324-модда. Апелляция шикоятини (протестини) ҳаракатсиз қолдириш
Агар апелляция шикояти бериш ёки протест келтириш пайтида ушбу Кодекс 322 ва 323-моддаларининг талаблари бузилишига йўл қўйилган бўлса ёки давлат божи тўлашдан озод қилинмаган шахс шикоят бериш учун бож тўламаган бўлса, апелляция шикояти ёки протести ҳаракатсиз қолдирилади.
Апелляция шикояти ёки протестини ҳаракатсиз қолдириш тўғрисида судья бу шикоят ёки протестнинг ҳаракатсиз қолдирилишига асос бўлган камчиликларни ва уларни тузатиш учун берилган муддатни кўрсатиб ажрим чиқаради.
Шикоят берган ёки протест келтирган шахс ажримда кўрсатилган камчиликларни белгиланган муддатда тузатса, шикоят ёки протест дастлаб судга тақдим этилган кунда берилган ҳисобланади. Акс ҳолда, шикоят ёки протест берилмаган ҳисобланиб, шикоят берган ёки протест келтирган шахсга қайтарилади ва бу ҳақда ажрим чиқарилади.
(324-модда Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 14 декабрдаги 163-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 1-2-сон, 11-модда)
325-модда. Апелляция шикояти ёки протестини олгандан сўнг биринчи инстанция судининг ҳаракатлари
Судья ёки суд раиси апелляция шикояти ёки протестини олгандан сўнг:
1) ишда иштирок этувчи шахсларга шикоят ёки протестнинг нусхаларини юбориши;
2) ишда иштирок этувчи шахсларга апелляция инстанцияда ишни кўриш вақти ва жойи тўғрисида маълум қилиши;
3) ҳал қилув қарори устидан шикоят бериш ёки протест келтириш учун белгиланган муддат ўтган вақтдан эътиборан ўн кун ичида ишни тушган шикоят ёки протест билан бирга апелляция инстанцияси судига юбориши шарт.
Ҳал қилув қарори устидан шикоят бериш ва протест келтириш учун белгиланган муддат ичида ҳеч ким ишни суддан талаб қилиб олиши мумкин эмас. Ишда иштирок этувчи шахслар судда иш материаллари ва тушган шикоятлар ёки протест билан танишишга ҳақлидирлар.
(325-модда Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 14 декабрдаги 163-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 1-2-сон, 11-модда)
Do'stlaringiz bilan baham: |