Маъруза:Ҳозирги замон фалсафаси Режа
Download 133.98 Kb.
|
4.Ҳозирги замон фалсафаси
Дени Дидро (1713-1784) ўзининг «Материя ва ҳаракатнинг фалсафий принциплари», «Табиатни тушунтириш ҳақида мулоҳазалар», «Д’Аламбернинг туши» асарларида субъектив идеализмга қарши чиқади ва муҳим онтологик муаммоларнинг ўз талқинини таклиф қилади. Унинг фикрича, мавжуд бўлган ҳамма нарсалар моддийдир. Дидро, дунё узлуксиз пайдо бўлади ва ўлади, ҳар бир лаҳзада туғилиш ва ўлиш ҳолатида бўлади; ўзга дунё ҳеч қачон бўлмаган ва бўлмайди, деб таъкидлайди. Кўриб турганимиздек, Дидро борлиқ муаммоларини ўрганиш соҳасига диалектикани татбиқ этади. Унинг фикрича, бутун материя ҳис қилади (бу гилозоизм нуқтаи назари). Аммо у «инерт ҳиссийлик» ва «фаол ҳиссийлик»ни фарқ қилади. «Фаол ҳиссийлик» муайян тарзда уюшган материядагина намоён бўлади.
Француз материализми табиатшуносликда ҳукм сурган табиат «салтанати» - ўсимликлар, ҳайвонот дунёси билан инсон ўртасидаги тафовутни бартараф этишга ҳаракат қилди. Дидро, Гольбах, Ламетри, Гельвеций ва Кондильяк фалсафасида гносеология муаммолари муҳимлик жиҳатидан онтологик муаммолар билан бир қаторда туради. Инсоннинг ички ва ташқи дунёси билимлар манбаи деб эълон қилинади. Бу дунёларни англаб етиш мумкин. Инсон билимларининг номукаммаллиги аввало улар ривожланишининг мазкур босқичи билан белгиланади. Француз материалистлари ҳиссий ва ақлий омилларнинг билишдаги ролини шунда кўрадиларки, сезгилар гувоҳлик кўрсаткичини берса, ақл бу кўрсаткичларнинг тўғрилигини текширувчи ҳакам вазифасини бажаради. Ақл ҳиссий кўрсаткичлардан узоқлашиши мумкин эмас, лекин у мазкур кўрсаткичларга ҳаддан ташқари ишониши ҳам ярамайди. Ақлнинг сезгидан ажралиши билишни амалга ошириб бўлмайдиган ишга айлантиради. Кузатиш ва эксперимент билиш методларидир. Улар мушоҳада қилиш, мулоҳаза юритиш, тушуниш ва идрок этиш, шунингдек ақл учун жуда зарур. Ламетри, Дидро, Гельвеций ва Гольбах исмлари билан боғлиқ бўлган фалсафий йўналишнинг ривожланишида Этьен Бонно де Кондильяк (1714-1780) ишлаб чиққан билиш назарияси айниқса муҳим рол ўйнади. У ўзининг «Инсон билимларининг келиб чиқиши ҳақида тажриба», «Сезгилар ҳақида рисола», «Тизимлар ҳақида рисола», «Ҳайвонлар ҳақида рисола» деб номланган асарларида Локкни сенсуализм ва эмпиризм тамойилини амалга татбиқ этишда ноизчилликда айблаб, билишнинг сенсуалистик назариясини асослашга ҳаракат қилади. Кондильяк фикрига кўра, инсон дунёга келганда, у нафақат ҳеч нарсани билмайди, балки сезиш қобилиятига ҳам эга бўлмайди. Буларнинг барчасини у тажриба орқали ўзлаштиради. Кондильяк сезги азалдан бирон-бир мазмунга эга эмас, лекин у лаззатланиш ва азоб-уқубатни акс эттиришга қодир, шу боис, у ёқимли ва кўнгилсиз бўлади ва хотирада сақланиб қолади, деб ҳисоблайди. Ҳиссиётдан абстракт фикрлашга ўтиш, Кондильяк фикрига кўра, узлуксиз жараён сифатида юз беради: майл, хотира изидан таққослаш ва мулоҳаза юритиш келади. Кондильяк ғояларга борлиққа боғлиқ бўлмаган ҳолда мавжудлик хоссасини юклашга бўлган ҳар қандай уринишларга қарши чиқади. Борлиқни у ғоялардан қатъий назар мавжуд бўлган ҳодисалар сифатида тасаввур қилади. Download 133.98 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling