"Мазлум ситамгар" "Бемаза ошпазгина бемаза овқат пиширади"


Download 77 Kb.
Sana24.12.2022
Hajmi77 Kb.
#1063165
Bog'liq
“Ситамгар“


“Мазлум ситамгар“
“Бемаза ошпазгина бемаза овқат пиширади“
(Ҳеч қаернинг халқ мақоли эмас.)
Эсимда, 3-ноябрь ҳам сукунатнинг туб қаърига чўмган рангсиз кунларимдан бири эди.
“Ундай бўлса, бу ҳақда сўзлаб нетасан“ дерсиз? Ахир, тўзғиган ўй-хаёлларимни бир нуқтада туташтиргувчи асос - худди ўша куни биз учратган болакай эди-ку. Мен ҳақиқатни - ҳаёт зулумотини ўша бола орқали янада теранроқ англадим-ку! Буни яхшилаб айтиб бермасам бўлмас.
Ростини айтаман, дўстим менга қараганда совуққонроқ бўлса-да(нисбатлаб қаралмаса унда совуққонлик учратмайсиз, албатта. Бу сўзни ишлатишимга менинг дарёдиллигим сабабчи) панада ўтирган ғариб болакайни дастлаб у пайқади. Бола ночор аҳволда эканлиги унинг уст-бошидан ва ундан қолишмовчи афт-ангоридан бинойидек маълум эди.
Биз томонга ҳайиқибгина одимлай бошлаган бесалом болакай нари-бери яқинлашди-ю, ҳаял ўтмай:
- Менга пул бера олмайсизми? - дея тараддудсиз оҳангда сўради.
Табиийки, биз, аниқроғи мен, уни сўроққа тутдим:
- Ота-онанг йўқми дейман?
Саволни беришга бердим-у, дабдурустддан берилган бу ножўя савол туфайли ўзим ҳам андак хижолат тортдим. Шу заҳоти, тасодифан , буткул тасодифан, ич-ичимдаги “мен“имни намоён қилгувчи бир кучни айни пайтда йўқотиб қўйганимни ҳис қилдим... Нима деб ўйлайсиз, аслида у бор эдими? Йўқотилган нарсани аввалдан бор-йўқлигини билиб бўлармиди?
Шундан сўнг бизнинг бола билан бўлган суҳбатимиз қарийб икки соатга чўзилди. Шундайин бекорчилармиз-да! Бу фоний дунёда барча амалларимиз қиймати бирдек нолга тенг бўлгач, истаган юмушимизни хоҳлаганимизча бажаравермаймизми, а?! Суҳбатдан англашилди-ки, боланинг исми Умид, ота-онаси четга ишлашга кетган, ўзи эса танҳо бувиси билан яшар, ора-сира кўчаларда одамлардан турли ваъжларни баҳона қилиб пул сўрар ва албатта бундан унинг ёши ўтиб қолган бувиси тамомила бехабар экан. Унинг нутқ оҳангидан туйдим-ки, у кўпроқ бувиси билан уйда эмас, балки кўчада ҳаёт кечиради. Гап-сўзидаги қитмирона айёрлик ва алдоқчиликка бўлган мойиллик уни кўпни кўрган “кўча боласи“ эканлигини ошкор қилиб турар, ўн ёшли болакай(эҳ, бу ёшда мен қанчалар соддадил бўлганимни айтмай қўя қолайин) учун ортиқчалик касб этгувчи жаргонлардан ҳам тез-тез фойдаланиб турар эди.
Мен қарийб ярим соатни кўча-кўйда пул тиланиш ножоизлиги ҳақида оҳисталик ила тушунтиришга сарфладим. Охир-оқибат сўзимиз якунланиб, хайрлашув лаҳзалари етгач, безрайган аммо сўлғин чеҳраси менга юзланиб “энди пул бермайсизми? - дея нажоткорона алфозда сўраганида, менинг шўргинам қуриди-қўйди. Нима қилай? Таҳқирли оҳангда хандон отайми ё ўзгинамга ачинайми? Мен бир оғиз сўз демадим. Унинг қўлига пул тутқаздим ва шу заҳоти уни қучиб ҳўнграб юбордим. Билмадим, ишонасизми йўқми, аммо рост сўзлаётганимни бир киши, бу ҳам бўлса ўзим билсам бас! Ишонч эмас ҳақиқат муҳимроқ.

Умидни уйигача кузатиб қўйдик. Унинг уйи кўздан нари бўлгач дўстимга юзландим.


- Сен бу болакай ҳаётига назар солиб, унда нималар кўрдинг?
У энди оғиз жуфтлаган эди ҳамки, шоша-пиша:
- Илтимос, - ёлворган оҳангда сўзладим, - “ҳеч нарса, одатий бир бола“ демагин. Ёки умуман жавоб бермай қўя қол...
- Мен ҳам сен каби бўлажак жиноятчини кўриб турибман, - афсус оҳангида жавоб берди дўстим.
Ажаб! Қаранг-а! Ахир бу қизиқ эмасми? Икковимиз ҳам шу нарсани, айнан жиноятчини кўрдик унда. Мен-ку башоратчиликка даъво қилмайман, бироқ боланинг келажаги унинг гап-сўзлари, ўзини тутиши, асосийси айни ҳоли ва тутган “касбидан“дан маълум эди. Ёш бола нигоҳида учровчи маъсумлик уни тарк этган, ўрнига эсам ёвузлик нуқси унган эди. Йўқ, у бечора эмасди. Аммо... аммо, аслида ҳаммамиз ҳам бечоралар эмасми?!
Болага қайтсак, ейишга нони, ичишга суви йўқ фақир ҳам эмас эди у. Нафсиламрини айтганда, давлатманд ёки ўртаҳол деб ҳам айтолмайсиз. Фақатгина бир нарса, бир жиҳатгина зимистонда кўкка балққан нурафшон ой каби ошкора маълум эди: у ўзининг дардчиллигини ҳазин бир мунг остида намоён қилган сайин ўзни мазлум сифатида ҳис этишга кўниккан, энди эса бундайин бечораҳолликни ниқобга айлантириб пул ишлаш йўлини “ихтиро этган“ эди. Кошки ўша ҳаром пулларни тўғри сарфласа. Қаёқда! Бир неча кунлик кузатишлардан сўнг билганим шу бўлди-ки, бари ортиқча ўйинлар-у, кераксиз матоҳларга сарфланар экан. Бу дахмазавозликни барчамиз гўдакликдан бошлаб юборамиз-у, ёш ўтгач унга дабдабабозлик дея ном қўямиз! Аммо буни нега ҳам айтяпман? Ахир, ҳикоям бу ҳақда эмас!
Ўша воқеадан кейин дўстим билан бир ҳафта давомида бола яшайдиган кўчанинг ён-атрофини санғидик, у ҳақида сўраб-суриштирдик. О, сиз билмайсиз, биз ўшанда нақадар бахтиёр эдик! Бутун оламдаги ёвузликка қарши кураш бўйнимизга тушгани каби, ўзимизни олий эзгулик ҳимоячилари сифатида тасаввур этардик. Оҳ, эзгулик! Қилдек майин, ипакдек нафис, дилни яйратгувчи бахт! Сиз бу бахтни тушуна олармидингиз?! Йўқ! Буни англаш иложсиз, фақатгина юракдан, шунда ҳам унинг туб-тубидан туриб ҳис этмоқ мумкин. Йўқ. Бу гап билан ҳам тушунтириб бера олмаяпман. Аммо... Аммо сўз билан тушунтира олганимда унинг буюклиги қолармиди?!
Биласизми, мен ўша саодатли онларда эзгуликнинг катта-кичиги бўлмас эканлигини инкишоф этдим. Ҳозирда бу арзимасдек туюлса-да, ўшанда қандай ўйга берилганим ва буни дўстим билан баҳам кўрганим ҳали-ҳануз ёдимда: “айтишим мумкинки, агарда Умидни тўғри йўлга сола олсак, бутун бошли ер сайёрасига хавф солаётган қандайдир учар осмон жисмини тўхтатиб қолишдаги вазиятда туйиладиган бахт ва ифтихордан камроқ саодат, ундан камроқ фахр туймаймиз“.
Аввалига “нега бундай экан“ дея тафаккурга шўнғидим. Ниҳоят, топдим! Қалбнинг ҳажми росаям кичик. Ахир, ўзингиз қаранг(ҳеч бўлмаса синаб кўринг), у дарров “тўйиб қолади“. Ҳар қандай ҳолатда ҳам... Тушуняпсизми? Ҳар қандай ҳолатда ҳам... Гоҳ ёвузликдан тезда зада бўлса, гоҳ бир ҳовуч эзгуликдан бир олам қувонч олади.
Болага муаллимларнинг гап-сўзлари-да ўз таъсирини ўтказолмаган, бироқ, биз - телбанамо бахт ишқибозлари, ҳар куни яхшилик ҳақида ваъзхонлик қилиб уни ўзгартирмоқчи, иқболга чорламоқчи бўлардик. Сезиб тургандирсиз, унинг бу аҳволга тушишига ўзи сабабчи эмас-ки, уни ташлаб қўйсак! Йўқ, ўзингиз айтинг, ёш болакайни (бизнинг фикримизча, бўлажак жиноятчи) ўз изканжаси тортиб олган ёвузлик сабаби не? Унинг ҳаётига нималар етишмади, у нимада оқсади? Мисол, меҳр ёки эътибор етишмаган қалбини меҳрнинг ўрнига пул билан тўлдиряптимикин? Қалб меҳр-ла ёшаради-ку, аммо пулнинг нафақат ўзи, балки ифоринида туйган қалб занглайди-қўяди. Мурғак бола буни қаёқдан ҳам англаб етсин. Бироқ, меҳр инсонни ҳамиша бахтиёр ҳолда асрайди деб ўйлаб хомтама бўлманг. Меҳр ошхона пичоғидек гап!
Сизлардан узр сўрайман. Чин, ўзим хоҳламасамда, бу ҳикоя худди шу нуқтада кесилади. Надоматлар бўлсин, на мен на дўстим шундан сўнг бола билан юзлашмадик. Негадир кунлар ўтгани сари у яшайдиган кўчага ташриф буюрмай ҳам қўйдик. Сизга фақат ростини айтаман. Мени кечиришингиздан умидвор бўлиб эмас. Асло! Шунчаки бўйнимдаги гуноҳ юкини енгиллатиш учун айтаман, менинг ўз ташвишларим бировнинг келажак ҳаётини асраб қолишдек катта маъсулиятни буткул йўққа чиқарди. Тамом. Мен маъсулиятдан қочишга қочдим-у, нариги томонда мени азоб кутиб олди, чунки энди мен ўзгалар каби ўзимни сева олмасдим. Бундан бадтари борми? Ўзингни севмасанг, сенга яхшилик, роҳат-фароғат қаёқдан келсин?! Гуноҳим ҳам ичим, ҳам ташимни бирдек қоплаб олган, уни ёддан чиқариш эса амри маҳол эди. Виждон қурғур жазони аямай берар, мен ўз-ўзи томонидан лаънатланган ожизга айланиб қолган эдим. Мен-ку ўз айб-гуноҳимни билардим аммо бошқаларчи? Ахир, бу фақат менинг бўйнимда эмас-ку? Ана, издиҳомга боқинг! Ҳув анави бурчакда музқаймоқ сотаётган тоға, кузги хазонларни супуриб чиқаётган фаррош ёхуд мактабдаги қоровулнинг(ўқитувчиларни-ку айтмай қўя қолай!) гуноҳи на меникидан на боланинг ота-онаси-ю бувисиникидан кам эмасди. Ўз гуноҳингни билмасанг яшаш қанчалар енгил-а! Тағин жазоланмайсан ҳам. Виждони мудом ғафлатда юрадиган инсонлар шунчаки бехабарлик дардига йўлиққанлардир. Ҳақиқий инсонларнинг виждони эсам тириклик ҳисси сабаб ҳам доим азобда.
Аммо дийдиё қилишга ҳожат йўқ, мен ҳам ўз қамоғимдан қутулиб қолдим. Юрагингизга ваҳима солиш ниятим йўқ-ку, аммо мен вафот этдим. Ҳикоямда бош қаҳрамон ўзим бўлмаганлигим туфайли тафсилотларга тўхталмайман. Ростиямда, қандай ўлганим сизга қанчалик муҳим?! Хоҳланг автоҳалокат бўлди деб, хоҳланг касалликдан ўлди деб тусмолланг. Суиқасд деб ўйламасангиз кифоя. Йўқ, бу ҳам барибир. Балки сизга ўлимдан олдинги васиятим қизиқ туюлар. Аммо сўнгги сўзларда ҳеч қанақасига маъно йўқ. Ҳамма-ҳаммаси лаҳзалардан сўнг ўзгинангга қўшилиб нулга айланишини билар экансан, беҳудага гапириш кимга керак ва нега керак, тўғриси, ҳайронман. Лекин ўлим эшигимни қоқиб келганида ўзимни доим қизиқтириб келган “нима учун шунчаки яшамаслик керак, нега жонли, жўшқин ҳаёт кечириш керак, нега умрни одамларга яхшилик қилиш билан ўтказиш керак?“ деган саволга жавоб топганим яхши бўлди. Мана, сизам билиб олинг. Ўлимнинг совуқ нафаси димоғингга урилиб турган сўнгги лаҳзаларда “ҳаммаси ўзгача бўлиши мумкин эди“ деб афсусланмаслигинг, телба миянгни чирмаб олган бўм-бўш(!), шарпасимон(!) хаёлларнинг вазмин(!) юкига дош беролмай қолмаслигинг, ҳаёт сувига ташна бўлиб, хотиржамликдан асар йўқ аросатга тушиб қолмаслигинг, "ҳаммадан, аввало ўзимдан, ўз ҳаётимдан розиман" дея кўз юма олишинг учун! Ҳа, шугина учун. Ўлай агар, фақат шу экан!
Рихлатимдан(қанчалик ғалати-я буни айтиш) сўнг бу ҳаётнинг ҳар қандай митти ва улкан ташвишларидан қутулдим, ота-онам ва қариндошларим, дўстларим эса йиғлаб сиқтади. Бу ҳам ўтди-ю кетди. Йўқ, мен буларни меҳр аталмиш олийжаноб туйғунинг аҳамиятини камайтириш учун атай сўзлаётганим йўқ. Шунчаки ҳаётдаги аҳамиятсизликка урғу бермоқчиман, барчамиз меҳмон эканмиз, кимдир олдин кетгани учун бир умр кўнгли ярим бўлиб юриш ярамайди. Ахир, бу вазиятга ҳеч қандай ижобийлик киритмаса... Ҳар қандай воқеага нисбатан қарашларимизнинг аҳамиятсизлиги қанча оша борса, биз ўшанча бахтли бўла бошлаймиз... Ўзи мураккаб ҳаётни янада мураккаблаштиришдан фойда йўқ, уни енгил қилишни ўрганмоқ керак. Ана шунда муаммолар ҳам енгил ўтади.
Хўп, майли, орқага, менинг ўлимимга қайтсак. Ўлим ва ундан сўнг("сўнг" аслида йўқ, чунки вақт йўқ) кечадиган жараённи тасвирлаб бера олмайман, бу сир. Олий(!) сир! Айни ҳолатимни сўз билан тушунтириб бўлмайди, сизларнинг(қаранг-а, энди “сизлар“ билан “менинг“ ўртамда фарқ бор, энди “биз“ йўқ) тилингизда мени тасвирловчи сўз мавжуд эмас. Майлига, мени руҳ деб атай қолинг. Айтганча, балки сиз “нариги ҳаёт мавжуд эмас“ дегувчи дахрийдирсиз? Афсуски, кейинги ҳаёт ҳақида ҳам оғиз жуфтлаб бир сўз деёлмайман. Тилим боғлиқ. Лекин сизнинг фойдангизга кичкина бир сирни очишга шайман. Менинг ўлимим шунга олиб келди-ки, мен барчага бирдек муҳаббат қўйдим! Бир кишини севиш ҳам азоб ҳам бахт бериши мумкин, аммо барчани бирдек севиш фақат бахт, роҳат келтиради одамга. Тўғри, мени севиб қолганлар ҳам талай эди, ўликни севиш инсонларга хос одат-ку. Аммо мен нафақат яқинларимни, барча-барчани, ҳатто ўтмиш душманларимни-ю, дунёнинг ҳар бир бурчидаги ўзим танимаган инсонларни-да севиб қолгандим. Бунинг сабаби одамларни ёмон кўришга ваъж карсон тополмаганимдан эмас, албатта. Балки, одамзодни севишга, уни ардоқлашга анча-мунча сабаб топганимдан. Қийналиб бўлсада тан оламан, бу худди раҳм-шафқат қилган инсонингга меҳр қўйишингдаги муҳаббат каби бир нимарса...
Ҳикояни мен, яъниким руҳ, давом эттиришим балки сизга эриш туюлар, аммо менинг ҳикоягўйликдаги ҳақиқатгўйлигим - ботиний фикрларни ўқиш каби афзал томоним борлигини унутиб қўйманг. Узил-кесил, шарт-шурт рўйиростини айтганга нима етсин?!
Тағин бир нарсани қистириб ўтмасам бўлмайди, ичим денгизида ўз ҳолича қалқиб юриши жиғимга тегади, уни ташқарига олиб чиқмоғим лозим. Менинг ўлимим тўғрисидаги хабарни бир-бирига қизиқарли кундалик янгиликларни улашаётган хабарчилар каби тарқатаётган инсонларни кўриб бу беъмани ва арзимас ҳаётнинг устидан роса ҳам мириқиб кулдим. Бу ҳеч қанақасига ўзни мажбурлаб кулиш эмас, бари самимий эди! Айтмоқчи бўлганим ана шу холос!
Ҳикоямнинг давомида асосий қаҳрамон ҳикоям аввалидаги дўстим бўлади. Мени ўлимимдан бир неча ой ўтгач дўстим чет элга ўқишга кетди. Тингланг! У кетаётганида ҳамма нарсаси бор эди: ота-она, ука-сингиллари, севгани, ватани, яна аҳиллик, меҳр - умуман олганда бир инсоннинг бахтини таъминлашга етгувчи жамийки нарсалар... Ўқишдан қайтганидачи? Эшитишга тайёрмисиз? Бари расвогарчилик! Ҳаёт энди ҳақиқий юзини кўрсата бошлаганди. Бир замонлар иноқ бўлган ота-она эндиликда ажрашган, укаси бошқа чет давлатда, битта синглиси эса ҳар куни ота билан она ўртасида сарсон-саргардон, оқибат, ҳаёт поэзди ўз рельсидан чиқиб кетганди...
Алам қиладигани, нафақат дўстим балки менинг ҳам юрагимни далва-далва қилиб юборадигани - дўстгинам ҳатто ота-онасининг нима учун ажрашганини ҳам билмаслиги эди. Ишонасизми? Шахсан ўзим буни кўриб-билиб турган эсамда, ишона олмаяпман, сиз қандай ишонар эдингиз!
Агарда тирик инсон бўлганимдами, мен ҳаётни, дўстимни ўз тизгинидан чиқариб юборган бу мустабид ҳаётни бўралаб сўкишга тайёр эдим, бироқ энди мен воқеаларга батамом ўзга назар ила боқаман. Бундайин қараш мени Худони тушунишга етаклади, ахир тириклигимда уни сира ҳам тушуна олмас эдим-ку! Эҳ, бошқа ёқларга кетиб қолдим, маъзур тутгайсиз, албатта.
Дўстим ватанга қайтач отаси билан, синглиси эса онаси билан яшади... Олдин бус-бутун бўлган оила энди парчаланган... Тушуняпсизми? Худди мен каби! Олдинига боқийдек туюлади-ю, кейин эса бирданига йўқликка эврилади-қўяди. Шунда олдингизда фақатгина бўшлиқ қолади, сиз эса унга кўз тикканча хаёл сурасиз. Бахтга чорлайдиган ягона нарса - хаёл, тамом! Та-мом!
Дўстимнинг бутун танаси ич-ичидан сим билан ўралган, сим эса ҳар томонга тортилаётгандек. Бунинг оғриғини мен ҳам сезиб турибман.
Ҳар куни отаси ва онасининг уйлари аро бўзчинининг мокисидек қатнайди. Синглисини олиб келади, қайта олиб кетади ва ҳоказо... Ташвишлар орасида севгилиси(о, бу севги унинг ҳаётида қолмиш ягона маъно эди!) билан учрашишга бир мартагина вақт топа олди, 31-декабрь кечқурун соат саккиз яримлар чамаси эди. Сўнгги янги йил эди бу.
Телефондаги суҳбат:
- Ярим соатда бораман, чиқасанми? - хавотирли оҳангда сўради дўстим.
- Мен-ку чиқишга ҳаракат қиламан, - пичирлади қиз. - Лекин уйимдагилар меҳмондорчиликдан қайтишса чиқа олмайманда, кеч бўлганда...
- Бирор баҳона топгин, - тоқатсизланди менинг бечора дўстгинам, - ахир бир йилдан ошди сени кўрмаганимга.
Қизнинг “хўп“ деган майин овозини эшитгач, ич-ичидан шундайин бир шодлик туйди-ки, бу хаста қалб сўнгги пайтлар бу каби қувонч ҳис этмагани сабабмикин, айни хушбахт туйғу камон ўқи каби ўз нуқтасига - озурда қалбга жароҳатла санчилди-қўйди. Аммо, бу роҳат бағишлагувчи азоб эдиким, буни бахтсизлигидан фахрланиб бахт туйишга менгзамоқ мумкин эди.
Қизгина нафис дид билан безатилган дастурхон атрофида якка ўзи телевизор кўриб ўтирар, маҳзун кўзлар телевизорга қадалган бўлсада, хаёллар узоқ манзил-маконларни касб этган, ширин хотиралар ичра кенг қанот ёзиб, санғиб юрмиш эди.
Қаранг-а, ўтмиш мавжуд эмас, аммо хотиралар орқали ўтмишни ҳозирда акс эттиришдек мўъжизавий имконингиз бор. Сиз “ҳозир“ деб атаётган жараён ҳам фақат мия ичра мавжуд эканлигини ҳисобга олсак, демак ўтмиш ҳам ҳозир каби бирдек мавжуд. Сизнинг ўзингиз миянгизсиз, ундан ташқарида ҳеч нарса йўқ, ҳар ҳолда сиз учун. Ундан ташқарини эса мана мен биламан! Фақат... фақат овора бўлманг, ўликлар сир сақлашни яхшигина уддалайди...
Бутун танасидан нафосат иси уфуриб турган қизгина соатга назар солди. Ойнанинг ёнига бориб, қоши ва лабини оз-моз бўяган бўлди, сочини чиройли қилиб тараб, ўз севган атирини сепди. Худо берганига кўникмайдиган ношукр одамзод ортиқча ҳаракат қилиб, ўзини ўққа-чўққа уриб бўлсада қўшимчасига талпинади. Қиз ҳам, худо бермиш латофатга кўнмаган каби, инсон қўли орқали уни бойитди, безади. Балки, инсон ва Худо бирлашган иш мукаммалликка етаклар... Балки бу вазифамиздир... Майлига, чалғимайлик. Сўнгра, дилрабо малак узоқ кутилган манзил томон ошиқди. Ўшанда у юрмас, балки учар эди! Шундай пайтда инсонни унинг ўзи эмас, қандайдир руҳ етаклаётгандек туюлади, менинг наздимда. Чунки инсон мудом ўзи хоҳлаган амални бажаришга эркин, аммо бунда ўшал манзилга боришдан ўзга йўл бор дейсизми? Судралиб бўлсада, айни манзилни кўзлаб одимлайсиз. Шу пайт кимдир ярим соатлик умрингиз қолганини айтиб кўрсинчи, орқага эмас, балки олдинга томон тезлашасиз...
Уларнинг ўша оқшомдаги висол кечаси ҳақида батафсил тўхталмоқчи эмасман. Мен-ку улар бир-бирига сўзлаганларини битта қолдирмай ҳикоя қилишим мумкин, аммо ҳис этганларини ифодалаб бера олмас эканман, менинг жамийки сўзларимда қандайдир аҳамият ёхуд қиймат қолармикин?!
Чин муҳаббатни тасвирлашга ҳадди сиғадиган инсон борми?!
Бирда ғамгузор, бирда завқдан порлаган кўзлар ҳар тўқнашган он қалблар ўйноқлайди. Суҳбатни кузатар эканман, миямда(менда мия борми?) бир фикр ғужғон ўйнайди.
“Биз етук ва жиддий одамлармиз. Муаммоларимизнинг бари эса кичкина ва кулгили“. Кошки, бахтга элтувчи бу сирни уларга айтиб бера олсам-у, улар бир умрга бахтли ҳаёт кечирса!
Мен ўшанда бир нарсага тағин иқрор бўлдим. “Севги мавжуд эмаслигини англаб етиш муаммо эмас, аммо буни қабул қилиш оғир. Ҳозир ҳам, ҳарчанд уринмай, буни ичимга сиғдира олмаяпман. Дунёларни сиғдирган ичим “севги мавжуд эмас“ деган учтагина сўзни “ҳазм қила олмаслиги“ қизиқ...“
Севишганларимиз тил учига қалқиб чиққан дил розлари орқали бир маромда суҳбат қураётган эса-да, мен айтилмай қолган қалб тубидаги кечинмаларни, юрак пўртаналарининг бетизгин, шовқиндор суронини яққол ҳис этиб турибман.
Изн беринг, ғариб кўнглимни коинот янглиғ кенг тутиб бир сира йиғлаб, оз муҳлатга бўлсада, кўнглимни бўшатайин. Сўнгра уларнинг ички кечинмаларидан қисм сўзлаб берайин.

...


Ғамсевар оғайнимнинг ўйлари: “Уҳҳ, эндиги хонавайрон ҳолатимда менга Мадинани бермасликлари тайин... Ҳа, энди Мадинага уйлана олмайман. Бир ташвиш иккинчисига йўл очди. Энди Мадинага уйлана олмайман. Бир ташвиш иккинчисига йўл очади...“
У ич-ичидан бу гапларни навбат ила тинмай қайтарарди. Охир-оқибат фикр майдонининг қай бир пучмоқларида шундайин бир фикр ярқ этди-ю, шам каби лип этиб зумда сўнди:
“Камбағал ёки ночорнинг мақташга арзигулик ягона нарсаси унинг - виждони.“
Мадинанинг ўйлари: “Барча имконият йўлларини кўздан кечириб чиққач шундай хулосага келдим, икковимиз ҳам бахтли бўладиган йўл йўқ, аммо икковимизни ҳам бахтсиз қиладигани мавжуд“
Дўстгинам бу сафар ожиз хаёлпарастликка берилган чуқур ўйга толди.
“Мен уни йўқотаман. Энди тамоман йўқотаман. Кейин... Кейин қачондир у келинчак бўлади. Мен эсам... Менга... Менга ўша тўйда куёв бўлиш насиб этмайди. Балки тўйига борарман. Балки кўчадан апил-тапил кириб келаман ва микрафонни қўлимга маҳкам тутиб сўз бошлайман: “Салом. Даврада ўтирган инсонлар, мен сизларга бегонаман. Барибир эмасми? Мен ахир сўзлаяпман-ку. Бир томондан ҳаммамиз бир-биримизга бегонамиз, ташқаридан қанча яқин бўлсак, ич-ичимиздан баримиз бегоналармиз. Барибирчиликка берилган инсон учун энди булар аҳамиятсиз. Мақсадимни ошкор қилайин. Бугун мен бир дайди сифатида сиз бегоналарга бахт тиламоқчи ва шу тилак ичра юрак ҳасратимни тўкиб солмоқчиман. Ҳа! Аммо юрак дардлар тўкилиб бировнинг қалбига икки ҳисса бўлиб оқиб тушсачи? Йўқ, бугун дард-ҳасрат жумбушга келадиган кун экан, энди мен ўзимни тўхтамайман, тўхташ учун манзил керак, менда манзил қолдими? Етар! Бугун мен ўзимни ўлдираман! Ҳа, шаксиз, мен ўламан! Албатта, чин маънода эмас, чунки эртага ҳам сиз билан бир оламда, бир шаҳарда туриб сиз каби мана шу одамлар булғаган чиркин ҳаёт ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас олаётган бўламан. Мавжуд бўламан... Аммо... Аммо бу ҳаётни чин маънода яшаётган бўламанми, йўқми, буниси ёлғиз яратганга аён. Агар эртага ҳам кечагидек ҳаёт кечира олсам, демак мен виждонсиз эканман, аммо ҳозир масала бу эмас. Гап шундаки, мен эртага ёки индинга тирик бўламан. Фақат... фақатгина бугун ўламан, холос... Менинг шарафсиз ўлимим ва ном-нишонсиз ҳаётим...“
Бу албатта дўстимнинг сўнгги сўзлари эмасди, бироқ уни тўхтатдилар. Инсонлар ўзни руҳан тамом қилаётган, тириклик пойдеворини емириб, қалб оламини ўлимга маҳкум қилаётган инсоннинг қўлидаги “заҳар“ни тортиб олишдек улкан гуноҳга қўл урдилар. Балки бу савобли гуноҳдир?!
Дўстимнинг хаёлларида менинг ўзим мавжудлик ҳис қилдим шекилли, воқеага берилиб ҳам кетибман. Ахир буларнинг барчаси дўстимнинг хаёлоти маҳсули-ку. Бироқ, буларнинг бари ростдек, қачонлардир, минг йиллар олдин ҳам содир бўлгандек. Албатта, бўлган! Балки қайта ва қайта...
Севишганларнинг тасаввуротларига халал бермасак-да, мен сизни ўн уч йил олдинга чорласам. Сизга айтмаб эдимми? Вақт мен учун мавжуд эмас. Галма-гал сўзлаётганим боиси эса сизнинг тушунишингиз учун қулайлик туғдириш, холос.
Умид эсингиздами? У қамалди! Шунчаки қамалди. Сизни билмадим-ку, мен бунга ҳайрон эмасман. Сабаб ва оқибатлар занжирини теран англаган инсон бўлса-ки, уни қамоқдан қутқариб олса. Ёки тескарисини амалга оширса - Умиддан ташқари барчани қамоққа жойлаб чиқса... Ишонаман шундай одам бор, аммо у айни пайтда ўз ташвишлари билан банд. Ташвиш тугаши билан ҳаёт адолати учун ўз ҳиссасини қўшишга дилдан интилади. Ташвиш қачон тугашини ўзингиз ҳам биларсиз? Умиднинг воқеасига шу ерда нуқта қўйилади.
Ичимни бўшатайин сизга қадрдон! Овқатни тагига олдириб қўйиб, тағин худди барига овқат айбдордек уни ахлатга улоқтирадиган, чиқитга чиқарадиган ошпазларга беш кетмадим! Аммо, барибир уларга ҳам раҳмим келади! Ахир улар ҳам ўз ҳолича бундай бўлиб қолмаган... Менимча, бош ошпаз бўлмиш бу ҳаётнинг ўзига қойил қолмадим. Занжирни кўргансиз-а? У шундай боғланганки, уни бир учи иккинчи учини тутиб турса, иккинчи учини ушлаб турган нуқталардан охиргиси тағин биринчисига маҳкам сиқиб қўйилиши, биринчиси унинг таянчи бўлиши керак бўлади. Занжирли ҳаётда яшаш одамни хароб қилмайдими? Занжирли ҳаёт адолатсизликдан сўзламайдими?! Ёхуд ҳаётнинг адолат тарозиси шундан иборат-у, уни англашга, мағзини чақишга мендек нотавоннинг тиши ўтмай қолдими?
Янаям дилни хуноб этадигани шу-ки, бировнинг гуноҳи бошқанинг бўйнида, ўшал бошқанинг гуноҳи эсам яна бир ўзганинг бўйнида. Дўстларим! Ачиниб кетяпман! Бари-барига! Барча-барчангизга! Ахир, охир-оқибат ҳеч ким айбдор бўлмаган ҳолида, барча бирдек гуноҳкор бўлиб қоляпти-ку. Ҳар бир инсон ўзига тегишли бўлмаган гуноҳни елкасида орқалаб юрибди-ку. Умид каби! Умид каби..! Одамнинг юрагини ит тирнайди! Одам ўйланади. Одам англайди-ки, Умид ва дўстимнинг муаммоси бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Аччиқ ҳақиқат аччиқ кўз ёш туғдиради. Инсоннинг ўз ҳаёти ўзига тегишли эмас. Барчаси бир-биридан чигал, айқаш-уйқаш бўлиб ётгани ҳолда на сени чирмаб олган муаммоларнинг сабабида, на уларнинг ечимида ўз ўрнинг мавжуд эмаслигини ҳис қиларкансан, ўзингни хўрланган етимдек туясан, киши. Ҳаммасини англаб етмоқ илинжида аввал сабабларга боқасан. Ибтидода кўрасанки, Худо сени дунё аталмиш етимхона эшигига ёлғиз ташлаб кетяпти. Энди якка ҳаракат қилмоғинг лозим. Тўғри... ён-атрофда кимсалар, соялар, шарпалар тинмай санғийди. Аммо... Аммо улар ҳам сен каби танҳолик дардига чалинган. Шу он ҳайқиришга уринасан-у, ичингда овоз эмас, фақат ва фақат дард борлигини англаб етасан. Ичингдан садо эмас дардчил исён ўрмалаб чиқади... Қаердандир қоп-қора қон симмиллаб оқади...Энди сўз қолмади, ёлғиз ҳис мавжуд. Ҳис...
Рости, миям суюлиб кетишидан олдин, гапимга нуқта қўйиб дўстимнинг воқеасини тугатиб берайин. Булар ҳақида ўй суриш учун энди менда абадулабад вақт(аслида вақт эмас, чексизлик!) мавжуд.
Дўстимнинг севган қизи билан ўтган охирги бахтли оқшоми ўша кун бўлди. Тўғри, улар яна бир қур кўришди. Аммо бахтли деб аташга лойиқ бўлмади у учрашув. Ҳар нарсанинг хотимаси қайғули бўлади. Одатда, ҳаёт ҳам шундай туюлса-да, менимча у истисно... Тағин, ким билсин. Ўлиб туриб мен билолмаган бўлсам... Эҳ, дўстим билан шу мавзуда ўтган суҳбат ёдимга тушди. Айтайми? Бир пайтлар ҳаётни севадиган, ҳатто ҳозир ҳам ўз жонига қасд қилишни телбалик санайдиган дўстгинамнинг сўзлари ҳали-ҳануз қулоғимга остида, жарангламаса ҳам пичир оҳангида эшитилиб турибди: “дўстим, кўп инсонлар англаб етмайдиган ҳақиқатни тингла, туғилиш бу - катта бахт!“. Ҳозир эса шу ҳолимда турганча “ўлим ҳам!“ дея аччиқ заҳарханда қиламан...
Дарвоқе... Севишганлар ҳақида сўзлаётгандим. Улар айрилиқ кунигача телефонда деярли ҳар кун ёзишдилар. Кимгадир нимадир ёзганингда шунчаки бармоқларинг қимирлаб тургани учун эмас, балки қалбинг уввос шовқин солаётгани учун ёзсанггина сени одам, аниқроғи ошиқ деб аташ мумкин. Ахир иккови ҳам бир эмасми? Ё умрида ошиқ бўлмаган инсон зоти борми?! Ўзимда ошиқлик кўрмадим деган инсон ҳам қалбан эзгуликка ошиқ бўлади, эзгуликка ошиқ бўлмаган инсон эсам ё шу ҳаётнинг ўзига ёхуд нафсга чин ошиқ бўлиб чиқади.
Уларнинг суҳбатини кузатиш нақадар мароқли. Инсоннинг ғалат мавжудотлиги айни севгида кундек равшан. Бутун дунё бойликларига тўймайдиган, қониқиш ҳис қилмайдиган одам, оддий бир гап билан “тўйиб қолади“. Масалан, Мадинанинг биргина эркалаши бир пайтда дўстимнинг ўзини бахтли ҳис қилиши учун етарли бўларди. Бахтлисан, яна нима ҳам керак. Қўл силтамайсанми, бари-барига?!
Бироқ, эндиликда буларнинг барчаси бир пулга айланиб қолган, чунки оламдаги жамийки нарсалардан дўстгинамнинг кўнгли совуб улгурган эди - унга ҳамжиҳатликдан асар ҳам кўринмас оила, қанчалик соф бўлмасин нафратга қоришиқ муҳаббат(бусиз муҳаббат муҳаббатми ахир?), хотирасида уни фақат харобга айлантирган макон сифатида қолмиш ватан керак бўлмай қолди... У четда ўз ўқишини давом эттирмоққа аҳд қилди. Ватанда “ватан“ қолмади аммо ватанда чорасиз бир киши - фақат синглиси қолмиш эди, уни ўйлаб сиқилмаган кун бўлмади. Чекиш ва ичиш каби одатларни ҳам шу дилхираликлардан сўнг бошлади. Қизиғи, дўстим шундайин диёнатли эдиким, ҳатто шу одатлари сабаб виждони азоб чекарди. Кошки шу чекишнинг ёки бундан афсусланишнинг заррача фойдаси тегса. Кошки... Кошки ана шундай “кошки“лардан озгина наф бўлса...
Эсимда, ўшанда дўстим яна бир қурбонлик қилишига тўғри келган эди. У ўзи айтганидек, севгилисини қурбон қилди.
Бунинг бадали эса чет элдаги янги ҳаёт бўлди.
Мадина ўшанда охирги марта ўзини ожиз ва ноилож - катта бир лабиринт ичида йўл тополмай юрган инсондек ҳис этди. Ҳалигача у ўз йўлини қидирмоқда. Балки, ғайриихтиёрий равишда кимдир олиб чиқишини кутаётгандир... Унинг ич-этини тирнайдигани - на унга, на ўзига ёрдам бера олмаслиги эди. Аслида, унга ёрдам бериш ўзига, ўзига ёрдам бериш унга ёрдам эмасми?! Қизгина ўзини заиф ҳис этишни истамагани учун ҳам кўз ёши қилмади, ахир йиғласа ҳар холда ўзини бироз енгилроқ ҳис қилган бўлармиди... Нима десангиз денг-у, аммо ўзни кучли деб ҳис қилишга уриниш фойдали эканлиги рост. Сирасини айтганда, бирданига кучли инсонга дўниб қолмайсиз, аммо шундай деб ўйлашингизни ўзи муаммони ҳал этишда ўз ҳиссасини қўша олади.
Бечора қиз йиғи келганда уни, тўхтатишга тўхтатди-ю, аммо ўзи хоҳлагач кўз ёш тўка олмади. Шунга айтишса керакда, йиғи келгач тўхтатмайдилар, кетганда эсам чақирмайдилар. Йўқ, буни ҳеч ҳам айтишмаган, ҳозиргина ўзим кашф этдим, шекилли.
Майда ғурур бизни майда роҳатлардан қайтаради, эвазига майда худбинлик туйғусини беради ва бора-бора буларнинг бари бизни руҳан майда-майда инсонга айлантириб қўяди. Бу саъй-ҳаракатлар эса ўзни майда одам ҳис қилмаслик учун эканлиги асабий кулги қўзғатади одамда. Майли, майдалашмасдан, айрилиқ фурсатига навбатни берсам!
Оҳ, бу видолашув онлари! Мавжудлигингдан афсусланиш ҳисси ҳеч замон айрилиқ дамларида бўлганидек ўз чўққисига етмаса керак... Ҳар нарсанинг ҳам якуни бор, менга шундай туюладики, бизнинг барча вақтлардаги мавжудлигимизнинг сабаби ўша якун, ўша хотима учундек... Ухлаш учун уйғонасиз, ажралиш учун бирлашасиз, ўлиш учун яшайсиз... Яшашдаги барча мақсад ўлимга қаратилгандек. Ахир, ўлим бўлмаса яшаб нима қилар эдингиз?
Ғалат охир, ғалат видолашув... Ҳозиргина қучоқлашиб ўтирган бўласан-да, ярим соат ўтар-ўтмас бари-барига кескин нуқта қўясан. Инсон зотининг феъл-атворига тушуниб бўлармиди... У нуқтасиз ҳам сўнгсўз ясай олади.
Шу билан дўстим бошқа қайтиб келмайдиган бўлиб на ота-онаси-ю ука-сингиллари, на севгилиси мавжуд бўлмаган олис маконларни излаб йўл олди. Биласизми, нима учун? Шунчаки яшаш учун. Кулгили-а?
Ота-она барини ҳисобга олишган эса-да, шу нуқтани назардан четда қолдиришганди. Фарзандлар ота-она ажрашганидан кейин ҳам яшашда давом этмоғи равшан, ота-она буни билар эди. Аммо “энди не сабабдан яшайди?“ дея ўзларига савол бериб кўрмаган эдилар. Бундан кейин болалар ҳаётида яшашдан маъно қолмаган, умидсиз яшаш эсам қабрдаги ўликнинг ҳаётидан фарқли эмасди. Инсон бахтли бўлиши учун орзулари рўёбга чиқиши эмас, орзуларнинг мавжудлиги ҳам етарли... Шунчаки мавжудлик косасиз тошбақа каби бирда кулгили, бирда таҳқирли...
Лекин, мен дўстимни буюк инсон сиймосида кўраман. Йўқ, ўзингиз айтинг, ким буюкроқ? Уқубат денгизида мутассил сузиб юргувчи иродали қашшоқми? Ёки, барча ситамгарчиликни чеклаб ўтадиган, ҳаёт ҳақсиз равишда сийлаб қўйган танбал бойваччами? Ирода синовдан қочишда эмас, уни енгишда синалади. Майлига, энди бари аҳамиятсиз, бари қуруқ сафсата. Чунки дўстим жўнаб кетмоқда...
Уни пинҳона кузатиб қўяр эканман, бир қўлидаги сумканинг лиқ тўла эканлигига, бир дўстимнинг ичи ҳувиллаб қолган эски харобадек бўм-бўш эканлигига назар соламан. Эркинлик бахт эканлигини биламиз, шундай эмасми? Аммо тўла эркинлик бадбахтлик эканлиги дўстимнинг мана шу озод руҳида намоён.
Ўйланаман.
Атрофни қора сукунат чулғайди...
Мураккаблик миямни чирмаб олади ва фикр ўйноғига йўл қўймайди...
Тағин “ошпаз“ларни эслайман...

23-июл. Раҳимжон Қудратов.
Download 77 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling