Шаҳрихонда шундай одам бор


Download 51 Kb.
Sana14.10.2023
Hajmi51 Kb.
#1701704
Bog'liq
Абдугани Хамидов


ШАҲРИХОНДА ШУНДАЙ ОДАМ БОР.

Каттаю кичикни ҳурмат қилиб, қўлларини кўксига қўйиб, очиқ юз ва тавозе билан саломлашиш Абдғани ҳожи Ҳамидовга хос фазилат. Ҳожи акани қаерда, қайси вазиятда учратманг, албатта, у Сизга алоҳида эътибор беради, сўзингизни диққат билан тинглайди, зарур бўлса, маслаҳат ва ёрдамларини ҳам аямайди.


Ҳалқимизда “узоқ яшагандан эмас кўпни кўргандан, кўп сафар қилгандан маслаҳат ол” деган ибратли ҳикмат бор. Бу ҳикматнинг нақадар асосли эканлигини Абдғани ҳожи Ҳамидов тимсолида кўриш мумкин. У киши ёшлигиданоқ ҳалолликка, покликка, имон-эътиқодга интилиб яшади. “Йигит кишига қирқ ҳунар ҳам оз” нақлига амал қилиб, ҳунарларни ҳалол, покиза одамлардан ўрганди.
- Ёшлигимдан бошлаб уч касб билан шуғилланганман. Биринчиси ипакчилик, бу ҳунардаги устозим қоракўрпалик Бекмирза ака Холмирзаев эди, у киши атлас тўқишга ўта миришкор бўлган. Иккинчиси шакарпазлик, бу соҳада Аҳмадхон ака ажобий, ҳалол-пок инсон менга мураббий бўлган. Учинчиси савдогарлик, савдогарликда тўғри йўл кўрсатган, олдинга етаклаган, адашсам тўғри йўлни кўрсатган инсон бу Аҳмаджон ака Содиқов бўладилар, - дейди А.Ҳамидов. Абдғани ҳожи Ҳамидов устозларини тез-тез хотирлаб ҳақларига Қурон тиловат қилиб турадилар.
Савдогарлик эса ўзининг доимий касби бўлиб қолганлигини, шу соҳада махсус ўрта, сўнгра олий маълумот олиб, юрт кезганини, халқ хизматида бўлиб, кам бўлмаётганини айтади.
Асли шаҳрихонлик, машҳур шакарпаз савдогар Саид Ҳамид ҳожи октябрь тўнтариши арафасида Маккаи Мукаррамадан ўз она юртига 20 йилдан сўнг қайтиб келди. Саид Ҳамид ҳожи Маккаи Мукаррамада диний билим олди, савдо билан шуғулланди. Айни вақтда муҳрлар ясаб, мусулмонларнинг хожатини чиқарди. Шаҳрихонга келгач, шакарпазлар сулоласига асос солди. Ўша йиллари Шаҳрихонда савдо-сотиқ анча ривожланган, аммо юрт нотинч эди. У ўғилларини ҳам ҳунар эгаллашга даъват этди. Кенжа ўғил Абдуғани ота изидан борди. Яхшигина шакарпаз бўлиб етишди. Саид Ҳамид ҳожининг шакарпазлик дўконини мустақил тебрата бошлади. Уруш йилларида ёш Абдуғани ипакчилик билан ҳам шуғилланди. “Янги йўл” артелида бўёқчи бўлиб ишлади. Негаки, ҳамма ишга яроқли ҳунармандлар фронтга кетган, уларнинг ўрнида ёшлар ишлашга мажбур эдилар.Иккинчи жаҳон урушидан кейин Абдуғани қандолатчилик дўкони очди. Устозлари ва ота-онасининг дуосини олди. Ёшлигиданоқ ҳалол меҳнатнинг нони ширин ва тотли эканлигини ҳис этиб улғайди.
1945-1947 йилларда Тошкентнинг “Чорсу” бозорида қандолатчилик ва шакарпазлик билан шуғилланди. Катта шаҳарда Шаҳрихон қандолатчилигининг довруғини ёйди. Ҳалол савдо орқали мижозлар орттирди, кўпчилик билан мулоқотда бўлди. 1948 йили яна Шаҳрихонга қайтиб, Соҳиобод қишлоғидаги пилла қабул қилиш пунктига ҳисобчи бўлиб ишга кирди. Ҳам ишлаб, ҳам ўқиб пиллачилик агрономи мутахассислигини эгаллади. Вахим, Гулқишлоқ, Қўрғонча Бешмаҳалла, Наманганлик, Карнайчи қишлоқларида агрономлик қилди. Ўша йиллари ипак қурти боқиш эрта баҳордан кузгача чўзилиб кетарди. Тут барги етишмас, мавжуд тут дарахтларини сушилкаларда яширинчи ёқиб, пахта қуритиш учун кесиб юборишарди. Кесилган тутларнинг ўрнини тупроқ билан тўлдириб қўйишарди. Бир йилда икки-уч мартадан пилла қурти боқишга тўғри келарди. Пилла етиштириш режаларини бажариш учун ҳамма имкониятлар сафарбар қилинарди. Режани бажариш қонун эди.
Абдуғани 1956 йили савдо соҳасига ишга ўтди. Вахим қишлоғидаги дўконни қабул қилиб олди. Ёш савдо ходимининг ўз ишига, касбига бўлган қизиқишини ккўпдан буён кузатиб юрган матлубот жамиятининг раиси Аҳмаджон Содиқов уни 1953 йилнинг августида ёнига олди, ўзига муовин қилди. Раис ва муовин ҳамкорликда Шаҳрихонда савдони ривожлантириш учун астойдил бел боғладилар. Дўконларни товарлар билан тўлдириш, аҳолининг эҳтиёжларини тўла тўкис қондириш чора тадбирларини изладилар. 1954 йили собиқ “Центросоюз” нинг Кенгаши ўтказилиши муносабати билан раис ва муовин Москвага бордилар Кегашдан сўнг “Центросоюз” бошқаруви раиси Александр Климович Петров қабулига кирдилар. Раисга ўзларининг талабларини баён қилдилар. Сталин қишлоқ туманида савдони ривожлантириш режаларини сўзлаб бердилар. А.К.Петров Содиқов билан Ҳамидовнинг сўзларини диққат билан эшитди. Ўша пайтдаги салкам уч миллион сўмлик фондга қўл қўйиб берди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай Шаҳрихон аҳолисига сотиш учун 5 та “Москвич” автомашинаси, радиоприёмниклар, тикув машиналари, кўплаб хўжалик товарлари, 2 та автолавка, ёғоч тилиш пилорамаси, 50 вагон ёғоч-тахта юборилди. Таъминотдаги бу ўзгаришлар ўша пайтда вилоят, ҳатто, республика миқёсида катта воқеа бўлди. Туман савдосининг довруғи эса қўшни Қирғизистон, Тожикистон ва бошқа республикаларга ҳам ёйилди. Қува, Тошлоқ, Марғилон, Наманган, Фарғона, Ўш, Ўзгандан келиб одамлар савдо қилишадиган бўлди.
Шаҳрихон савдогарлари – Солижон Самиев ва Мамадали Содиқовлар, Абдуғани Ҳамидов билан бирга Владивосток, Томск, Омск шаҳарларидан ҳар йили 600-700 вагон ёғоч-тахта олиб келишни йўлга қўйишди. Иркутск вилоятининг Хайнта қишлоғида форфор заводи қурилган экан. А.Ҳамидов заводга бориб, шартнома имзолаб қайтди ва ҳар йили бу заводдан 10 контейнер форфор идишларни Шаҳрихонга юбориладиган бўлди. Шунингдек, Москва, Калинин, Иванова каби шаҳарларидаги завод-фабрикалар билан шартномалар имзоланди. Бу завод ва фабрикалар ўз маҳсулотларин Шаҳрихонга ҳам шартнома асосида юбориб турди.
1959 йили Абдуғани Ҳамидов туман матлубот жамияти раислигига сайланди. Бу вазифада ўн йили ўн кун ишлади. Унинг ҳар бир куни савдодаги янгиликларни биринчилардан бўлиб, Шаҳрихонда ҳам жорий қилиш, аҳолининг эҳтиёжларини қондириш билан ўтди.
1968 йил май ойида пахта тозалаш заводида собиқ Иттифоқ Енгил саноат вазирлигининг кўчма Қизил байроғини топшириш маросими бўлиб ўтади. Маросимга собиқ Ўзбекистон Компартияси Марказқўми иккинчи котиби В.Г.Ломоносов вилоятнинг биринчи раҳбари Б.Раҳимовлар ташриф буюрдилар. Маросимдан сўнг В.Г.Ломоносов туман савдоси билан танишмоқчи эканлигини айтади. Меҳмонлар А.Ҳамидов ҳамроҳлигида туман марказдаги универмагни кўздан кечиришади. Сўнг совғалар дўконига киришади. Абдуғани ака В.Г.Ломоносов билан Б.Раҳимовга совғалар дўконида сотилаётган “Амбра” номли эркаклар учун тайёрланган атирдан совға қилади.
- Бундай товарлар Тошкентдаги универмагларда ҳам йўқ-ку. Сизлар бу товарларни қандай қилиб оляпсизлар, - деб сўрайди. “Амбра” тарихи билан қизиқади.
- “Россия-Украина” деган филателия бор. У ҳар йили олти ой кит овига чиқади. Минглаб товарларни сафари давомида маҳсулотга айлантириб қайтади. Сафари якунида бирор тарихий воқеа муносабати билан билан океанга тўр ташлайди. Бир сафар Ленинград мудофааси иштирокчиларига бағишлаб тўр ташлайди. Тўрга бир тонналик кит илинади. Кит балиғи ичидан “Амбра” деган 14 килограмм ўсимлик чиқади. Бу ўсимлик олтиндан ҳам қиммат бўлиб, уни парюферия фабрикаларига юборишади. Фабрикадагилар ўсимликдан қимматбаҳо атир ажратиб оладилар. Сўнгра филателия раҳбарларига хат ёзиб, маҳсулотни қандай ном билан аташларини сўрайди. Филателиядан уни “Амбра” деб атанглар деб жавоб келади. Биз фабрикадан ана шу атирдан оламиз, - дейди Абдуғани ака.
Маркақўм котиби барча савдо дўконларини, новвойхоналар ва ошхоналарни эътибор ва қизиқиш билан айланиб кўради.
- Сизга шахсан ўз номимдан миннатдорчилик билдираман, Кўрганларимни шахсан Шароф Рашидовга ҳам сўзлаб бераман, - дейди у.
Орадан кўп ўтмай Абдуғани Ҳамидов вилоят матлубот жамиятлари уюшмаси раислигига ўтказилади. А.Ҳамидов бу вазифада роса йигирма йил сидқидилдан фаолият кўрсатди. Вилоятда аҳолига савдо хизмати кўрсатиш тубдан яхшиланди. Туманларда савдо базалари, тайёрлов идоралари, хизматчилар учун кўплаб уй-жойлар, нон заводлари, болалар боғчалари, болалар дам олиш масканлари қурилди. Савдо ташкилотларига хизмат қиладиган 4 та автокорхоналар ишлаб турди. Бу автомашиналарда икки мингдан зиёд автомашина ва бошқа уловлар мавжуд эди. Андижон, Шаҳрихон, Асака, Избоскан, Пахтаобод, Хўжаобод, Балиқчида улгуржи савдо базалари ташкил этилди. А.ҳамидовинг саъйи-ҳаракатлари билан 1972 йилда вилоятимизда савдо билим юрти иш бошлади. А.Ҳамидовнинг шахсан ўзи бош қўшиб, Шаҳрихонда замонавий улгуржи савдо базаси, тайёрлов идораси, нон заводи, тайёрлов корхонаси 72 оила яшайдиган турар жой қурилди. “Россия”, “Назармаҳрам” савдо марказлари ишга туширилди.
1978 йил август ойида вилоятимизда собиқ “Центросоюз” томонидан Бутуниттифоқ кўргазмали семинари ўтказилди. Семинарга барча республикалардан вакиллар иштирок этдилар. Семинар олидан вилоят туманларида ўн бешта савдо марказлари қурилди. Савдо марказларига “Россия”, “Украина”, “Озарбайжон”, “Грузия” каби ўн бешта республиканинг номлари берилди. Мустақиллик шарофати билан бу савдо марказлари хусусийлаштирилиб, фаолиятлари янада кенгайтирилди. А.Ҳамидов раҳбарлигида вилоят матлубот жамиятлари уюшмаси бир неча бор собиқ Иттифоқ кўрик-танловларида ғолибликни қўлга киритди. Ўзи эса ўнга яқин орден ва медаллар билан мукофотланган. Ҳиндистон, Япония, Франция, Германия, Чехословакия, Руминия, Болгария, Эрон, Туркия, Сурия, Иордания, Исроил каби ўндан ортиқ мамлакатларда бўлган.
Мустақиллик шарофати билан у вилоятимиз меҳнаткашлари, айниқса, ёшлар ўртасида истиқлол мафкурасини йўлга қўйиш, аҳлоқий тарбияни, миллат маънавиятини тиклаш ишларига қўшган хизматларининг муносиб тақдири сифатида ҳаж зиёратига юборилди. Абдуғани ҳожини ота-онасининг досини олган салобатли, саҳоватли инсон сифатида ҳам бутун андижонликлар қадрлайдилар. Абдуғани ҳожининг волиди мухтарамаси Саодатхон она 1998 йили 111 ёшида оламдан ўтди.Онахон кечаю-кундуз Абдуғани ҳожининг эътиборида, доимий назоратида бўлди. Онахон меҳрибон ва фидойи ўғилининг ҳамроҳлигида 105 ёшида муборак ҳаж зиёратига бориб, динимизнинг бешинчи арконини ҳам зўр ихлос билан бажариб қайтдилар. Ҳожи ака ўз устозларини ҳамиша зиёрат қилиб туришни канда қилмайди. 23 йил “Ўзбекбирлашув”да раҳбарлик қилган Ҳасанов Мадаминжон ҳожи акани севимли устози. Икки устоз ва шогирд бир бирларини тез-тез йўқлаб турадилар.
- Шаҳрихонда ва вилоятда ишлаган кезларимда мадаминжон Ҳасанов менга йўл-йўриқлар, маслаҳатлар бериб борди. У кишидан кўп нарсани ўргандим. 1959 йили Пўлатжон ака Қаюмов туманимизга биринчи раҳбар бўлиб келдилар. А.Қаюмов жуда маданиятли, билим доираси кенг инсон. У Шаҳрихонда жуда кўп савобли ишларни мен билан бамаслаҳат амалга оширди. Вилоят ижроия қўмитасига раислик қилган кезларда ҳам Пўлатжон акадан ёрдам ва маслаҳатлар олиб турдим, - дейди А.Ҳамидов. – Бу табаррук инсонлардан бир умр миннатдорман.
Ота-онасини эъзозлаган, устозлари дуосини олган Абдуғани ҳожи Ҳамидов ҳамон эл-юрт эъзозида, ардоғида. Ҳожи акани зиёрат қилиб, дуо олиш учун ҳар куни шогирдлари, ҳамкасб дўстлари йўқлаб туришади. У кишининг гўзал хулқлари, салобатлари, саҳоватлари, фидойиликлари барчага ибратдир, десак муболаға қилмаймиз. У киши ғоят хушфеъл, қувваи ҳофизаси ўткир инсон.
Ҳожи ака бўш қолди, дегунча мутолаа билан шуғулланади. Шахсий кутубхонасида икки мингдан зиёд диний ва дунёвий ҳамда илмий адабиётлар мавжуд. Шахсий архивида эса турли йилларнинг, тарихий воқеаларни акс эттирган фото суратлар ҳам эъзозлаб сақланади.
Суҳбатимиз охирида ҳожи ака бизга динимиз равнақига улкан ҳисса қўшган комил устоз Зиёвуддин қори ибн Эшон Бобохон ҳазратларининг қуйидаги шеърини ўқиб бердилар.
Волидам, Макка, Мадина
кўп шаҳарлар кезиб келдим,
Неча ой, неча кунлар
кўп даврлардан ўзиб келдим.
Не бахт ўлғайки, турсам
суҳбатингизда ҳар доим,
Улуғ халқим, Ватаним деб,
шиорларни чизиб келдим.
Умр сармоясини савобли, хайрли ишларга сарф қилаётган ҳожи ака ҳам юқорида зикр қилиб ўтганимиздек кўп юртларни кезиб келди. Ҳамиша Ватанига, халқига содиқ қолди. - “Биз ҳар куни янгидан туғиламиз”- дейди у. Биз Андижоннинг фахри Абдуғани ҳожи Ҳамидовнинг бу фикрига қўшиламиз. Ҳар дақиқа, ҳар соат ғанимат. Вақт эса биздан ҳисоб сўрайди. Тўқсон ёшга қараб интилиб бораётган ҳожи акага биз ҳам “Ҳар куни янгидан туғилаверинг” деймиз.
Download 51 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling