бағдод сари қўшин тортиши ҳам халифалик ҳукмдорларини қаҳру ғазабга келтирганди. Ҳатто халифа ан-Носир Чингизхонга элчилар орқали махсус нома йўллаб, ундан ёрдам сўрайди, мўғул қўшинларини Мовароуннаҳр мулкларига бостириб киришига ҳам ишора қилганди. Чингизхон қўшни давлатдаги барча сиру-синоатлардан тўла хабардор эди. У Хоразм давлатидан Мўғулистонга қатнайдиган бир гуруҳ йирик савдогарлардан иборат ўз жосуслик маҳкамасини ташкил қилиб, улар хизматидан фойдаланиб келарди. Маҳмуд Ялавоч, Ҳасан Хожа, Юсуф Ўтрорий сингари кишилар шулар сирасига кирарди. Шу боис Чингизхон ва унинг ўрдаси Хоразмшоҳлар давлатида кечаётган барча зиддиятли воқеалардан, унинг заиф нуқталаридан хабардор эди. Чингизхон барча воситаларни ишга солиб, керак бўлса шуҳратпараст шоҳ Муҳаммадни тинчлантириб, амалда Мовароуннаҳр устига юришга пухта ҳозирлик кўради. 1218 йили Чингизхон амри билан Хоразм давлатига 500 туяда қиммат баҳо совғалар, тилло – кумуш бисотлар, савдо моллари ортилган, асосий таркиби мусулмон савдогарларидан иборат 450 кишилик карвон юборилади. Бироқ карвон Ўтрорга келиб қўниши биланоқ Хоразмшоҳнинг махсус топшириғи билан Ўтрор ҳокими Ғоирхон (Иналчуқ) уни йўқ қилишга буйруқ беради. Шу тариқа, карвон бутунлай таланиб, қирғин қилинади. Чингизхон учун энди Мовароуннаҳрга бостириб кириш фурсати етган эди. Бу вақтга келиб Чингизхон ва унинг лашкарбошилари тасарруфида 200 минг нафарли жанговор қўшин тайёр ҳолга келтириб қўйилганди. Чингизхон қўшинининг ҳужуми хавфи яқинлашиб келаётганлигини Муҳаммад Хоразмшоҳ ва унинг аркони давлати ҳам яхши биларди. Шоҳ муайян ҳарбий тайёргарликлар кўриш, шаҳарларнинг мудофаа истеҳкомларини мустаҳкамлаш, қўшинлар сафини купайтириш ҳаракатида бўлди. Бироқ асосий ҳарбий стратегик масалаларда у ўта нўноқлик, нодонлик ва калтабинлик қилади. У ўзининг саркарда ўғли Жалолиддин, Хўжанд ҳокими, довюрак баҳодир Темур Малик сингари етук кишиларнинг ҳарбий кучларни асосий нуқталарда тўплаб, душманга ҳал қилувчи зарбалар бериш кераклиги тўғрисидаги тўғри, доно маслаҳатларига ҳам қулоқ солмади. Султон ўз қўшинларини турли шаҳарларда алоҳида ҳолда жойлаштириш ва мудофаачиликдан иборат хато тактикани маъқул кўрди. 1219 йилда Чингизхоннинг сон – саноқсиз қўшинлари мамлакатга бостириб кира бошлагач, Хоразмшоҳ ўз тинчи, ҳаловатини кўзлаб, мамлакат тақдирини ўз ҳолига ташлаб, яқин хешу ақраболари билан жанубга томон силжиши (қочиши) хоинлик бўлди. Бундай ҳолат тез орада бутун мамлакат учун фожиали оқибатларга олиб келди, юрт ҳимоячилари тақдири, руҳиятида ўчмас, асоратли из қолдирди. Халқнинг соғлом, ватанпарвар кучлари эса юрт улуғларининг бундай иккиланиши, хиёнатига қарамай, муққадас она заминни кўкрак кериб ҳимоя қилиш, босқинчиларга қарши қаҳрамонларча курашга ташландилар. Бу мислсиз жангу жадалларда уларнинг қанча – қанчаси ўзларини юрт озодлиги учун қурбон қилдилар. Мўғулларнинг биринчи ҳужумига дучор бўлган ҳудуд Ўтрор бўлди. Чингизхон ва унинг лашкарининг ўтрорликлардан алоҳида ўчи бор эди. Негаки, Чингиз юборган савдо карвони ҳудди шу ерда саронжом қилинганлиги уларнинг ёдидан кўтарилмаганди. Чиғатой ва Ўқтойнинг сон-саноқсиз кучлари шаҳар қалъаларига босқин уюштирган кезларда ўтрорликлар уларга қарши мардонавор жанг қилдилар. Шаҳар аҳолиси Ғоирхон Иналчуқ ва Қорачор баҳодирлар етакчилигида тенгсиз душман билан узоқ вақт жон бериб, жон олишдилар. Шаҳар мудофааси 5 ойдан зиёд давом этди. Халқ қаршилиги мислсиз бўлди. Бироқ охир-оқибатда шаҳар душман томонидан эгалланди. Мирзо Улуғбекнинг «Тўрт улус тарихи» китобида таъкидланганидек: «... Ўтрорнинг бутун аҳолисини саҳрога ҳайдаб чиқдилар ва қатл қилдилар. .. .Ўтрор хисорини қўлга киритиб, ер билан баробар қилдилар. Тирик қолганлардан, раият ва ҳунармандларнинг баъзиларини ҳибсга олдилар, баъзиларни эса қул қилиб ҳайдадилар». Мўғул босқинчилари Мовароуннаҳрнинг бошқа ҳудудларида ҳам кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ёвузликларни содир этдилар. Бунинг яққол ифодасини уларнинг гуллаб-яшнаган Бухоро, Самарқанд, Хўжанд сингари шаҳарлар ва уларнинг аҳолисига нисбатан қилган беҳад ёвузликлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Масалан, Чингиз қўшини 1220 йилнинг февралида мусулмон Шарқининг йирик ислом марказларидан саналган Бухоро устига бало-қазодек ёпирилиб келади. Бухоро халқи бир неча кун давомида душманга матонат билан қаршилик кўрсатади. Бу эса Чингизхонни дарғазаб этади. Натижада у шаҳарни яксон қилиш, бойлигини талаш, халқини қирғин қилишга буйруқ беради. Бухоро қамали 12 кечаю – кундуз давом этди. Мўғуллар ёндирилган, кули кўкка совурилган шаҳарни эгаллагач, кўнгилларига сиққан номаъқулчиликларни амалга оширдилар, шаҳар ҳимоячилари бутунлай қириб ташланди. Чингизхон галалари 1220 йил март ойида энг йирик ва обод шаҳарларидан бири Самарқандни қўлга киритиш учун барча маккорона тадбирларни қўлладилар. 100 мингдан зиёд сара қўшинлар тўпланган, мустаҳкам истеҳкомлар барпо қилинган шаҳарга ўз кучларини ташлаб кўрди, атроф жойларни олдин босиб олиб, шаҳарни ташқи дунёдан ажратишга ҳаракат этди ёхуд бошқа баҳодирлар қўшинидан қўшимча кучлар чорлаб, уч кунлик қаттиқ жангдан сўнг Чингизхон қўшини шаҳарга ёриб киришга ва уни бутунлай ўзига бўйсундиришга эришади. Мўғул истилочиларига қарши улуғ аждодларимизнинг қаҳрамонона курашида Хўжанд ҳимоячилари кўрсатган фавқулодда жасорат алоҳида ўрин тутади. Темур Малик бошчилигидаги мудофаа кучлари қарийиб 5 ой давомида кўксиларини қалқон этиб, ёвуз душман ҳамласини даф этиб, беҳисоб қурбонлар бериб ўз юртини ҳимоя қилдилар, иложсиз қолган пайтдагина олов ичида ёнаётган шаҳар қалъасини тарк этдилар. Шунда ҳам Темур Малик бир қисм довюрак, қўрқмас жангчилари билан Сирдарёга йўналиб, махсус оролда жойлашиб душман билан мардларча олишади. Ниҳоят, улар махсус кемаларда мўғуллар ҳужумига бардош бериб, йўл-йўлакай жанг қилиб, Хоразм сари ҳаракатланадилар. Халқ қаҳрамони Темур Маликнинг бундан кейинги ватанпарварлик фаолияти Хоразм ва она юртнинг бошқа ҳудудларини ҳимоя қилувчилар сафида давом этди. Мамлакатнинг Бухоро, Самарқанд, Хўжанд сингари ҳаётий марказларининг қўлдан кетиши Хоразмшоҳ ва унинг аркони давлатини шу қадар ларзага солдики, бунинг натижасида ҳукмдор ўз салтанатининг жанубий – ғарбий ҳудудлари бўйлаб чекиниб борди. Ўзининг калтабин сиёсати, қатъиятсизлиги, қўрқоқлиги орқасида кечаги «қудратли» хукмдор эндиликда ожизу нотавон бир кимсага айланиб қолди. Иложсиз қолган шоҳ охири Каспий денгизидаги Ашура оролига қочади. Ўша ерда катта ўғли Жалолиддинни тахт вориси этиб тайинлаб, 1220 йилнинг декабрида хору – зорликда вафот этади. Жалолиддин Мангуберди Гурганчга етиб келиб, шаҳар мудофаасига киришади. Лекин Гурганчдаги Қипчоқ амирлари Туркон хотуннинг акаси Хумортегинни султон деб эълон қилиб, Жалолиддин Мангубердига қарши суиқасд уюштирмоқчи бўладилар. Бундан ҳабар топган Жалолиддин Темур Малик бошчилигидаги 300 суворий билан Гурганчни тарк этиб Хуросонга кетишга мажбур бўлади. Хоразм пойтахти Гурганч мудофааси ҳам мўғуллар истилоси тарихининг алоҳида бир фожиали саҳифаси бўлган, десак хато бўлмайди. 1221 йил бошларида Жўжи, Чиғатой ва Ўқтой аскарлари Гурганчга ҳужум бошлайдилар. Гурганч қамали 6 ой давом этди, ҳадсиз – ҳисобсиз қурбонлар берилди. Шаҳар эгаллангач, мўғулларнинг бу ерда содир этган мислсиз ёвузликларини баён этишга қалам ожизлик қилади. Барча эркаклар, болалар қиличдан ўтказилади. Хотин-қизлар қип-яланғоч қилиниб, бир-бири билан уришишга мажбур этилади, сўнгра мўғул жангчилари танловига берилади, қолганлари қириб ташланади. Ҳеч кимга шафқат кўрсатилмайди. Шаҳарнинг ўзини ер билан баробар қилиш учун Аму тўғони очиб юборилиб, Гурганч сув остида қолади. Шаҳардаги узоқ асрли маънавият дурдоналари, қимматли қўлёзмалар, китоблар сақланиб келган кутубхоналар, барча ноёб асори-атиқалар ер билан яксон этилади. Муҳаммад Хоразмшоҳнинг ўғиллари: Ўзлоқшоҳ ва Оқшоҳлар ҳам мўғуллар томонидан асир олиниб, қийнаб ўлдирилади. Подшоҳ билан кўп йиллар мухолафатчиликда бўлиб, юртнинг парокандаликка, чуқур зиддиятларга йўлиқишига сабабчи бўлган, ўзига ҳаддан зиёд бино қўйган, салтанат ичида салтанат қурган Туркон Хотун қисмати ҳам охирида фожиали якун топади. У ҳам мўғуллар томонидан асир олиниб, беҳисоб молу дунёси таланиб, ўзи Мўғулистонга ҳайдаб кетилади. Тарихий манбаларда Туркон хотуннинг Чингизхон хотинларидан бирига чўри сифатида тортиқ қилингани айтилади. Мовароуннаҳрнинг асосий шаҳарларини босиб олган, беҳисоб бойликларга эга бўлган мўғуллар 1221 йил давомида Хуросон ўлкаси ҳудудлари томон ҳужум бошлаб, бирин-кетин Балх, Термиз, Марв, Нишопур, Ҳирот, Мозандарон сингари бой шаҳарлар, қалъаларни босиб олдилар. Бироқ шуни айтиш жоизки, мўғул босқинчилари Мовароуннаҳр ва Хуросон ерларини осонликча қўлга киритган эмаслар. Улар бу ерларда маҳаллий халқ ва унинг қўрқув билмас, шерюрак фарзандларининг тилларда достон бўлгилик мардлик жасоратларига дуч келдилар, катта талофатлар бердилар. Download 1.34 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling