Жароҳатланишнинг ташкилий сабаблари. Ўқув-машқ қилиш жараёнини нотўғри ташкиллаштириш билан боғлиқ жароҳатлар таҳлили, уларни келиб чиқишининг қуйидаги шарт-шароитларини аниқлашга имкон берди: мураббийни назарий ва амалий тайёргарлик даражаси (мураббий малакаси) ни этарлича даражада бўлмаслиги; нотўғри тузилган мусобақалар жадвали (спортчиларни кўчиб юриш вақти, иқлим ўзгаришлари ҳисобга олинмаган мусобақалар зичлиги) тайёргарликнинг якуний босқичида мажмуавий мақсадли дастурларнинг йўқлиги; мусобақалар қоидаларига риоя қилмаслик ва ҳакамликни паст савияда бўлиши; ўқув-машқ қилиш машғулотлари ва мусобақаларни ўтказишнинг қониқарсиз гигиеник шароитлари, қониқарсиз иқлим шароитлари; тегишли моддий-техника таъминотининг йўқлиги.
Мураббий малакаси. Юксак спорт натижасига эришиш учун спортчи билан мураббий ўртасида ўзаро ҳурмат ва ишонч ҳисларига асосланган яхши муносабатларни ўрнатиш жуда муҳимдир. Мураббий ўзига нисбатан ҳурмат қозонишга, жамоа унга ишонишига интилиши керак. Бу эса, ўз навбатида, унинг касбий тайёрланганлик ва педагогик маҳорат даражасига боғлиқ бўлади. Мураббий спортчи билан равон муносабат ўрната олиши, бардошли бўлиши ва ғалабага эришиш йўлида жамоани жипслаштириб, спортчиларда ўз кучига ишонч ҳиссини уйғота олиши керак. Керак бўлса, спортчиларни, айниқса энг кўп асабийлашадиганларни тинчлантириши лозим. Мураббий спортчиларнинг ўзаро муносабатларидаги ва жамоанинг руҳий муҳитдаги ўзгаришларни вақтида аниқлаб, зарурий чора-тадбирларни қўллаши даркор. Жамоа йиғинларда, чет элдаги мусобақаларда иштирок этганда, мураббийнинг аҳамияти ва нуфузи ўсиб боради. Уйдан узоқ вақт давомида йироқда бўлиш, мажбурий бекорчилик, зерикиш ва апатия ҳиссини юзага келтириш мумкин. Бундай ҳолларда мураббий спортчиларни қўзғатиш, уларни ҳордиқ чиқаришини тўғри ташкиллаштириш керак. Бундан ташқари, мураббий муваффақиятга эришган спортчиларни ўз вақтида рағбатлантириши ва ўз имкониятларини тўла намоён этолмаганларни қўллаб-қувватлашиши лозим. Спортчининг у ёки бу камчиликларини қайд қилган ҳолда, унга нисбатан ҳурмат доирасида муносабатда бўлиши керак. Кичик хатоларга нисбатан салбий муносабат аксинча, ўзи ҳам тайёр бўлмаган юксак натижаларга эришиш истагини юзага келтириш ҳамда пировард натижада янада жиддий хато ва жароҳатларга олиб келиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |