Мавзу. «МЕҲнат иқтисоди ёти» фанининг предмети ва мазмуни


«Меҳнат иқтисодиёти» фанининг предмети


Download 195.5 Kb.
bet2/4
Sana04.05.2023
Hajmi195.5 Kb.
#1424415
1   2   3   4
Bog'liq
1-МАВЗУ МЕҲНАТ ИҚТИСОДИЁТИ» ФАНИНИНГ ПРЕДМЕТИ ВА МАЗМУНИ (1)

«Меҳнат иқтисодиёти» фанининг предмети,

мақсади ва вазифалари


Амалий ҳаётда хилма-хил ижтимоий-меҳнат муносабатлари мавжуд бўлар экан, ундаги турли ижтимоий-иқтисодий ҳодисалар ва жараёнларни «Меҳнат иқтисоди ва социологияси» фани ўрганади. Шунинг учун ҳам «Меҳнат иқтисоди ва социологияси» - бу, меҳнат бозори фаолият кўрсатаётган даврида ижтимоий-иқтисодий жараёнларни тадқиқ қилишдир. Мазкур тушунчани кенгроқ таърифи қуйидагича: «Меҳнат иқтисоди ва социологияси» - бу, иш берувчи ва ёлланма ходимларнинг меҳнат жараёнида юзага келадиган иқтисодий ва ижтимоий муносабатларини ифода этадиган фандир.
«Меҳнат иқтисодиёти ва социологияси» фан сифатида меҳнат муносабатлари соҳасидаги қонуниятларни, шу жумладан, моҳияти намоён бўлишининг ўзига хос шакллари, чунончи, иш билан бандлик, меҳнатни ташкил этиш, унга ҳақ тўлаш, унинг самарадорлиги каби шаклларини ўрганади. «Меҳнат иқтисодиёти ва социологияси» иқтисодий фан сифатида жамиятдаги ўзаро мувофиқлик ва мослашув жараёнларини тушунтиради. «Меҳнат иқтисодиёти ва социологияси» асосларини билиш мутахассисга рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни ўрганишга абстракциялашган ҳолда ва асосли равишда ёндашиш, уларнинг ҳарактерлантирувчи кучларини тушунтириш ва аҳамиятини баҳолаш имконини беради.
«Меҳнат иқтисодиёти» фанининг предмети – меҳнат жараёнида турли омиллар – техникавий, ташкилий, кадрлар ёки бошқа характердаги омиллар таъсири остида қарор топадиган ижтимоий-иқтисодий муносабатлардир. Бу фан меҳнат жараёнини, яъни ривожланишдаги, ҳаракатдаги фаолиятни ўрганади. Бундай ёндашув тасодифий нарсаларни чиқариб ташлаб, асосий эътиборни объектив ва типик нарсаларга қаратиш, фанни янада чуқур ўрганиш учун меҳнат муносабатлари соҳасидаги тўғри дунёқарашни ифодалаш имконини беради.

«Меҳнат иқтисодиёти» фанининг мақсади - бу ижтимоий жараёнларни ўрганиш, таҳлил қилиш, тартибга солиш, бошқариш, режалаштириш ва истиқболлаштиришни асосида ижтимоий-меҳнат муносабатларини такомиллаштириш бўйича хулоса ва тавсияномалар ишлаб чиқишга ўргатишдан иборат.


«Меҳнат иқтисодиёти»нинг асосий вазифалари қуйидагилар:

  • меҳнатнинг жамият тараққиётидаги ўрнини ўрганиш;

  • иш ҳақини тизимини ва уни ташкил этиш элементлари ва тамойилларини тадқиқ этиш;

  • аҳоли ва меҳнат ресурсларини такрор ишлаб чиқариш ва уларнинг иш билан бандлигини ва ишсизлигини меҳнат бозорининг фаолияти билан боғлиқ ҳолда таҳлил этиш;

  • аҳолининг турмуш тарзи ва даромадларини меҳнат ҳақининг турли шакллари билан алоқадорлигини белгилаш;

  • меҳнат унумдорлигини ошириш омиллари ва заҳираларини аниқлаб, уларнинг ҳолатини таҳлил этиш ва режалаштириш;

  • корхона ходимларининг шаклланиши ва ривожланишини таҳлил қилиш ва режалаштириш;

  • меҳнат фаолиятини рағбатлантириш, меҳнат хулқини яхшилаш ва унга мослашиш даражасини ошириш;

  • меҳнат низоларининг сабабларини ўрганиш, уларнинг олдини олиш ва ҳал қилиш бўйича чора-тадбирлар тизимини ишлаб чиқиш;

  • жамиятда ва меҳнат ташкилотларида ходимларни ҳимоя қиладиган ижтимоий қадриятлар тизимини яратиш;

  • меҳнат соҳасида аниқ социологик тадқиқотларни ўтказиш;

  • ижтимоий меҳнат муносабатларини тартибга солишни такомиллаштириш.

Ахборотлар тўплаш ва таҳлил қилиш учун «Меҳнат иқтисодиёти ва социологияси»да қуйидаги усуллар кенг қўлланади:

  • тенглаштириш ва тақосслаш;

  • гуруҳлаш ва кузатиш;

  • статистик таҳлил;

  • фактлар тўплаш;

  • иқтисодий-математик;

  • эксперт баҳолаш;

  • социологик тадқиқот;

  • хулоса чиқариш.

Шуни таъкидлаш зарурки, «Меҳнат иқтисодиёти» доирасида ўтказиладиган тадқиқотлар ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг илмий асосланган дастурларини ишлаб чиқиш, ходимларнинг меҳнат фаолиятига доимий ҳамроҳлик қилувчи ижтимоий муаммолар ва зиддиятларни ҳал этиш учун зарур бўлган ва етарли даражада ишончли ахборотларни беради. Шундай қилиб, «Меҳнат иқтисодиёти ва социологияси», бир томондан, реал мавжуд бўлган воқелик ҳақидаги билимларни кенгайтиришга, иккинчи томондан, меҳнат соҳасида кечадиган янги алоқалар ва жараёнларни қарор топтиришга кўмаклашади.
Меҳнат тушунчаси физиологик нуқтаи назардан айтилганда, бу – организмда йиғилиб қолган ҳаёт энергияси туфайли содир бўладиган асаб ва мушаклар ҳаракати ҳамда оқсил моддаларнинг механик ишга киришув жараёнидир.
Айни вақтда меҳнат – бу, мураккаб ижтимоий-псиҳологик жараён бўлиб, у кишиларнинг яшаши учун шарт бўлган абадий табиий заруриятдир. Меҳнат инсон билан табиат ўртасида содир бўладиган шундай жараёнки, унда инсон ўзининг фаолияти билан ўзи ва табиат ўртасидаги моддалар алмашинувини бевосита ифодалайди, тартибга солади ва назорат қилади.
Меҳнат – инсоннинг бирон-бир мақсадга мувофиқ ижтимоий фойдали фаолият. Дастлаб инсон ўз ҳаракатларининг мақсадини аниқлайди. Мақсаднинг мавжуд бўлиши онгли мавжудот бўлган инсоннинг меҳнатини, масалан, от ёки машина бажарадиган иш тушунчасидан ажратиб туради. Мақсадга эга бўлган инсон табиат маҳсули – буғдой ёки жавдар, ёғоч ёки лой, пахта толаси, жун ёки теридан фойдаланиб, янги маҳсулот яратади, яъни ўз организмининг жисмоний ва ақлий қувватидан фойдаланиб, меҳнат ҳаракатларини онгли равишда ва изчиллик билан бажаради.
Меҳнатнинг социал-иқтисодии моҳиятини ифодаловчи умумий жиҳатларидан келиб чиқиб, унинг серқирралигини ифодаловчи ҳар хил турлари конкрет белгиларига қараб тизимлаштириш керак бўлади. Ўэбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар натижасида янгидан шаклланаёттан меҳнат турлари таснифининг чизмаси 1.1 - расмда келтирилган. Ижтимоий–иқтисодий турмушда меҳнат тушунчаси билан бир қаторда иш тушунчасидан ҳам кенг фойдаланилади.
Иш - табиат ва инсон томонидан бирлашган кучларнинг объектив натижасидир.
Механик тарзда бу натижа маълум бир қаршиликни енгиш учун сарфланаётган энергия миқдори билан ўлчанади.
Меҳнат ва ишнинг миқдори сарфланган вақт – энергия билан ўлчанса-да, уларни бир–бири билан тўғридан тўғри тенглаштириш мумкин эмас. Меҳнат инсоннинг ақлий–физиологик фаолияти бўлиб, унга тўғри келадиган иш бу жараённинг объектив натижаси ҳисобланади.
Бирор маҳсулот ишлаб чиқариш учун сарфланган меҳнат ва иш миқдорини бир хил ўлчовда, яъни килограммометрда аниқланганда ишнинг миқдори меҳнат сарфининг бир қисминигина ёки аниқроқ қилиб айтганда 20-30 %, айрим ҳолларда эса ундан ҳам анча кам миқдорини ташкил этиши мумкин. Бажарилган ишнинг миқдорини, жамият аъзолари томонидан меҳнатнинг сарфланган миқдорига тенглаштириш ёки бир хил ўлчовда ўлчаш ҳам нотўғри бўлади. Фаолият жараёнида механик ҳаракатлар қилиниб катта ҳажмдаги иш миқдори бажарилиши мумкин, лекин бу фаолият инсон меҳнатининг маҳсули бўлганлиги учун меҳнатга нисбатан тор ва чегараланган фаолиятдир. Меҳнат ва иш тушунчаси бир–бири билан солиштирилганда, иш меҳнатнинг маҳсули деган хулосага келамиз. Шу боис унинг сон ва сифат кўрсаткичларини таҳлил қилиш мумкин.
Инсон куч-қувватининг сарфланиш даражаси фаолият турига ва ишлатиладиган меҳнат воситаларига боғлиқ бўлади. Шундай қилиб, агар меҳнат жараёни учта асосий таркибий қисмини ўз ичига олади:

  • хом ашё материали (меҳнат предметлари)

  • меҳнат воситалари;

  • жонли меҳнат сарфлари.

Ана шу учта таркибий қисмнинг ўзаро таъсир кўрсатиш натижаси меҳнат маҳсулоти – табиатнинг янги маҳсулоти бўлиб, у инсон эҳтиёжларига мослашган бўлади. Булар: йиғиб–териб олинган пахта ҳосили парвариш қилинган чорва моллари, барпо этилган уй ёки кўприк, тикилган кийим ёки пойабзаллардан ташкил топиши мумкин.
Меҳнат – бойлик манбаидир. У инсон фаолиятининг биринчи ва зарур шарти ҳисобланади. Инсон ва жамият тараққиётининг тарихи жараёнда меҳнатнинг ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлигидан далолат беради. Одамлар атрофдаги табиатни ўзгартирар эканлар, ўзларининг ўзгариб бораётган эҳтиёжлари таъсирида ўз табиатларини ҳам ўзгартирадилар: билимларини бойитиб, қобилиятларини ривожлантирадилар ва янги кўникмалар ҳосил қиладилар.
Меҳнат ўзининг таркибий ривожи жараёнида жиддий равишда мураккаблашди: инсон тобора мураккаброқ ва хилма–хилроқ операцияларни бажара бошлади, тобора уюшган меҳнат воситаларини ишлатиб, ўз олдига анча юксакроқ мақсадлар қўйиш ва уларга эришишга интилди.
Иқтисодиётни бозор иқтисодиёти тамойиллари асосида олиб бораётган мамлакатларда ишлаб чиқаришни ривожлантириш тажрибасининг кўрсатишича, бир хил маҳсулот ишлаб чиқарадиган корхоналарни бирлаштириш, яъни ишлаб чиқаришни горизонтал ҳолатда бир жойга тўплаш билан бир қаторда ишлаб чиқаришни вертикал ҳолатда бир жойга тўплаш, яъни комбинатлар тарзида, корхоналарни бирлаштириш йўли билан ташкил этиш содир бўладиган бўлса, бунда хом ашёни қайта ишлашнинг изчил босқичлари ёки ижтимоий меҳнат тақсимотининг турли шакллари билан боғлиқ бўлган ишлаб чиқаришнинг ихтисослашуви рўй беради.
Ҳозирги шароитда меҳнат қуйидаги хусусиятлари билан ажралиб туради:

  • меҳнат жараёнининг интеллектуал потенциали ортади, бу эса ақлий меҳнат ролининг кучайишида, ходимнинг ўз фаолияти натижаларига онгли ва маъсулият билан муносабатда бўлишининг ортишида намоён бўлади;

  • меҳнат харажатлари моддий қисмининг улуши ортади. Меҳнат воситалари (машиналар, асбоб-ускуналар, механизмлар ва шу кабилар) билан боғлиқ буюмлашган меҳнат улушининг кўпайиши фан–техника тараққиёти эришган ютуқлари билан боғлиқ бўлиб, инсон чекланган жисмоний имкониятлари шароитида меҳнат унумдорлиги ва самарадорлигининг ортишида ҳал этувчи омил бўлиб хизмат қилади;

  • меҳнат жараёни ижтимоий жиҳатининг аҳамияти ортади. Ҳозирги вақтда меҳнат унумдорлигининг ўсиш омиллари фақат ходим малакасини ёки унинг меҳнатини механизациялаш даражасини ошириш билангина эмас, балки инсон саломатлигининг аҳволи, унинг кайфияти, оиладаги, жамоадаги ва умуман, жамиятдаги муносабатлар билан ҳам боғлиқдир. Меҳнат муносабатларининг бу ижтимоий томони меҳнатнинг моддий рағбатлантирувчи омилларини тўлдиради ва инсон ҳаётида муҳим роль ўйнайди.

Ўзбекистон Республикасида меҳнатга оид муносабатлар меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, жамоа келишувлари, шунингдек, жамоа шартномалари ва бошқа локал норматив ҳужжатлар билан тартибга солинади. Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикасининг «Меҳнат Кодекси», «Аҳолини иш билан таъминлаш туғрисида»ги қонуни ва бу қонунга Меҳнат вазирлиги томонидан тайёрланган шарҳлар ҳамда меҳнат ва уни ташкил этиш бўйича давлат хокимиятининг бошқа вакиллик ва ижроия органлари ўз ваколатлари доирасида қабул қиладиган қарорлар киради.
Меҳнат вазифасининг интеллектуал даражаси унда мавжуд ақлий ва жисмоний меҳнат унсурларининг ҳиссаси, шунингдек, ижодий ва оддий (ноижодий) меҳнат ҳиссасига боғлиқ ҳолда фарқланади. Меҳнат вазифасининг малакалилик даражаси унинг чегараси ва таркиби: таркибий қисмлар ва бу таркибий қисмларнинг миқдори, уларнинг ранг–баранглиги, янгилиги, шунингдек, ижро шарт-шароити орқали аниқланади. Мазкур белгини у ёки бу ходимга татбиқан баҳолаш қабул қилинган тариф тизимига мувофиқ унинг разрядига мослаб амалга оширилади. Шундай қилиб, меҳнатнинг табиати ва мазмуни таснифий аломатлар сифатида ўзаро алоқадордир.
Меҳнат предмети ва маҳсули бўйича меҳнат турларининг таснифи меҳнатни профессионал, функционал ва тармоқ нуқтаи назаридан фарқлашга асосланади. Меҳнатнинг профессионал белгисига кўра, илмий ёхуд тадқиқотчилик, муҳандислик, бошқарув, ишлаб чиқариш, маърифий, тиббий ва бошқа турларини, ажратиб кўрсатиш мумкин. Функционал белгисига кўра, меҳнат турлари уларнинг қай мақсадга йўналтирилгани, татбиқ этилиш соҳаси ва хўжалик фаолияти иқтисодий туркумидаги функционал ролига боғлиқ ҳолда таркибий қисмларга ажратилади. Уч босқич – ишлаб чиқариш, тақсимот ва истеъмолни бўлиб ажратувчи маъмурий – режалаштириш тизимида амал қилинганидан фарқли ўлароқ, бозор иқтисодиёти шароитида иқтисодий турмушнинг таркиби тубдан ўзгаради.
Меҳнатни таҳлил этишнинг энг муҳим усулологик жиҳатларидан бири меҳнат функцияларини билиб олишдир. Бу функциялар қанчалик хилма-хил бўлмасин, уларнинг диалектик бирлигини ҳам таъкидлаб ўтмасдан бўлмайди. Меҳнат ўзининг асосий ижтимоий функцияларида қуйидагича намоён бўлади:

  • эҳтиёжларни қондириш усули (бу меҳнатнинг биринчи ва энг муҳим функцияси бўлиб, инсоннинг ижтимоий турмуши ана шундан бошланади);

  • ижтимоий бойликнинг яратувчиси (бу шундай фаолиятки, унинг ёрдамида инсон ўз эҳтиёжларини қондиради, ўзи билан табиат ўртасидаги моддалар алмашинувини бевосита ифодалайди, тартибга солади, назорат қилади);

  • жамият ижодкори ва ижтимоий тараққиёт омиллари (меҳнат эҳтиёжларни қондириш ва бойлик яратиш билан бутун ижтимоий тараққиётга асос бўлади - жамиятнинг ижтимоий қатламларини ва уларнинг ўзаро ҳамжиҳатлиги асосларини шакллантиради);

  • инсоннинг яратувчиси (инсон кишилар ҳаётининг барча бойликларини яратиб, ижтимоий тараққиёт субъекти сифатида майдонга чиқади, умуман, жамиятни меҳнатга жалб қилиб, ўз-ўзини ҳам ривожлантириб боради, билим ва касб малакаларини эгаллайди, муомала ва ўзаро ёрдам кўникмаларини шакллантиради).

Меҳнат мазмуни – ходимнинг меҳнат предметлари ва воситалари билан ўзаро муносабатга киришувидир. Масалан, тикувчи тикув машинасида фойдаланган ҳолда газлама билан ишлайди, ошпаз таом тайёрлашда озиқ-овқат хом ашёси ва маҳсулотларидан, шунингдек, ўзи учун зарур бўлган пишириш жиҳозларидан, газ плитасидан фойдаланади. Меҳнат мазмуни қуйидаги белгилар билан характерланади: меҳнатнинг мураккаблиги; ходимнинг касбга яроқлилиги; ходимнинг мустақиллик даражаси. Айтиб ўтилган белгиларни батафсилроқ қараб чиқамиз.
Меҳнат мазмунининг биринчи белгиси унинг мураккаблик даражаси билан фарқ қилишидир. Олимнинг меҳнати чилангарнинг меҳнатидан мураккаброқлиги, дўкон раҳбарининг меҳнати кассир меҳнатидан қийинроқлиги тушунарлидир. Бироқ турли меҳнат хилларига ҳақ тўлаш ўлчовларини асослаш учун уларни таққослаш керак бўлади. Мураккаб ва оддий меҳнатни ўлчаш учун «меҳнат редукцияси» тушунчаси қўлланилади.
Меҳнат редукцияси – мураккаб меҳнатни оддий меҳнатга айлантиришдир, бундан мақсад турли мураккабликдаги меҳнатга ҳақ тўлаш ўлчовларини аниқлашдир. Жамият ривожланганлиги билан мураккаб меҳнат улуши ортиб боради. Бунга сабаб корхонанинг техника билан қуролланиш даражаси ошганлиги, ходимларнинг маълумоти ва ривожланишига қўйиладиган талабларнинг ортганлигидир.
Мураккаб меҳнат оддий меҳнатдан фарқ қилиб, бир қатор хусусиятларга эга бўлади:

  • ходимнинг ҳаракатларини режалаштириш, таҳлил қилиш, назорат қилиш ва мувофиқлаштириш каби ақлий меҳнат функцияларини бажариш;

  • ходимнинг фаол фикрлашни бир жойга тўплаши ва аниқ мақсад билан интилиши;

  • қарорлар қабул қилиш ва ҳаракатлардаги изчиллик;

  • ходим организмининг ташқи таъсирларга аниқ ва тўғри акс-садо бериши;

  • тез, чаққон ва хилма-хил меҳнат ҳаракатлари;

  • меҳнат натижалари учун жавобгарлик.

Меҳнат мазмунининг иккинчи белгиси – ходимнинг касбга яроқлилигидир. Унинг меҳнати натижаларига таъсири инсоннинг қобилиятлари, унда генетик иқтидорларнинг шаклланиши ва ривожланиши, касбни тўғри танлаш, кадрларнинг ривожланиши ва уларни танлаш шартлари билан боғлиқдир. Касбий танлашда касбга яроқлиликни аниқлашнинг махсус усуллари, масалан, профессиографиянинг аҳамияти катта.
Меҳнат мазмунининг учинчи белгиси – ходимнинг мустақиллик даражаси бўлиб, у мулкчилик шакли билан боғлиқ ташқи чекланишларга ҳам, шунингдек, ишнинг мураккаблик миқёси ва даражаси тақозо этувчи ички чекланишларга ҳам алоқадордир. Жавобгарлик даражасини оширганда қарорлар қабул қилишда чеклашларнинг камайиши ҳаракатларнинг кўпроқ эркин бўлишини, ижодкорликни ва муаммоларни ҳал этишга норасмий ёндашиш имкониятини билдиради. Ҳар қандай эркинлик каби мустақиллик даражасининг ортиши ҳам ҳамма нарсани бемалол қилиш мумкинлигини билдирмайди. Ходимнинг мустақиллиги ривожланган шахснинг ўз-ўзини англаш даражаси мезони, иш натижалари учун жавобгарлик чораларини англатади.
Ҳозирги вақтда меҳнат тақсимотининг у ёки бу шакли соф ҳолда қўлланадиган касбни айтиш қийин, мазкур касбда фақат у ёки бу шаклнинг устунлиги ҳақидагина гапириш мумкин. Масалан, юк ташувчининг меҳнати оддий, жисмоний, бир хилдаги меҳнатдир, у жонли меҳнат ҳам, буюмлашган меҳнат ҳам бўлиши мумкин. Ўқитувчи меҳнати учун ақлий, жонли ва ижодий меҳнат хосдир. Кўпчилик касбларни меҳнат тақсимоти шакллари бўйича аралаш меҳнат деб аташ мумкин. Бундай меҳнатга сотувчининг, иқтисодчи ва менежернинг меҳнатини киритиш мумкин.
Кўрсатиб ўтилган меҳнат тақсимоти шартли ҳисобланади. Бироқ у мазкур касбдаги ходим меҳнатига ҳақ тўлаш ўлчовини аниқлашга унинг меҳнат ҳиссаси ва жамиятда тутган роли мезонидан келиб чиқиб тўғри ёндашиш имконини беради.
Меҳнат мазмунини таҳлил қилиш вақтида меҳнат жараёнида қуйидаги функциялар амалга оширилиши ҳисобга олинади:

  • зарур меҳнат операциялари тизимининг мақсади ва уни тайёрлаш билан боғлиқ бўлган мантиқий функция;

  • ижро этувчилик функцияси - ишлаб чиқарувчи кучларнинг ҳолатига боғлиқ равишда меҳнат воситаларини турли усуллар билан ҳаракатга келтириш ва меҳнат предметларига бевосита таъсир кўрсатиш;

  • қайд этиш ва назорат қилиш функцияси - технология жараёнини, белгиланган дастурни бажаришнинг боришини кузатиш;

  • тартибга солиш функцияси - берилган дастурни тузатиш, унга аниқлик киритиш.

Бу айтиб ўтилган функциялардан ҳар бири айрим олинган ходимнинг меҳнатида маълум даражада иштирок этиши мумкин, лекин у, албатта, ялпи меҳнатга ҳам хос бўлади. Инсон меҳнат фаолиятида қайси функция устунлик қилишига қараб ақлий ва жисмоний меҳнат функцияларининг муайян нисбати қарор топади.
Меҳнат хусусиятини белгиловчи ишлаб чиқариш муносабатлари тизимининг асосий элементлари қуйидагилардир:

  • меҳнаткашларнинг ишлаб чиқариш воситаларига муносабати, ишлаб чиқариш воситаларининг мулкчилик шакли;

  • бевосита ишлаб чиқарувчилар амалга ошираётган меҳнатнинг мақсади, шахс меҳнати билан жамият умумий меҳнати ўртасидаги боғлиқлик (меҳнатнинг ижтимоий табиати намоён бўлиш шаклини ифодалайди);

  • ижтимоий гуруҳлар (синфлар)нинг ишлаб чиқариш воситаларига муносабатлари, ходимларнинг тайёргарлик даражасидаги ва уларнинг ишлаб чиқариш жараёнида хилма-хил функцияларни бажаришидаги фарқлар тақозо қилган меҳнатдаги ижтимоий тафовутлар даражаси. Ишлаб чиқариш усулининг бу томонлари, ўз навбатида, ишлаб чиқарувчиларнинг ўз-ўзининг меҳнатига муносабатини, меҳнат маҳсулотларини тақсимлаш муносабатларини, шунингдек, жамиятдаги меҳнатни ташкил этиш усулини белгилайди.

1.3. Меҳнатнинг мазмуни, турлари ва меҳнат жараёни функциялари
Меҳнатнинг хилма-хил турлари бор ва уларнинг бутун хилма-хиллигини қуйидаги мезонлар бўйича: меҳнатнинг мазмуни, табиати, натижалари, фойдаланиладиган буюмли элементлари ва инсон қатнашувининг турли даражаси, кишиларни меҳнатга жалб этиш усуллари бўйича ажратиб таснифлаш мумкин.
Меҳнат мазмуни – ишларнинг касбий мансублиги, уларнинг таркибий мураккаблиги, бажаришдаги изчиллиги билан белгиланадиган меҳнат элементлари йиғиндисидир.
Мазмуни бўйича қуйидагилар ажратилади: моддий ишлаб чиқариш, хизматлар, фан, маданият ва санъат соҳасидаги, бошқа соҳалардаги меҳнат; моддий ва номоддий ишлаб чиқариш айрим тармоқларидаги меҳнат, масалан, машинасозлик, енгил саноат ва озиқ-овқат саноатидаги, қурилишдаги, қишлоқ хўжалигидаги, транспортдаги ва ҳоказолардаги меҳнат; фаолият турлари бўйича меҳнат – хусусий тадбиркор, раҳбар, мутахассис, хизматчи, олим, муҳандис, ишчи, фермер ва шу кабилар меҳнати ва ниҳоят, касблар ва мутахассисликлар бўйича меҳнат. Масалан, муҳандис-технолог, йиғувчи-чилангар, комбайн­чи, рассом, созанда, сотувчи, илмий ходим, муҳосиб, фермер ва бошқалар меҳнатининг мазмуни фаолият ҳар бир турининг ўзига хос хусусиятларини тавсифлаш йўли билан аниқ белгиланиши мумкин. Меҳнатнинг мазмуни тариф-малака маълумотномаларида, бўлинмалар тўғрисидаги низомлар ва лавозим йўриқномаларида акс эттирилади.
Меҳнат турларининг характери ва мазмуни бўйича таснифланиши икки жиҳатдан – ижтимоий жиҳатдан ва тузилиши жиҳатидан кўриб чиқилади. Меҳнатнинг ижтимоий характери ишлаб чиқариш воситаларига мулкчилик шакли билан боғлиқ. Ушбу белги бўйича хусусий меҳнат (мулкдор ёки ижарачи меҳнати) ва ёлланма меҳнат фарқланади. Маълум маънода меҳнатнинг характери унинг икки ташкилий шакли – якка тартибдаги меҳнат ва жамоа меҳнатнинг ажратилишида ўз аксини топади. Бундан ташқари, меҳнатнинг ижтимоий характери меҳнатга ундаш усулларининг (истак, анг­ланган зарурат, мажбурлаш) шаклланишида намоён бўлади.
Меҳнат мазмуни нуқтаи назаридан олиб қараганда меҳнат жараёни инсоннинг меҳнат қуроллари ва буюмлари билан ўзаро алоқадорлиги, ҳар бири муайян маҳсулот тайёрланиши билан тугалланадиган меҳнат даврларининг ўзига хос такрорланишидир. Ушбу жараёнда қуйидаги функциялар: 1) мақсадни белгилаш ва меҳнат жараёнини тайёрлаш билан боғлиқ бўлган мантиқий функция; 2) харакатга келтириш ва меҳнат буюмига бевосита таъсир этиш билан боғлиқ ижрочилик функцияси; 3) рўйхатга олиш ва назорат қилиш билан боғлиқ технологик жараённи, белгиланган дастур бажарилишининг боришини кузатиш функцияси; 4) олдиндан белгиланган дастурни тузатиш, аниқлаштириш ва тартибга солиш функцияси.
Меҳнатнинг мазмуни меҳнат жараёнида у ёки бу функцияларнинг мавжудлигига боғлиқ бўлади ва меҳнатни тузилмавий жиҳатдан тавсифлайди. Меҳнатнинг мазмуни ниҳоятда хилма-хиллиги билан ажралиб туради ва ишлаб чиқарувчи кучлар ҳамда техника-технологиянинг ривожланганлик даражасини кўрсатади.
1.1-расм
Меҳнат турларининг гуруҳ белгилари бўйича таснифи

Меҳнат турларининг гуруҳ белгилари бўйича таснифи

Меҳнат табиати ва
мазмуни бўйича

Меҳнат предмети ва
маҳсули бўйича

Меҳнат воситаси ва
усули бўйича

Меҳнатнинг шароити
бўйича

Ёлланма ва хусусий, якка ва жамоа, хоҳиш, зарурий ва
мажбурият бўйича, жисмоний ва ақлий, такрорий ва ижодий, мураккаб таркибли меҳнат

Илмий муҳан-дислик, бошқа-рувчилик, ишлаб чиқарувчи, тадбиркорлик, инновация; саноат, қишлоқ, транспорт ва коммуникация меҳнати

Қўл, механизациялаш-тирилган ва авто-матлаштирилган, қуйи, ўрта ва юқори техноло-гиялаштирилган; инсон иштироки турлича даражада бўлган меҳнат

Турғун ва кўчма ер усти ва ер ости, енгил, ўрта ва оғир, ёқимли ва ёқимсиз; эркин ва ҳар хил даражадаги чега-раланган меҳнат





Меҳнат мазмунига қараб бир-биридан фарқланади.
1. Оддий ва мураккаб меҳнат. Оддий меҳнат ривожланиш даражаси билан ажралиб турмайди, ҳар қандай кишининг тана организми ўрта ҳисобда эга бўлган ишчи кучининг сарфланиши билан белгиланади. Бу ходимдан махсус касбий тайёргарлик талаб қилмайдиган, малакасиз меҳнатдир. Даража олган ёки кўпайтирилган меҳнатгина мураккаб меҳнат ҳисобланади. Мураккаб меҳнат бир соатида, оддий меҳнатнинг бир неча соатини жамловчи меҳнат бирлиги билан белгиланади. Шу сабабли ҳам малакали ходимлар вақт бирлиги мобайнида малакасиз ходимларга нисбатан кўпроқ маҳсулот ва қиймат яратадилар.
2. Репродуктив ва ижодий меҳнат. Репродуктив меҳнат - такроран қилинган, олдиндан маълум бўлган, ижодий жиҳатлари бўлмаган меҳнат. Ижодий меҳнат эса бунёдкор меҳнат бўлиб, унда инсон сифат жиҳатидан янги, бетакрор, ўзига хос, ноёб нарсалар яратади. Ижодий меҳнатнинг натижалари инсоннинг қобилияти, ишга берилганлиги, унинг муҳимлиги, шарт-шароитларига ва ҳоказоларга боғлиқ бўлади.
3. Функционал ва профессионал меҳнат. Функционал белги бўйича меҳнат қандай мақсадга қаратилганлигига, сарфланиш соҳасига ва хўжалик фаолиятининг иқтисодий давридаги функционал ролига қараб турларга бўлинади.
Масалан, илмий ходимнинг меҳнати қуйидагича таърифланиши мумкин: ақлий, ижодий, ўта мураккаб, юқори малакали, индивидуал, илмий, инновацион, техника билан қуролланган, юқори технологик, муҳим, ўртача оғирликдаги, жозибали, мустақил, регламентсиз меҳнат. Ишчилар бригадасининг меҳнати аксарият ҳолларда жисмоний, ғайриижодий, ўртача мураккаб, малакали, жамоа, ишлаб чиқариш билан боғлиқ, қурувчилик, техника билан қуролланган, ўртача технологик, ҳаракатчан, ўртача оғирликдаги, жозибали, ёлланма, регламентланган бўлади.
Ҳар бир ходимга ва жамоага мос ҳолда меҳнатни ҳар томонлама таърифлаш мазкур меҳнат корхона ёки шахснинг ижтимоий ва иқтисодий вазифаларини ҳал қилишда меҳнат қилишнинг мақсадларидан келиб чиқадиган талабларга мос келиш-келмаслигини баҳолаш учун зарур асос бўлиб хизмат қилиши керак.
Ҳар бир корхонанинг ишлаб чиқаришдаги ўрнига қараб ва бажарадиган функцияларига мувофиқ равишда ходимлар гуруҳлари ташкил қилинади. Ҳар бир функция корхонанинг меъёрида ишлаши учун зарур бўлган фаолиятнинг у ёки бу томони билан боғлиқ бўлади. Ҳар бир функционал гуруҳ ҳал қиладиган вазифалар учун ўзига хос вазифалар бўлади. Бундай тартибда ташкил этилган меҳнатни функционал меҳнат деб номлаш мумкин. Функцио­нал меҳнат бажариладиган ходимларнинг таркиби ўз хусусиятлари билан бир-биридан фарқланадиган меҳнатдир (масалан, ишлаб чиқаришда, бошқарув меҳнати, илмий меҳнат ва ҳоказо). Ҳар бир гуруҳнинг ичида меҳнат алоҳида касб ва ихтисослар бўйича фарқланади. Бунга муҳандис-технолог, муҳандис-конструктор, муҳандис-ташкилотчи, муҳандис-меъёрловчи касбларнинг фарқланиши мисол бўла олади.
4. Ақлий ва жисмоний меҳнат. Ақлий меҳнат интеллектуал фаолиятни ёки асосан асабий-руҳий тусдаги ишларни бажариш билан боғлиқ бўлган фаолиятни назарда тутади, жисмоний меҳнатга эга жисмоний ишлар хос.
Ақлий меҳнат шундай ифодаланадики, инсон миясида у ёки бу ғоялар пайдо бўлиб, инсон ушбу ғояларни рўёбга чиқариш режасини пухта ўйлаб кўради, ўз режасининг жисмоний меҳнат жараёнида юзага чиқиб боришини кузатади. Меҳнатнинг ақлий ва жисмоний меҳнатга бўлиниши ғоят шарт­ли тусга эга. Ушбу шартлилик иқтисод илмининг отахони С.Г. Струмилин томонидан меҳнатнинг иккита турини: жисмоний ва ақлий меҳнатни бир-бирига қарама-қарши қўямиз. Физиология эса ўзининг берган таърифи билан бизга шуни маълум қиладики, бундай қарама-қарши қўйиш учун етарлича асос йўқ. Меҳнат – бир бутун асаб-мушак жараёнидир, ҳеч қандай мушак иши асаб-мия йўллари ва марказларининг тегишли фаолиятисиз амалга оша олмайди ва аксинча, ҳар қандай мавҳум ақлий меҳнат ҳам ақлли, ғоят суст, тўхтаб қолаёзган рефлекслар тарзида бўлса-да, муқаррар равишда мушак фаолияти билан биргаликда кечади, деб асосланади. Шу сабабли, гап меҳнатнинг ақлий ёки жисмоний функциялари кўпроқлиги тўғрисидагина бориши мумкин.
Ижодий меҳнат бир қолипдаги меҳнатдан аниқ вазиятларни таҳлил қилиш ва фаолиятнинг турли соҳаларида янги ечимларни излаш, фан, техника ва технология, санъат ва маданият асарларини яратиш билан боғлиқлиги туфайли ажралиб туради. Бир қолипдаги меҳнат ишни бажаришнинг бир маротаба белгилаб қўйилган тартибини ўзгартиришга уринмаган ҳолда, уни ўйламай-нетмай такрорлайверишга асосланади.
Меҳнатнинг нуфузлилиги даражаси – аҳамиятлилиги, муҳимлиги, оммабоплиги, жозибалилиги билан ҳам тавсифланиши мумкин. Меҳнат бундай сифатларга тўлиқ даражада эга бўлса, у нуфузли ҳисобланади ва аксинча, буларга тўлиқ эга бўлмаса, нуфузли ҳисобланмайди. Меҳнатнинг нуфузлилигини баҳолаш, кўпинча, субъектив тусли бўлади, шунингдек, конъюнктуравий шароитлар таъсирида бўлади. Масалан, бундан 15-20 йил олдин бухгалтер ва нотариуснинг меҳнати нуфузли ҳисобланмас ва унга кам ҳақ тўланар эди, ҳозирги даврда эса бозор муносабатларининг ривожланиб бориши билан, у яхши ҳақ тўланадиган, анча нуфузли, шу боис ғоят оммабоп бўлган меҳнатдир.
Меҳнатнинг оғирлик, тиғизлик, зарарлик ҳолати унинг муҳим хусусиятлари сирасига киради. Ушбу мезонга қараб меҳнатга ҳақ тўлаш масалаларини ҳал қилишда меҳнат меъёрий оғирликдаги, тиғизликдаги меҳнатга, қулай шароитлардаги меҳнатга; оғир, тиғиз, зарарли меҳнатга; алоҳида оғир, алоҳида зарарли ва алоҳида тиғиз меҳнатга ажратилади. Меҳнатни ушбу тоифалардан бирига киритиш учун физиологик ва санитария-гигиена меъёрлари мавжуддир.
Гап меҳнатнинг характери тўғрисида борганида, масала қийинроқ кечади. Шўролар давридаги ижтимоий-иқтисодий адабиётларда «меҳнатнинг характери» категорияси орқали меҳнат ижтимоий табиатининг ривожланганлик даражасини ва ушбу табиат қай тариқа – бевосита йўсинда ёки билвосита боғланишлар ёрдамида намоён бўлишини акс эттирадиган меҳнат характери белгиланар, бунинг устига, ушбу боғланишлар орасида меҳнаткашларнинг ишлаб чиқариш воситаларига қандай муносабатда бўлишлари ҳамда у ёки бу ижтимоий-иқтисодий формациядаги меҳнатни тавсифлайдиган баъзи бош­қа боғланишлар энг муҳимлари деб ҳисобланар эди. Асосан эксплуататорлик, антагонистик жамиятлардаги меҳнат ва «инсонни инсон эксплуатация қилиш» мавжуд бўлмаган ноантагонистик жамиятлардаги меҳнат таҳлил қилинар эди. Ноантагонистик жамиятлар сирасига «социалистик лагер» мамлакатлари киритилар эди. Ушбу маънода «меҳнат характери» категорияси бошқа мафкурага хизмат қилар ва нохослик, мойиллик тусда бўлар эди.
Ҳақиқатан ҳам, айтайлик, инглиз кончиси меҳнатининг характери шўро кончиси меҳнатининг характеридан моҳиятан кескин фарқ қилар эди. Англияда улар кўпроқ иш ҳақи олганликларидан ташқари катта меҳнат эркинлигига эга эди.
Меҳнатнинг характери меҳнат қандай намоён бўлишини, унинг жиҳатлари, белгилари, алоҳида хоссалари ва хусусиятлари қандайлигини кўрсатади. У ходимнинг ишлаб чиқариш воситалари билан бирлашишига боғлиқ бўлиб, меҳнатнинг ижтимоий табиатини белгилайди. Бозор иқтисодиёти амал қилаётган бугунги кунда ишлаб чиқариш муносабатлари такомиллашаётгани, бошқарув иқтисодий усулларининг амал қилиш соҳаси кенгайиб бораётгани, самарадорлик ва сифатига, ходимларнинг ҳақиқий моддий ва маънавий манфаатдорлигига, уларнинг чинакам хўжайинларга айланишига йўналтирувчи хўжалик юритишнинг янги шакллари, яъни хусусий корхона ва тадбиркорлик ривожи туфайли меҳнат табиатида ўзгаришлар рўй бермоқда. Айни пайтнинг ўзида мазкур меҳнат мазмуни ва функцияларидаги чуқур ижтимоий-иқтисодий тафовутлар, бир қолипдаги, зерикарли, малакасиз, оғир қўл меҳнати мавжудлиги, унинг зарарли шароитлари ҳали узоқ вақт давомида меҳнаткашлар анча қисмининг ижодий қобилиятлари намоён бўлишига тўсқинлик қилади, шахснинг уйғун ривожланишига, меҳнатга онгли ва ижодий муносабатни тарбиялашга ҳалақит беради.
Меҳнат ўз табиатига қараб конкрет ва мавҳум меҳнат, ёлланма меҳнат, якка тартибдаги ва жамоа меҳнати, хусусий ва ижтимоий меҳнатга бўлинади ва улар бир-биридан фарқланади.
1. Конкрет ва мавҳум меҳнат. Инсоннинг эҳтиёжларини қондириш учун табиат буюмларини шаклан ўзгартириш ва мослаштиришга йўналтирилган инсоннинг алоҳида мақсадга мувофиқ фаолияти бўлган меҳнат муайян фойдали шаклда намоён бўлади ва турли истеъмол қийматлари яратилиши унинг якуни бўлади. Уларни яратишга қаратилган меҳнат конкрет меҳнат деб номланади. Меҳнатнинг ҳар хил аниқ турларини бир хилдаги ва бир хил ўлчовли кўринишга келтириш сифат хусусиятларидан фикран четга чиқиб, меҳнатнинг айрим турларини ишчи кучининг оддий сарфларига, физиологик маънодаги меҳнат сарфларига - жисмоний, асабий ва бошқа хил куч-қувват сарфларига келтиришни тақозо этади. Ушбу бир хиллаштирилган, бир хилдаги ва бир хил ўлчовли меҳнат мавҳум меҳнат дейилади. Конкрет меҳнат истеъмол қиймати, мавҳум меҳнат эса товар қийматини яратади.
2. Ёлланма меҳнат ва ўз-ўзини ёллаш. Ёлланма меҳнат – ишлаб чиқариш воситаларининг эгалари билан шахсан озод бўлмасалар-да, ишлаб чиқариш воситаларига эга бўлмаган ва ўз меҳнатини ўрнига ўрин иш ҳақи кўринишидаги муайян қийматни олиш учун сотадиган ходимлар ўртасида юзага келадиган муносабатдир. Ёлланма меҳнат ўзидан бегоналаштирилган меҳнатдир, чунки у яратган бойлик бегона бойлик сифатида намоён бўлади. Шу билан бирга, ёлланма ходим ўз ишчи кучининг эгасидир. Ушбу ишчи кучи ривожланган сайин ишчи ва унинг оиласи ривожланиб бориши учун зарур бўлган шахсий мулкларининг кўпайиб бориши билан боғлиқ. Айни пайтда ўз ишини очган тадбиркор ўз меҳнатини ишга солиш имконини ҳам яратади ва бу билан у ўз-ўзини ёллайди. Айни шундай меҳнат инсоннинг ташаббуси ривожланиши учун имконият беради, мулкка, мустақиллик, тадбиркорлик каби сифатларни шакллантиришга ҳамда ижобий қобилиятларни намоён этишга миришкорлик билан муносабатда бўлишга кўмаклашади.
3. Якка тартибдаги ва жамоа меҳнати – булар меҳнатни ташкил этишнинг ўзига хос шаклларидир. Меҳнат тақсимоти инсон фаолиятининг айрим турлари алоҳидаланишига, айрим ишлаб чиқарувчиларнинг алоҳидаланишига олиб келади. Якка тартибдаги меҳнат – айрим ходимлар ёки мустақил ишлаб чиқарувчилар якка тартибдаги тадбиркорларнинг меҳнати. Меҳнат тақсимоти бирор-бир маҳсулот тайёрлаш бўйича қисман бажариладиган ишларнинг алоҳидаланишига олиб келиб, биргаликдаги куч-ҳаракатлари тайёр маҳсулот яратишга олиб келиши мақсадида ходимларнинг меҳнат фаолиятини бирлаштириш заруратини келтириб чиқаради. Жамоа меҳнати шундай меҳнатки, бунда кишилар алоҳида эмас, биргалашиб, меҳнат жамоаларида бўлим, лаборатория, цех, участка, бригадага бирлашиб ишлайдилар, бунинг устига, жамоанинг катта-кичиклиги аҳамиятга эга бўлмайди.
4. Хусусий ва ижтимоий меҳнат. Айрим ишлаб чиқарувчилар муайян товарларни тайёрлаб берадиган товар ишлаб чиқаришида якка тартибдаги меҳнат ишлаб чиқариш воситалари эгаларининг фарқлангани хўжалик, ишлаб чиқариш ва юридик жиҳатлардан алоҳидаланганлиги туфайли хусусий меҳнат сифатида намоён бўлади. Ҳар бир ишлаб чиқарувчи ўз эҳтиёжларини қондириш учун зарур бўлган маҳсулотларнинг барчасини ҳам ишлаб чиқаравермай, уларнинг бир қисминигина тайёрлаб чиқаришга ихтисослашади. Шу сабабли ҳар қандай жамиятда хусусий меҳнат ҳамиша ижтимоий меҳнатнинг бир қисми сифатида намоён бўлади ва ижтимоий табиатга эга бўлади, ушбу ижтимоийлик бозорда товарларнинг бир-бирига тенглаштириб, алмаштирилиши орқали, қиймат орқали намоён бўлади.
Иқтисодий адабиётларда кенг ишлатиладиган «унумли» ва «унумсиз», «жонли» ва «ўтмишдаги-моддийлашган», «мавҳум» ва «аниқ», «зарурий» ва «қўшимча» меҳнат тушунчаларига ҳам тўхталиб ўтмай бўлмайди.
1. Унумли ва унумсиз меҳнат. Бу масала иқтисодий адабиётларда турлича талқин қилинади, шунинг учун биз уни икки хил талқинини келтирмоқчимиз. Биринчи гуруҳ олимларининг эътироф этишича унумли меҳнат - ижтимоий бойлик, ялпи ижтимоий маҳсулот, миллий даромаднинг табиий-буюмли шаклини яратишда бевосита қатнашувчи меҳнатдир. Бу шундай меҳнатки, унда моддий неъматлар, хизматлар яратилади ва у фойда келтиради. Унумсиз меҳнат ҳам ижтимоий ва маънавий неъматларни яратадиган меҳнат бўлиб, бундай меҳнатнинг тури ҳам ижтимоий фойдалидир, лекин у унумли меҳнат бўлмайди, чунки моддийлашмайди, алоҳида бир маҳсулотда мужассамлашмайди ва фойда келтирмайди.
Иккинчи гуруҳ олимлари унумли ва унумсиз меҳнат тўғрисидаги тушунчаларга муносабат билдириб, назарий таҳлилларга таянган ҳолда меҳнат унумсиз бўла олмайди, деган хулосага келадилар. Ҳар қандай меҳнат – кишиларнинг эҳтиёжларини қондирадиган неъматларни, фойдали нарсаларни ишлаб чиқаришдир. У унумли, моддий ва номоддий бўлиши мумкин, лекин бунда улар неъмат бўлмасдан қолмайди. Олим яратган илмий кашфиёт, худди шунингдек, ҳуқуқшунос, санъаткор, ижодкор, педагог, спортчи, шифокор, экскурсовод, сартарошнинг меҳ­нати – барчаси кишиларнинг муайян эҳтиёжларини қондирадиган номоддий неъматлардир. Номоддий неъматлар инсоннинг маданий, эстетик, билиш эҳтиёжларини қондирадиган маънавий неъмат бўлиши мумкин. Улар кишиларнинг саломатлик, дам олиш, озодалик, саранжом ташқи кўриниш ва ҳоказолар борасидаги табиий эҳтиёжларини қондирадиган маиший неъмат бўлиши ҳам мумкин. Кишиларнинг нотариус, адвокат, прокурор ва судьялар бажарадиган меҳнат натижасидаги ҳуқуқий ҳимояланганлиги ҳам, ваколатли ва ижроия ҳокимият органларининг бошқариш фаолияти ҳам ва моддий ишлаб чиқариш соҳасига дахли бўлмаган кўплаб бошқа меҳнат маҳсуллари ҳам неъмат бўлади.
2. Жонли ва ўтмишдаги меҳнат. Жонли меҳнат – ҳозирги пайтда сарфланаётган ва натижалари ҳали номуайян бўлган меҳнатдир. Ишчи маълум бир ишни бажараётганда бунга бирмунча иш вақти – жонли меҳнат сарфлайди. Лекин ишчи маҳсулот ишлаб чиқараётганида ўтмишдаги меҳнатни ҳам сарфлайди. Ўтмишдаги меҳнат ўзида илгари яратилган натижани мужассамлайди, булар хомашё ва материаллар, энергия, дастгоҳлар, асбоблар, компьютерлар ва ҳоказолардир. Фан-техника тараққиёти жараёнида жонли меҳнат билан ўтмишдаги меҳнат сарфлари ўртасидаги нисбат ўзгаради.
«Мавҳум» ва «аниқ», «зарурий» ва «қўшимча», «жонли» ва «ўтмишдаги (моддийлашган)» меҳнат тўғрисидаги тушунчаларни материалистлар ўз иқтисодий назарияларига киритиб, ишлатган эдилар.
Уларнинг «зарурий» ва «қўшимча» меҳнат тўғрисидаги қоидалари хатодир. Ҳар қандай меҳнат ҳам зарурдир. Уларнинг қўшимча меҳнат деб номлагани, меҳнатдан ташқари ишлаб чиқариш ва бошқа омиллар ҳам амал қилишининг натижасидир.
Материалистлар жонли меҳнат деб кишиларнинг реал меҳнатини, ўтмишдаги (моддийлашган) меҳнат деб эса кишиларнинг ўтмишдаги меҳнати натижаси сифатидаги жамики ишлаб чиқарилган маҳсулотларни номлаган эдилар. Замонавий иқтисодий назария шуни ишончли тарзда исботламоқдаки, маҳсулот ер (табиат), капитал, меҳнат ва тадбиркорлик қобилияти каби ишлаб чиқариш омилларининг амал қилиши натижасида юзага келади. Бинобарин, ишлаб чиқарилган маҳсулотларни фақат меҳнат, функция бажаришнинг натижаси деб ҳисоблаш, истеъмол қилинган ишлаб чиқариш воситаларини эса ўтмишдаги меҳнат деб номлаш нотўғридир.
Шу боис, «мавҳум» ва «аниқ», «зарурий» ва «қўшимча», «жонли» ва «ўтмишдаги» меҳнат тўғрисидаги тушунчалардан ҳозирги замон иқтисодий назариячилари фойдаланмайдилар.
Меҳнатнинг фойдаланиладиган буюмли элементлари ва инсоннинг меҳнатда қатнашиш даражаси бўйича у қуйидаги турларга бўлинади:
1) қўл меҳнати – мутлақо қўлда ёки меҳнатнинг қўл қуроллари ёрдамида бажарилади;
2) механизациялаштирилган меҳнат – меҳнатнинг механизация-лаштирилган қуроллари ёрдамида амалга оширилади (масалан, электродрел ёрдамида пармалаб, тешик ўйиш, пневматик асбобда метални ямаш);
3) машиналашган меҳнат – асосий иш меҳнат буюмининг шакли, катталиги, ташқи кўринишини ўзгартириш учун ходим томонидан бевосита жисмоний куч-ҳаракат сарфламаган ҳолда бошқа­риладиган машина ёрдамида бажарилади. Бунда ходим машинани бошқариш ва уни озиқлашга оид ёрдамчи ишларнинг элементларинигина қўлда бажаради;
4) автоматлаштирилган меҳнат – асосий иш элементлари тўлиқ автоматлаштирилган, ёрдамчи иш элементлари эса тўлиқ ёки қисман автоматлаштирилган бўлади. Бу жараёнда ходим ускуналар тўғри ва доимий созланишини ҳамда уларнинг иш билан таъминланишини назорат қилади.
Кишиларни меҳнатга жалб этиш усуллари бўйича қуйидагилар фарқланади:
1) иқтисоддан ташқари мажбурлайдиган меҳнат, бунда тўғридан-тўғри мажбурлаш ўрин олган бўлади. Бундай меҳнат шахсий эркинликнинг чекланиши билан тавсифланади, бунга бевосита қуллик ва қарздорлик оқибатидаги қуллик мисол бўла олади. Бевосита мажбурлашдан ташқари, бундай меҳнатга маъмурий ёки қонунчилик тартибида белгилаб қўйилган меъёрлар мавжудлиги ҳам сабаб бўлиши мумкин. Масалан, меҳнат қилиш умумий мажбурийлигининг ўрнатилиши ҳам худди шунинг ўзидир, собиқ шўролар даврида шундай бўлган эди;
2) иқтисодий мажбурлайдиган меҳнат, яъни зарурат бўйича тирикчиликка маблағ ишлаш учун қилинадиган меҳнат. Бундай меҳнат кишиларнинг аксарият оммасига хос бўлган жараёндир;
3) кўнгилли меҳнат, яъни инсоннинг ўз ихтиёри билан қиладиган меҳнати. Бундай меҳнат жараёнида инсон иқтисодий жиҳатдан етарлича таъминланган бўлиб, ишламаслиги мумкин бўлса-да, ўзининг маънавий ва умуминсоний салоҳиятини юзага чиқариш учун ишлаганида амалга оширади. Бундай инсон учун меҳнат қилиш - ўзини намоён этиш, ўз шахсини маънавий жиҳатдан юзага чиқариш воситасидир. Турли мезонлар бўйича меҳнат турларининг йиғма таснифи
2.4-чизмада берилган.
Шундай қилиб, биз меҳнатнинг ҳар хил турларини кўриб чиқдик. Шуни айтиш керакки, бошқа ҳар қандай тасниф каби, ушбу тасниф ҳам шартли тусга эга ва меҳнатнинг муҳим белгиларини ажратиб кўрсатишга мўлжалланган. Реал ҳаётда ҳар бир аниқ меҳнатда юқорида санаб ўтилган барча белгилар турлича бирикувларда муҳайё бўлиши мумкин.


1.2-чизма. Меҳнат турларининг таснифи





Download 195.5 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling