Microsoft Word muqaddas ziyouz com doc
Download 0.57 Mb. Pdf ko'rish
|
Одил Ёқубов- Муқаддас
www.ziyouz.com kutubxonasi
35 сиз-э... Шарифжон қани? Чақиринг уни! Юрагим «шув» этиб ўрнимдан туриб кетдим. Лекин шу вақт ойимнинг: — «Шарифжон шу ерда, олдин ўзимиз бир гаплашиб олайлик, кейин уни ҳам чақирамиз», — деган сўзлари билан кўнглим бир оз ўрнига тушгандек бўлди. — Ҳай, майли, гапингиз бўлса эшитайлик, — деди Сулаймон ака. — Аммо бошқа нарсага овора бўла кўрманг. Шошиб турибман. Сулаймон ака катта, оғир этиклари билан ерни гурс-гурс босиб айвонга чиқди, кейин иккиси ҳам уйга кириб кетдилар-у, овозлари эшитилмай қолди. Ўрнимдан туриб ўтирдим. Юрагим пўкиллаб урар, бир ўйим чопиб бориб суҳбатларини бўлгим, «ўқишни ҳам, ишни ҳам йиғиштириб қўйдим!» — деб бақиргим келарди... «Беш минут ўтираман», деган Сулаймон аканинг уйга кириб кетганига чорак соатдан ошиқроқ вақт ўтди-ю, лекин ундан дарак йўқ эди. «Нега буларнинг гапи жуда чўзилиб кетди? Ёки ойим менга кўрсатган хатларини унга ҳам кўрсатяптимикин?» Тоқатим тоқ бўлди. Деразадан кўриниб қолмаслик учун кранни айланиб ўтиб, айвонга яқинлашдим. Ичкаридан Сулаймон аканинг овози эшитилиб турарди. Устуннинг ёнига борганимда сўзлари қулоғимга аниқ-аниқ кира бошлади: — Хўп, тағин ўзингиз биласиз, лекин қаттиқ янглишаётганингизга шубҳам йўқ! — дерди Сулаймон ака. — Бунга менинг имоним комил, Раҳимахон! Шундай ажойиб ишчи, ажойиб одам бўлиб етишаётган ўсмирни йўлдан урибсиз-а? Бай-бай-бай! Ойим бир нима деяётган бўлса керак (унинг овози эшитилмас эди), Сулаймон ака бир неча дақиқа сукут қилди, сўнгра илгаригидан кўра асабий ва қаттиқроқ овозда: — Мен Содиқни сиздан кам билмайман! — деди, — биз бирга ўқиганмиз, урушда ҳам бирга бўлганмиз! У Шарифнинг инженер бўлишини орзу қиларди. Бу — тўғри! Лекин Содиқ ҳаёт бўлганида сира бу йўлга бошламас эди. Сиз уни бойваччага айлантирмоқчи бўляпсиз! Аммо гап уни бойвачча инженер қилиб етиштиришда эмас, гап уни одам қилиб етиштиришда! Тўсатдан миямда исёнкор бир фикр чақнади. «Нима демоқчи? Мени одам бўлмайди демоқчими? Йўқ!» Ичкарига кирмоқчи бўлиб интилдим-у, уйдан Сулаймон аканинг: — Хўп, майли, билганингизни қилинг! — деган гапини эшитиб киришга журъат қилолмасдан яна тўхтадим. — Шарифнинг ўқишига қарши эмасман. Ўқисин, инженер бўлсин, фақат бу йўлдан бормасин, деяпман холос! — дерди Сулаймон ака. — Инженер бўладими, олим бўладими, тўғриликча бўлсин деяпман, холос! Хўп, бошқа гапингиз йўқми? Хайр! Айвон билан олчазорнинг ораси ўн-ўн беш қадам келарди. Унга етиб бориш... Бу тўғрида ўйлаб улгурмаган эдим ҳамки, эшик очилиб остонада Сулаймон ака кўринди. Унинг юзи ҳаммомдан чиққандай қизарган, қошлари туташиб, қовоғи солинган, оппоқ қалин сочлари тўзғиган эди. Мен уни кўрдим дегунча юрагимдаги бояги исёнкор туйғулардан асар ҳам қолмади. Аксинча, ўз ихтиёримга қарши унга томон юрдим. Сулаймон ака мени кўриб тўхтади, Лекин кўришмади. — Ўз фикримни ойингга айтдим! — деди у, афтидан, мени ҳам гаплашмоқчи деб ўйлаб, — энди билганларингни қилинглар. Лекин институтга хат ёзиб, сиримни очади деб қўрқмасаларинг ҳам бўларди... Сулаймон ака, қошларини чимириб бир зум жим қолди. — Ниятим бошқа эди... Минг афсус, мақсадимга тушунмабсан!.. У шартта бурилиб, зинадан тез-тез юриб пастга тушди-да, дарвозага қараб кетди. «Наҳотки, шу кетишда чиқиб кетса? Наҳотки тўхтамаса?..» Йўқ, тўхтади. Ҳовлининг ўртасига борганда тўхтади, ўнг қўлидаги ғижимланган шапкасини бошига қўндираркан, чақирди: — Бери кел! |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling