АЛЛОҲУ ТАОЛО ўзининг илм ва ҳикмати ила мерос тақсимотини бизларга фарз қилди. Модомики, бу қонун (мерос тақсимоти) қатъий фарз қилинган амаллардан экан, унга тўлиқ риоя қилишимиз зарур. Зеро, унга амал қилувчи ва ҳаддидан ошмаган бандаларига АЛЛОҲУ ТАОЛО инъомларига сазовор бўлган зотлар – пайғамбарлар, сиддиқлар (ҳақ-рост иймон эгалари), шаҳидлар ва солиҳлар (фақат яхши амаллар билан ўтган кишилар) билан бирга остидан дарёлар оқиб турадиган ва у ерда абадий яшайдиган жаннатларга киритажаги ваъда қилинади. Ва аксинча, Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога итоатсизлик қилиб, У Зотнинг белгилаб қўйган ҳаддларидан ошганлари учун хор қилувчи азоб тайёрлаб қўйилгандир.
{رَبَّنَا لآ تُؤَاخِذْْنَا إن نَّسِينَا أَوْ أَخْْطَاْنَا رَبَّنَا وَلآ تَحْمِلْ عَلَيْنَا إصْرًا كَمَا حَمَلْتَهُ عَلَى اٌلَّذِينَ مِنْ قَبْلِنَا
وَلآ تُحَمِّلْنَا مَالآ طَاقََةَ لَنَا بِهِ وَاٌعْفُ عَنَّا وَاٌغْفِرْ لَنَا وَاٌرْحَمْنَآ أَنْتَ مَوْلآنَا فَاٌنْصُرْنَا
عَلَى اٌلْقَوْمِ اٌلْكَافِرِينَ} (البقر، 2:286)
..Парвардигоро, агар унутган ёки хато қилган бўлсак, бизни азобингга гирифтор айлама! Парвардигоро, бизларнинг зиммамизга биздан илгари ўтганларнинг бўйинларига қўйган юкингни юклама! Парвардигоро, бизларни тоқатимиз етмайдиган нарсага зўрлама! Бизларни афв эт, (гуноҳларимизни) мағфират қил, (ҳолимизга) раҳм айла! Ўзинг хожамизсан! Бас, бу кофир қавм устидан Ўзинг бизни ғолиб қил!» (Бақара сураси, 2:286-ояти карийма).
АБУ ИСОМ НУРИДДИН МУСЛИҲИДДИН
БУХОРИЙ – ШАҲРИСАБЗИЙ
عـلم الفرائض ИЛМУЛ-ФАРОИЗ
ВА УНИНГ ТАЪРИФИ, МАВЗУСИ, САМАРАСИ ВА ҲУКМИ.
ТАЪРИФИ: Меросни фиқҳан ва ҳукман тақсимлаш илмидир.
МАВЗУСИ: Инсон вафотидан сўнг қолдирган мол-мулки, бировдаги ҳаққи ёки қарзи ва васиятларини аниқлаш.
САМАРАСИ: Марҳумдан қолган меросни ҳақдорларга етказиш. Ҳар бир меросхўрга ўз улушини тақсимлаб бериш орқали фароиз илмининг нақадар муҳимлиги ва унинг беқиёс ҳикматлари намоён бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |