Маъруза1: Мактабгача таълим муассасаларида мусиқавий тарбиянинг мақсад ва вазифалари
МУСИҚА АСБОБЛАРИНИ ЧАЛИШГА ЎРГАТИШ
Download 0.79 Mb.
|
Мусиқадан УМК Узбек гр дог 2018йил
МУСИҚА АСБОБЛАРИНИ ЧАЛИШГА ЎРГАТИШ
Мусиқа асбобларини чалиш мактабгача тарбия ёшидаги болаларнинг мусиқа фаолиятларидан биридир. «Мусиқали ўйинчоқ» ва «болалар мусиқа асбоби терминларини адаштирмаслик лозим. Биринчиси — овозли ўйинчоқлар бўлиб, улардан сюжетли ролли ёки дидактик ўйинларда фойдаланилади; иккинчиси — бола учун махсус мослаштирилган ҳақиқий асбобларнинг нусхаси бўлиб, ташқи кўриниши ҳам, овоз чиқариш усули ҳам асл нусхасига ўхшашдир. Униси ҳам, буниси ҳам болаларни қизиқтириб, уларга ўйин соатларида мусиқа чалиб, оркестрда иштирок этиб, ўзларини намойиш қилишларига, мусиқа машғулотларда фаол бўлишларига ёрдам беради. Буларнинг иккаласи ҳам маълум талабларга жавоб бериши керак: мураккаб бўлмаган хиргойини, тинглаб танланган таниш куйни мустақил ижро этишга, ритмларни, мусиқа оборотларини бадиҳа қилишга, «мусиқали садо» ўйинини ўйнашга, ўзи қўшиқ айтаётганда жўр бўлишга ундаши керак. Шундай қилиб, болалар айни бир вақтда ўзларини-ўзлари ўқитадилар ва кўнгилхушлик қиладилар. Баъзи ўйинчоқлар ва мусиқа асбоблари ўқитишда кўрсатмали дидактик қўлланма бўлиб, педагогга болаларнинг мусиқали-сенсор қобилиятларини ўстиришда, уларни мусиқа саводининг элементлари билан таништиришда ёрдам бериши мумкин. Ниҳоят ансамблда ёки кичик оркестрда иштирок этиш маълум асбобларнинг мавжуд бўлишини ва қуйидагилардан иборат ўқитувни талаб қилади. Болалар мусиқа асбобларининг номи, чалиниш характери, йўғон ва ингичка товушларнинг жойлашиши (металлофон пластинкаларида булар кўрсатилган), фойдаланиш ва сақлаш қоидалари билан танишгач, чалиш усулларини эгаллайдилар, улар мустақил ва ансамблда умумий динамика, темпга риоя қилиб, ўз партияларини вақтида бошлаб ва якунлаб қўшиқ, хиргойи қилиш, саноқ ўйинларни ижро этишлари мумкин. Ишнинг яхши текширилган методлари — кўрсатиш ва оғзаки тушунтириш қаторига янгилари қўшилади. Болага нотаниш асбобни катта киши ёрдамисиз чалиш, у ёки бу гурух асбоблар чалинишининг изчиллигини эслаш, ижодий топшириқлар бажариш ва шу кабилар тавсия қилинади. Мусиқа асбобларини навбатма-навбат ўзлаштириш керак. Аввал болаларни асбобни, масалан, цитрани чалиш билан таништириб, бир неча машғулот давомида икки-уч хиргойини чалишни ўргатиб, болалар ўз ташаббусларига кўра чалиш усулларини такомиллаштира олишлари учун чолғу асбобни гурухда қолдириш керак. Баъзан «излаш вазияти»ни яратиш: чолғу асбобини (металлофон, триол, аккордеон) болалар билан биргаликда кўриб чиқиб, хато қилганларида тузатиб, уни чалиш усулини мустақил топишни топшириш ҳам фойдали бўлади. Фақат ритм бериладиган зарбли асбоблар (барабан, доиралар,) ни бир вақтда ўзлаштириш мумкин. Ҳар бир чолғу асбобининг ифодали усулларини таърифлашда уларнинг садосини қушлар, ҳайвонларнинг овози, инсон нутқи, ариқнинг шилдираб оқиши ва шу кабиларга таққослаш фойдалидир. Масалан, цитрани чалганда, «қушчалар баланд, жарангли, ёқимли сайрашади» дейсиз, барабанга ритмик уришни момақалдироқ билан қиёслаш мумкин. Бошланғич босқичдаёқ болани ансамблда иштирок этиш учун зарур бўлган ҳамкорликдаги уйғун ҳаракатларга ўргатиш лозим. Шу мақсадда ўзига хос «ритмик оркестрлар» тузилиб, унда болалар чапак чалиб, оёқларини тапиллатиб, ёғоч таёқчалар, пластмасса қутичалар (бўш ёки майда тош, нўхот тўлдирилган)ни тақиллатиб «чалишади». Бу ерда ҳам турлича овоз бериш шакллантирилади. Агар кафтларни ҳовуч қилиб чапак чалинса, овоз қаттиқ, бўғиқроқ чиқади, кафтлар ясси ҳолатда бўлса, овоз аниқ ва жарангли чиқади. Бир қулнинг узатилган ёки сал букилган бармоқлари билан иккинчи қўлнинг кафтига уриб овоз чиқаришни ўзгартириш мумкин. Тапиллатиш бутун оёқ билан, оёқ учи билан, пошна билан, навбатма-навбат оёқ учи ва пошна билан қилинади, сонга кафт, панжалар билан уриб овоз чиқарилади. Ёғоч, пластмасса, темир предметлар ҳам турли тембрда овоз чиқариш имконини беради. Бударнинг барчаси болаларни жалб қилиб, турли ритмик топшириқларни тўғри бажариш ва дастлаб вазнлаштирилган гаплар, нутқ интонациялари, речитативлардан фойдаланиб мусиқа чалиш малакаларини эгаллаш имконини беради. Энди болаларни мусиқа асбобларини чалишга ўргатиш, унинг усулларини эгаллашга олиб келувчи методик усулларни кўриб чиқамиз. Педагог маълум ритмни қарсак уриб чалади ва болаларга кимни чақирганини — Умидними, Комиланими ёки Нодирними топишни айтади. Шундан сўнг болалар аввал мувофиқ келувчи ритмик тасвирдан фойдаланиб, бир-бирларининг «отларини айта бошлайдилар», кейинчалик уни фланелеграфга қўядилар. «Мусиқали алифбе»даги хиргойилар ритмини энди улар фортепьяно жўрлигида металлофон ёки зарбли асбобларда ижро этадилар. Турли ритмик тасвирларни ижро этиш малакалари эгаллаб бўлингач, куйларнинг аввал қисқасини, кейинроқ узунроқларини ижро этишга ўтиш мумкин. Бундай тайёргарликдан сўнг болалар оркестрга бирлаштирилади. Мусиқа раҳбари улар билан оддий бир қисмли пьесаларни (материали кўп марта такрорланадиган), кейинчалик бир нечта турли характердаги қисмлардан иборат бўлган асарларни ўрганади. Мусиқа асбобларини чалишни ўргатишни пьеса ва қўшиқларни ўрганиш билан чеклаб бўлмайди. Муҳими, бу фаолият боланинг мустақиллигини ўстириши ва ижодий характерда бўлишидир. Бунда тинглаб туриб таниш куйларни танлаш, куйни бир товушдан иккинчисига кўчириш, товуш чиқаришнинг «ўз усулларини» қидириш ёрдам беради. Ижоднинг намоён бўлиши болаларга педагог билан биргаликда пьесаларни «оркестрлаштириш», бадиҳа қилиш, ижод қилишга мувофиқ келувчи шароитларнинг яратиб берилишини талаб қилади. Бу ишни катта киши болаларга мусиқа асбобида «каккунинг кукулашини», «қушнинг сайрашини», «ёмғирнинг ёғишини», «момақалдироқнинг гулдирашини» ва шу кабиларни чалишни тавсия қилиб, йўллаб бориши керак. Бу ўринда эътиборга лойиқ бўлган металлофон ва ксилофонда чалиш приёмларини қўллаш мумкин: бунда фа ва си пластинкаларини олиб ташлаб (агарда пластинка олинадиган бўлса) ёки елимлаб қўйиб, ҳаммага бир вақтда бадиҳа қилишга рухсат этилади. Баъзи ҳолларда бадиҳа ритмини топиш болаларнинг ўзларига ҳавола қилинади, бошқа ҳолларда маълум (тўртинчи ёки иккита саккизинчи) ритм берилади. Бу усулларнинг барчаси чолғу асбобларини чалиш ҳар бир боланинг умумий ўсиши учун қизиқарли ва фойдали эканлигини кўрсатади. Умумий кечинмалар, умумий фаолият билан бирлашган жамоани таркиб топтирувчи мусиқа фаолиятининг хилма-хил турлари педагогдан бутун гурухни назарда тутувчи методик усуллар қўллашни талаб қилади. Шу билан бирга машғулотларда ҳам, ундан ташқари вақтда ҳам болаларга индивидуал ва фарқлаб ёндашиш жуда муҳимдир. Шу мақсадда қуйидаги усулларни тавсия қилиш мумкин: 1. Эгалланган малакалар ва қобилиятлар ўсувининг индивидуал даражаларини ҳисобга олиш. Бу мақсадда у ёки бу болани вақт-вақти билан текшириш, унинг хатти-ҳаракатини доимо кузатиб бориш керак. 2. Машғулотларда индивидуал ёндашишни қўллаш: иккиланувчи болаларни фаоллаштирувчи ва ўзига бино қўйган болаларнинг ортиқча фаолликларини чекловчи ҳолат яратиш; фақат бутун жамоага эмас, балки айрим болаларга қаратиладиган кўрсатмалардан фойдаланиш (бу ҳар бир болада ўзи билан қизиқилаётганлиги ва уни кузатишаётганлиги тасаввурини яратади); болалар томонидан индивидуал ролларнинг ижро этилиши, бирор топшириқни навбатма-навбат бажариш ва уни баҳолаш. 3. Зарурияти бўлса, жуда қисқа (2-3 минутлик) қўшимча индивидуал машғулотлар ўтказиш. Бу метод ва усулларнинг барчаси ҳар бир боладаги мустақил, ижодий қобилиятларнинг намоён бўлишини ўстиришга ёрдам беради. Download 0.79 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling