Microsoft Word uzbek xalq ertaklari oyjamol ziyouz com doc
Download 1.56 Mb. Pdf ko'rish
|
uzbek xalq ertaklari oyjamol ziyouz com
www.ziyouz.com кутубхонаси
69 турганмиш ва ундан ҳадеб тилла қайнаб чиқаётган эмиш. Бола олиб тушган челагини дарҳол тиллага тўлатиб юқорига узатибди. Бўшаган челак қайтиб тушибди. Шундай қилиб хумдаги тиллани тамом қилибди, кейин арқонга чирмашиб юқори чиқа бошлабди. Шу топда бой: «Болани ҳозир тортиб олсам, у хойнахой тилланинг камида ярмига шерик бўлади. Ундан кўра, бола шу қудуқда ўлиб кетгани яхши», деб арқонни шартта қирқиб юборибди. Бой ҳамма тиллани олиб, йўлга равона бўлибди. Энди гапни боладан эшитинг: Маматбой кўзини очса, ўзини қудуқда кўрибди. «Аттанг, бой яхшиликка ёмонлик қилди. Ажалим шу ерда экан-да», деб жуда хафа бўлиб ичкарироққа юрибди. Атрофига назар солса, бир ёқда бир эшик кўринибди, эшикдан кириб қараса, ичкариси жуда яхши безатилган бир уй эмиш. Бу уй бир девники экан, унда ўша дев ётган экан. Уйнинг шипида бир қанча чолғу асбоблари осиғлиқ эмиш. йигит девордан бир ғижжакни олиб чала бошлабди. Дев етти йилдан буён касал бўлиб, ҳушсиз ётган экан, ғижжак товушини эшитиб, ўзига келибди. Етти кун деганда тузалиб турибди ва: — Э бола, сен кимсан? Менга кўп яхшилик қилдинг. Тила тилагингни! — дебди. Бола қўрқиб кетиб, дарҳол девга салом берибди. Дев алик олиб, унинг бу ерга қандай келганини сўрабди. Бола девга бошидан кечирганларини айтиб берибди. Болага девнинг раҳми келиб: — Сен мени ўлимдан олиб қолдинг, — дебди. Бола олдин девнинг тилласини қудуқдан чиқариб юборганини ва шу сабабли гуноҳини кечиришини сўрабди. Дев унинг гуноҳини кечирибди. Сўнгра Маматбой: — Мени ёруғ дунёга олиб чиқиб қўйсанг бас, — дебди. Дев уни елкасига миндириб, бир зумда очиқ ҳавога чиқариб қўйибди - Маматбой дев билан хайрлашиб, йўлга равона бўлибди. Маматбой тез-тез юриб бойга етиб олибди ва билмас киши бўлиб, яна илгаригидек бойнинг хизматини қилаверибди. Буни кўрган бойнинг эси чиқиб кетибди. У ҳам қўрққандан ноилож ўзини билмасликка солиб юраверибди-ю, болани йўқ қилиш пайига тушибди. Бой хотинига қуйидагича хат ёзибди: «Мендан сизларга кўпдан-кўп салом. Яқинда бориб қоламан. Жон хотин, мен боргунча шу хатни олиб борган болани ўлдириб юбор. Сабабини борганимда айтаман». Хатни тахлаб, муҳрини босиб: «Энди буни ким уйга етказади?» деса, ҳеч ким индамабди, чунки бой олдинроқ бошқа хизматкорлари билан тил бириктириб қўйган экан. Хатни охири Маматбой олиб кетибди. Юра-юра бир ерга етганида ўйлабди: «Э, мен қанча овора бўлиб илм ўрганган эдим, бунинг дуойи саломини бир ўқиб кўрмайманми?» деб хатни очиб қараса, гап ҳалигидай. Хатни дарров йиртиб ташлабди-да, ўрнига қуйидаги хатни ёзибди: «Рафиқам Ғилмоннисога. Дуойи саломдан сўнг андоғ маълум ва равшан бўлсинким, мен бу ўлкада эсон-омон юрибман. Насибам бўлса, яқинда бориб қоламан. Ушбу юборган хизматкор бола Маматбой жуда эпчил экан, барака топсин, мен буюрган энг муҳим ишларни якка ўзи муҳайё қилди. Давлатимизнинг ортишига сабабчи бўлди. Маматбойни яхшилаб кутиб ол, дарҳол катта қизимизни шунга тўй қилиб бер, токи мен борганимда куёв бўлиб кутиб олсин». Маматбой хатни ўхшатиб ёзибди ва хат охирига бой номидан имзо чекибди. Маматбой бир ҳафтада етиб келиб, хатни бойнинг хотинига берибди. Хотин хатни ўқиб: «Ўзлари айтибдилар, тўй қилмаса бўлмас экан», деб эртасигаёқ тўй-томоша қилиб, катта қизини Маматбойга берибди. Бир неча кун деганда, бой ҳам етиб келибди. Эшикдан уни қизи билан куёви яхшилаб кутиб олишибди. Бойнинг жони ҳиқилдоғига келибди-ю, аммо сир бой бермапти, ўзини зўрға тутиб юрибди. Йигит ҳам билмас киши бўлиб, қайнатасининг ҳурматини бажо келтириб юраверибди. Орадан бир неча кун ўтгандан кейин бой хотинини чақириб: — Сен нима иш қилиб қўйдинг? — деб уни койибди. Хотини: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling