37-БОБ. БИРИНЧИ ИНСТАНЦИЯ СУДИНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРЛАРИ ВА АЖРИМЛАРИ УСТИДАН АПЕЛЛЯЦИЯ ШИКОЯТИ БЕРИШ (ПРОТЕСТИ КЕЛТИРИШ)
(37-бобнинг номи Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 14 декабрдаги 163-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 1-2-сон, 11-модда)
320-модда. Апелляция шикояти бериш (протести келтириш) ҳуқуқи ва муддати
(320-модданинг номи Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 14 декабрдаги 163-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 1-2-сон, 11-модда)
Суд томонидан ҳал қилув қарори чиқарилган кундан эътиборан йигирма кун ичида тарафлар ва ишда иштирок этишга жалб қилинган бошқа шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахслар ҳал қилув қарори устидан апелляция тартибида шикоят бериши, прокурор протест келтириши мумкин. Кўрсатилган муддат ўтганидан кейин берилган шикоят (протест) кўрилмасдан қолдирилади ва шикоят (протест) берган шахсга қайтарилади. Ўтказиб юборилган муддатни тиклаш масаласи ушбу Кодекснинг 130-моддаси қоидалари асосида ҳал этилади.
(320-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 14 майдаги ЎРҚ-372-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 20-сон, 222-модда)
321-модда. Апелляция шикоятларини (протестларини) кўрадиган судлар
Қуйидагилар:
1) Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича Олий суди, фуқаролик ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари — тегишли фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судларининг ҳал қилув қарорлари устидан, Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича Олий судининг, фуқаролик ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг ҳал қилув қарорлари устидан берилган апелляция шикоятларини (протестларини);
2) Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди — округ ва ҳудудий ҳарбий судларнинг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг ҳал қилув қарорлари устидан берилган апелляция шикоятларини (протестларини);
3) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати — Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ҳал қилув қарорлари устидан берилган апелляция шикоятларини (протестларини);
4) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Ҳарбий ҳайъати — Ўзбекистон Республикаси Олий суди Ҳарбий ҳайъатининг ҳал қилув қарорлари устидан берилган апелляция шикоятларини (протестларини) кўради.
(321-модда Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 14 декабрдаги 163-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 1-2-сон, 11-модда)
Do'stlaringiz bilan baham: |