Немис меннонитларининг хоразм тарақҚиётига қЎшган ҳиссаси хоразм Маъмун академияси катта илмий ходими – Phd умид Бекмуҳаммад
Исломхўжанинг ислоҳотларида немисларнинг иштироки
Download 102.63 Kb.
|
Меннонитлар ўзбекча
Исломхўжанинг ислоҳотларида немисларнинг иштироки
Хива хони Исфандиёрхоннинг қайнотаси Исломхўжа (1872-1913) ғоят тараққийпарвар киши, ислоҳатчи давлат арбоби бўлиб, Россия императори ва унинг амалдорлари билан муносабати билан яхши бўлганидан, Хоразмда почта, телеграф, европача шифохона, бир қатор завод, фабрикалар барпо эттиради. Айниқса, Москва, Петербург, Кавказга тез-тез бориб, у ердаги тараққиёт намуналарини воҳада жорий этишга интиларди. Хусусан, Хивада Нуриллабой исмли мулкдорнинг баҳаво ерини сотиб олиб, ўша ҳудудда ҳашаматли ёзги сарой бунёд эттиргани боис, уни шарқ ва ғарб маданияти уйғунлиги асосида пардозлаш ишларида ҳам айнан рус ва немис усталарининг меҳнатидан фойдаланади. Саройнинг эшик, дераза, пол ва шифтларини воҳада яшовчи немислар барпо этиб, пардозлаш ишларини ҳам ўзлари олиб бордилар. Жиҳозлаш учун керакли қурилиш ашёлари ва зарур асбоб-ускуналар Германия ҳамда Россиядан келтирилади. Исломхўжанинг буюртмасига кўра, “Паллака” ва “Вестингуа” номли немис фирмалари керакли жиҳозларни ўз вақтида Берлиндан етказиб беради. Натижада 1912 йилнинг ўзида хориждан келган меҳмонларни қабул қилиш, турли зиёфат ва учрашувлар учун мўлжалланган ёзги хон (Нуриллабой) саройи ишга тушади. Табиийки, ушбу саройни ёритиш учун қандил ўрнатилган, аммо у хирароқ эди. Шу боис Исломхўжа хон саройини ёритиш учун кичик электр станцияси қуриш ҳаракатига тушади. Бу пайтда Нуриллабой саройида европалик меҳмонлар учун махсус ошхона ташкил этилганди. Бош ошпаз Россиядан таклиф қилинган Янгиўрозов деган киши эди. Бу татар йигитнинг Сизрань шаҳрида истиқомат қилувчи Мусо исмли укаси бўлиб, унинг электрчилик касбидан хабари бор эди. Янгиўрозов Нуриллабой ошхонасида европача таом еб ўтирган бош вазир Исломхўжага укасининг Хивадаги электр станциясини ишлатиши мумкинлигини айтади. Натижада тараққийпарвар Исломхўжа бир гуруҳ йигитларни кичик электр станциясини олиб келиш учун Москва ва Петербургга юборади. Мусони Хивага ишга таклиф этиш учун Сизрань шаҳрига хат жўнатиради. Ана шу тарзда 1912 йили Хоразмда илк бор кичик электр станцияси қурилиб, 31 декабр куни биринчи марта электр лампаси саройни ёритади. Хон саройининг электр устаси Мусо Сабанович Янгиўрозов эди. Станцияга бир цилиндрли ва бир поршенли, 60 от кучига эга двигатель ўрнатилиб, у 40 квт қувватли генераторни ҳаракатга келтирар, натижада электр токи ишлаб чиқарарди. Табиийки, у Тошкент генерал-губернаторлик маҳкамасининг пойтахти бўлганидан кейин ўлкамизда барпо этилган иккинчи электр станцияси эди. Фан-техника тараққиётидан узоқ бўлган ва электр станция номини талаффуз этишга қийналган воҳа халқи уни “тўқ-тўқ”, станцияда ишловчиларни эса “фалончи тўқ-тўқ” деган лақаб билан атарди. Мусо Янгиўрозовга ихлос қўйган ва станцияда ишлашни ўрганиб олган Карим, Машариф, Собир, Бобожон исмли маҳаллий ёшлар номига шу тариқа “тўқ-тўқ” лақаб бўлиб тиркалади. Ушбу электр станцияни таъмирлашга эҳтиёж туғилганида айнан немислар ушбу вазифани бажаришган. 1917 йилдаги инқилоблар ва 1920 йилда хонлик тугатилганидан сўнг Хивада немислар меҳнати синган почта, телеграф, шифохона қаторида электр станцияси ҳам қаровсиз қолди. Қолаверса, бу пайтда бунёдкор ислоҳатчи Исломхўжа 1913 йилнинг 9 августида суиқасд туфайли ҳаётдан кўз юмганди. Исломхўжа ва Мусо Янгиўрозов каби тараққийпарвар чимбойлик бир бой ҳам қўл остидаги ерларига сув чиқариш учун электр мотор келтириб ўрнатган эди. Аммо хонлик тугаб, воҳада қизил мустамлакачиликнинг қиронли даври бошлангач, у двигатель ва электр моторни ташлаганича, қозоқ чўлларига қочиб кетди. Мусо Янгиўрозов эса ҳали ҳам Хивада яшарди. Нуриллабойдаги электр станцияси бўлса таъмирталаб бўлиб қолганди. У Чимбойлик бойнинг двигатель ва моторни ташлаб кетганини эшитгач, Мусо немис меннонитлари билан ўша ерга бориб, катта машаққатлар эвазига асбоб-ускуналарни Хивага келтиради. Бу пайтда, яъни 1920 йил февралида хонлик тугаб, унинг ўрнига барпо этилган Хоразм Халқ Республикасининг ҳукумат аъзолари тараққийпарвар “Ёш хиваликлар” партияси аъзолари эдилар. Улар Мусо Янгиўрозов ва немислар меҳнатидан унумли фойдаланишга ҳаракат қилишди. Натижада Чимбойдан келтирилган ускуналар ва Нуриллабой саройидаги двигатель ёрдамида анчагина қувватли электр станцияси барпо этилади. Шу тарзда 1923 йили Хиванинг бир қанча кўчаси электр нури билан ёритилди. Download 102.63 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling