Мавзу. ЎЗбекистон республикасида табиий ресурслардан фойдаланиш тартиби
Табиатдан фойдаланиш ҳуқуқи тамойиллари ва субектлари
Download 33.17 Kb.
|
7-мавзу маъруза матни!
- Bu sahifa navigatsiya:
- “экологик даъво қилиш”
2 Табиатдан фойдаланиш ҳуқуқи тамойиллари ва субектлари
Экология ҳуқуқи ҳам маьлум тамойиллар асосида шаклланади ва амалда бўлади. Тамойиллар унинг хусусияти ва хоссаларини акс эттирувчи мазмун ва ижтимоий аҳамиятини белгилайди. Экология ҳуқуқи тамойилларининг асосий вазифаси - табиат қонунларнинг устуворлигини тан олган ҳолда жамият аъзоларининг табиатга тааллуқли бўлган хатти-ҳаракатларини илмий асосланган ҳолда йўналтиришдан иборатдир. Экология ҳуқуқи давлат ва ҳуқуқнинг умумий тамойилларига ва ўзининг махсус тамойилларига асосланади. Давлат ва ҳуқуқнинг умумий тамойилларига: қонунийлик, инсонпарварлик, ижтимоий адолатлилик, фуқоралик жамияти билан давлат ўртасида мувозанатлилик, давлат мъьсулиятининг белгиланлиги, тенг ҳуқуқлилик, ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг бирлиги, айб учун жавобгарлик ва бошқалар киради. Айнан шу тамойиллар экология ҳуқуқининг умумий тамойиллари ҳисобланади. Махсус тамойилларга қуйидагилар киради: ҳозирги ва келгуси авлоднинг генетик фондини сақлаш; атроф муҳит муҳофазасида табиат қонуниятлари устуворлигини тан олиш; фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таьминлаш ва ҳимоя қилиш; атроф муҳитни ифлослантирганлик учун ҳақ тўлаш (”ифлослантирувчи тўлайди”); инсон, жамият ва табиат экологик ва иқтисодий манфаатлари илмий асосланган мувозонатини таьминлаш; табиатни муҳофаза қилиш фаолиятини рағбатлантириш; табиий ресурслар миқдорини камайтирмаслик ва улар ҳолатини (сифатини) тиклаш мажбурийлиги; экологик экспертиза ўтказишнинг мажбурийлиги; табиат ресурсларидан махсус фойдаланганлик учун ҳақ тўлаш ва бошқалар. Жамият ва табиат ривожланишининг тамойиллари ўзгариши билан экология ҳуқуқининг тамойиллари ҳам ўзгариб бораверади. Масалан, Ўзбекистон Биринчи Президенти И.Каримовнинг “Мамлакатда демократик ислоҳатларни яна чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси”да (2010 йил 12 ноябр) таклиф этган экологик жамоат назоратини кучайтиришга қаратилган тадбирларнинг акс эттирилганлигини экология ҳуқуқида тегишлича янги тамойил вужудга келишига асос бўлди, деб ҳисоблаш лозим. Маьлумки, Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар жамият экологик манфаатлари билан уйғунлаштирилган ҳолда олиб борилмоқда. Кучли ижтимоий сиёсатни амалга ошириш мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ устивор вазифа қилиб белгиланган. Ҳозирда мазкур ижтимоий сиёсатнинг марказий масалалардан бири экологик муаммоларни ҳал этишдир. У давлатнинг ижтимоийлик ва экологик моҳиятини белгилайди. Ўзбекистон ҳудудида экологик кескинлик ўчоқларини инкор этиб бўлмайди. Улар асосан маҳаллий (локал) тусга эга. Айрим ҳудудларда атмосфера ҳавоси ва сув ресурсларининг ифлосланиши, кислотали ёмғирларнинг ёғиши, ичимлик суви етишмаслиги, тупроқ шўрланиши ва таназзулга учраши, қаттиқ ва заҳарли саноат чиқиндиларининг тўпланиши, биологик хилма-хилликнинг заифлашиши ва бошқа нохуш ҳолатлар кузатилади. Шунингдек, аҳоли сонининг ўсиши, шаҳарларнинг кенгайиши, қишлоқ хўжалик ерларининг муомаладан чиқиб қолиши, чорва молларининг кўпайиши ва бошқа шунга ўхшаш ҳолатлар ҳам Ўзбекистонда экологик муаммоларни келтириб чиқармоқда. Мавжуд экологик муаммоларни ҳал этиш борасида тегишли қонунчилик ҳам жадал ривожланиб бормоқда. Қонунлар асосида муаммоларни ҳал этиш барпо этилаётган ҳуқуқий давлат моҳиятига мос бўлиб, бу тамойил экологик сиёсатда изчил амалга оширилмоқда. Замонавий экологик сиёсат туфайли амалга оширилган диққатга сазовор ишлардан бири – экологик муносабатларни тартибга солишда иқтисодий-ҳуқуқий усуллардан фойдаланишга ўтилганидир. Аввало, экологик қонунчиликда табиатдан фойдаланиш ва унга таъсир қилиш учун ҳақ тўлаш қоидалари акс эттирилди. ”Ифлослантирувчи тўлайди” тамойилининг халқаро андазаларга мос ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди. Иқтисодий усулларнинг ичида табиатдан фойдаланувчи ва унга таьсир қилувчи (ифлослантирувчи, булғовчи, исроф қилувчи ва ҳ.к.)ларни экологик фаолиятини кучайтиришга имкон берадиган иқтисодий-ҳуқуқий механизмларнинг жорий қилинганлиги катта ютуқ бўлди. Фойдаланувчилар ва табиатга таьсир қилувчилар ўз фаолиятларида экологик тадбирларни фаол бажарганликлари учун ҳақ тўлаш, солиқ тўлаш, кредит олиш, нарх белгилаш ва шунга ўхшаш масалаларда имтиёзларга эга бўлди. Экологик тежамкорлик ва уддабуронлик давлат томонидан қўллаб қувватланади ва рағбатлантирилади. Хўжалик юритувчилар қанчалик кўп экологияни ўйлаб фаолият юритсалар, шунчалик моддий манфаатдорлиги ортади. Натижада “экология” ҳам, хўжалик юритувчи ҳам ютади. Шу йўсинда экологик тежамкорлик ва уддабуронлик “экологик кам чиқимли” фаолият юритишга ва маҳсулот етиштиришга қизиқишни рағбатлантиради. Собиқ Иттифоқ даврида табиат объектлари марказий давлатнинг танҳо мулки бўлиб, улар тўлиқ фуқаролик муомаласидан чиқарилган эди. Ҳаттоки, уларни ижарага бериш ҳам мумкин эмас эди. Янги иқтисодий ва экологик сиёсат туфайли улар мулк сифатида иқтисодий муносабатларнинг ўзагини ташкил этмоқда. Бунга табиат объектларига нисбатан фуқаролик-ҳуқуқий муомалаларни жорий қилиш орқали эришилмоқда. Табиат объектларининг мулк сифатидаги мақоми ўзгариб бормоқда. Уларнинг аксариятига нисбатан ижара, концессия, мерос қилиб қолдириш каби фуқаролик шартномалари қўлланилмоқда. Ер участкалари эса хусусийлаштириш, реализация қилиш, гаровга қўйиш, мерос қилиб қолдириш ҳуқуқи асосида умрбод эгалик қилиш каби фуқаролик-ҳуқуқий муомалаларда иштирок этмоқда. Жисмоний ва юридик шахсларнинг ер участкасига нисбатан мулкдор бўлишлиги Ер кодексида кафолатланиб қўйилган. Ўтган вақт мобайнида экологик муаммоларни амалий ҳал этишнинг энг ҳаққоний механизмлардан бири – экологик экспертиза институти жорий қилинганлигидир. Экологик экспертиза дастлаб “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги (1992 й.) Қонунда кўрсатилган бўлса, кейинчалик “Экологик экспертиза тўғрисида”ги (2000 й) Қонунда унга тааллуқли асосий қоидалар акс эттирилди. Экологик экспертизанинг мажбурийлиги белгиланди. Унга кўра, мўлжалланаётган ва лойиҳалаштирилаётган хўжалик ишлари (масалан, қурилиш, ер ажратиш, канал ўтказиш ва ҳ.к.) бажарилмасидан олдин экология талабларига мос ёки мос эмаслиги текширилади. Шунингдек, табиатдан фойдаланётган ва унга таъсир қилаётган (ишлаб турган) хўжалик фаолияти ҳам экологик экспертизадан ўтказилиши белгиланган. Экологик экспертизанинг нодавлат ташкилотлар ва фуқаролар гуруҳлари томонидан ҳам ўтказилиши экологик муаммоларни ҳал этишда фуқаролик жамияти институтларини ролини оширишга хизмат қилади. Янги экологик сиёсатнинг ўзига хос хусусиятларидан яна бири - биринчи марта инсон экологик ҳуқуқлари қонунларда акс эттирилиб, уларнинг ташкилий-ҳуқуқий кафолатлари яратилганлигидир. Инсоннинг экологик ҳуқуқлари, деганда унинг яшаш учун қулай ва яроқли атроф муҳит неъматлари билан таьминланишига боғлиқ ҳуқуқлари тушунилиши лозим. Эндиликда экологик ахборот олиш, етказилган экологик зарарни ундириб олиш, жамоат бирлашмаларига бирлашиш, экологик аҳамиятга эга бўлган қарорлар қабул қилишда иштирок этиш, жамоат назоратини амалга ошириш ва бошқа экологик ҳуқуқларнинг кафолатлари ҳамда таьминланиш механизмлари яратилган. Таькидлаш лозимки, дунёнинг айрим давлатларида инсон экологик ҳуқуқлари конституцияларда акс эттирилган. Инсоннинг экологик ҳуқуқлари ичида “экологик даъво қилиш” ҳуқуқининг белгиланганлиги катта ҳуқуқий қадрият ҳисобланади. “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунинг 52-моддасига биноан “Юридик ва жисмоний шахслар ...экология жиҳатидан зарарли фаолиятни тўхтатиш тўғрисида судга даъво билан мурожаат қилишга ҳақлидирлар. ” Судга “экологик даьво” билан мурожаат қилиш ҳуқуқининг ўзига хос хусусияти шундаки, уни амалга ошириш учун фуқаро ўзининг бузулган ҳуқуқ ёки манфаатларини ҳимоя қилмайди. Балки у жамиятнинг экология манфаатларидан келиб чиқади. Бунда у “экология нуқтаи назардан зарарли фаолият” фактини аниқлаб, унинг “атроф табиий муҳитга, инсон саломатлиги ва одамларнинг мол/мулкига, халқ хўжалигига зиён” етказишини бартараф этиш учун хусусий тартибда судга даъво аризаси киритиш ҳуқуқига эга бўлади. Айтиш жоизки, бундай экологик даъво ҳуқуқи ривожланган давлатларда долзарб ҳуқуқлардан бири бўлиб ҳисобланади. Ўзбекистонда ҳам бундай ҳуқуқни қўллаш амалиётини ривожлантириш экологик сиёсатни янги марраларга кўтарар эди. Ўзбекистонда экологик сиёсатни амалга оширишда давлат ва унинг органлари етакчидир. Шу билан бирга экологик муаммоларни ҳал этишда нодавлат ташкилотларининг иштироки ҳам улкан аҳамият касб этмоқда. Жамоат бирлашмалари, оммавий ҳаракатлар, сиёсий партиялар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа жамоат тузулмалари қонунга кўра ўз ваколатлари доирасида экологик фаолиятда иштирок этадилар. Жамоат тузулмаларининг ичида Ўзбекистон экологик ҳаракати (бугунги кунда ЎзР Экологик партияси) алоҳида аҳамият касб этмоқда. 2008 йилда жамоатчилик ташаббусига кўра ташкил этилган экоҳаракат атроф табиий муҳит муҳофазасига алоқадор бўлган барча жамоатчилик саъи-ҳаракатларини бирлаштириш, мувофиқлаштириб туриш ҳамда сафарбар этиш вазифасини бажармоқда. Айниқса, экоҳаракат вакилларидан 15 кишининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутат бўлиб сайланиши “экологик жамоатчилик” нинг қонун чиқариш жараёнларида расман иштирок этишини таьминлади. Эндиликда Ўзбекистонда экологик муаммоларни ҳал этиш нафақат давлат органларининг, балки фуқаролик жамияти институтларининг ҳам муҳим вазифаларидан бири эканлиги амалий ифодасини топди. Бу янгилик Ўзбекистонни дунёнинг экологик сиёсати ривожланган давлатлар қаторига қўшди. Ўзбекистонда фуқаролик жамияти тузулмаларининг экология масалалари билан шуғулланишининг амалий ва ҳаққоний ифодасини улар томонидан жамоат назоратини амалга оширишларида ҳам кўриш мумкин. Жамоат назоратини амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари мутақилликнинг дастлабки йилларида қабул қилинган “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида” ги Қонунда ўз ифодасини топган. Ҳозирда жамоат экологик назоратининг бир неча усуллари қўлланилади. Уларга жамоат экологик экспертизаси, жамоат эшитуви, давлат органлари томонидан қарорлар қабул қилиш жараёнларида жамоатчиликнинг иштирок этиши, мурожаат йўллаш, ҳисобот талаб қилиш ҳамда эшитиш ва бошқалар киради. Албатта, жамоат назоратининг бундай усулларини амалда қўлланилишини янада такомиллаштириш лозим. Жамоат экологик назоратини амалга оширишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ҳам катта имкониятлар берилган. Жумладан, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонуннинг (1999 й. янги таҳрир) 10-моддасига кўра, шаҳарча, қишлоқ, овул фуқаролар йиғини ва шаҳардаги маҳалла фуқаролар йиғини “…атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва ободонлаштириш масалалари юзасидан ўз ваколати доирасида тегишли ҳудудда жойлашган корхоналар, муассасалар, ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитади”. Табиат бойликларидан оқилона фойдаланиш ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги янги сиёсат қонунларда жаҳон ривожланиши синовларидан ўтган илғор усул ва тажрибаларни акс эттириш билан чекланмайди. Қонунларда белгиланган қоидаларни амалда бажарилишини таъминлаш қаттиқ назорат остида туради. Қабул қилинган қонунларнинг ижросини таьминлаш турли йўллар билан амалга оширилади. Бунда ижроия ҳокимият тегишли қарорларни қабул қилади, молиявий ва бошқа русурсларни ажратади, янги тузулмалар ташкил этади, кадрларни ўқитади, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиради ва ҳ.к. Экология соҳасидаги қонунларнинг ижросини таьминлашнинг ўзига хос хусусиятлари бор. Бу соҳадаги ижро фаолиятида дастурлаштириш ва режалаштиришга катта эьтибор берилади. Ўзбекистон янги экологик сиёсатининг яна бир ўзига хос хусусияти – унинг халқаро экологик ҳамкорлик жараёнларига фаол қўшилганлигидир. Мустақил давлат сифатида БМТнинг атроф муҳит ва ривожланиш анжумани (1992 йил Рио-де-Жанейро), Ёхансбург барқарор ривожланиш бўйича халқаро Саммит (2002 йил)да иштирок этган. Ўзбекистон халқаро экологик ҳамкорлигини учта доирада кўриш мумкин: 1) икки томонлама; 2) минтақавий; 3) бутун жаҳон миқёсида. Ҳозирда 20 дан ортиқ давлатлар билан табиат бойликларидан фойдаланиш ва атроф муҳит муҳофазаси бўйича махсус шартномалар тузилган. Қолаверса, икки томонлама ҳамкорликда экология масалалари иқтисодий, маданий, хавфсизлик каби доимий эьтиборда бўлади. Минтақавий экологик ҳамкорлик Оролни қутқариш халқаро жамғармаси аьзоси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) аьзоси, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аьзо сифатида ҳамда Европа Иттифоқи ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти тузулмалари лойиҳаларида иштирок этиш орқали амалга оширилмоқда. Бутун жаҳон миқёсида Ўзбекистон БМТ таркибидаги бир қанча ташкилотлар, шунингдек нодавлат халқаро ташкилотлар (масалан, Табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресусрлар бутунжаҳон Иттифоқи (МСОП) фаолияти ёки лойиҳаларида иштирок этмоқда. Халқаро миқёсда қабул қилинган 12 та конвенция ёки битимлар иштирокчиси (ратификация қилган). Инсоният учун муаммо бўлаётган ва халқаро жамоатчилик диққат марказида турган масалалар билан шуғулланиш ва ҳал этиш Ўзбекистон ички ва халқаро сиёсатининг асосини ташкил этади. Бундай масалаларга атроф муҳит ифлосланишини камайтириш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, Озон қатламига таьсир қиладиган фаолиятларни чеклаш, чиқиндиларсиз ёки кам чиқиндисиз технологияларни жорий этиш, алтернатив энергетикани ривожлантириш, табиат мажмуаларини консервация қилиб муҳофаза қилиш ва бошқалар киради. Бу ҳолат Ўзбекистоннинг халқаро миқёсда экологик обрўйини оширмоқда. Download 33.17 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling