Microsoft Word uzbek xalq ertaklari oyjamol ziyouz com doc
Download 1.56 Mb. Pdf ko'rish
|
uzbek xalq ertaklari oyjamol ziyouz com
www.ziyouz.com кутубхонаси
65 — Олинг бўлмаса, — дебди калавафуруш. Калавафурушнинг қўлидан Абдулла чаққон калавани олиб: — Мана, эна, ўн танга, беш тангасини менинг уйимдан оласиз. Шу ердан тўғри бориб, иккинчи маҳаллага етиб «Абдулла чаққоннинг уйи қаерда?» деб сўрасангиз ҳамма кўрсатиб беради, — дебди. Хотин калавафурушга ўн тангасини қайтариб бериб, Абдулла чаққоннинг сўзига ишониб, унинг ўн тангасини олибди. Абдулла чаққон: — Эна, энди сиз бора беринг. Менинг бозорда ишим бор, — деб бозорда қолгандек бўлиб, хотиннинг кетидан қорама-қора бора берибди. Хотин Абдулла чаққоннинг уйига етиб бориб эшигидан қараса, уйда ҳеч ким йўқ эмиш. Қайтиб чиқай деса, кўча эшиги бекилиб қолибди. Абдулла чаққон эшикни бекитиб кўчада турган эмиш. Хотин чиқиб кетмоқчи бўлибди. Абдулла чаққон: — Чиқармайман сени. Шу ерда бир оз турасан. Агар турмайман десанг, қанотинг бўлса осмонга учиб кет, иложини топсанг, ерга кириб кет. Лекин сени менга бир одам тайинлаган. Ўша одам келиб: «Шу эди» деса, хўп-хўп, агар бошқа одам деса, кета берасан, — дебди. Хотин: — Во ажабо, бу қандай гап? Уйда ёш болам қолган, — деб кўзига ёш олибди. Қосим жаллод ўғрини дорга тортиб, қайтиб келиб, Абдулла чаққондан: — Нима қилдинг? — деб сўрабди. — Эшикни очаман, кириб кўринг, — деб жавоб берибди Абдулла чаққон. — Қани, очгин, кўрай, — дебди жаллод. Абдулла айёр эшикни очибди. Жаллод эшикдан кириб, ўзи тайинлаган хотин эканини кўриб, Абдуллага: — Сени бир кун хурсанд қиларман, — дебди-да, хотинга қараб: — Э, янга, чўнтагим тўла танга. Бу кеча мен билан гапиришсанг, ўн минг танга бераман, — дебди. Хотин: — Ўн минг танга экан, юз минг танга берсанг ҳам, сенга юзимни кўрсатмайман, — дебди. Жаллод бу сўзни эшитиб, жаҳли чиқиб, Абдулла чаққонга: — Ҳайда буни! Подшо олдига олиб борамиз, бунга подшонинг жазосини бердирмасам, Қосим жаллод отимни бошқа қўяман, — дебди. Хотин айтибди: — Майли, мени подшонинг олдига олиб бор, нима жазога тортса тортсин. Қосим жаллод билан Абдулла чаққон хотинни подшонинг олдига олиб боришибди. Подшо: — Қосимбой, нима гап-сўз топиб келдингиз? — деб сўрабди. Қосим жаллод айтибди: — Кеча ярим кечада Чорданзи маҳалласидан ўтиб кетаётсам, бир уйнинг ичидан гангур- гунгур овоз чиқаётганини эшитиб қолдим. «Ярим кечада бу овоз қаердан келаётир?» деб томга чиқиб, мўридан қарасам, бу хотин қирқта йигитга мусаллас қуйиб бериб ўтирибди: «Ҳап сеними? Сенга кўрсатиб қўймасам», деб томдан тушиб, эшикдан кирай десам, ҳовлисининг орқа томони боғ экан, бу хотин қирқ йигитни боғ тарафдан қочириб, эшикни очди. Менга: — Нима кўрдинг? — деди. Мен: — Бу ерда ўтирган йигитлар қани? — деб сўрасам. У: «Қўлинг билан тутгин-да, нима қилсанг қила бер», деб менга дўқ қилди. Шунинг учун сизнинг олдингизга келтирдим. Шунга жазо беришингизни сўрайман, — дебди. — Э аёл, ёш экансан, менинг замонимда бундай иш учун ўлимга буюришимни била туриб, шу ишни қилишга қўрқмадингми? — дебди. Хотин: — Эй подшоҳи олам, султони бокарам, мен ҳам арзимни айтай, эшитинг, — деб ёлворибди. Подшо: — Айт, — дебди. Хотин эри саёҳатга чиқиб кетгани, унга икки ярим йил ўтгани, бир кун боласини аллалаб ухлаб қолгани, туш кўргани ва бошидан кечирган бутун воқеани подшога сўзлаб берибди. |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling