Лаборатория иши №2
Керакли асбоб ва реактивлар: мўрили шкаф, пробиркалар, Cu бўлакчалари, темир (мих), жилвир қоғоз билан тозаланган мис сим, CuSO4, KJ, крахмал, AgNO3, 10% ли глюкоза ёки формалин эритмаси, NaCl, KBr, KJ, HNO3, CuSO4, NaOH, NH4OH.
1-тажриба. Миснинг кимёвий хоссалари. А)Миснинг кислоталар билан ўзаро таъсири (Тажриба мўрили шкафда ўтказилади!). иккита пробиркага мис бўлакчаларидан солиб, биринчисига 2-3мл конц. нитрат кислота, иккинчисига суюл. нитрат кислота қуйинг. Пробиркаларнинг орқа томонига оқ қоғоз тутиб, қайси пробиркада реакция шиддатли боришини ва қандай газ ажралишини аниқланг.
Реакция тенгламаларини ёзинг ва тенглаштиринг. Нитрат кислота таркибидаги қайси ион оксидловчи вазифасини ўтайди?
Б)Миснинг активлик қаторидаги ўрни. Бир пробиркага мис (II)-сульфат, иккинчисига кумуш нитрат эритмаларидан –56мл дан қуйинг. Биринчи пробиркага темир (мих), иккинчисига жилвир қоғоз билан тозаланган мис симни туширинг. Нима кузатилади? Миснинг активлик қаторида жойлашган ўрнига қараб тегишли хулоса чиқаринг ва реакция тенгламасини ёзинг.
2-тажриба. Мис (II)-гидроксиднинг олиниши ва хоссалари. А)Пробиркага 1-2мл CuSO4 эритмасидан ва шунча суюл. ишқор эритмасидан қуйиб, мис (II)-гидроксид чўкмасини ҳосил қилинг. Реакция тенгламасини ёзинг.
Б)Ҳосил қилинган чўкмани икки қисмга бўлинг ва бирига кислота, иккинчисига ишқор таъсир эттириб, мис (II)-гидроксиднинг амфотер хоссага эга эканлигини исботланг. Реакция тенгламасини ёзинг.
В)Мис (II)-гидроксид чўкмасини ҳосил қилинг. Чўкмани суюқлик билан бирга қайнагунча қиздиринг ва чўкма рангининг ўзгаришига эътибор беринг. Нима учун чўкманинг ранги ўзгаради? Реакция тенгламасини ёзинг.
3-тажриба. Икки валентли мис тузининг оксидловчи хоссалари. Пробиркага CuSO4 эритмасидан 3-4мл қуйинг ва унга худди шунча KJ эритмасидан қўшинг. Нима кузатилади? Ҳосил бўлган чўкманинг таркиби қандай?
Чўкмани тиндиринг, эритманинг бир қисмини бошқа пробиркага олиб, унга бир неча томчи крахмал клейстеридан қўшинг. Эритма рангининг ўзгаришини кузатинг.
Реакция тенгламасини ёзинг. Бунда икки валентли мис иони оксидловчи эканлигини кўрсатинг.
Do'stlaringiz bilan baham: |