Даврий инқирозлар маълум вақт мобайнида такрорланиб туради.
Оралиқ инқирозлар тўлиқ цикл буйича юз бермайди. Циклнинг бирон-бир фазасида тўхтатилади. Улар нисбатан унча чуқур бўлмай, қисқа муддат давом этади.
Номунтазам инқирозлар бирон-бир алоҳида сабабларга кўра юз беради. Масалан, табиий офат, сел, тўфон, қурғоқчилик туфайли иқтисодиётда танг аҳволга тушиш мумкин.
3. Такрор ишлаб чиқариш нисбатларининг бузилиши тавсифига кўра инқирозлар иккига: ортиқча ишлаб чиқариш ва тақчил ишлаб чиқариш инқирозларига бўлинади. Товарларни ортиқча ишлаб чиқариш инқирози турли наф келтирадиган неъматларни кўп ишлаб чиқариш, лекин уларни тўла сота олмасликда намоён бўлади.
Тақчил ишлаб чиқариш инқирози даврида мувозанат бузилиб, етишмовчилик натижасида танг аҳвол келиб чиқади. Шундай қилиб, иқтисодиётнинг танг аҳволга тушишига фақат ортиқча ишлаб чиқариш эмас, балки тақчил ишлаб чиқариш ҳам сабаб бўлади.
Асосий таянч тушунчалар:
Иқтисодий мувозанат - иқтисодий жараёнлар, ҳодисаларнинг икки ёки бир неча томонининг бир-бирига мос келиш ҳолати.
Хусусий мувозанатлик - бу иккита ўзаро боғлиқ бўлган иқтисодий кўрсаткичлар ёки иқтисодиёт томонларининг миқдоран тенг келиши.
Умумий мувозанатлик - иқтисодий жараёнлар, ҳодисаларнинг икки ёки бир неча томонининг, энг аввало ялпи талаб ва ялпи таклифнинг бир–бирига тенг келган ҳолати.
Рецессион фарқ - ялпи сарфларнинг соф миллий маҳсулот ҳажмидан кам бўлган миқдори.
Инфляцион фарқ - ялпи сарфларнинг соф миллий маҳсулот ҳажмидан ортиқча бўлган миқдори.
Мультипликатор самараси - бу соф миллий маҳсулотдаги ўзгаришнинг ялпи сарфлардаги ўзгаришга нисбати.
Иқтисодий мутаносиблик - иқтисодиётнинг турли томонлари ва соҳалари ўртасида миқдор ва сифат ўлчамларнинг мос келишлик даражаси.
Иқтисодий инқироз – ишлаб чиқариш ҳажмининг кескин тушиб кетиши.
Иқтисодий цикл – ишлаб чиқаришнинг бир иқтисодий инқироздан иккинчиси бошлангунга қадар такрорланиб турадиган тўлқинсимон ҳаракати.
Турғунлик (депрессия) – ишлаб чиқаришнинг бир жойда депсиниб туришини англатувчи ҳамда иқтисодий фаоллик жонланиши учун шарт–шароитларнинг вужудга келишига имкон яратилувчи иқтисодий цикл фазаси.
Жонланиш – иқтисодий циклнинг ишлаб чиқаришнинг барқарор кенгайиб боришига ўтишини тавсифловчи фазаси.
Юксалиш – иқтисодий циклнинг иқтисодиётда тўлиқ бандликка эришилиши, ишлаб чиқаришнинг инқироздан олдинги даражадан ҳам ортиб кетиши ва тўловга лаёқатли талабнинг кенгайиб боришини тавсифловчи фазаси.
Таркибий инқирозлар – иқтисодиётнинг айрим тармоқлари ва соҳалари ривожланиши ўртасидаги чуқур номутаносибликларни ифодаловчи иқтисодий ҳолат.
Аграр инқирозлар – қишлоқ хўжалигида рўй берадиган иқтисодий инқирозлар бўлиб, циклли тавсифга эга бўлмайди ва саноат циклларига қараганда анча узоқ давр давом этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |