Мавзу: Бозор иктисодиëтининг ижтимоий юналтирилган ва унинг Узбекистонга хос хусусиятлари
Дунёда ХХ асрнинг бошларида мамлакатлар иқтисодий ривожланишин
Download 383.58 Kb.
|
1 2
Bog'liq26 Sh Qobilov 0
- Bu sahifa navigatsiya:
- Тараққиётнинг «Ўзбек модели»
Дунёда ХХ асрнинг бошларида мамлакатлар иқтисодий ривожланишининг Америка ва Европа моделлари, Иккинчи жаҳон урушидан кейин эса ўзига хос
Германия ва Япония моделлари шаклланди. Кейинчалик ўзини тўлиқ оқлаган Жанубий Корея, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларида тараққиёт моделлари юзага келди. Шунингдек, мустақилликка эришган Осиё ва Африка мамлакатларида кўпроқ бошқа моделлардан андоза олинган йўллар танланди. Лекин ушбу давлатлар тажрибаси бирон бир давлатнинг ривожланиш йўлини тўғридан-тўғри қабул қилиб бўлмаслигини амалда исботлади. Юқорида кўриб чиқилган бозор иқтисодиётига ўтишнинг турли моделлари барча мамлакатларни битта манзилга – эркин бозор иқтисодиёти тизимига олиб келади. Аммо, бозор муносабатлари шаклланишининг ижтимоий-иқтисодий, тарихий, миллий ва халқаро шароити ҳар хил бўлганлиги туфайли, унга ўтишнинг миллий хусусиятлари ҳам мавжуд бўлади. Шу нуқтаи назардан бирор мамлакатнинг тараққиёт йўлини ёки тараққиёт моделини борлигича қабул қилиб бўлмайди. Францияда чоп этиладиган «Либерасьон» газетаси мухбирининг «Туркия модели» хусусида берган саволига Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қуйидагича жавоб берган эди: «Туркия бозор муносабатлари йўлига ўтиб эришган туб ўзгаришлари билан ҳам ҳурматга лойиқдир. Бироқ, мустақил Ўзбекистон Туркия йўлидан кўр-кўрона нусха кўчирмоқчи эмас. Одамзод бировнинг бўйига қараб ўзига тўн бичмайди» [1; Б.11.]. Жорий йилнинг 8 сентябрида Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги нутқида хақли равишда таъкидлаганидек: «Замонавий Ўзбекистоннинг тарихи - бу мамлакатимизнинг ҳақиқий мустақилликка эришиш йўлида Ислом Абдуғаниевич Каримов раҳнамолигида олиб борилган ўта мураккаб ва оғир курашлар тарихидир» [2]. Чорак аср мобайнида умрбоқий моделга айланиб улгурган, жамиятимизни ислоҳ этиш, демократлаштириш ва либераллаштириш, мамлакатимизни модернизация қилиш ҳамда туб таркибий ўзгаришларни амалга ошириш бўйича пухта ўйланган, дунёда «ўзбек модели» номи билан тан олинган тараққиёт стратегиясини амалга ошириш орқали Ўзбекистон замонавий жадал ва барқарор ривожланиб бораётган давлатга айланди. Нима учун деган савол туғилади? Чунки, тараққиётнинг «Ўзбек модели» маънавий мезонларга асосланган. Мустақилликнинг ўтган 25 йили мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларини ислоҳ қилиш билан халқнинг маънавияти ва руҳиятини янгилашнинг бирлиги қоидасига амал қилинганини кўрсатади. Бу қоида ўзининг ҳаётийлигини тўлатўкис исботлади. Халқимизга хос бўлган маънавий ва аҳлоқий улуғворлик Ўзбекистонда бозор иқтисодиётига ўтиш даври қийинчиликларини енгиб ўтишда муҳим омил бўлиб хизмат қилди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида ишлаб чиқилган тараққиётнинг «ўзбек модели» да аввало, «мамлакатни иқтисодий танглик, чуқур инқироздан чиқиш йўли, фақат ривожланиш йўлида илгарилама ҳаракат» мужассам. Маънавий мезонларга асосланган тараққиётнинг «ўзбек модели» «мамлакат ҳаётида рўй бераётган барча ижобий силжишлар моҳиятан маданият, замин, оила ва жамоага таяниши керак» деган мақсад, муддаога элтувчи хосиятли ғояга асосланилди. Мустақилликнинг илк йиллариданоқ янги Ўзбекистондаги сиёсий ва иқтисодий ўнгланиш ва ривожланишга интилишларни ҳаракатлантирувчи кучи ҳам аслида шу бўлди. Фикримизнинг тасдиғи сифатида халқаро экспертлар Л. Левитин, Д.С. Карлайлларнинг қуйидаги сўзларини келтирамиз: «Бу Президент Ислом Каримов йўли. У янги мустақил давлатлар раҳбарларидан биринчи бўлиб, тангликдан чиқишни ўз халқининг куч-қудрати, тарихи, анъаналари, унинг ҳайратомуз миллий хусусияти ҳамда мамлакатнинг бой табиий ресурслари билн боғлади. Албатта, бу йўл равон эмас эди, унга анвоий гулларни сепиб, кутиб ҳам ўтиргани йўқ эди. Бироқ у муваффақиятлар келтирган ягона тўғри йўл бўлиб чиқди» [3; Б. 157.]. Жамият тараққиётида маънавиятнинг ўрни беқиёс. Шу ўринда давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1995 йил 23 февралда бўлиб ўтган биринчи сессиясида қилган маърузага мурожаат этамиз: «Биз иқтисодий ўнгланиш, иқтисодий тикланиш, иқтисодий ривожланишни маънавий ўнглаш, маънавий покланиш, маънавий юксалиш ҳаракатлари билан тамомила уйғун бўлишини истаймиз... Маънавият ва иқтисод бир-бирини инкор этмайди, балки бир-бирини қувватлаб, ўзаро таъсирланиб ривожланиб боради. Миллий камолот йўли мана шу» [4; 35-б.]. Давлатимизнинг маънавий стратегияси халқимизнинг маърифатга, таълимга, адолатга, ахлоққа, ҳалолликка интилиши билан ифодаланадиган ҳамда табиати юксак маънавиятга таянадиган менталитетига асосланади. ХХ асрнинг 80- ва 90-йилларнинг бошларида дунёда содир бўлган оламшумул ўзгаришлар ҳозирги замон иқтисодий тафаккурига ҳамда ижтимоий ва иқтисодий тараққиёт истиқболлари тўғрисидаги қарашларга жиддий ўзгартишлар киритди. Эркин иқтисодий тартибга солиш ғояси ҳам, марказлаштирилган тарзда режалаштириш ғояси ҳам инқирозга учради. Шундай бир мураккаб шароитда, миллий тарихимизнинг энг кескин ва таҳликали даврида, миллатлараро тўқнашувлар ва бошқа зиддиятлар авж олган, мамлакатимизда фуқаролар уруши хавфи юзага келган, иқтисодиёт чуқур инқирозга учраган, бир сўз билан айтганда, эски замоннинг умри тугаб, янги замон бошланаётган бир пайтда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов чуқур иқтисодий, молиявий ва маънавий инқироздан чиқишда «Нимадан бошламоқ керак?» деган саволга: «Энг муҳими – ижтимоий ларзаларсиз, қатъият ва изчиллик билан бозор муносабатларига ўтиш, жамики куч-қудрат ва бойликлардан самарали фойдаланишни, халқ хўжалигининг барқарор ривожланишини, республиканинг турмуш даражаси юксак бўлган, иқтисодий тараққий этган мамлакатлар қаторига чиқиб олишини таъминлайдиган қудратли иқтисодий негизни вужудга келтираётган давлатчиликнинг мустаҳкам пойдеворини барпо этиш керак» [4; 278-б.] деб аҳолини кенг қатламига ислоҳотларнинг моҳияти, вазифалари оқибатлари, бозор иқтисодиётини қийинчиликлари ва афзалликлари, бозор иқтисодиётига ўтиш моделларини англатишдек муҳим вазифаларга эътибор қаратар эдилар. Шу боис ҳам, буюк давлат арбоби Ислом Каримов Ўзбекистоннинг ислоҳотлар стратегиясида мазкур муаммоларни дарҳол, бир зумда ҳал қилиб бўлмаслиги равшанлигини инобатга олади. Бунинг учун анча узоқ давр, аниқ мақсадни кўзлаб фидокорона меҳнат қилиш, энг муҳими, иқтисодий ислоҳотларнинг аниқ-равшан, амалий дастури ишлаб чиқилди ва у изчиллик билан амалда жорий қилинди. Юқорида баён этилганлардан англашиладики, Ислом Каримов Ўзбекистоннинг ўз йўли, ўз тараққиёт модели бўлиши зарур деган фикрининг нақадар тўғри эканлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб берди. Стратегик тафаккур соҳиби Ислом Каримов, агар бошқалардан айнан нусха олинса, мамлакатнинг ўзига хос шарт-шароитлари, мавжуд имкониятлари, хорижий мамлакатлар билан кўп йиллар давомида таркиб топган иқтисодий ҳамда маънавий алоқалари эътибордан четда қолиши муқаррарлигини ўша вақтнинг ўзида донишмандларча кўра билган эди. Шунинг учун «Республикада иқтисодий ислоҳотларни ўтказишга тубдан янгича ёндашувни, бунда сифат жиҳатидан янги вазифалар ҳамда шароитларни, амалий тажрибани ҳисобга олишни, асосан ўз кучига таянишни ҳаётнинг ўзи тақозо қилмоқда. Ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини барпо этишда республиканинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга оладиган, Ўзбекистоннинг ўтмиши, ҳозирги куни ва келгуси тараққиётига тўла-тўкис мос келадиган мутлақо янги андоза, ўзига хос йўл зарур. Энг муҳими – бизнинг бозор иқтисодиётига асосланган жамият қуришдан бошқа йўлимиз йўқ. Тўпланган тажриба, илмий таҳлил (анализ) ва ақл-идрок шундан далолат бермоқда» [5; 276-277 б. ]. Замонамизнинг улуғ сиёсатчиси Ислом Каримов томонидан Ўзбекистоннинг тараққиётига тўла-тўкис мос келадиган моделини яратишда пухта ўйланган, шошма-шошарликдан холи бўлган, дунё тажрибасига таянилган, мақбул, Ўзбекистоннинг ўзига хос хусусиятлари, табиий, демографик шарт-шароити, мавжуд ресурслари, қарийб 75 йил мобайнида четдан тиқиштирилган ягона «совет турмуш тарзи» оқибатлари чуқур таҳлил қилинди. Бундай шароитда ўз ижтимоий-иқтисодий ривожланиш йўли ва андозасини танлаб олиш жуда катта аҳамиятга молик бўлди. «Бу йўл ва андоза иқтисодиёти бозор муносабатлари асосига қурилган ривожланган мамлакатларнинг кўп асрлик тажрибасига, шунингдек Ўзбекистон халқининг миллий, тарихий мероси, турмуш тарзи, анъаналари ва руҳияти хусусиятларига таяниши лозим» [5; 276-б.] эди. Ўзбекистонни ҳуқуқий демократик давлат сифатида қарор топтиришнинг дастурий қоидалари, республиканинг бозор муносабатларига ўтиш, ички ва ташқи сиёсатни шакллантириш принциплари, иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишнинг асосий устуворликлари ва йўналишлари дастлаб «Ўзбекистоннинг ўз истиқлол ва тараққиёт йўли» (1992), «Ўзбекистон – бозор муносабатларига ўтишнинг ўзига хос йўли» (1993), «Ўзбекистон иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш йўлида» (1995) фундаментал асарларида баён қилиб берилган. Тараққиётнинг «Ўзбек модели» Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг халқ иштирокида ишлаб чиқилган илғор фалсафий, сиёсий, иқтисодий тафаккурининг маҳсули эканлиги халқаро экспертлар томонидан эътироф этилди. «Модель» бевосита ижтимоий-сиёсий, иқтисодий воқеликни назарий ифодаловчи яхлит таълимотдир. Бу таълимот орқали Ўзбекистонда давлат ва жамият қурилиши самарали амалга оширилди. Дарҳақиқат, Ўзбекистон мустабид тузумнинг хомашё базаси бўлмиш марказ манфаатларига қатъий бўйсунувчи ягона тизим занжирига қўл-оёғи, ҳар бир ҳужайраси билан чамбарчас боғлаб ташланган эди. Ўтган асрнинг 90йилларида мамлакатимизда вужудга келган мураккаб ижтимоий-сиёсий, иқтисодий танглик ҳамда маънавий парокандалик давлат ва жамият бошқарувига оид юксак профессионализмни талаб этарди. Ўзбекистоннинг раҳбарлик стратегиясида «якдиллик, иймон ва инсоф, сўз ва иш бирлиги инсонпарварлик – биз қуражак жамиятнинг тамал тошларидан бири» [6; 28-б.] эканлиги белгилаб қўйилди. Раҳбарлик стратегияси ўзида сиёсий, иқтисодий, маънавий асосларини мужассам этган «Ўзбек модели» мамлакатимизнинг 25 йиллик тараққиёт йўлида гўзал ва бетакрор юртимизни дунё иқтисодиёти, сиёсати ва маданиятида муносиб ўрин эгаллашига олиб келди. Очиқ рақобатга чидамли, жаҳон иқтисодиётига кира оладиган янги иқтисодиёт яратди. Хорижий давлатларнинг ижтимоий-сиёсий, ишбилармон, эксперт, маданий-гуманитар ва жамоатчилик доиралари вакиллари Ўзбекистонда таъминланаётган тинчлик, юритилаётган оқилона ички ва ташқи сиёсатини муносиб баҳоламоқда. Уларнинг фикрига кўра, Ўзбекистон тарихан қисқа давр ичида том маънодаги янги, мустақил давлатга айланди. Мамлакатда барча соҳаларда эришилган муваффақиятларнинг бош негизига – Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган ривожланишнинг «Ўзбек модели»га бугунги кунда дунёнинг қатор давлатлари катта эътибор билан қарамоқда. Мазкур модель жаҳондаги кўплаб олий таълим муассасаларида тадқиқ қилинмоқда. Ривожланишнинг ушбу модели бугунги кунда Ўзбекистонда ўзининг равон йўлига тушиб олгани боис сўнгги ўн икки йил ичида ялпи ички маҳсулот ўсиши ҳажми барқарор равишда йилига 8 фоиздан кам бўлмаган даражада сақланмоқда. Тараққиётнинг «Ўзбек модели» иқтисодиёт ва сиёсат илмий ривожини акс эттирган илғор иқтисодий ва сиёсий тафаккур ҳосиласидир. Ушбу таълимот негизини миллий иқтисод, макроиқтисодий жараёнларни тартибга солиш, бозор иқтисодиётининг ролини бўрттирмаслик, ҳатто давлатнинг иқтисодиётга аралашуви борасида меъёрий чегарадан чиқмаслик, тадбиркорликни қўллабқувватлаш ишлаб чиқариш, иқтисодиётни модернизация ва диверсификациясини таъминлаш, миллий иқтисодиётнинг реал ва молия секторини қўллаб-қувватлаш, оқилона монетар фискал сиёсат, ўтказиш, яъни пул муомаласи бузилишларининг олдини олиш, инфляцияни жиловлаш, антиинфляцион сиёсатни асослаш, хуллас, мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий хавфсизлигини таъминлаш каби назарий ғоялар ташкил қилади. Бу ғоялар мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий хавфсизлигини таъминлаш ва мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Тараққиётнинг «Ўзбек модели» миллий иқтисодиётнинг ижтимоий йўналишини кучайтириш мақсадини кўзлаган. Шу боис ҳам бугун мамлакатимизда мустаҳкамланиб бораётган ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти «инсонга муносиб турмуш тарзи», «бахтиёрлик ато этиш» ғояларига асослангандир. Бозор иқтисодиётига ўтишнинг беш тамойили – яхлит назария, таълимотдир. Бу таълимот тоталитар тизимдан, ночор иқтисодий ишлаб чиқариш, чуқур рецессия ҳолатидан самарали иқтисодиёт – бозор иқтисодиётига ўтишнинг қонун-қоидалари ва кўп қиррали иқтисодиётни қарор топтириш, хусусий мулкчиликни ривожлантириш орқали Ўзбекистонни замонавий, ривожланган давлатга айтантиришга оид илмий қарашлар мажмуидан иборат. Таъкидлаш ўринлики, тараққиётнинг «Ўзбек модели» нинг илк куртаклари иқтисодиётни порокандаликдан, инқироздан олиб чиқиш самарали иқтисодиёт яратиш ғоялари мустақилликка қадар, 1989 йил 24 июндаги етук давлат арбоби Ислом Каримовнинг «Биз бундан буён эскича яшай олмаймиз ва замоннинг ўзи бунга йўл қўймайди» номли мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида сиёсий бурилишни ўзида ифода этган нутқи, «Ўтмишдан сабоқ чиқариб келажакка ишонч билан» мавзусида 1990 йил 5 июндаги маърузасида ҳамда 1991 йил 29 январда «Ҳаммасига ўзимиз эришмоғимиз зарур» мавзусида «Известия» газетаси мухбирининг саволларига жавобларида баён этилган эди. Тараққиётнинг «Ўзбек модели» яхлит таълимот сифатида шаклланиши мамлакатимизнинг сиёсий мустақиллигини қўлга киритиш билан боғлиқдир. Айнан мустақиллик шароитида Ўзбекистон ўз тараққиёт йўлини ўзида мужассамлаштирган моделни яратиш имкониятига эга бўлганлигини таъкидлаш жоиз. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев: «Ислом Абдуғаниевич «Иқтисодий мустақилликка эришмасдан сиёсий мустақилликни таъминлаб бўлмайди» [2] деган тамойил ва энг муҳим устувор вазифани амалга оширишни стратегик масала деб ҳисоблар эдилар» деб алоҳида қайд этганларида буюк Йўлбошчи Ислом Каримовнинг ўлмас ғоялари ва етакчи фикрларига таяниш ва суяниш зарурлигини чуқур англаш лозим. Тараққиётнинг «Ўзбек модели» дастлаб умумлашган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг «Ўзбекистон: бозор муносабатлрига ўтишнинг ўзига хос йўли», «Ўзбекистон иқтисодий сиёсатининг устувор йўналишлари» фундаментал асарларида баён этилган ва малакатимиз ва дунё иқтисодий тафаккури тарихида ўзига хос саҳифа бўлиб, шубҳасиз эркин изланишлар мевасидир. Гап шундаки, Ўзбекистон тоталитар совет тизими, Совет империяси таркибида ривожланди. Ўзбекистон халқи совет жамиятидан рўшнолик кўрмади. Тоталитар, маъмурий буйруқбозликка асосланган иқтисод Ўзбекистонни қолоқликка маҳкум этди. Ресурсларимиз аёвсиз ишлатилди ва ташиб кетилди. Натижада Ўзбекистон ресурсларга бой мамлакат бўла туриб, иқтисодий тараққиётда кўпгина Шарқ мамлакатларидан орқада қолиб кетди. 1989-1990 йили аҳоли жон бошига ишлаб чиқариш бўйича дунёда кўрсаткичи ҳавас қиладиган даражада эмас эди. Ишлаб чиқариш, иқтисодиётнинг ўсиш суръати, унинг тузилиши, таркибининг янгиланиши, яъни модернизация ва диверсификацияси жиҳатидан дунё талабларидан анча орқада қолди. Юқорида юзага келган ижтимоий-иқтисодий вазият Ўзбекистонни иқтисодий янгиланишга муҳтож эканлигини, бунинг учун тараққиёт йўлини танлаб олиш ва унинг концепциясини яратишни тарих Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов зиммасига юклади. Иқтисодий инқироздан чиқиш, иқтисодий юксалиш учун нима зарур? деган савол турар эди. Бутун дунё тажрибасига асосланиб Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов «Ўзбекистон: бозор муносабатлрига ўтишнинг ўзига хос йўли» асарида «жаҳон цивилизацияси ижтимоий тараққиётининг сифат жиҳатидан янги йўлларини ишлаб чиқди, тартибга солинган бозор иқтисодиёти мана шу йўлга асос қилиб олинган» [5; 274-360-б.], деган фикрига суянса-да, аммо бу тараққиёт йўлини андозасини, моделини кўр-кўрона қабул қилиб бўлмаслигига янги жамият барпо этиш борасида ўз андозасини ишлаб чиқишга ишора этган эди. Яхлит таълимот ифодаси бўлган «Ўзбек модели» Ўзбекистонни бозор иқтисодиётига ўтишида ўзига хос шароитларни ҳисобга олиш ва шакллантириб боришни, унга босқичма-босқич, халқни ҳимоя қилиб, ижтимоий барқарорликни таъминлаш орқали ўтиш мақсадини кўзлаган эди. «Ўзбек модели» нинг муҳим стратегик жиҳати шундаки, у дунё тамаддунининг тараққиёт тажрибасига асосланади: «бозор муносабатларининг ривожланиши бирорта ҳам мамлакатда текис, бенуқсон кечмаганлигини инобатга олади. Тараққиётнинг «Ўзбек модели»нинг қудрати яна шундаки, у умуминсоний истиқбол йўлини танлади. Бу модель Ўзбекистонни келажакда иқтисодиёти ривожланган, демократия ривож топган давлатга айтантириш мақсадини кўзлаган эди. Тараққиётнинг «Ўзбек модели» «Ўзбекистон келажаги буюк давлат» деган илмий хулосага таянди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг: «Республиканинг бозор муносабатларига ўтишида ўз йўлидан изчиллик билан бориши демократик ўзгаришлар, республикани ривожланган мамлакатлар қаторига олиб чиқиш уни халқаро обрў-эътиборини мустаҳкамлаш учун пухта моддий негиз яратади» [5; 227-б.] деган ўлмас ғояси бугун ўз тасдиғини топди . Буюк Йўлбошчи Ислом Каримовнинг беқиёс тафаккурини ўзида мужассам этган боқий моделнинг назарий асосини бозор иқтисодиётига ўтишнинг машҳур беш тамойили ташкил этади, унинг муҳим хусусияти бозор иқтисодиётига ўтишдаги ўз йўли бу ижтимоий-иқтисодий тараққиёт йўли бўлиб мамлакат иқтисодий ва ижтимоий хавфсизлигини мустаҳкамлаш мақсадини кўзлайди. Ислом Каримовнинг муаллифлигида ишлаб чиқилган «Ўзбек модели» янги иқтисодий тизим яратиш замирида инсон манфаатини юзага чиқариш, унинг меҳнатини қадрлаш, аҳолининг ночор қатламларини ижтимоий ҳимоялаш мақсадлари устувор бўлиб мамлакатимизда «Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун» деган эзгу ғояга таяниб иш кўрилди. Шу ўринда ноёб иқтисодий тафаккур соҳиби Ислом Каримовнинг 1993 йил 6 сентябрда халқаро банклар конференцияси очилиш маросимидаги сўзлаган нутқида: «Ислоҳотларнинг ишлаб чиқилган андозаси мавҳум тадқиқотлар меваси эмас, аксинча, мавжуд воқеликка асослангандир. Жаҳоннинг 70 мамлакатидан 1500 нафар йирик олим ва ишбилармонлар вакиллари иштирокида Москвада ўтказилган халқаро иқтисодий уюшманинг X жаҳон конгресси қатнашчилари Ўзбекистоннинг бозорга ўтиш дастури собиқ Иттифоқ республикалари орасида энг самарали эканлигини эътироф этганлари ҳам бу фикрни тасдиқлайди» деганларида юқорида қайд этилган бозор иқтисодиётига ўтишнинг бешта тамойили «Ўзбек модели»нинг пухта ишланган илмий-назарий асоси эканлигини назарда тутган эди. Юқорида таъкидланганидек, «Ўзбек модели» бозор иқтисодиётига ўтишдаги дунёда мавжуд моделларнинг кўчирмаси эмас. Бу мазмунан Ўзбекистоннинг ўзига хос янги моделидир. Ўзбекистоннинг танлаган йўли конституцион асосга эга, республика манфаатлари, шарт-шароити ва хусусиятларига тўла мос келадиган ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантиришга қаратилган. Ўзбекистонда ўтказилаётган иқтисодий ислоҳотлар стратегияси қуйидаги беш принципга асосланган: Иқтисодиётнинг сиёсатдан устунлиги; Давлат – бош ислоҳотчи; Қонун устуворлиги; Кучли ижтимоий сиёсат; Бозор муносабатларига босқичма-босқич ўтиш. Ўзбекистонда давлат бошқаруви «Ўзбек модели»нинг асосини ташкил этувчи бозор иқтисодиётига ўтишнинг бешта муҳим, бир-биридан ажралмас тамойилларига асосланади. Тамойил деганда, аслида раҳбарий қоида тушунилади. Ўтган вақт мобайнида «Ўзбек модели» ўзининг реал воқелик эканлиги билан бутун дунёга бозор иқтисодиётига ўтишнинг беш раҳбарий қоидасининг илмий, назарий жиҳатдан асосланганлигини кўрсатди. «Ўзбек модели» амалда ўзини оқлаган, ёруғ истиқболимизни белгилаб берган тараққиёт йўлидир. Бугунги кунда бу принципларнинг амалга оширилиши республикада ижтимоий-сиёсий барқарорликни, энг муҳими демократик жараёнларни обрўманд қилишнинг моддий асоси бўлган, мамлакат иқтисодий, молиявий ва ижтимоий хавфсизлигини мустаҳкамловчи омил – изчил иқтисодий ўсишни таъминлашга эришилди. Ўзбекистон ўз мустақиллигининг дастлабки йиллариданоқ бозор иқтисодиётига ўтишнинг ўзига хос йўлини танлаб, уни изчил амалга ошириши натижасида ҳамда миллий ва иқтисодий хавфсизликни мустаҳкамлаш стратегияси боис Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидаги бошқа кўплаб мамлакатлардан фарқли равишда, ишлаб чиқариш ва аҳоли турмуш даражасининг кескин пасайиб, давлатнинг ички ва ташқи қарзлари ҳаддан зиёд ошиб кетишига йўл қўйилмасликка эришган мамлакатлар қаторига киради. Рақамлар бу ҳақида далолат беради. 1991-1995 йилларда Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотнинг пасайиши, МДҲ давлатлари ўртасида энг кам кўрсаткични - 18,8 фоизни ташкил этди. Ҳолбуки, бу рақам Россияда - 53 фоиз, Украинада - 52 фоиз, Белоруссияда - 54,6 фоиз, Қозоғистонда эса 75,4 фоизга тенг бўлган. Ўзбекистон иқтисодиёти 1997-2003 йиллар давомида йилига 3,8-5,2 фоиз ўсиш даражасида ўртача суръатлар билан ривожланди [7; 13-б.]. Мамлакатимизда аввалбошданоқ иқтисодиётни янгилаш сиёсати тутилдики, бу дастлаб иқтисодий барқарорлик, сўнгра 1997 йилдан бошлаб иқтисодий ўсиш таъминланишига олиб келди. Иқтисодий ўсиш аста-секин ижтимоий тенгсизликни қисқартира бошлади. Бунинг натижасида миллий иқтисодиётимизнинг ижтимоий йўналиши куч олди. Бу, албатта, ижтимоий кескинликка йўл қўймасликнинг муҳим омилига айланди. Тараққиётнинг “Ўзбек модели” Марказдан мерос бўлиб қолган қолоқ иқтисодиётни тиклади ва аста-секин юксалтирди. Натижада иқтисодиётимизда жиддий таркибий ўзгариш ва янгиланишлар юз берди. Бугунги кунда иқтисодиётимизнинг локомотивига айланган машинасозлик ва автомобилсозлик, кимё ва нефть-кимё саноати, озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари саноати, фармацевтика ва мебелсозлик жадал суръатлар билан ривожланмоқда. Таъкидлаш ўринлики 1991-1992 йилларда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлар томонидан 1,5-2,0 фоизигина ишлаб чиқарилар эди. Сабаби, ўша дамларда хусусий тадбиркорликда ташаббус кўрсатиш ва уни рағбатлантириш тўғрисида фармонлар ва уларга мувофиқ равишда қабул қилинган фермерликни ривожлантиришга доир ҳукумат қарорлари жойларда коррупцияга берилган маъмурий-буйруқбоз амалдорларининг кескин қаршилигига дуч келган. Қулай ишчан муҳит яратиш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилашга қаратилган иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш жараёнларининг натижаси сифатида «Ўзбекистон иқтисодиёти қарийб 6 марта ўсди. Унда саноатнинг улуши 14 фоиздан 34 фоизга ошди. Охирги 11 йил давомида ялпи ички маҳсулотнинг ўртача йиллик ўсиш суръати 8 фоиздан кам бўлмаган даражада сақланмоқда. Фаол инвестиция сиёсати амалга оширилмоқда. Буларнинг барчаси мамлакатимиз иқтисодий қудратини оширишга хизмат қилиб, Ватанимизни янада озод ва обод бўлишига моддий замин яратмоқда. Иқтисодий ўсиш натижасида мамлакатимизда ижтимоий соҳани ривожлантиришга шарт-шароит ҳозирламоқда» [2]. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев иқтисодий ўсишнинг инсонга хизмат қилиши аҳамиятига тўхталар экан шундай дейди: «Ҳаммамизга аёнки, ўсиш суръатлари – бу шунчаки бир мақсад эмас. Бундай ўсиш аввало халқимизга, ҳар бир фуқарога қандай наф етказиши, унинг дастурхонида, кундалик ҳаётида акс этиши биз учун муҳим масаладир» [8]. Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотларнинг дастлабки босқичларидан бошлаб кичик бизнесни ва хусусий тадбиркорлик (КБХТ)ни ривожлантириш масаласи ҳам кўп укладли бозор иқтисодиётини шакллантиришнинг асосини ташкил этди. Ўз вақтида бу борада юритилган оқилона сиёсат мамлакатимизда жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозини енгил кечишининг омили бўлиб хизмат қилди. Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози давом этаётган шароитда иқтисодиётда чуқур таркибий ўзгаришлар ва тизимли ислоҳотларни амалга ошириш, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашнинг омили сифатида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик (КБХТ)нинг аҳамияти ортиб бормоқда. 1-жадвал Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг бандлик сиёсатини амалга оширишдаги ва ялпи ички маҳсулотни яратишдаги ҳиссаси (фоизда) [9]
* Изоҳ: Жадвал муаллиф томонидан асосли манбалар негизида шакллантирилган. Ўзбекистонда барқарор иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар «Республика иқтисодиётида хусусий мулкнинг ўрни ва ролини, ЯИМдаги улушини изчил ошириш, уларнинг моддий ва кредит ресурсларидан фойдаланишини кенгайтириш, бизнес муҳитни яхшилаш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш» [10]га қаратилган. Бугунги кунда белгиланган стратегик йўналишлардан бири ҳам – хусусий мулк ва тадбиркорликни ривожлантиришга халақит бераётган барча тўсиқ ва чекловларни бартараф этишдан иборат. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майдаги ПФ-4725сонли «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, 2016 йил 5 октябрдаги ПФ-4848-сонли «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чоратадбирлар тўғрисида»ги Фармонлари ислоҳотларнинг мустаҳкам хамиртуруши бўлган, иқтисодий ва ижтимоий хавфсизликнинг муҳим омили бўлган КБХТ янада ривожлантиришга хизмат қилади. Қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда янада рағбатлантириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида ялпи ички маҳсулотда кичик бизнес улуши 2016 йилниниг 9 ойида 54,6 фоиз (2015 йилнинг тўққиз ойида бу кўрсаткич 53,6 фоиз бўлган), саноатда 43,8 фоиз (38,7 фоиз), инвестицияларда 38,3 фоиз (33,5 фоиз), чакана савдо айланмасида 89,9 фоиз (87,3 фоиз) ва бандликда 77,8 фоиз (77,5 фоиз) ошди [11]. Айни пайтда: «Аҳоли даромадлари таркибида тадбиркорлик фаолиятидан олинаётган даромадлар улуши тобора ортиб бормоқда. Мустақиллик йилларида бу борадаги кўрсаткич 10,6 фоиздан 52 фоизга ўсди. Бу Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларидаги энг юқори кўрсаткичлардан биридир [12; 23-24-б.]. Мустақиллик йилларида мамлакатимиз аҳолиси 10,5 миллион кишига кўпайиб, ҳозирги кунда қарийб 32 миллион [13; 11-б.] нафарни ташкил этишини инобатга оладиган бўлсак, бундай улкан натижаларга эришганимизни чиндан ҳам тасаввур қилишнинг ўзи қийин. Бозор иқтисодиётига ўтиш юзасидан олға сурилган машҳур бешта тамойил тараққиётнинг «Ўзбек модели»ни илмий-назарий асосини ташкил этади ва амалга оширилган ва оширилаётган туб ислоҳотларимизнинг негизига ҳам қўйилган. Иқтисод сиёсатга нисбатан устувор бўлиши зарур – бу тамойил иқтисодий фаолият ижтимоий ҳаётнинг бирламчи асоси эканлигидан келиб чиқади. Иқтисодиёт қандай бўлса, ижтимоий ҳаётнинг бошқа томонлари ҳам шунга яраша бўлишини тарих тасдиқлаган. Ушбу тамойил иқтисодиётга ортиқча сиёсий тус берилмасликдан йироқ. Чунки уни мафкурага, турли сиёсий партиялар ва ҳаракатларнинг манфаатларига бўйсундирилиши иқтисодий ислоҳотлар ва ўзгаришлар йўлида ғов бўлишини совет жамияти кўрсатди. Ушбу тамойил Ўзбекистоннинг ички иқтисодий стратегиясини ҳар қандай сиёсий мафкура таъсиридан бутунлай холи бўлишини назарда тутади. Тоталитар режали иқтисодиёт ўта сиёсийлаштириб юборилган эди. Иқтисодий мақбулликдан сиёсий конъюнктуравий манфаатларнинг устун келиши собиқ Иттифоқ халқ хўжалигини парокандалик ёқасига, иқтисодий ва ижтимоий муносабатларнинг жиддий бузилишига, ишлаб чиқаришнинг техника жиҳатидан қолоқлигига олиб келди. Иқтисодиёт фақат унга хос бўлган ички қонуниятлар асосида ривожланмоғи даркор эди. Асосий вазифа объектив иқтисодий қонунларни яхши тушуниб етиш, уларни ўз халқимиз манфаатлари йўлида моҳирона қўллашдан иборат бўлган. Ушбу ҳаётий ижтимоий-иқтисодий эҳтиёждан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов: «...Президентдан то оддий фуқарогача, ёши ва вазифасидан қатъи назар – ҳаммани бугунги замон талабларига, бозор иқтисодиёти қонун-қоидаларига ўргатиш, малакасини ошириш. Бу вазифани бажариш учун ҳар қанча вақтни ва ҳар қандай маблағни аямаслик зарур» [6; 135- б.]лигига муҳим вазифа сифатида қарадилар. Шу билан бирга тараққиётимизнинг дастлабки босқичида иқтисодий муаммоларни ҳал этишни асосий сиёсий мақсадга – мустақил демократик давлатни қарор топтиришга бўйсундириш ҳаётий муҳим ва объектив зарурият сифатида белгилаб берган эдилар. Конституциявий талаб бўлган инсонга муносиб турмуш шароити, унга ўзини намоён қила олиш учун имкониятлар яратишга иқтисодиётимизни ва бутун жамиятни ривожлантиришнинг олий мақсади сифатида қаралди. Давлат бош ислоҳотчи бўлмоғи керак – бу бозор иқтисодиётига ўтиш учун зарур бўлган ислоҳотлар кенг жамоатчилик иштирокида, давлат ишлаб чиққан дастурлар асосида, унинг бевосита иштироки ва раҳбарлигида амалга оширилиши бугунга келиб нақадар самарали эканлигини тасдиқлади. Чунки давлатнинг бошқарув соҳасидаги роли инкор этилса, маъмурий-буйруқбозлик тизимидан иқтисодиётнинг бозор тамойилларига ўтишини таъминлаш қийин кечиши инобатга олинди. Ўз-ўзидан равшанки, мамлакатимизда бозор муносабати меъёрлари мустаҳкамланиб, ислоҳотларнинг ортга қайтмаслиги таъминланиб борган сари давлатнинг таъсири ҳам шунга мувофиқ равишда изчиллик билан камайиб бормоқда. Дарҳақиқат, мустақилликнинг илк йиллариданоқ давлат, унинг ҳокимият бошқарув тузилмалари тўғридан-тўғри хўжалик фаолиятига аралашишдан четда бўлиши керак. Бозор иқтисодиётининг ўзини ўзи тартибга солувчи механизмлари тобора катта роль ўйнайди, давлатда, фақат иқтисодий дастур ва рағбатлантириш вазифалари қолади, деган тамойилга таянилди. Қайд этиш ўринлики, иқтисодий ва ижтимоий жараёнларни давлат йўли билан тартибга солишда иқтисодий дастаклар – молия, кредит, солиқ, валюта сиёсати, нархларни назорат қилиш ҳамда билвосита таъсир кўрсатишнинг бошқа чоралари ёрдамида амалга оширилиши белгилаб олинди. Худди шу йўл билан Ўзбекистонда ҳақиқий бозор муносабатларига ўтиш ва у учун зарур шароитлар яратилди. Миллий тарихимизнинг энг кескин ва таҳликали даврида, устига устак миллатлараро тўқнашувлар ва бошқа зиддиятлар гирдобида қолган мамлакатимизда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан юритилган оқилона сиёсат туфайли миллий иқтисодиётнинг, айниқса, таркибий ҳал қилувчи тармоқларнинг ҳаётий қобилиятини қўллаб-қувватлаб нархларни тартибга солиш, имтиёзли солиқлар белгилаш, тўғридан-тўғри дотация бериш йўли билан реал ёрдам кўрсатилди. Маълумки, бозор иқтисодиётининг асосий талаблари ва шартларидан бири – эркин нархлардир. Жаҳон тажрибасидан маълумки, нарх сиёсати, айниқса, ўтиш даврида, бозор тармоқларини қарор топтириш шароитида тартибга солиб турилади. Шунингдек, давлатнинг бурчи мамлакатда ишбилармонлик ва инвестициявий муҳит яратиш ва уни ривожлантиришга ёрдам кўрсатиш, муҳими мамлакатда миллий иқтисодиёт равнақи учун, аввало, ҳуқуқ-тартибот, инсонларнинг тинч яшаш ҳуқуқини таъминлаш, демократик ислоҳотларни амалга ошириш ва бозор механизмининг қулай ишлаши учун шарт-шароит яратишдан иборатдир. Давлат ўтиш даврининг интиҳосида аҳолини ислоҳотларга тайёрлаб, уларни янгичасига яшашга ундайди ва рағбатлантиради. Буларнинг барчаси бозор иқтисодиётига тезроқ, зарбаларсиз, беозор киришга ва шакллантиришга ёрдам берди. Замонамизнинг улуғ сиёсатчиси Ислом Каримов томонидан илгари сурилган “Ислоҳот — ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун” деган эзгу ғояни амалга ошириш, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини сезиларли даражада яхшилашни таъминлади. Бугунги кунда Давлат бюджетининг қарийб 60 фоизи ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилмоқда. 1991 йилга таққослаганда, аҳолининг реал даромадлари 12 баробардан зиёд кўпайди, иш ҳақи, пенсия ва ижтимоий нафақалар салмоқли даражада ошди. Истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни жадал суръатлар билан ошириш ва аҳолининг уларга бўлган талабини қондириш таъминланмоқда [2]. Қонун устуворлиги – бу тамойил қонунлар олдида барчанинг бараварлиги, қонунларга риоя этиш, ҳамма учун ҳам фарз, ҳам қарз бўлишини билдиради. Бозор иқтисодиёти қонунчиликка таяниши, унга хос бўлган фаолият қоидалари, иқтисодий муносабатлар, қабул қилинган ҳуқуқий қонунларда қайд этилиши зарурлиги Ўзбекистоннинг бозор иқтисодиётига ўтиш концепциясида ҳисобга олинди. Мазкур тамойилда одамларнинг тафаккурини ўзгартириш, уларнинг онгида демократик қадриятларни, қонунга бўйсунишни мустаҳкамлаш, совет давридаги оғир ўтмишимизни эсдан чиқармаган ҳолда қонун устуворлигига зарурлигига одамларимизда кўпроқ ишонч ҳосил қилишга эришиш назарда тутилган эди. Ўтиш даври мамлакатларида жамиятнинг коррупция тузоғига илиниши, уюшган жиноятчилик кучайиб бориши мумкинлиги ҳам ҳисобга олинди. Мустақилликни дастлабки йилларида мамлакатимизда «бутун янгиланиш ва тараққиёт жараёни қонунларга асосланмоғи зарур. Иқтисодий ўзгаришлар синалган, амалий кучга эга бўлган қонунларга таянгандагина бу ўзгаришлар сезиларли натижалар бериши муқаррар бўлиши мумкин» [14; 11-б.] деган ғояга таянилди. Ва «қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган талаблар мулкчилик шаклидан қатъи назар барча хўжалик юритувчи субъектлар томонидан тўғридан-тўғри ва мажбурий суръатда бажарилиши шарт» [14; 33-б.]лиги белгилаб қўйилди. Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг «Ўзбекистон – бозор муносабатларига ўтишнинг ўзига хос йўли» (1993) номли тараққиёт йўлимизни белгилаб берган асарида: «Қонунчилик тизимини такомиллаштириш билан бир қаторда, қонунларни ҳаётга изчил жорий қилиш, барча хўжалик субъектларининг юридик нормалар ва қоидаларига қатъий амал қилишларини таъминлаш маданий-маърифий бозорни шакллантиришнинг мажбурий шартидир. Шу сабабли қонунга бўйсуниш бозор муносабатларига ўтишнинг барча амал қилиши керак бўлган етакчи принципларидан биридир. Ҳар қандай ҳуқуқий давлатнинг ўзига хос хусусияти шундан иборатдир» [5; 321-322-б.], деб таъкидлаганларида Қонунчилик ва ҳуқуқтартибот тантана қилмас экан, ҳуқуқий давлат қуришни тасаввур қилиб бўлмаслигини назарда тутган эди. Мустақил давлатимизнинг асосчиси Ислом Каримов ушбу асарида: «Иқтисодий фаолиятнинг, тадбиркорлик ва меҳнатнинг давлат томонидан кафолатланган эркинлиги, мулкчиликнинг барча шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий ҳимояланганлиги қонунчилик ва ҳуқуқ-тиртибот тантанасининг энг муҳим омилидир. Қонуннинг устуворлиги – ҳуқуқий давлатнинг асосий принципидир. У ҳаётнинг барча соҳаларида қонуннинг қатъиян ҳукмронлигини назарда тутади. Ҳеч бир давлат органи, ҳеч бир хўжалик юритувчи ва ижтимоий-сиёсий ташкилот, ҳеч бир мансабдор шахс, ҳеч бир киши қонунга бўйсуниш мажбуриятидан халос бўлиши мумкин эмас. Қонун олдида ҳамма баробардир. Қонуннинг устуворлиги шуни билдирадики, асосий ижтимоий, энг аввало, иқтисодий муносабатлар фақат қонун билан тартибга солинади, унинг барча қатнашчилари эса ҳеч бир истисносиз ҳуқуқ нормаларини бузганлиги учун жавобгар бўлади» [5; 321-322-б.], деб қатъий талабни қўйган эди. Конституция ва унинг негизида яратилган пухта қонунлар, шунингдек 2010 йил 12 ноябрда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан илгари сурилган «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси» ҳокимият институтларини шакллантиришни ва уларни тўлақонли фаолият кўрсатишини, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, мулкчиликнинг барча турларини, фуқароларнинг давлат бошқарувидаги фаол иштирокини таъминлади. Тараққиётнинг «ўзбек модели» мазмун-моҳияти билан «Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида дунёда ҳеч бир мамлакатдан кам бўлмаслиги керак» [15; 28-б.] инсонпарвар ғояга асосланди. Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бобида ҳар қандай давлатдан кам бўлмаган мамлакатга айланди. Бозор иқтисодиётини қарор топтириш йўлида ҳуқуқий жиҳатдан кўп ишлар қилинди. Республикада ҳуқуқий муассасалар ҳам изчиллик билан шакллантириб борилди. Бозор муносабатларини цивилизациялашган шаклда жорий этишга имкон берадиган қонунлар мажмуи яратилди. 1996 йилда иқтисодиёт соҳасига тегишли бўлган, иқтисодий муносабатларни шакллантиришнинг ҳуқуқий негизини барпо этадиган 100 га яқин асосий қонун ҳужжатлари қабул қилинган бўлса [4; 197-б.], 2010 йил якунига кўра миллий иқтисодиётни ислоҳ қилиш бўйича умумий ҳисoбда 400 дан зиёд қoнун ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, қабул қилинди ва жoрий этилди. Уларнинг барчаси иқтисoдиётимизни янада либераллаштириш ва мoдернизация қилишда нафақат мустаҳкам ҳуқуқий асoс, балки амалга oширилаётган бoзoр ислoҳoтларининг oртга қайтмаслигининг кафoлати бўлиб хизмат қилмoқда [16; 47-48-б.]. Дарҳақиқат, «жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш –амалга оширилаётган барча ислоҳотлар самарадорлигига эришиш, аҳоли турмуш даражасини ошириш, мамлакатда тинчлик, тотувлик ва барқарор вазиятни таъминлашнинг асосий кафолатидир [8]. Фаол ижтимоий сиёсат юргизиш – Ўзбекистон концепциясида аҳолининг кенг қатламлари, энг аввал унинг ночор гуруҳларининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш чора-тадбирларини кўриш зарур, деб қаралади. Ҳимоялаш дастурлари аҳолининг руҳияти ва кўникмаларини эътиборга олиши зарурлигидан келиб чиқади. Шунингдек, ушбу тамойил бозор ислоҳотларининг муҳим таркибий қисми бўлган кучли ижтимоий сиёсатга етарли баҳо берилмаган жойда ижтимоий кескинлик ва қарама-қаршилик вужудга келишини, бу эса, ўз навбатида, ислоҳотларни обрўсизлантириб қўйиши мумкинлигини назардан четда қолдирмади. Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистон СССРнинг ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан энг ривож топмаган минтақаси эди. Фаровонлик ва саноат ривожланишининг кўпгина кўрсаткичларга кўра у Иттифоқдаги ўртача статистик даражадан анча орқада эди. Бу ҳақда қуйидаги жадваллар маълумот беради. 2-жадвал Собиқ Иттифоқдаги ўртача ҳаёт даражасига нисбатан Ўзбекистондаги оғир ва аянчли ижтимоий-иқтисодий манзара
Шу ўринда қуйидаги маълумотларни ҳам келтиришни лозим топдик. 3-жадвал 1989 йилда Ўзбекистон аҳолиси жон бошига истеъмол қилинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари миқдори (1 кишига килограмм ҳисобида) [17; 31-б.]
Болтиқбўйи республикаларида ўша даврда йилига аҳоли жон бошига гўшт ва гўшт маҳсулотлари истеъмол қилиш 95 – 110 килограммни ташкил қилганлигини ҳам мисол келтириш мумкин [18; 18-21-б.]. 1-жадвал маълумотлари таҳлили шуни кўрсатадики, Ўзбекистон иқтисодиёти асосан хом-ашё ишлаб чиқаришга ихтисослашганлиги боис қўшимча қийматга эга бўлган маҳсулот ишлаб чиқариш улуши жуда кам эди. Масалан, мамлакатда пахта етиштирадиган етакчи республика Ўзбекистон ўз ҳудудида етиштирилган хом-ашёнинг 8 фоизинигина қайта ишларди. Табиийки, бу аҳолининг турмуш даражасида, айниқса истеъмолида акс этар эди. 2жадвалда акс этган маълумотлар таҳлилига кўра Ўзбекистонда аҳоли жон бошига Иттифоқ кўрсаткичига нисбатан 46,3 фоиз, қарийб 2 баравар, илмий асосланган меъёрлардан эса 2,5 баравар кам эди. Паст калорияли нон маҳсулотларини истеъмол қилиш эса Иттифоқ даражасидан 33 фоиз юқори эди [19; 22-б.]. БМТ тараққиёт дастури маълумотларига кўра, 90-йилларнинг ўрталарига келиб Марказий Осиё жаҳоннинг энг қашшоқ минтақалари қаторидан ўрин олди. Айрим ҳисоб-китобларга кўра, қашшоқлик даражаси Қозоғистон ва Ўзбекистонда тахминан 30-35 фоиз, Туркманистонда – 50 фоиз, Қирғизистонда – 60 фоиз, Тожикистонда – 70 фоизни ташкил этган [19; 10-б.]. Ислоҳотларимизнинг меъмори Ислом Каримов 1991 йил 7 мартда «Комсомольская правда» газетасининг мухбири саволларига жавобларида: «Мен биринчи маротаба юксак минбардан туриб Ўзбекистонда 9 миллиондан зиёд киши бечораҳол кун кўраётганини, аҳолининг 47 фоизга яқинини алоҳида шарт-шароитга муҳтож болалар ташкил этишини, бизда ўлим кўрсаткичи мамлакат бўйича (Иттифоқ бўйича – Ш. Қ.) жуда юқори даражада бўлиб қолаётганини айтганман. Биз ҳақиқатни гапирганимиздан кейин одамлар орқамиздан эргаша бошлади» [20; 288-б.], деб таъкидлаган эдилар. Иқтисодиёт илмида иқтисодий хавфсизликка таҳдид солувчи омиллар аҳоли турмуш даражаси ва шароитлари билан боғлиқ муаммолар ва зиддиятлар ҳисобланади. «Миллий давлатчиликни шакллантириш, демократик ислоҳотларни амалга ошириш, иқтисодиётни бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтказиш ҳамда бозор муносабатларига ўтиш даврида ижтимоий муаммоларга алоҳида эътибор бериш зарур» [21; 211-б.]лиги тараққиётнинг «ўзбек модели»да инобатга олинган. Чунки, «Тарих сабоғи шундаки, унинг айнан кескин бурилишларида, ижтимоий формациялар алмашинаётганда ижтимоий муаммолар ва зиддиятлар ғоят кескинлашади, миллий хавфсизликка, фуқаролар тинчлигига ва барқарорликка таҳдид солувчи омилга айланади» [21; 211-б.]. Кенг кўламдаги узоқ муддатли ислоҳ қилиш жараёнининг дастлабки босқичини Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов энг қийин, ижтимоий портлаш хавфи бўлган босқич [21; 211-б.], деб атаган эдилар. Чунки, ўтиш даврининг ўзи кўп ҳолларда бир қанча ҳал қилинмаган ижтимоий муаммоларни келтириб чиқаради ва улар замиридаги ларзага соладиган кучни ўзида сақлаб туради. Ушбу фикрларга таянган ҳолда айрим иқтисодчи олимлар иқтисодий хавфсизликка раҳна солувчи омиллар қаторига аҳолининг турли қатламлари даромадларида табақалашув даражасининг юқорилигини киритади [22; 298-б.]. Ўзбекистонда 1991 йили, хорижий экспертларнинг берган баҳоларига кўра, аҳолининг 57 фоизи камбағаллик чегарасида турган [23]. Камбағалликнинг асосий сабаби ўша даврда иқтисодиётнинг етарлича ривожланмаганлиги, хусусий мулкнинг таьқиб қилинганлиги бўлган. 1990 йилда Ўзбекистоннинг республикалараро савдо оборотида салбий сальдо 3,7 миллиард рубль ёки ялпи миллий маҳсулотнинг 11 фоизга яқинини ташкил этган [5; 283-б.]. Совет жамиятидан Ўзбекистонга қолоқ, бир ёқлама, заиф иқтисодиёт мерос қолган. Ҳадисларда «камбағаллик энг катта бахтсизлик ва зўр мусибатдир. Муҳтожлик одамни ҳаммага душман, беҳаё қилади, инсоф ва мурувватини қўлидан олади, қувват ва идрокини заифлаштиради. Муҳтожлик гуноҳ ва фасод манбаидир» [24; 126-б.]. Шу боис ҳам Ислом Каримов «иқтисодиётни ривожлантирмасдан туриб, асло озод ва фаровон жамият қуриб бўлмаслиги аниқ. Шунинг учун ҳам биз давлат тизимини ўзгартиришга киришдик» [6; 196-б.] деб бежизга айтмаган. Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда асоссиз олигархларнинг бўлишига йўл қўйилмади. Мамлакатимизда мустақилликнинг биринчи кунларидан бошлаб жамиятнинг ижтимоий табақалашув даражасини камайтиришга алоҳида эътибор берилмоқда, содда қилиб айтганда ўта бойлар ҳам, ўта камбағаллар ҳам бўлмасин, деган принципга амал қилинмоқда. Бу ҳақда сўз юритганда, собиқ иттифоқ ҳудудидаги бошқа мамлакатлардан фарқли равишда, Ўзбекистонда даромадлар даражаси бўйича аҳолининг кескин табақаланиши мавжуд эмаслигини таъкидлаш лозим. Юртимиздаги аҳолининг таъминланган 10 фоизи ва етарлича таъминланмаган 10 фоизининг даромадлари ўртасидаги фарқ («децил коэффициенти») барқарор пасайиб бормоқда. Бу рақам 2010 йилдаги 8,5 фоиз ўрнига 2015 йилда 7,7 фоизни ташкил этди. Жаҳон тажрибасида жамиятда ижтимоий табақаланиш ва хавфсизлик даражасини баҳолашнинг яна бир мезони – даромадлар ўртасидаги фарқни ифода этадиган Жини индексидан кенг фойдаланилади. Жинни индекси (Gini index) - аҳоли даромадларининг амалда тақсимланиши фараз қилинган идеал тенг тақсимланиш даражасидан оғиш кўрсаткичи. Лоуренц эгри чизиғи шундай бир чизиқки, унинг координаталари (Х) тақсимланган даромадларнинг ўсиб борувчи фоизини ва (Y) даромаддан тегишли фоиз олган аҳоли сонини кўрсатади. Жинни индекси Лоуренц эгри чизиғи билан даромадларни тақсимлашдаги мутлақ тенглик чизиғи ўртасидаги майдондир. Масалан, жинни индекси 0 га тенг бўлса, бу мамлакатда даромадлар идеал даражада тенг, 100 га тенг бўлса – мутлақо нотекис тақсимланишини англатади. Мисол учун, Ўзбекистонда Жини индекси мамлакатимизда 2010 йилдаги 0,390 ўрнига 2015 йилда 0,280 ни ташкил этди» [25; 23-24-б.]. Бу натижа, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тавсияларига биноан 0,35–0,37 миқдорида белгиланган халқаро стандартлар нуқтаи назаридан қараганда, аҳолимизнинг ижтимоий фаровонлиги муттасил ўсиб бораётганидан далолат беради. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги нутқида: «Биз жамиятнинг ижтимоий табақаланиш даражасини пасайтириш, мамлакатимизда ўта бойлар ҳам, ўта камбағаллар ҳам бўлмаслиги бўйича Ислом Абдуғаниевич томонидан белгилаб берилган сиёсатни қатъий давом эттирамиз» [2] деганларида иқтисодий ва ижтимоий хавфсизликни мустаҳкамлаш ва ижтимоий кескинликни олдини олиш ва барқарорликни таъминлаш мақсадини кўзлаган эди. Бошқача айтганда, мамлакатимиз аҳолиси даромадларида ўта кескин фарқ бўлишига йўл қўймаслик борасида изчил иш олиб борилмоқда. Бозор иқтисодиётига босқичма-босқич ўтиш – тоталитар тизим ўз-ўзидан бозор тизимига айлана олмайди, уни фақат чуқур ислоҳ қилиш билангина бозор тизимига ўтиш мумкин. Тарихда ҳеч қачон бир иқтисодий тизимдан бошқасига ўтиш бирданига, қисқа вақт ичида ва фармон эълон қилган билан бўлмайди. Донишманд халқимиз ўгит берганидек, ортиқча чираниш белни синдиради, яъни ҳамма муаммоларни бир йўла ҳал қилиб бўлмайди, деган қоидадан келиб чиқилди. Ушбу тамойилнинг қудрати шундаки, вужудга келган муаммоларни, аҳамияти ва устунлигини ҳисобга олиб кетма-кет ва босқичма-босқич ҳал қилиш муҳимлигида эди. Мустақиллик йилларида бу, бир томондан, чекланган ресурсларни сочиб юбормай, улардан самарали ва аниқ мақсадни кўзлаган ҳолда фойдаланиш имконини берди. Иккинчи томондан, ўз фаолияти натижаларини ҳаққоний баҳолаб, ислоҳотларни амалга ошириш дастурининг зарур жойларига тегишли тузатишлар киритиш имконини беради. Ноёб стратегик тафаккур соҳиби Президентимиз Ислом Каримов 1993 йил 12 февралда «Янги уй қурмай туриб, эскисини бузманг» мавзусида «Комсомольская правда» мухбирининг «Ўзбекистонга нисбатан сиз «ўз йўлимиз» деган сўзни тез-тез такрорлайсиз. «Ўзбекистоннинг ўз истиқлол ва тараққиёт йўли» китобини нашр эттирдингиз. Унинг мазмунини такрорламасдан, асосий қоидалари ҳақида қисқача гапириб бера оласизми?» деган саволига жавобларида тараққиётнинг «ўзбек модели»нинг асл моҳиятини атрофлича баён этиб берган эди: Аввало: иқтисодиётнинг сиёсатдан устуворлиги ва бунда иқтисодиёт мафкурадан холи бўлиши керак. Иккинчиси: ҳатто энг доно ва истеъдодли академиклар ва амалиётчилардан иборат бирор гуруҳ эмас, балки давлат бош ислоҳотчи бўлади, деб ҳисоблайман. Бир жамият кетиб, унинг ўрнида бошқа жамият қуриладиган ўтиш даврида айни давлатнинг ўзи бошқарув воситаларини асло қўлдан чиқармаслиги лозим. Янги уй қурмай туриб, эскисини бузма, дейишади бизда. Ҳар қандай ҳолда ҳам биз ўзимизни боқиб, тўйдириб келган нарсаларни вайрон қилишга берилиб кетишга ҳаққимиз йўқ. Биз бирданига эски қонунларни тан олмай қўйдик, янгилари эса ҳали йўқ. Пайдо бўлганлари ҳам мутлақо амал қилмаяпти. Мана энди мен ўз дастуримнинг учинчи бандига яқинлашдим. Бу банд – қонун, аниқроғи, қонунга итоаткорликдир. Қонун ҳамма нарсадан устун туриши керак. Бизни узоқ вақт давомида қонунлар бору, лекин уларга риоя қилиш шарт эмас, деган руҳда тарбиялаб келишди. Бизда қонунни ҳурмат қилишдек оддий туйғунинг ўзи йўқ. Шундай экан, биз янги жамиятга қандай қилиб ўтмоқчимиз? Зўравонлик, жиноятчилик пўртанасини қандай қилиб бостиришга умид қиламиз? Инсоннинг ҳуқуқларини ва унинг қадр-қимматини қандай ҳимоя қиламиз? Хусусий мулкни қонун ҳимоя қилмаса, фермерларнинг уйларига ўт қўйиш бошланади. Демократик давлат доимий миллатлараро ва ижтимоий можаролар майдонига айланиб кетади. Хуллас, мен учун энг муҳими – қонунийликни ҳурмат қилишдир. Тўртинчиси: кучли ижтимоий сиёсат. Ўзбекистонда бир киши ўзининг иш ҳақи билан олти-етти кишилик оиласини боқади. Россияда бундай эмас. Айтмоқчи, ўтган йили (1992 йилда – муаллиф) Россия аҳолиси 70 минг кишига камайди. Бизда эса 550 минг киши кўпайди. Шундай экан, айтинг-чи, Болтиқбўйида, Украинада ва Ўрта Осиёда бир хил ижтимоий сиёсат ўтказса бўладими? Менинг назаримда, ҳар бир минтақанинг жамики хусусиятларини, нуфусини, аниқ шароити ва воқеликларини ҳисобга олмай туриб, бозор муносабатларига ўтишнинг бирор модели тўғрисида гапириб бўлмайди. Башарти биз ўзимизнинг шароитимизда, айтайлик, кўп болали оилаларга, қарияларга, бечораҳолларга мадад бермасак, ҳамма нарса портлаб кетади, ҳеч қандай бозор ёки ишбилармонлик бўлмайди. Айрим газеталарнинг саҳифаларида одамлар ахлатхоналарни титаётгани, болалар садақа сўраб жажжи қўлларини чўзаётгани тасвирланган суратларни кўрган пайтимда бундай инқилобнинг кимга кераги бор? – деб сўрагим келади. Шу сабабли мен Президент сифатида камбағалларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш йўлини қатъий ва жуда қаттиққўллик билан ўтказмоқдаман. Ниҳоят, бешинчи қоида. Бозорга босқичма-босқич ўтиш лозимлигига ишончим комил. Сохта, инқилобий сакрашларсиз, мақсад сари қадам-бақадам ҳаракат қилиш керак. Мен тараққиётнинг эволюцион йўли тарафдориман. [5; 141-142-б.] Бу қоидалар ўз истиқлол, ривожланиш ва тараққиёт йўлимизга асос қилиб олинган бўлиб, ўтиш даври дастурининг негизини ташкил этади. Бу бешта қоидага ўз муносабатини Германиянинг собиқ канцлери Гельмут Коль шундай билдирди: «Давлат ривожининг беш тамойилини ишлаб чиқиб, уни қўрқмай оламга эълон қилаётган янги давлатнинг раҳбари тутган йўл муваффақиятнинг гаровидир» [26; 66-б.]. Бу қоидалар Ўзбекистоннинг ўзига хос шароитларини ҳисобга олган ҳолда изчиллик билан шакллантириб боришни, унга секин-аста, босқичма-босқич, халқни ҳимоя қилиб бориб, ижтимоий барқарорликни таъминлаш орқали бозор иқтисодиётига ўтишни билдиради. Беш тамойилнинг барчаси ҳам мамлакатимизда демократик ва иқтисодий ўзгаришларни муваффақиятли ислоҳ қилиб боришда бирдай муҳим аҳамиятга эга бўлиб, «инсон – жамият – давлат»нинг энг муҳим ҳаётий манфаатларини рўёбга чиқаришга хизмат қилди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар стратегияси танлаган йўлимизни пировард мақсадини белгилаб беради. тараққиётимизнинг ўтган 25 йили Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таъкидлаганидек: «Биз тарихан қисқа даврда, ўтган асрнинг 90йилларида, энг оғир ва таҳликали бир шароитда ортиқча ҳиссиётларга берилмасдан, четдан бўлган турли тазйиқлар ва сохта ваъдаларга учмасдан, Ўзбекистонимиз учун яккаю ягона тўғри, яъни тадрижий, босқичма-босқич ривожланиш йўлини танлаб олганимиз, узоқни кўзлаб, етти ўлчаб бир кесган ҳолда, бошқача айтганда, шошмашошарликка берилмасдан, «Мен минтақада биринчиман, мен дунёда биринчилар қаторидаман», деган мақтов сўзларни ишлатмасдан туриб, пухта ўйланган вазмин сиёсат олиб борганимизни бугун ҳаётнинг ўзи қайта-қайта исботлаб бермоқда. Айнан ана шундай тўғри йўлни танлаганимиз туфайли мустақилликни мустаҳкамлаш, Ватанимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, ривожланган демократик давлатлар сафидан муносиб ўрин эгаллаш, халқимиз ва келгуси авлодларимиз учун ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳаёт шароитларини яратиш, Ўзбекистонимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини янада юксалтириш бўйича улкан, айтиш мумкинки, асрларга тенг бўлган йўлни босиб ўтдик» [27; 161-б.]. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов бундан чорак аср муқаддам Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн биринчи сессиясида айтган: «Ўзбекистон – келажаги буюк давлат» деган даъватона фикрлари бугунга келиб ўз ижобатини топди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳақли равишда таъкидлаганидек, тараққиётнинг «ўзбек модели» меъмори Ислом Каримов ўз халқи учун «Озод ва обод Ватан» қолдирди; Буюк устозимизнинг сиёсий мероси, яъни у киши белгилаб берган тараққиётимизнинг асосий тамойиллари, устувор йўналишлари, мақсад ва вазифаларни сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир [2]. Фойдаланилган адабиётлар 1. Каримов И.А. Истиқлол йўли: муаммолар, режалар. – Т.: «Ўзбекистон», 1992. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги нутқи. // Халқ сўзи. – 2016 йил 9 сентябрь. Левитин Л., Карлайл Д.С. Ислом Каримов янги Ўзбекистон Президенти. Т., 1996. Каримов И.А. Ватан саждагоҳ каби муқаддасдир. Т. 3. – Т., 1996. Каримов И.А. Ўзбекистон: миллий истиқлол, иқтисод, сиёсат, мафкура. Т.1. – Т., 1996. Каримов И.А. Биздан озод ва обод Ватан қолсин. Т.2. – Т., 1996. Статистик тўплам. Ўзбекистон Республикаси иқтисодий-ижтимоий тараққиётининг мустақиллик йилларидаги (1990-2010 йиллар) асосий тенденция ва кўрсаткичлари ҳамда 2011-2015 йилларга мўлжалланган прогнозлари. – Т., Ўзбекистон, 2011. – Б. 13. Демократик ислоҳотларни изчил давом эттириш, халқимиз учун тинч ва осойишта, муносиб ҳаёт даражасини яратиш –барқарор тараққиёт кафолатидир. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати –Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг VIII съездидаги маърузаси // Халқ сўзи. – 2016. – 2 нояб. http: //www.ifc.org.msmecountryindicator. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чоратадбирлари тўғрисида»ги Фармони. 2015 йил 15 майдаги ПФ-4725-сон. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Давлат статистика қўмитаси материаллари. Каримов И.А. Бош мақсадимиз – иқтисодиётимизда олиб бораётган ислоҳотларни ва таркибий ўзгаришларни кескин чуқурлаштириш, хусусий мулкчилик, кичик бизнес ва тадбиркорликка кенг йўл очиб беришдир. – Т., 2016. Статистик тўплам. Ўзбекистон демографик йиллик тўплами 2016. – Т., 2016. Каримов И.А. Ўзбекистон иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш йўлида. – Т., 1995. Каримов И.А. Хавфсизлик ва барқарор тараққиёт йўлида. – Т.6. – Т., 1998. Каримов И.А. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси. – Т., 2010. Батафсил маълумот учун қаранг: Қобилов Ш. Р. Мустақиллик ғойибдан келган эмас. – Т., 2012. Юсупов Э., Бахриддинов А. Ҳолва деган билан... // Ҳаёт ва иқтисод. – 1991. – №4. – Б. 18–21. UNDP. Центральная Азия – 2010, Перспективы человеческого развития. Каримов И.А. Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида. – Т., 2001. Каримов И.А. Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари – Т., 1997. Абулқосимов Ҳ.П. Давлатнинг иқтисодий хавфсизлиги. – Т., 2012. Жаҳон банкининг 2002 йилги маълумотлари. Ҳадислар. – Т., Меҳнат – 1991. Каримов И. А. Бош мақсадимиз – иқтисодиётимизда олиб бораётган ислоҳотларни ва таркибий ўзгаришларни кескин чуқурлаштириш, хусусий мулкчилик, кичик бизнес ва тадбиркорликка кенг йўл очиб беришдир. – Т., 2016. Шарифхўжаев М. Истиқлол истиқболлари. – Т., 1994. Каримов И.А. Эришган марралар билан чегараланмасдан, бошлаган ислоҳотларимизни янги босқичга кўтариш – бугунги кундаги энг долзарб вазифамиздир. Т. 23. Т., 2015. www.iqtisodiyot.uz Download 383.58 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
1 2
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling