Марказий Осиё -инсоният цивилизациясининг кадимги ўчокларидан бири
Download 1.34 Mb.
|
Ўзб тарих семинар
- Bu sahifa navigatsiya:
- Салжуқбек
- 1038 йилда Сарахсда, 1040 йилда Данданаканда
- Туғрулбекнинг 1038-1063 йилларни ўз ичига олган ҳукмронлик даври
- Алп-Арслон (1063-1072)
- Маликшоҳ (1072-1092)
- Шамсулмулк
- Низомулмулк (1017-1092)
- Бағдод, Нишопур, Ҳирот, Балх, Марв
- Султон Санжар (1118-1157)
Салжуқийлар. Салжуқийлар бу этник ном эмас, улар туркий ўғиз қабилаларидир. Улар Сирдарё қуйи этакларида, Орол ҳавзасида яшаган, кўпроқ кўчманчи ҳаёт кечирган. «Ўғизнома» китобида нақл қилинишича, ўғиз уруғлари, қавмлари жуда қадимий тарихга эга бўлиб, уларга илк бор Ўғизхон номли буюк шахс бошчилик қилган. IX аср охири X аср ўрталарига келиб Оролбўйи ва Каспий шимолида Ўғиз уруғлари иттифоқи шаклланган. Х аср охирларида Сирдарё этагида пойтахти Янгикент бўлган ўғизлар давлати ташкил топади. XI аср ўрталарига келиб бу давлат шимолий шарқдан бостириб келган қипчоқлар зарбасига учрайди. Натижада ўғиз уруғларининг бир қисми шимолга - даштли ҳудудларга, бир қисми олд Осиё мамлакатларига чекинади, яна бир қисми эса ҳозирги Туркманистон ҳудудига ўтиб, ерли аҳоли билан қўшилишиб, туркманлар номи билан аталиб кетади. Тарихчи Рашиддидин, шунингдек, Маҳмуд Қошғарий, Абул Ғозийларнинг маълумотларига қараганда, ўғизлар 22 ёки 24 қабиладан, чунончи, чавдир, емрели, ичдир, язир, салир, қорадошли, баёт, койи, татурга ва бошқалардан ташкил топган.
Сирдарё қуйи оқимида пайдо бўлган ўғиз давлатининг дастлабки ёбғуси (подшоси) Салжуқбек (тахминан IX аср охири X аср охири) бўлган. Унинг авлодлари Туғрулбек, Довудбек, Чағрибек ва Шакарбеклар ўз даврларида салжуқийлар шуҳратини юксакка кўтардилар. Ҳозирги Туркия турклари, Ироқ, Эронда яшовчи туркманлар, шунингдек, гагаузлар, озарбайжон халқларининг шаклланишида салжуқий туркларнинг роли ва таъсири алоҳидадир. Сомонийлар ҳукмронлиги даврида уларнинг рухсати билан салжуқий қабилалар Зарафшон воҳасига, Нуротанинг тоғли ерларига келиб ўрнашиб, чорвачилик билан шуғулланганлар. Кейинроқ Мовароуннаҳр ҳудудлари қорахонийлар сулоласи томонидан эгалланиб, уларнинг чорвадор ўжаликлари бу ерларни банд этгач, салжуқийларнинг яшаш шароитлари мушкуллашади. Шу боис улар ғарбга томон силжишга мажбур бўладилар. XI асрнинг 20-30 йилларига келиб салжуқий уруғ-қабилаларнинг ҳозирги туркман ерлари орқали Ғазнавийлар тасарруфидаги Хуросон ўлкасига кириб бориши фаоллашади. 1038 йилда Сарахсда, 1040 йилда Данданаканда бўлиб ўтган ҳал қилувчи урушлар давомида Салжуқийлар Ғазнавийларни енгиб, бутун Хуросон ерларини эгаллаб, ўз давлати марказини шу ҳудудга кўчирадилар. Шу тариқа, Нишопур шаҳри Салжуқийлар пойтахтига айланади. Салжуқийлар ҳукмдори Туғрулбек эгалланган Мовароуннаҳр ва Хуросон ҳудудларини ўз авлодлари -Чағрилбек ва Довудбеклар тасарруфида қолдириб, ўзи ғарбга томон ҳарбий юришларини давом эттиради. Туғрулбекнинг 1038-1063 йилларни ўз ичига олган ҳукмронлик даври олд Осиё ва Кичик Осиёнинг катта ҳудудларини қўлга киритилганлиги билан тавсифланади. Бу давр мобайнида Салжуқийлар Гургон, Табаристон, Хоразм, Озарбайжон, Курдистон ҳудудларини, ҳозирги ғарбий Эрон вилоятларининг бир қисмини, шунингдек, Форс, Кермон вилоятларини эгаллайдилар. 1055 йилда эса халифалик маркази Бағдод ишғол қилинади. Айни пайтда Византиянинг Кавказдаги таъсирига ҳам кучли зарба берилади. Шундай қилиб, Туғрулбек кучли Салжуқий султонлигига асос солади. Унинг вориси Алп-Арслон (1063-1072) ҳам жаҳонгирлик юришларини давом эттиради. Унинг даврида Ўрта ер денгизига қадар бўлган Кичик Осиё ерлари эгалланади. Эндиликда Салжуқийлар салтанати Мовароуннаҳрдан то Ўрта Ер денгизига қадар бепоён ҳудудларга ёйилади. Алп-Арслон мамлакат пойтахтини Нишопурдан Марвга кўчиради. У ўз подшолиги даврининг катта қисмини яна шарққа - Мовароуннаҳрнинг Қорахонийлар таъсирида бўлган жойларини эгаллашга қаратади. Шу мақсадда у Хоразм ерларини, сўнгра Жанд, Сабронни қўлга киритади. Кейинроқ Чағаниён ва Хутталон вилоятларини босиб олиш учун қўшин тузади. Бироқ Алп-Арслон 1072 йилда 200 минглик қўшин билан Амударё кечувидан ўтиш чоғида кутилмаганда халок бўлади Салжуқийлар давлати қудратининг Мовароуннаҳр ва Хуросондаги энг кучайган пайти Маликшоҳ (1072-1092) даврига тўғри келади. Гап шундаки, худди шу йилларда Маликшоҳ ва унинг тадбиркор, доно вазири Низомулмулк томонидан мамлакат ҳаётининг кўплаб соҳаларида жуда муҳим ижобий ўзгаришлар амалга оширилади. Аввало, Салжуқийлар давлатининг Мовароуннаҳрдаги мақоми янада мустаҳкамланади. Маликшоҳ муҳим стратегик аҳамиятга молик Балх ва Термиз ҳудудларини Қорахонийлардан қайтариб олади. Шунингдек Қорахонийлар ҳукмдори Шамсулмулк вафотидан сўнг вужудга келган қулай вазиятдан фойдаланиб, 1089 йилда катта қўшин тортиб Бухоро ва Самарқандни эгаллайди ва янги хон Аҳмадни асир қилади. Гарчанд тез орада Аҳмад орахонийлар хонлиги тахтига қайтарилган бўлса-да, бироқ амалда Қорахонийлар Салжуқийларга тобе бўлиб қолади. Маликшоҳ даврида давлат хокимиятининг кучайишида доно вазир Низомулмулк (1017-1092) роли беназирдир. Катта ҳуқуқ ва кенг ваколатларга эга бўлган биринчи вазир марказий ҳокимиятни кучайтиришга, давлат амалдорларининг масъулияти, жавобгарлигини оширишга, давлатнинг молия, солиқ ва бошқа бошқарув тизимларини такомиллаштиришга алоҳида аҳамият беради. У ўзининг бу борадаги юксак салоҳияти ва тажрибасини умумлаштириб, машҳур «Сиёсатнома» асарини ёзади. Бу китоб катта шуҳрат ва эътироф қозониб, мана, неча асрлардирки, Шарқ ва Ғарб мамлакатларининг давлат арбоблари, вазиру вузаролари учун сиёсат бобида муҳим дастуруламал қўлланма вазифасини бажариб келмоқда. Низомулмулкнинг раҳномолиги ва ташаббуси билан Бағдод, Нишопур, Ҳирот, Балх, Марв каби шаҳарларда олий мадрасалар очилиб, уларда жуда кўплаб ўқимишли ёшларнинг таълим-тарбия олиши яхши йўлга қўйилди. Мамлакат шаҳарларининг ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ, карвон савдоси марказлари сифатидаги мавқеи кучайиб, халқаро Ипак йўлининг роли ортиб борди. Бу даврда «иқтоъ» тизими кучли ривожланган бўлиб, унинг билан боғлиқ мулкий муносабатлар қишлоқ хўжалиги соҳасида етакчи мавқе эгаллаган. Салжуқийларнинг энг сўнгги ҳукмдори Султон Санжар (1118-1157) у давлатнинг ҳам юксалиши, ҳам ҳалокатга юз тутиши билан ўзига хос мураккаб, зиддиятли даврни акс эттиради. Негаки, бу йилларда Салжуқийлар ҳукмронлиги Хуросон ва Мовароуннаҳрда янада мустаҳкамланди. Қорахонийлар ҳукмдорлари амалда уларга тобелик мақомига тушиб қолган эди. Айниқса, 1130 йилда Санжар томонидан бу сулоланинг асосий ҳаётий марказлари Самарқанд, Бухоронинг эгалланганлиги (гарчанд булар яна Қорахонийларга қайтариб берилган бўлса-да) факти ҳам фикримизни исбот этади. Бу даврда Хоразм ерлари ҳам амалда Салжуқийлар таъсирида бўлиб, Хоразмшоҳлар, масалан, Қутбиддин Муҳаммад, Отсиз расман уларга итоат этардилар. Бироқ XI асрнинг 40-йилларига келиб Салжуқийлар давлатининг мавқеи путурдан кета бошлайди. Бунда айниқса Шарқдан бостириб келган Қорахитойлар бир вақтнинг ўзида ҳам Қорахонийларга ва ҳамда Салжуқийлар салтанатига катта хавф солади. Султон Санжар ва Қорахонийлар хони Маҳмуднинг бирлашган қўшини 1141 йилда Самарқанд яқинидаги Катвон чўлида Қорахитойлар билан бўлган ҳал қилувчи жангда қақшатқич мағлубиятга учрагач, Мовароуннаҳр ерлари Қорахитойлар қўли остига ўтади. Салжуқийлар эса катта ҳудудларга эгалик қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. Қорахитойлар эса Мовароуннаҳрни ишғол этиш билан бирга, бу ердаги сулолалар ҳукмронлигини йиқитмай, уларни ўзларига вассал қилиш, мунтазам бож, хирож олиб туриш шарти билан кифояландилар. Шунинг учун ҳам Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва бошқалар Боласоғунда турувчи Қорахитойлар ҳукмдори Гурхонга келишилган миқдордаги хирож-ўлпонни юбориб туришга мажбур эдилар. Султон Санжарнинг кейинги тақдири ҳам фавқулодда ҳолатда кечди. У 1153 йилда Балх вилоятининг тоғли ҳудудида кўчиб юрувчи ғуз қабилаларининг ғалаёнларини бостириш чоғида кутилмаганда асирга тушиб қолади. У уч йил давомида ғузлар қўлида асирда бўлади. Бу вақт ичида ғузларнинг Хуросон ва Мовароуннаҳрнинг жанубий-шарқий ерларига босқинлари тез-тез такрорланиб туради. Фақат 1156 йилдагина Султон Санжар тутқунликдан қутулишга муваффақ бўлади ва бир йилдан сўнг вафот этади. Унинг ўлими билан бир вақтда ўз даврида қудратли бўлган марказлашган Салжуқийлар давлати-ю, унинг шону-шуҳрати ҳам сўнади. Бу даврга келиб Кермон ўз мустақиллигига эришади. Форс ва Озарбайжон ҳудудларида мустақил давлатлар пайдо бўлади. Хуросон ҳам Салжуқийлар тобелигидан чиқади. Араб халифалиги ўзининг аввалги мустақиллигини тиклайди. Айни чоғда Кичик Осиё ҳудудида Салжуқий туркларнинг узил-кесил жойлашуви жараёни кучаяди ҳам уларнинг мустақил давлат тузилмалари вужудга кела боради. Булар кейинчалик Усмонли турклар давлатининг таркиб топиб, мустаҳкамланишида муҳим асос бўлиб хизмат қилади. Download 1.34 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling