Модернизм ва постмодернизм маданияти (XVI- xxi асрлар) Режа


Download 36.84 Kb.
bet2/5
Sana09.02.2023
Hajmi36.84 Kb.
#1180644
1   2   3   4   5
Bog'liq
modernizm va postmodernizm madaniyat

Техника сўзининг ўзи маҳорат, санъатни англатиб, ишлаб чиқаришга боғлиқ ёки боғлиқ бўлмаган фаолиятни амалга ошириш учун кишилар яратган воситалар йиғиндисини билдиради. Инсонлар жамияти пайдо бўлиши билан амалда техника пайдо бўлди, дастлаб кишининг меҳнат фаолиятида ёрдам берувчи меҳнат қуроли сифатида, кейин ҳар хил мақсадларда ишлатиладиган техниканинг бошқа турлари вужудга келди. Техниканинг хусусиятлари қуйдагилар:
1. Техника сунъий равишда, кишилар томонидан табиатни ўзгартириши натижасида яратилади, олдин онгда идеал яратиладиган лойиҳа, андозалар моддийликда мужассамланади;
2. Техниканинг оммавий хусусияти, аввало, кишиларнинг амалий эхтиёжлари билан боғлиқ бўлиб, шу эҳтиёжларни қондиришга хизмат қилади;
3. Техниканинг муҳим параметрларидан бири рационаллик хисобланади, маълум жамиятда у ёки бу техника қурилмасини маълум қадар тезроқ ишлаб чиқаришга мўлжалланади.
Техника маданиятнинг муҳим ходисаси сифатида жа­мият ва табиат ўртасидаги муносабатни таъминлайди, у ижтимоий маданият жараёнининг ажралмас таркибий қисмидир. Техника тараққиёти инсоннинг табиат устидан ҳукмронлик қилишида унинг имкониятларини кенгайтирди, маданий ва ижтимоий ўзгаришларни муқаррар амалга оширди.
Маданиятда техниканинг ўрни хусусида турлича қарашлар мавжуд. Технодетерминистик концепция техниканинг ҳар доим инсонга ижобий таъсир кўрсатишини ишончли асослайди. Илмий тараққиёт ва техника ютуқлари инсонга кўплаб сирларни очиб, уни улкан миқдорда моддий бойлик билан таъминлайди. Илмий техника тараққиёти билан боғлиқ барча муаммо ва қарама-қаршиликлар, яъни техник воситаларнинг биосферани ҳалокатга яқинлаштирувчи таъсири ахборот алоқа даври деб аталувчи инсоният тараққиётининг кейинги босқичида ижобий бартараф қилинишини таъкидлайди. Техникани оптимистик баҳолашда технократик назария катта аҳамиятга эга. Технократия жамиятдаги шундай кучки, у жамиятнинг технология тараққиёти истиқболи хусусидаги илмий башоратида нуфузли илмий хулосаларга таянади.
Европада XVIII acp охирлариданоқ техниканинг ҳалокатли таъсири хақида хабарлар тарқала бошлади. Турли фалсафа мактабининг вакиллари техника цивилизацияси, унинг қаттиқ «темир суръати», бешафқат ва ахлоқсизлигини таъкидлаб, ҳаёт, табиат, инсонга ҳурматсизлигини қаттиқ танқид қила бошладилар. Улар жамиятда техникага сиғиниш, уни илоҳийлаштириш ҳолати содир бўлаётганига, техника замонавий цивилизациянинг офати бўлажагига ўз эътиборларини қаратдилар. Техника­нинг назоратсиз тараққий этиши экологик муаммоларни туғдиради, ҳарбий саноат комплексларининг кенг ривожланишига сабаб бўлади, оқибатда инсонни техниканинг қулига айлантириб қўяди, деган қарашлар кенг тарқалди. Шу боис ХХ асрнинг машҳур файласуфларидан А. Швейцер технократик маданиятдан воз кечиш зарурлиги ҳақидаги фикрга келди. ХХ асрдаги дунёвий ҳалокатни, урушларни бошдан кечириш оқибатида у шундай ғояни илгари сурдики, технократизм ва технократик фан руҳан зўравонликка, тафаккурнинг эмоционал жиҳатдан камбағаллашувига, маданият идеалларининг ҳалокатига олиб келди. Швейцер янги умуминсоний, умумпланета маданияти учун асос сифатида ҳаёт олдида ҳурмат–эҳтиром тамойилини илгари сурди. Бу руҳ экологияси ва уни сақлаш тамойили бўлиб, маданий қатламда ўзаро ҳурмат технократик моделдан умуминсоний қадриятга ўтишини англатган эди.
“…Инсон онгли мавжудот бўлиб, у ҳаётнинг ҳар қандай хоҳиш–иродасига худди ўзига бўлгани сингари ҳурмат билан муносабатда бўлиши кераклигини ҳис қилади. Ў ўз ҳаётни тажрибасида бошқача ҳаётни билиб олади. Умрни сақлаш, ҳаётни осонлаштириш, ҳаётнинг энг юқори қадриятигача ривожлантиришга қодир бўлган ҳаётни таклиф қилиш – буларни инсон эзгулик сифатида қабул қилади. Ҳаётга зарба беришга сабабчи бўлиш, зарар келтириш, ривожлантириш мумкин бўлган ҳаётни барбод қилиш – бу ёвузликдир…
Ҳаёт олдида ҳурмат–эҳтиром ахлоқи ўз ичига севги, жасорат, бошқа мавжудотларга раҳм–шафқат кўрсатиш, уларнинг шодлиги ва интилишларини тавсифлаши мумкин бўлган ҳамма нарсани қамраб олади”. Инсоният учун хос бўлган бу фазилатлар шубҳасиз, жамиятнинг ҳамма қатламида ҳамма даврлар учун хос бўлиши кераклигини айтадилар. Шунинг учун ҳам, назариётчиларнинг бир қисми техникага тушкунлик назари билан қараб, анъанавий жамиятга қайтишни ягона йўл деб, ҳисоблайди. Бошқалари эса, техниканинг агрессивлиги ва муросасизлигини таъкидлаб, инсон бундай шароитда фақат битта усул билан қарши туриши мумкин, яъни кучи етганича техномаданиятнинг парчаланишига ёрдам бериши керак, деб ҳисоблайдилар.
Бироқ барча муаммо техникага эмас, балки инсоннинг ўзига боғлиқ. Техника ахлоқий жихатдан мустақил олам эмас, унинг ўрни, аҳамияти ва кучи жамиятнинг қадрият тизимига боғлиқ бўлади. «Техника-инсон» зиддиятларининг бартараф қилиниши янги типдаги инсоннинг шаклланишига боғлиқ бўлиб, бу маданиятдаги биосферик тамойилларини хисобга олувчи, табиат ва инсон муносабатларини уйғунлаштиришга ҳаракат қилувчи маданиятнинг бош муаммоларини оқилона ҳал қилишни таъминловчи сифатга эга бўлган янги инсондир.
Маданиятдаги биосферик концепция тарафдорлари инсоният маданияти босқичларини ишлаб чиққанлар. Унда таъкидланишича, инсониятнинг илк босқичларида маданиятнинг турли хил биогеник кўринишлари мавжуд бўлган, кейинчалик «табиат устидан ҳукмронлик қилиш» шиорига таянган ҳолда техноген мада­ният яратилди. Замонавий одамлар ердаги экология қонунларига асосланиб, ноогеник маданиятга ўтадилар. Шунинг учун ҳам, экологик маданият ҳозирги замон цивилизациясининг аҳамиятга молик белгиларидан бирига айланиб бормоқда.
1970 йиллардан экология жамият ҳаётидаги жараёнларни ўрганишга киришди. Инсоният жамияти билан уни ўраб турган табиий-иқлим шароити, ижтимоий-маданий муҳитнинг алоқадорлиги муаммоларини ўрганувчи ижтимоий экология шаклланди. Табиий ва ижтимоий, табиий ва сунъий жараёнларнинг ўзаро алоқадорлиги ривожланишини “экологик маданиятнинг бошланиши” деб ҳисоблаш мумкин. Бу инсоният томонидан икки тизимнинг – та­биий ва сунъий тизимнинг тенг ҳуқуқлигини тан олиши демакдир. Айниқса бу қишлоқ хўжалик соҳаси учун ўта аҳамият касб этади. Ҳозирги замон қишлоқ хўжалиги учун махсулдорлик ва товар ишлаб чиқариш хажми асосий стратегик мақсад эмас, гan экология қонуниятларига мувофиқ табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, атроф муҳитини асрашдан иборат. Caнoaт ишлаб чиқариши учун экологик қонунлар табиат ресурсларига тежамкорлик асосида ёндошиш имкониятини берувчи техника ва технологияни яратишдангина иборат бўлмай, айни пайтда, инсоннинг мавжудлиги ва яшаш муҳити – биосферани асрашдан иборатдир.
XX аср ўрталаридан фан ва техника тараққиётининг натижаси сифатида катта ахборотлар сиғими, заҳираси вужудга келди. Оммавий ахборот воситалари (ОАВ)- матбуот, кино, радио, телевидение, компьютер замонавий ижтимоий маданият жараёнида салмоқли ўринни эгаллай бошлади. ОАВ ёки бунинг бошқача mass media деб ном олган тури ахборот узатишдаги каналларнинг кўплиги, тезлиги ва узоқ ишлаши билан улкан ҳажмдаги ахборотларга эга бўлмоқда. 1940-50-йилларда Г.М. Макмоэн асарларида оммавий коммуникация биринчи марта маданиятнинг ва кишиларнинг ижтимоий муносабатидаги мутлақо янги типи сифатида таърифланди.Унинг фикрича, бу восита инсонларнинг ахборот олишдаги рақобат курашида қудратли кучга айланади.
ОАВ электрон техника ва йўлдош алоқаларидан фойдаланиб, кишиларни ижтимоий ҳодисалар ва маданий бойликларни бир вақтда идрок қилишга ундайди. Г.Э. Макмоэн таъкидлаганидек, «ҳаммабоп ва омма ёқтирадиган янги дунёвий электрон маданияти» шаклланмоқда. Ҳақиқатдан ҳам, замонавий маданият холисона таҳлил қилинса, маънавий маданият кўпроқ оммавийлик касб этиб бораётгани маълум бўлади.

Download 36.84 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling