Никколо Макиавелли
XVI боб. Саховат ва тежамкорлик ҳақида
Download 434.5 Kb.
|
МАКИАВЕЛЛИ ВА УНИНГ СИЁСИЙ ХАЗИНАСИ
XVI боб. Саховат ва тежамкорлик ҳақида
Санаб ўтилган сифатларнинг биринчисидан бошласак, сахий ҳукмдор сифатида донг таратиш жуда яхши. Бироқ сахий деган ном чиқариш учун сахийлик қилаётган одам ўз-ўзига зарар қилади. Чунки ақл билан, рисоладагидек саховат кўрсатилса, уни билмасликлари мумкин, бироқ ўзингни барибир хасисликда айблашади, шунинг учун одамлар орасида сахий деб ном чиқариш учун турли ажойиб чоралар кўрасан, бироқ бу билан хазинани тугатасан, кейин эса сахий ҳукмдор деган номдан ажралгинг келмай, халқни ҳаддан ташқари оғир солиқлар солиб, улардан пул ундиришнинг нопок йўлларига кириб кетасан. Буларнинг барчаси билан эса аста-секин фуқароларнинг нафратига, вақт ўтиб, қашшоқлашиб қолганингда эса ғазабига учрайсан. Саховатинг билан кўпчиликни хонавайрон қилиб, камчиликни неъматлантиргач, дастлабки қийинчилик ҳам сен учун фалокатга, биринчи хавф-хатар эса таназзулга айланади. Бироқ, вақтида ақл-ҳушингни йиғиштириб олсан ва ишни ўнглашни истасанг, шу заҳоти сени зиқналикда айблашади. Агар ҳукмдор одамлар эътироф қилсин учун сахийлик қиламан деса, ўзига зарар келтириб қўядиган бўлса, хасис ҳукмдор деб ном чиқаришга кўниб қўя қолган яхши эмасми? Чунки вақт ўтиши билан, одамлар подшоҳнинг тежамкорлиги туфайли ўз даромадлари билан кифояланаётганини, халққа ортиқча солиқ солмай ҳарбий юришлар қилаётганини кўрса, у саховатли ҳукмдор деб шуҳрат қозонади. Шунда у ҳақиқатдан ҳам бой қилиши мумкин бўлган одамларга нисбатан саховатли бўлиб қолаверади, улар эса жуда камдир. Бугунги кунда фақат хасислиги билан машҳур бўлганларгина буюк ишлар қилишди, қолганлар эса жимгина йўқолиб кетишди. Папа Юлий папалик ҳокимиятига эришгунчагина сахийликда ном чиқаришни истади, бироқ, урушга тайёрланаётганда эса саховат ҳақида ўйлашни ҳам унутиб юборди. Франциянинг ҳозирги қироли бир нечта урушни фавқулодда солиқлар солмай ўтказди, бироқ у ҳали олдинда катта сарф-харажатлар борлигини билгани учунгина шундай қилди ва ҳаддан ташқари тежамкорлик қилиб юборди. Испаниянинг ҳозирги қироли ўзининг сахий ҳукмдор деган шуҳратини қадрламаганида шунча ҳарбий юришларни бошламаган ва уларда ғалаба қозонмаган бўларди. Демак, фуқарони таламаслик, мудофаа учун маблағларга эга бўлиш, қашшоқлашиб қолмаслик, халқнинг нафратига учрамаслик ва ноилож тамагир бўлиб қолмаслик учун ҳукмдор хасис ҳукмдор деб ном орттирганига парво қилмаслиги керак, чунки хасислик – салтанатни бошқаришга имкон берадиган нуқсонлардан биридир. Агар менга «Цезарь ўзининг саховати билан ўзига йўл очди, бошқа кўпчилик ҳам сахий бўлгани ва сахий деб ном чиқаргани учун энг юксак мартабаларга эришган-ку» дейишса, мен шундай жавоб қиламан: сен ё тахтни қўлга киритибсан, ё у томон ҳаракат қиляпсан. Биринчи ҳолатда сахийлик зарардир, иккинчисида эса заруратдир. Цезарь Рим устидан мутлақ ҳукмдор бўлиш йўлида эди, шунинг учун сахийлик унга халақит бера олмас эди, бироқ, агар у тахтга ўтиргач, узоқроқ яшаганида ва харажатларни бироз камайтирмаганида унинг салтанатига тугаб кетган бўлар эди. Агар менга «Кўпчилик ҳукмдор бўлгандан кейин ҳам қўшинга бошчилик қилиб, буюк ишлар қилди, аммо улар энг сахий деб ном қозонган эди-ку» деб эътироз билдиришса, «Одам ё ўзининг, ё бировнинг молини сарфлайди» деб жавоб бераман. Биринчи ҳолатда тежамкорлик, иккинчисида эса имкон қадар сахийлик фойдалидир. Агар сен ўлжа билан, талончилик, солиқлар ва бировнинг ҳаққи билан кун кўраётган қўшинни бошлаб кетаётган бўлсанг, қўли очиқ бўлишинг керак, акс ҳолда аскарлар ортингдан бормайди. Сенга ёки қўл остингдагиларга тегишли бўлмаган мулкни Кир, Цезарь ва Александрлар каби қўли очиқлик билан тарқатаверишинг мумкин, чунки бировнинг молини талон-тарож қилганинг сари, шон-шуҳрат қозонасан, ўз молингни сочсанг эса фақат ўзингга зарар қиласан. Сахийликчалик тинкангни қуритадиган нарса йўқ: сахийлик қилиб, айнан саховат кўрсатиш имкониятини йўқотасан, ёки қашшоқланиб қолиб, нафратга учрайсан, ёки қашшоқликдан қутулиш учун бошқаларни хонавайрон қиласан, натижада яна нафратга дуч келасан. Ҳукмдор ҳамма нарсадан кўра фуқароларнинг нафрати ва жирканишидан қўрқиши керак, сахийлик эса унисига ҳам, бунисига ҳам олиб боради. Шунинг учун сахий деб ном чиқариб, ноилож бошқаларни хонавайрон қилиб, ҳам ёмон ном чиқариб, ҳам нафратга учрагандан кўра хасис деб ёмон ном чиқариб, ҳар қалай нафратга учрамаган яхши. Download 434.5 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
ma'muriyatiga murojaat qiling