Марказий Осиё -инсоният цивилизациясининг кадимги ўчокларидан бири


Мовароуннаҳрда Сомонийлар давлатининг


Download 1.34 Mb.
bet28/97
Sana21.06.2023
Hajmi1.34 Mb.
#1638075
1   ...   24   25   26   27   28   29   30   31   ...   97
Bog'liq
Ўзб тарих семинар

Мовароуннаҳрда Сомонийлар давлатининг юзага келиши жараёни ҳам IX аср бошларига тўғри келади. Бунда ҳам халифа Маъмун ўзига содиқ хизмат қилган балхлик маҳаллий ҳукмдорлардан Сомонхудот авлодлари (унинг набиралари)га Мовароуннаҳр ҳудудларини бошқариш ҳуқуқини топширади. Чунончи, Нуҳ Самарқандга, Аҳмад Фарғонага, Яҳьё Шош ва Уструшонага, ҳокимлик қиладилар.
IX аср ўрталарига келиб Аҳмад ва унинг катта ўғли Наср Сомонийлар Мовароуннаҳрнинг кўпчилик ҳудудларини бирлаштиришга муваффақ бўлдилар. Наср Сомоний (856-888) даврида Мовароуннаҳр мавқеи янада кучайиб борди. Самарқанд давлат пойтахти эди. Хуросонда Тоҳирийлар сулоласи ағдарилгач (873й), унинг таркибига кирган Бухоро ерлари ҳам Сомонийлар тасарруфига олинади. Наср укаси Исмоилни Бухорога ноиб этиб тайинлайди (874й) ва Сомонийлар ҳукмронлиги эндиликда деярли Мовароуннаҳрнинг барча ҳудудларига ёйилади. Аммо кўп ўтмай Исмоил ўз ҳокимиятини кучайтира боргач, ўзининг вассаллик мавқеини тан олмай, Наср ҳокимияти хазинасига тўлайдиган йиллик даромад миқдорини кескин камайтиради.
Бунинг натижасида ака-укалар ўртасида узоқ муддатли ўзаро кураш бошланади. Оқибатда 888 йилда улар ўртасида катта уруш келиб чиқиб, унда Исмоил ғолиб бўлади ва ҳокимиятни ўз қўлига олади. Акаси Наср вафотидан сўнг (892й) Исмоил Сомоний Мовароуннаҳрнинг ягона ҳукмдорига айланади. Шу тариқа, Ватанимизда давлат мустақиллиги қайта тикланади ва юксалиб боради. Бухоро - давлат пойтахти бўлиб қолади.
Исмоилнинг 893 йилда шарқдаги даштлик қабилаларга қарши қилган муваффақиятли юриши, Тарозни эгаллаб, катта ўлжа ва асирлар билан қайтиши ҳам Сомонийлар қудрати юксаклигидан яққол далолат беради. Исмоил Сомоний давлати қудратининг ўсиб боришидан чўчиган, уни заифлаштиришни ва ўз таъсирини қайта тиклашни кўзлаган Бағдод халифаси Муътазид (892-902) Хуросондаги Саффорийлар ҳукмдори Амр ибн Лайсга (879-900) Хуросон билан бирга Мовароуннаҳар устидан ҳукм юритиш ҳуқуқи берилгани ҳақида фармон чиқаради ва уни Исмоилга қарши гиж-гижлайди. Бу эса 900 йилда иккала давлат ўртасида катта урушга сабаб бўлади. Уруш натижаси эса Сомонийлар фойдасига ҳал бўлиб, бунинг оқибатида Хуросон ерлари Сомонийлар қўл остига ўтади. Шу тариқа халқ халифалик истебдодидан халос бўлди.
Исмоил Сомоний бу ҳудудда кечган узоқ йиллик миллий давлатчилик тажрибасига таяниб, марказий давлат бошқаруви тизимини ва шунга мувофиқ келадиган маҳаллий идора органларини вужудга келтиради. Бу тизим Аҳмад ибн исмоил (907-914), Наср ибн Аҳмад (914-943), Нуҳ ибн Наср (943-954) даврида ҳам такомиллашиб боради.
Нуҳ ибн Наср (Наср II) даврида бухоронинг Регистон майдонида амир қасри қаршисида сарой қурилиб, барча девонлар унга жойлаштирилади. Маҳкама хизматчилари муайян билимга эга бўлган, араб ва форс тилини пухта билган задогон ва руҳонийлардан танланган.
Почта-алоқа хизматидан бошқа ҳамма девонларнинг вилоятларда вакиллари бўлиб, улар ҳам марказий девонга, ҳам вилоят ҳокимига бўйсунган. Ҳар бир шаҳарда шаҳар бошлиғи - раис маъмурияти мавжуд бўлган.
Давлатда ислом динининг таъсири ғоятда катта бўлганлигидан, олий диний мансаб - Шайхул исломнинг роли юқори даражада эътироф топган.
Сомонийлар даврида қишлоқ хўжалиги, маҳаллий ишлаб чиқариш, ҳунармандчилик, савдо-сотиқ муносабатлари, шаҳарлар ҳаёти анча юксалди. Ўлканинг Шош, Фарғона ва Хоразм воҳаларида турли хил ғалла экинлари етиштириш, боғдорчилик, соҳибкорлик, полизчилик, пахта етиштириш анча кенгайиб борди. Кўплаб сув иншоотлари барпо этилади.
Қишлоқ аҳли мавжуд хомашё маҳсулотларидан турлича ишлов бериш йўли билан ҳар хил матолар ишлаб чиқара бошлади. Жумладан, Зандана қишлоғида сифатли, тилла ранг «занданачи» деб ном олган бўз тўқиш (у четга ҳам чиқарилган), Самарқанд яқинидаги Вадор қишлоғида сарғиш тусли чиройли юмшоқ, пишиқ «водорий» деб номланган матолар тайёрлаш йўлга қўйилган. Бу ердаги тўқилган матодан мамлкатнинг олий амалдорлари ҳам кийим тиктиришда фойдаланганлар.
Шаҳарларда кўплаб ҳунармандчилик корхоналари, ўнлаб карвонсаройлар, бозор расталари мавжуд бўлиб, доимий равишда ишлаб турган. Шаҳар мақомига эга бўлиш учун мазкур жойда камида 32 хил ҳунар-касб турлари бўлиши кераклиги ўша давр учун хос бўлган.
Сомонийлар даврида Самарқанд, Бухоро, Марв, Шош, Исфижоб, шунингдек, Фарғона, Хоразм воҳаси шаҳарлари савдо-сотиқ ва ҳунармандчилик марказлари сифатида ғоятда равнақ топган.
Буюк ипак йўли бу шаҳарларни халқаро карвон савдоси билан туташтириб, улар етиштирган барча ноёб мато-ю маҳсулотларнинг жаҳон бозорига чиқишини таъминлаган.
Металл ишлаш, нодир металлардан, чунончи, олтин, кумуш, мис ва бошқа маъданлардан қимматли, безакли буюмлар, асбоб-анжомлар тайёрлаш шаҳарларда кенг ривожланган. Уч жойда (Бухоро, Самарқанд, Фарғона) кумуш пуллар зарб этилган. Шошда чарм маҳсулотлари, Фарғона ва Илоқда қурол-яроғлар юқори даражада тайёрланган. Шунингдек, Фарғона водийси, Оҳангарон, Самарқанд, Нурота туманларининг тоғли ҳудудларида кон-руда ишлаб чиқариши тараққий топди. Ип - йигириш, тўқувчилик ва тўқимачилик (гиламлар, поёндозлар в. б) ҳунарлари ривожланган бўлиб, бу соҳа юмушларига хотин-қизлар ҳам жалб қилинган.
Сомонийлар даврида давлат бошлиғи ўз фарзандлари, яқинларига, амирлар, ҳокимлар, лашкарбошиларга уларнинг хизматлари эвазига туман, шаҳар, ҳатто вилоятларни ҳам инъом қилган. Бундай мулк иқто, уларнинг эгалари иқтодорлар деб аталган. Иқтодорлар ўзига инъом этилган ҳудудларда яшовчи аҳолидан олинадиган солиқларнинг бир қисмини ўзига олиш эвазига даромад олган. Аҳоли иқтодорга буғдой, пахта, қуруқ мева, газмол ёки пул шаклида солиқ тўлаган. Иқтодан фойдаланиш муддати давлат бошлиғига боғлиқ бўлган. Авваллари иқто вақтинча берилган, иқтодор бундай мулкдан маҳрум ҳам этилган, айримлар эса иқтодан умрбод фойдаланганлар.
Кам ерли ёки ерсиз аҳоли катта ер эгаларидан ерларни ижарага олиб меҳнат қилганлар. Улар барзикор-қўшчилар деб аталарди. Барзикор ижарага олган ерда ўз уруғи ва қўши билан деҳқончилик қилса ҳосилнинг 1/3 – 1/5 ҳиссасини, уруғ ва қўш ер эгаси ҳисобидан бўлса ҳосилнинг 1/10 -1/12 ҳиссасига эга бўлган.
Сомонийлар давлати муайян тарихий босқичларда ижтимоий-сиёсий ва бошқа соҳаларда қанчалик юксалиш, муҳим ўзгариш жараёнларини бошдан кечирмасин, бироқ кейинчалик аста-секин тушкунлик, парокандалик сари юз тутиб борди. X асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб, хусусан кейинги Сомоний ҳукмдорлар: Абдумалик ибн Нуҳ (954-961), Мансур ибн Абдумалик (961-976), Нуҳ ибн Мансур (976-997), мансур ибн Нуҳ (997-999), Абдумалик ибн Мансур (999-1000) даврида мамлакатда ҳам маҳаллий феодал беклар, амалдорлар ўртасида, ҳам ҳукмдор сулола вакиллари ўртасида ўзаро ички низолар, зиддиятлар тўхтовсиз кучайиб борди. Давлатнинг ҳарбий таянчи ҳисобланган турк аскарларидан иборат қўшин сафида ҳам бирдамлик, ҳамжиҳатлик етишмасди. Бу эса Сомонийлар салтанатини жиддий тангликка дучор этиши тайин эди. Масалан, лашкарбоши Алптегин Сомонийларни 60 йил ҳимоя қилиб келган. Унинг итоатида 30 минг отлиқ қўшин бўлиб, зарур бўлганда 100 минг суворийни ўз қўлига кирита оларди. Шу боисдан ҳам Сомонийлар билан Алптегин ўртасидаги ихтилоф ва ишончсизлик охир-оқибатда Сомонийларнинг путурдан кетишига олиб келди. Шунингдек, маҳаллий ҳукмдорларнинг ўзбошимчалик, бошбошдоқлик хатти-ҳаракатларининг авж олиши, уларни жиловлашга марказий ҳокимиятнинг ожизлиги давлатнинг янада заифлашувига сабаб бўлди. Халқ норозилик ҳаракатлари шу қадар алангаланиб бордики, ҳатто амир Абдул Малик вафоти баҳонаси билан 961 йилда Бухоро ҳарбий аскарлари томонидан бошланган ғалаён амир саройини талаш, уни яксон қилиш билан тугалланди.
Бундай жиддий низолар, зиддиятли жараёнлар оқибатда Сомонийлар давлати заифлашиб, инқирозга юз тутди.

Download 1.34 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   24   25   26   27   28   29   30   31   ...   97




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling