«Ўртоқларимни соғинаман»
Download 363.87 Kb.
|
мақола уз
- Bu sahifa navigatsiya:
- «Ўртоқларимни соғинаман»
Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара 970 километрни ташкил этади. Шундан 519 километри белгиланган, холос. Чегаранинг икки томонидаги қишлоқлар ва овуллар бир-бирига туташиб кетган. Масалан, Тожикистондаги энг йирик қишлоқ саналадиган Хистеварзни Қирғизистоннинг Арқа (Борбордук) овули билан битта йўл ажратиб туради. Хистеварзликларнинг қабристони Қирғизистон ҳудудида қолиб кетган. «Ўртоқларимни соғинаман» «Мен Овчиқалъачанинг энг чекка қишлоғида яшайман. Чегаранинг нариги томонидан узилган ўқ биз томонга ҳам етиб келди. Даладаги молларга ҳам ўқ тегиб, нобуд бўлди. Энг ёмони масжид ва мактаб ёнида турган қанча одамлар ҳалок бўлишди. Ўн саккиз нафар инсоннинг қабрга қўйилгани ҳақида айтишди. Улар орасида уч нафар шифокор ҳам бор», деди Овчиқалъача қишлоғида яшайдиган Хадича Маҳмудова. Унинг айтишича қишлоқ аҳолиси уй-жойини ташлаб қочиб кетган. «Биз- келинларим, невараларим билан Бўстон шаҳрида жон сақлаб турибмиз. Икки хонали уйда яшайдиган меҳрибон онахон бизга бошпана берди», деди Хадича. Фақат Овчиқалъача эмас, чегарада жойлашган барча қишлоқлар аҳолиси уй-жойини ташлаб кетган. Уларнинг маълум қисми қариндошлари, танишларининг уйларида яшашмоқда. Катта кўпчилик Хўжанд, Гулистон, Бўстон шаҳарлари, Бобожон Ғафуров туманининг чегарадан олисроқ қишлоқларидаги мактабларга, осойишгоҳларга, ҳатто масжидларга жойлаштирилди. Айни бир пайтда ижтимоий тармоқларда чегарадаги қирғиз қишлоқлари аҳолисининг уй-жойини ташлаб кетаётгани акс этган видеотасвирлар ва суратлар берилмоқда. «Биз кўздек яқин қўшниларимиз - тожиклар билан аҳил-иноқ яшардик. Бозор-ўчарни Тожикистондан қилардик. Қизим кўричак бўлганда Қистакўздаги касалхонада операция қилишди. Ўзимизнинг касалхоналар олисда. Духтурлар сал кечикканимизда, қизимнинг кўричаги ёрилиб кетиши мумкинлигини айтишди», деди Қирғизистондаги Лайлак районининг Арқа овулида яшайдиган, ўз исмини билдирмасликни сўраган аёл. Унинг айтишича, пандемия бошланганча овулларига Тожикистоннинг 113-рақамли «маршрутка» си қатнаган ва фақат Қистакўзга эмас, балки Хўжанд ва бошқа тожик шаҳарларига бемалол бориб-келишган. Чегарада жанглар бошлангач, бошқа ҳамқишлоқлари каби бу аёл ҳам оиласини олиб овулидан бош олиб кетган. Ҳозирда Қирғизистонда яшайдиган 45 ёшли Қанибек аслида Исфаранинг Нефтеобод шаҳарчасида туғилиб-ўсган. «Шаҳарчамизда барча миллатлар - қирғизлар, тожиклар, ўзбеклар иноқ яшардик. Фалокатга учраб, оғир яраланганимда, менга ёрдам беришган», деди Қанибек. «Уруш-жанжал кимга кераклигини билмайман. Тақдир тақозоси билан Нефтеободдан қўчиб кетганман. Уч-тўрт йилдан буён киндик қоним томган ерга бора олганим йўқ. Ўртоқларимни соғинаман, лекин бора олмаяпман. Аввалига пандемия чиқди, ўтган йили эса, кутилмаганда жанжал бошланди. Энди йўллар очилай деганда, яна қайси бир худобехабарлар уруш бошлашди», деди Қанибек хўрсиниб. «Каттами-кичикми, урушнинг номи ўчсин. Муаллима, врач, қайси бирини айтайин, ҳалок бўлишди. Мен болаларимни олиб, Хўжандга қараб қочдим. Бизнинг қишлоғимизни Қирғизистоннинг қишлоқлари билан бор-йўғи битта йўл ажратиб туради. Қўшнилар билан иноқ яшардик. Улар бизнинг бозорларимиздан харид қилиб кетишарди. Ўзлари тожиклар билан бозоримиз бир, мозоримиз бир, деган гапни кўп такрорлашарди. Орага шайтон кирдими, дейман. Менимча, узоқ-узоқларда туриб қирғизларни бизга қарата кимлардир гиж-гижлаяпти», деди Бобожон Ғафуров туманининг Хистеварз қишлоғида яшайдиган Жамол Юсупов. Download 363.87 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling