Мавзу №5 Ўрта аср Шарқ фалсафаси. Марказий Осиёда Ренессанс. 1-§. Марказий Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқда ўрта асрлар фалсафаси
Download 145.15 Kb.
|
5 мавзу
Умар Хайём
мар Хайём (1048-1130) Салжуқийлар давлати ижтимоий-сиёсий, фалсафий ва илмий тафаккурининг энг атоқли намояндаларидан биридир. У Хуросоннинг Нишопур шаҳрида туғилди ва ўша ерда табиатшунослик ва фалсафа илмларидан таълим олди. XIII асрнинг ўрталарида яшаган машҳур тарихчи ал-Қифтий ўзининг «Тарихи ҳукамо» («Ҳакимлар тарихи») асарида Хайём тўғрисида қуйидагиларни ёзган: «Астрономия ва фалсафа соҳасида унга тенг келадиган киши йўқ эди»3. XIX асрда яшаган Оврупо тадқиқотчиларидан Ренан, Мюллер, Вепка ва бошқалар уни диний эътиқодларни бузувчи, худосиз, моддиюнчи, тарки дунёчилик қарашлари устидан кулган, эркин фикрловчи файласуф сифатида тасвирлаганлар. Хайём риёзиёт, астрономия ва фалсафа соҳалари билан шуғулланган қомусий олим бўлиши билан бирга машҳур шоир ҳам эди. У тақвимни (календар) ислоҳ қилиш билан ўз номини абадийлаштирган олимдир. 1074 йили Умар Хайём Мароғадаги расадхонага астроном лавозимига тайинланади ва у ерда, ўша замон учун энг аниқ бўлган, астрономик жадвал тузади. Ўша йили Маликшоҳ унга мавжуд тақвимни ислоҳ қилишни топширади. Ой тақвимини ўзгарувчан бўлганлигидан ноқулай ҳисоблаган Умар Хайём, Туркистон ва Эрон араблар истилосидан олдин фойдаланиб келинган 365 кундан иборат Қуёш тақвимини қайтадан тузиб чиқади. Хайём тузган таквимда 33 йил бўлиб, улардан 25 йилининг ҳар бири 365 кунлик кеча ва кундуздан иборат бўлдики, бунга кўра, бир йилнинг узунлиги 365 кеча ва кундузу 5 соат 49 дақиқа ва 5,45 сониядан ташкил топди. Кабиса йили: 4, 8, 12, 16, 20, 24, 28, 32-йилларда эди4. Умар Хайём ўзининг риёзиётга доир рисолаларида бир қатор йирик кашфиётлар қилди: табиий сонларнинг ҳар қандай даражасидан илдиз чиқариш услубини ишлаб чиқди, куб (муъкааб) тенгламаларининг тўла таснифини берди ва ҳар бир тенгламани ечишнинг геометрик услубини тавсия қилди; ҳақиқатлиги аён бўлмаса ҳам, исботсиз асос қилиб олинадиган (постулат) Эвклид қоидаси исботини ривожлантирдики, у келгусида очиладиган ноэвклид геометрияси кашфиётига моҳиятан тайёрланиш вазифасини ўтади51. Умар Хайёмнинг «Борлиқ ва мажбурият ҳақида рисола», «Уч саволга жавоб», «Умумий фанларнинг мазмуни ҳақида ақл чироғи», «Мавжудлик ҳақида рисола» ва «Мавжудликнинг умумийлиги ҳақида рисола» каби фалсафий асарларини унинг худосизликда айбланишига жавоб тариқасида қараб чиқиш мумкин. «Борлиқ ва мажбурият ҳақида рисола» да Худо борми ёки йўқми, унинг пайғамбарига эргашиш лозимми ёки йўқми, деган масалалар муҳокама қилинган. Жавоблар ижобий берилган, аммо ислом ақидалари асосида эмас, балки Ибн Синонинг ақлий тамойилдаги фалсафаси асосида. «Уч саволга жавоб» асарида дунёда қабоҳат ва ёмонликнинг борлиги, детерминизм ва умри узоқлик ҳақида муҳокама юритилган. Бунда Умар Хайём Ибн Сино фалсафасининг энг муҳим унсурларидан бири бўлган детерминизмдан юз ўгиради. Ўзининг фалсафий рисолаларида Умар Хайём фақат умумий тушунчалар табиати ҳақидагина эркин фикр юритади, негаки, бу масала бевосита мусулмон илоҳиёти билан боғланмаган эди. Умумий тушунчалар уч хил: ашёларгача, яъни илоҳий ақлда, ашёларда ва ашёлардан кейин (инсон ақлида) мавжуддирлар, деб ҳисобловчи Ибн Синодан фарқли ўлароқ, Умар Хайём умумий тушунчалар фақат ашёларда ва инсон ақлидагина мавжуддирлар, деб ҳисоблади: «… Мавжуд бўлишлик нисбий бўлиб, икки маънога бўлинадилар… Бу икки маъно – Ушбу … ашёлардаги борлиқдирки, унинг учун одамлар орасидаги «мавжудлик» номи барча учун тўғрироқдир, ва, иккинчидан, руҳдаги мавжудлик»52. Борлиқ, Хайём фикрича, мураккаб (ашё, модда) ва содда (биринчи ибтидолар)дан иборат. Умумий нарса бўлинадиган ва бўлинмайдигандан ташкил топган. «Ҳаммага алоқали нарса, - деб ёзади Хайём, - беш хил бўлади: тур, тус, моҳиятий хусусият, алоҳида хусусият, тасодифий хусусият. Масалан, тур кўпликни ўз ичига олади. Моҳият – бу холиқни (яратувчи) истисно қилганда, билиб олинадиган барча нарсаларни англатадиган сўздир»53. Хайём моҳиятни ўсадиган ва ўсмайдиганга бўлади. Ўсадиганлар ўз навбатида, ҳайвонот олами ва ҳайвонот олами эмасларга бўлинади. Ҳайвонот олами икки тусда бўлади: гапирувчилар ва гапирмайдиганлар. Бир бўлимни бошқа билан боғловчи ибтидо турдир. Тур, ўз навбатида, тусларга, туслар – қисмларга бўлинади; Айни вақтда бу қисмларнинг ҳар бирида умумийлик ҳам, хусусийлик ҳам мавжуд бўлади. Алоҳида олинган жисмлар, шу жумладан, инсон ҳам – борлиқ натижасидир. Хайём инсонни табиатга қарама-қарши қўймайди, балки уни ижодий ақлга эга бўлган, борлиқнинг энг мукаммал кўриниши сифатида қарайди. Борлиқ тўхтовсиз ривожланиш ҳолатидир. У аста-секинлик билан тирик бўлмаган дунё ҳодисаларидан, энг юқори бўлган инсон даражасига кўтарилади. Ҳар бир доиранинг ақлига руҳ мувофиқ келади. Руҳ – бу ҳаракатлантирувчи куч, ақл эса – ишқ рағбати ва қўзғотувчисидир. Бу бирликдаги раҳбар куч ақлдир, аммо руҳ ақлдан баланд кўтарилишга интилади. Руҳнинг ақлга қарама-қарши туриши туфайли доираларда ривожланиш юз беради. Дунё моддий бўлиб, ўзининг қонунларига эга. Борлиқ – боши ва охири бўлмаган доимий оқимдир. Модданинг бир аклдан иккинчи шакл мавжудлигига, бир сифатий ҳолатдан бошқасига чексиз равишда айланиши борлиқнинг табиий ҳолатидир. Инсон бахтли яшаш учун дунёга келади. Бу бахтнинг асоси табиатдир, аммо унинг бойликларидан фойдаланиш учун уни ўрганмоқ керак. Хайём инсоннинг маънавий хўрлик ҳолатига қарши хайқиради: Каъбаю бутхона қуллик хонаси, Бутхона занги ҳам шум таронаси. Меҳробу калисо, тасбеҳу салиб – Барчаси қулликнинг бир нишонаси54. Умар Хайём инсон ижодий фаолиятининг ғалабаси учун, унинг ер юзидаги бахт-саодати учун курашди. Уни қуйидаги мисраларидан билиб олиш мумкин: Дунёнинг тилаги, самари ҳам биз, Ақл кўзин қораси – жавҳари ҳам биз. Тўгарак жаҳонни узук деб билсак, Шаксиз унинг кўзи – гавҳари ҳам биз. Фақат илм билан баландмас одам, Аҳду вафо билан баланд – паст одам. Сўзи билан иши бир келса агар Ҳар нарсадан баланд, муқаддас одам. Ўлик – тирик ишин тузаткувчисен, Тарқоқ коинотни кузаткувчисен, Ёмон бўлсам ҳамки, сенинг бандангман, Мен нима ҳам қилай? Яраткувчи – Сен. Фалакка ҳукм этган Тангридай бўлсам, Фалакни қилардим ўртадан барҳам. Янгидан шундай бир фалак тузардим, Яхшилар тилакка етарди ул дам. (форсчадан Шоислом Шомуҳамедов таржимаси). Ўзининг рубоийларида у шароб ҳақида кўп ёзади, аммо шароб шодлик учун эмас, балки ўзининг ички туйғулари ва уни ўйлатган хаёлларни тарқатиш учун сафарбар қилинган. Шуни назарда тутиш керакки, Қуръон шароб ичишни манн этади ва шунинг ўзидан келиб чиқиб, шеърларда шаробга мурожаат этиш бидъат ҳисобланади. Шунинг учун Д.Дармстетер қуйидагиларни ёзганда ҳақ эди: «Хабари йўқ одам дастлаб форс шеъриятида шаробнинг қанчалик ўрин тутганини кўриб, хайрон бўлиб, ҳатто бироз уялиб ҳам қолади. Аммо унда биздаги зиёфатларда қуйланадиган ашулалар билан ҳеч қандай умумийлик йўқ … Ичувчи шоир учун – озод инсон рамзидир»55. Бундан кейинги Марказий Осиё ва Эрон халқларининг фалсафий ва ижтимоий-сиёсий фикрлари тараққиёти мўғул босқинчилиги натижасида тўхтаб қолди. Марказий Осиё ва Эрондаги машҳур кутубхоналар (Марв, Бухоро, Балх, Самарқанд, Бағдод, Рей ва бошқалар) хароб қилинди. Худди шу мўғуллар ҳукмронлиги илмий, фалсафий ва ижтимоий-сиёсий фикрлар марказини Марказий Осиё ва Эрондан Араб халифалигининг ғарбий қисми бўлган мусулмон Испанияси ва Шимолий Африка шаҳарларига кўчишига сабаб бўлдики, у ерларда унинг гуллаб-яшнаши учун қулайроқ иқтисодий ва сиёсий шароитлар мавжуд эди. Т Download 145.15 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling