315-модда. Апелляция, кассация ва назорат инстанциялари ажримининг (қарорининг) мазмуни
(315-модданинг номи Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 14 декабрдаги 163-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 1-2-сон, 11-модда)
Апелляция, кассация ва назорат инстанцияси судининг ажрими ёки қарорида қуйидагилар кўрсатилиши лозим:
(315-модданинг биринчи қисми биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 14 декабрдаги 163-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 1-2-сон, 11-модда)
1) ажрим ёки қарор чиқарилган вақт ва жой;
2) ажрим ёки қарор чиқарган суднинг номи ва таркиби;
3) тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг иштироки тўғрисидаги маълумотлар;
4) иш кимнинг шикояти ёки протести бўйича кўриб чиқилганлиги;
5) шикоят берилган ёки протест билдирилган ҳал қилув қарорининг (ажрим ёки қарорнинг) номи ва унинг қисқача мазмуни;
6) шикоятда ёки протестда баён этилган важлар, тақдим этилган материалларнинг қисқача мазмуни, ишни кўришда иштирок этган шахсларнинг тушунтиришлари ва прокурорнинг фикри;
(315-модда биринчи қисмининг 6-банди Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 14 декабрдаги 163-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 1-2-сон, 11-модда)
7) апелляция, кассация ёки назорат инстанцияси суди хулосага келишига асос бўлган далиллар ҳамда суд амал қилган моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари:
(315-модда биринчи қисмининг 7-банди Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 14 декабрдаги 163-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 1-2-сон, 11-модда)
8) қарорнинг хулоса қисми.
Ҳал қилув қарори, ажрим, қарор бекор қилинган ва иш янгидан кўриб чиқиш учун юборилган тақдирда, суд ишни янгидан кўрганда қандай ҳолатлар аниқланиши зарурлигини, қандай далиллар талаб қилиб олиниши кераклигини, шунингдек иш топширилаётган суд бошқа қандай ҳаракатларни бажариши лозимлигини кўрсатиши шарт.
Суд шикоят ёки протестни рад қилса, қандай асосларга кўра шикоят ёки протестдаги важларни нотўғри деб ёки қарорни бекор қилиш, ўзгартириш ёки янги ҳал қилув қарори чиқариш учун асос бўлмайди деб топганлигини ҳам ўз ажримида ёки қарорида кўрсатиши шарт.
Do'stlaringiz bilan baham: |