Марказий Осиё -инсоният цивилизациясининг кадимги ўчокларидан бири


йил давом этган, бутун инсониётга оғир кулфатлар солган уруш тамом бўлди


Download 1.34 Mb.
bet75/97
Sana21.06.2023
Hajmi1.34 Mb.
#1638075
1   ...   71   72   73   74   75   76   77   78   ...   97
Bog'liq
Ўзб тарих семинар

6 йил давом этган, бутун инсониётга оғир кулфатлар солган уруш тамом бўлди. Уруш инсониятга жуда катта қимматга тушди. 50 миллиондан ортиқ киши ҳалок бўлди, 90 миллиондан ортиқ киши ярадор ва майиб бўлиб қолди. Моддий талафотлар қиммати 4 триллион доллардан ошиб кетади. Уруш Европа, Африка, Осиё ва Океанияда турли фронтларда олиб борилди, фашизмни тор-мор этишда кўп мамлакатлар қатнашди. Бироқ урушнинг асосий оғирлиги совет кишилари зиммасига тушди. 27 миллионга яқин совет кишилари уруш алангасида ҳалок бўлди. 18 миллиондан ортиқ жангчилар ярадор ва ногирон бўлиб қолдилар.
Ўзбекистондан урушга сафарбар этилганлардан 263005 киши ҳалок бўлди, 132 670 киши бедарак йўқолди, 60 452 киши урушдан ногирон бўлиб қайтди. Бу уруш туфайли энг камида 400 000 оила бевосита айрилиқ азобига дучор бўлди, уларнинг қариндош-уруғлари назарга олинса, бутун республика аҳолиси мотам либосини кийди.
Урушга бормаганларга ҳам осон бўлмади. Юз минглаб ватандошларимиз меҳнат фронтида заҳмат чекдилар, қиш қаҳратонида дийдираб, саратон оловида ёниб, ўзи емасдан, ўзи киймасдан, топган насибасини фронтга жўнатиб азоб-уқубатлар чекди. Бир бурда нон танқис бўлган пайтларда ўзбек халқи уруш туфайли уй-жойсиз қолган юз минглаб оилаларга бошпана берди, етим болаларнинг бошини силади.
«Иккинчи жаҳон урушига, қандай қаралмасин, бу уруш қайси ғоя остида ва кимнинг изми билан олиб борилган бўлмасин,-деб таъкидлайди Ўзбекистон Президенти И.А.Каримов, - ўз ватани, эл-юртининг ёруғ келажаги, беғубор осмони учун жанг майдонларида ҳалок бўлганларни, ўз умрларини бевақт хазон қилган инсонларни доимо ёдда сақлаймиз»
Фашизм устидан қозонилган ғалабанинг оламшумул тарихий аҳамияти шундаки, у кўплаб халқларни зўравонликдан, зулмдан озод этди, эркин, демократик ривожланиш учун, иқтисодий ва маънавий тараққиёт учун йўл очиб берди. Иккинчи жаҳон уруши бутун инсониётга катта тарихий сабоқ бўлди. Энг муҳим сабоқ шундан иборатки, уруш бошланмасдан олдин унга қарши курашмоқ, унинг олдини олиш тадбирларини кўрмоқ зарур. Шу мақсадда жаҳондаги кўпчилик мамлакатлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотини туздилар. Бу халқаро ташкилот ярим асрдан бери тинчликни мустаҳкамлаш, халқаро ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш масалалари билан муттасил шуғулланиб келмоқда.
Фашизм устидан ғалаба қозонилган 9 май куни Ўзбекистонда ҳар йили «Хотира ва қадрлаш» куни сифатида нишонланмоқда. Республика фахрийлари уюшмасининг ташаббуси билан жангларда ҳалок бўлган ватандошларимиз ҳақида архив материаллари тўпланиб, бу маълумотлар асосида «Хотира» туркумида 33 китоб нашр этилди. Ҳар йили урушда қурбон бўлганларни хотирлаш, биз билан ҳозирги кунларда ёнма-ён яшаётган уруш фахрийларини қадрлаш, эъзозлаш, ҳурмат-иззатини жойига қўйишдек инсоний ишлар ёшларни ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашда, мустақил Ўзбекистоннинг миллий хавфсизлигини мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эгадир.
Ф а н. Урушнинг дастлабки кунларидаёқ Иттифоқ Фанлар Академиясининг ўзбек филиали, республикада ишлаб турган 75 та илмий муассасалар, шу жумладан, 25 та илмий-тадқиқот институтлари, 23 та илмий станция ва бошқалар, барча олимлар хўжаликни ҳарбий изга солиш билан алоқадор муаммоларни ҳал этишга жалб этилди. Уларнинг заводлар, фабрикалар, темир йўл, ва автомобиль йўллари, транспорт корхоналари билан бевосита алоқалари ўрнатилди.
Ўзбекистонлик олимлар кўчиб келган йирик олимлар билан яқин алоқа боғладилар. Республикамизда мавжуд бўлган ва кўчирилиб келтирилган илмий муассасаларнинг тадқиқот йўналиши қайта қўриб чиқилди, уруш талабларига мослаб ўзгартирилди.
Геолог олим Ҳ.М.Абдуллаев ва бошқаларнинг тадқиқотлари натижасида қалай, вольфрам, молибден, ўтга чидамли металллар, нодир металллар ва бошқа турдаги хомашё конлари топилди ва ўзлаштирилди. А.С.Уклонский бошчилигидаги геологлар гуруҳининг Турангли темир конини топиш, ўзбек металлургия комбинати қурулишини лойиҳалаштириш ва уларни фойдаланишга туширишдаги хизматлари катта аҳамиятга эга бўлди.
Д.М.Богданов ва муҳандис Г.С.Чикризовлар Ангренда қидирув ишларига бошчилик қилдилар ва кўмир конининг бой ресурсларини топиб янги шахталар қуришга кўмаклашдилар.
Дори-дармонлар тайёрлаш борасидаги тадқиқотлар натижасида аҳоли эҳтиёжлари учун зарур бўлган турли хил дори-дармонлар ишлаб чиқиш йўлга қўйилди. Тошкентда фармацевтика заводи қурилиб ишга туширилди.
Уруш йилларида гуманитар фанлар ҳам анча ривожланди. Тошкентга кўчиб келган йирик тарихчи, археолог, ҳуқуқшунос, шарқшунос, адабиётшунос олимлар ўзбекистонлик ҳамкасблари билан Ўзбекистон халқлари тарихи, маданияти ва адабиётининг муҳим масалаларини ишлаб чиқдилар. В.В.Струве, В. А.Шишкин, Е.Э.Бертельс, И.К.Додонов, В.Ю.Зоҳидов, Х.Ш.Иноятов, А.Ю .Якубовский, М.Е.Массон, С.П.Толстов, Я.Ғ.Ғуломов ва бошқалар Ўзбекистоннинг энг қадимги ва ўрта асрлар тарихи, моддий маданияти ва маънавияти, Ўрта Осиё халқларининг этногенези бўйича қатор асарлар тайёрладилар. Икки томлик «Ўзбекистон ССР тарихи»нинг яратилиши тарих фанининг катта ютуғи бўлди.
Ёзувчи Алексей Толстой раҳбарлигида рус ва ўзбек олимлари биргаликда «Ўзбекистон адабиёти тарихи» асарини яратдилар.

Download 1.34 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   71   72   73   74   75   76   77   78   ...   97




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling