www.ziyouz.com кутубхонаси
109
— Ай, дала-дала демай; мен ўлайин-а, ай, эркак бўлмай мен ўлайин-а!..
— Бебоққина келиним-а!..
— Ай, пешонам қурсин-а, дунёга келмай мен ўлайин-а!..
— Қўли косов, сочи супурги келиним-а!..
— Дарров кийимларини ечиб олмабсизлар-да, эна!..
— Кийим кимни эсига кепти, дейсан...
— Дарров кийимларини ечиб олса бўлди эди, одам ёнмас эди!
— Одам ёнмас эди? Эб-е, одам ёнмаганини кўрибсан! Одам ёнсин-да! Одам гуриллаб-
гуриллаб ёнди! Ҳамсоя-қўллар кийимларини юлиб олди. Барибир одам ёнди! Одам танаси ёнди!
Одам гур-гур ёнди!
— Қўйинг-е, эна, одам ҳам ёнадими! Ўзларинг бўш-баёв бўлиб ўчиролмагансизлар!
— Эб-е, эб-е, одам ёнсин экан-да! Одам ёнар экан-да! Ҳўл кундани ёнганини кўриб
эдингми? Одам ана шу кундадай ёнар экан! Одам баданлари пиш-пиш этиб ёнар экан! Одам
баданларидан сув чиқиб-сув чиқиб ёнар экан! Одам баданларидан сув оқиб-сув оқиб ёнар экан!
Одам бадбўйдан-бадбўй ҳид чиқариб-ҳид чиқариб ёнар экан!..
15
Касалхона дарвозасидан учта машина кириб келди.
Машина йўлак четида оёқ илди.
Машиналардан катталар тушди.
Катталар машиналари олдида гапириб-гапиришиб турди.
Раисимиз биз тарафлади.
Раисимиз бизни қошимизда бош эгиб турди. Бош чайқаб турди.
— Ҳай-ҳай, фалокат-да, —деди. —Фалокат. Қалай ўзи, тилга келдими?
— Гўрда тилга келадими! — деди онамиз. — Кўзини очолмайди, гўрда тилга келадими!
— Фалокат оёқ остида дегани шу-да. Сиз энди, момо, олдига боринг-да, кўз-қулоқ бўлиб
туринг, боринг.
Онамиз ичкарилаб жўнади.
Раисимиз менга қаради. Зим-зимдан қаради. Бир нима дейиш учун оғиз жуфтлади. Тағин,
индамади.
Раисимиз ер сингалаб-ер сингалаб катталар тараф кетди.
16
Каллам... каллам елкамдан босиб-босиб келди. Каллам катталик қилди. Каллам оғирлик
қилди.
Ўтирғич қиррасига тирсакладим. Калламга қўлимни тирадим. Калламни кафтимга олдим.
Do'stlaringiz bilan baham: |