Мавзу №5 Ўрта аср Шарқ фалсафаси. Марказий Осиёда Ренессанс. 1-§. Марказий Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқда ўрта асрлар фалсафаси


Download 145.15 Kb.
bet24/29
Sana27.12.2022
Hajmi145.15 Kb.
#1069814
1   ...   21   22   23   24   25   26   27   28   29
Bog'liq
5 мавзу

Аҳмад Яссавий
ҳмад Яссавий (1091-1167) ўз «дунёқараши» нима билан нафас олган бўлса, деярли ҳаммасини қуйидагича ифодалади: Ҳақиқатга шундай киши эришадики, у барча дунёвий нарсалардан шариатни афзал кўради; ўзидан, ўз ҳаётидан кечиб Тариқат томон боради; руҳан ва қалбан маърифатга берилади (Аҳмад Яссавий. «Ҳикматлар»). Худога интилувчилар орасида фақат шундай киши унинг жойини биладики, у ўз пирининг (маънавий устоз) буйруқларига бўйсунади, сабру қаноат қилади, ози билан кифояланади, ўзини азобларга, қийинчиликларга маҳкум этади, овқатни кам истеъмол қилади. Дин ва суфийлар айтган кўрсатмаларни бажариш, азоб-уқубат, очлик, сабру қаноат, муайян воқеий эҳтиёжларга бўлган ўз истакларини сўндириш орқали инсон «нафратли» дунёдан озод бўлади ва Худода сингиб кетади.

Кубравия
Нажмиддин Кубро (1145-1221) тасаввуфнинг йирик назариётчиси ва суфийликнинг «Кубравия» тарикатининг асосчиси эди. У Хивакда (Хоразм) туғилган бўлиб, Рузбеҳон ал-Ваззон ал-Мисрий, Абу Мансур Хафда, Бобо Фараж Ботризий, Умар ибн Ясир ал-Библисий ва Исмоил ал-Касри каби машҳур суфийларнинг шогирди эди.
Урганжда у хонақоҳ ва кубравия биродарлик жамиятини вужудга келтирди. Кубронинг шогирдлари орасида машҳур тасаввуф назариётчилари чиққанлиги учун, уни шайхи валитарош («авлиёлар етқазувчи устоз») деб ҳам атадилар. Улар орасида Нажмиддин Дойа Розий (ваф.1256), Садидин Хамуйа (ваф.1252), Сайфиддин Бохарзий (ваф. 1261) ва бошқалар бор эди. Кубро билишнинг тасаввуфий йўлига асосланган ўз мактабини вужудга келтирди. Кубро фикрича, инсон кичик олам (микрокосм) бўлиб, ўзида катта олам (макрокосм)да нима бўлса, ҳаммасига эга ва, демак, у ўзида «шафқатли, раҳмдил Аллоҳ»нинг сифатларини истисно қилганда, илоҳий хусусиятларни ҳам мужассамлаштира олиши мумкин. Бу хусусуиятлар ўзларига мувофиқ келадиган жойларда, бирин-кетин ўзига хос мақомларда, юқори осмоний доираларда жойлашгандирлар. Аммо ҳақиқат йўлини қидирувчилар бундай юксакликларга кўтарилиб, илоҳий сифатларга эга бўлишлари учун, яъни камолотга эришишлари учун, маълум риёзатли йўлларни ўтишлари зарур. Бу йўлнинг қатъий меъёр ва қоидалари мавжуд: тўғри, ҳалол-пок йўлдан бориш, жиддий равишда рўза тутиш ва ўз иродасини бутунлай пирининг иродасига бўйсундириш. Кубронинг ақидасича, узлатда ўтирган пайтда бутун диқкат-эътиборни тўхтовсиз равишда Худонинг исмларига тўплаш илоҳий фаҳмлаш ва билимга олиб келади. У тасаввуф йўлига кирган янги солик ўзининг тасаввуфий машқлари вақтида мушоҳада қилиши мумкин бўлган ранглар рамзидаги бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтишдаги изчилликни аниқ кўрсатиб беради. Бу нуқта, доғ ва доиралар: руҳ ҳис-туйғу босқичларидан ўтадики, у қора ранг билан қизил доғлар аралашиб, ўзгариб турадиган ҳолатда қабул қилинади ва бу шунгача давом этадики, ниҳоят кўк чироқ нури пайдо бўлиб, илоҳий раҳматнинг яқинлигидан хабар беради.
Кубро фикрича, ҳақиқатни билишга фақат пир етказиши мумкин, негаки, жазава вақтида (ҳол даврида) суфийда ғира-шира пайдо бўладиган тасвирлар Худодан ҳам, шайтондан ҳам, юракдан ҳам, шунингдек, танадаги жондан ҳам чикишлари мумкин. Кубро инсоннинг онги ва руҳидаги тутиб бўлмас маънавий марказлар (латоиф) ҳақидаги назариясини ҳам ишлаб чиқди. Ўзининг кубравия тариқатининг ўнта асосий қоидаларини белгилаб берди:

  1. Тавба – ўз хоҳиши билан Худога қайтиш, ўз иродаси билан Худога меҳр қўйиш, ўзининг «мен»идан кечиш.

  2. Зуҳд фид-дунё – барча дунёвий нарсалардан (мол-мулк) воз кечиш, уларга эга бўлиш истаги ва рағбатини ҳам сўндириш.

  3. Таваккал алал-лоҳ – барча соҳаларда Худонинг раҳмати ва кудратига ишониш, бу дунёдаги фаол фаолиятдан воз кечиш.

  4. Қаноат – барча соҳаларда мўътадилликка риоя этиш ва оз нарса билан қаноатланиш, паст ниятлардан қутилиш (овқат ейишда меъёрни сақламаслик, ҳашаматли, бой кийимларга ҳирс қўйиш, бекорчиликка ружу қўйиш ва шунга ўхшашлар).

  5. Узлат – ёлғизликда бўлиб, руҳни мустаҳкамлаш, одамлар билан алоқага чек қўйиш: гапирмаслик, эшитмаслик, қарамаслик. Фақат шайхга хизмат қилиш ва унинг қўлида, худди ғассолнинг қўлида мурда қандай бўлса, ўшандай бўлиш.

  6. Мулозамат аз-зикр (узлуксиз зикр) – ўз хоҳишича Худонинг исмини фикрида ёд қилиб туриш ва бутун қалбни у билан тўлдириш. Шундай қилганда, пасткашлик, ҳасад, очкўзлик, иккиюзламачилик каби разиллик ва риёкорлик кўнгилга йўл топа олмайди.

  7. Таважжух илал-лоҳ - бутун ички моҳиятини Худога қаратиш, унга чексиз муҳаббат қўйиш, ундан бошқа нарса борлигини ҳис этмасликдир. Ўз вужудини йўқотиш, Ҳақнинг абадий ва азалий вужудини бошқа билим билан кўра билишдир.

  8. Сабр – ўз ихтиёри билан нафс доирасидан машаққатлар чекиб бўлса ҳам, ўзини олиб қочишдир. Мақбул бўлган тўғри йўлдан адашмасдан бориш учун, киши ўз майлларини сўндириши лозим. Бундан кўзланган мақсад шундаки, дил кудуратлардан покланиши, руҳ эса, агар нафс натижасида занглаб қолган бўлса, жило топиши зарур.

  9. Муроқаба (тафаккурга ғарқ бўлиш) – эришилган даражада мушоҳада юритиш, қалбни арзимас ҳис-туйғулардан ҳоли қилиб тозалаш ва хотиржамликка эришиш. Кураш, риёзат чекиш йўли билан ҳосил қилинган йўл ҳаққоний туҳфа этилган табиий амал бўлиб, яратилиш ҳақиқатининг ғалабаси сифатида пайдо бўлади ва шунинг учун ҳам ривожланиб боради.

  10. Ризо - шахснинг нафс эркинлигидан чиқиб, Худо хушнудлигига кириши ва азалдан нимага ишонган бўлса, ўщани ўз бўйнига олишидир. Ўз иродасича, тоабад қоладиган нарсага воқейлик сифатида қайтиб, ўлимга ўхшаш ўткинчи нарсага эътироз билдиришдир.

Кубро Ал-Бағдодийнинг «хушёрлик мактаби» таълимотига таянадиган 12 бош бўғиндаги биродарлик фирқасидан бири бўлган кубравия тариқатига асос солди. У суфийликнинг Марказий Осиёдаги мактаби бўлиб, суннавийликка асосланар эди. XV асрга келиб, кубравиядан икки мустақил шиалик биродарлиги – Заҳобия ва Нурбахшия тариқатлари ажраб чиқди.
Ташкилий жиҳатдан Кубравия хонақоҳларда ўз-ўзини бошқарадиган озод анжуман бўлиб, унинг бошида халифа турар эди. Дастлаб бу биродарлик тариқати жамоа бўлиб зикр тушиш пайтида жаҳрий зикрни (баланд овоз чиқариш) қўллар эдики, Марказий Осиё тасаввуфи анъаналарига зид эди. Кейинчалик кубравиянинг баъзи шаҳобчалари ва гуруҳлари бу амалиётдан воз кечиб, фақат секин ёки шахсий зикр билан қаноатлана бошладилар, аммо Соктарий (Бухоро яқинидаги) қишлоғидаги кубравий хонақоҳида XVIII асрнинг охирларигача ҳар икки хилдаги зикрдан фойдалана бошладилар.
Кубравия мактаби бир қатор мустақил шаҳобчалар вужудга келишига сабаб бўлдики, улар мусулмон дунёси Шарқида кенг тармоқ отдилар. Булар қуйидагилар эди:
Фирдавсия – Сайфиддин Боҳарзий шогирдининг халифаси бўлган, 1300 йилларда вафот этган Нажибуддин Муҳаммад томонидан ташкил этилган ва Ҳиндистонда (Деҳли, Биҳар) тарқалган.
Нурия – 1317 йилда вафот этган Абдураҳмон ал-Исфароиний томонидан асос солинган бўлиб, Кубравиянинг Бағдод шаҳобчаси ҳисобланади.
Рукния – ўз келиб чиқишини 1261-1336 йилларда яшаган Рукниддин ас-Симнонийдан олган «ваҳдат аш-шуҳуд» таълимотидаги биродарлик тариқати.
Хамадонияи олияКашмирда исломни ёйишда фаоллик кўрсатган Саййид Али ибн Шаҳобиддин Ҳамадоний (1314-1385) асос солган, рукниядан ажраб чиққан биродарлик тариқати бўлиб, Кубравия тариқати силсиласининг бошқа шаҳобчаларига қараганда энг машҳуридир.
Иғтишошия – Ҳамадонияи олиянинг Хуросон шаҳобчаси бўлиб, Исҳоқ ал-Хутталоний (1433-йилда ўлдирилган) томонидан асос солинган. Унинг шогирдлари эса, икки мустақил шиа тариқатига асос солишган.
Заҳобия – асосчиси XV аср ўрталарида вафот этган Абдуллоҳ Барзишободий Машҳадий.
Нурбахшия – асосчиси Нурбахш (1392-1466) лақабли Саййид Муҳаммад ибн Муҳаммад.
Кубравия тариқатида рангли-нурли рамзлар тизими пухта ишлаб чиқилган эдики, ундаги ҳар бир ранг Худони билиш йўлида солик эришган муайян босқични англатар эди. Оқ рангни кўриш исломни, сариқ ранг – имонни, қора-кўк ранг – илоҳий раҳмат (эҳсон)ни, зангор ранг – турғун хотиржамлик (этминон)ни, ҳаво ранг – ҳақиқий ишонч (иқон)ни, қизил ранг – ички туйғуга асосланган билим (ирфон)ни, қора ранг – Худога чексиз муҳаббатни ва жазава ҳолатидаги изтироб (ҳайронлик)ни ифодалайди. Ўн асосий қоида каби рангли рамзлар ҳам, кўрган нарсаларини ва тушларини устоз-пирга айтиш шартининг бир қатор қоидалари билан биргаликда кейинчалик бошқа биродарлик тариқатлари (қодирия, нақшбандия, хилватия) ва уларнинг шаҳобчалари томонидан ўзлаштирилди.


Download 145.15 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   21   22   23   24   25   26   27   28   29




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling