20-боб. Меҳнатни муҳофаза қилиш
1-§. Умумий қоидалар
351-модда. Меҳнатни муҳофаза қилиш тушунчаси
Меҳнатни муҳофаза қилиш меҳнат жараёнида инсоннинг хавфсизлигини, ҳаёти ва соғлиғи, иш қобилияти сақланишини таъминлашга доир ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, ташкилий, техникавий, санитария-гигиена, даволаш-профилактика, реабилитация тадбирлари ва воситалари тизимидир.
Изох :ушбу моддада фукаронинг хар томонлама мехнат мухофазаси кафолатланган.
352-модда. Меҳнатни муҳофаза қилишга доир талаблар
Иш берувчилар хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитларини таъминлаши шарт.
Меҳнатни муҳофаза қилишга доир талаблар ушбу Кодексда, бошқа қонунчилик ҳужжатларида, шунингдек меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларига оид техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда (бундан буён матнда меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари деб юритилади) белгиланади.
Меҳнатни муҳофаза қилишга доир талаблар меҳнат фаолияти жараёнида ходимнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлашга қаратилган қоидаларни, тартиб-таомилларни ва мезонларни белгилайди.
Меҳнатни муҳофаза қилишга доир талаблар объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш), улардан фойдаланиш, машиналарни, механизмларни ва бошқа жиҳозларни конструкция қилиш, технологик жараёнларни ишлаб чиқиш, ишлаб чиқаришни ва меҳнатни ташкил этиш, шунингдек ўзга турдаги фаолиятни амалга ошириш чоғида юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши шарт.
Ходимларнинг шахсий ва жамоавий ҳимоя воситалари меҳнатни муҳофаза қилишга доир талабларга мос келиши ҳамда мувофиқлик сертификатига эга бўлиши шарт.
Меҳнатни муҳофаза қилишга доир талабларни ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини ўз ичига олган қонуности ҳужжатларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва ўзгартириш тартиби Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссиясининг таклифлари инобатга олинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Изох :ушбу моддада ходимнинг мехнат мухофазаси учун хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитлари таъминлаш талаблари келтирилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |