Жошуа Хейнс. Орзулар амалга ошганда
Боб истаганларининг барчасига эришди. Унда фақат битта тилак тилаш қолганди.
– Сўнгги тилакни сал кейинроқ тиласам бўладими? – сўради у.
– Сен хожасан. Мен эса оддий жинман.
– Жуда соз.
Уйга қайтаркан, Боб ўзини шунчалар бахтли ҳис этардики, биргина димоғни чоғ қиладиган қўшиқ етишмасди, холос. У эски бир итальян қўшиғини эслаб қолди.
– Эҳ, қанийди, италиялик балиқчига айланиб қолсам…
Дик Скин. Миллион долларлик базм
Чарли охирги чақасига лотерея чиптасини сотиб олди ва ўн миллион доллар ютуқ эгасига айланди. Кўча-кўйдаги ошна-оғайнилари билан ютуқни нақ икки ҳафта “ювди” ва алал-оқибат ортиқча еб қўйганидан бўкиб ўлди.
Ҳукумат унинг миллионларини мерос қилиб олди, аммо одамлар унинг исмини ҳамиша ёдларида сақлашади – у инсоният тарихида энг катта базм уюштирди, ахир.
Ҳа, дарвоқе, унинг фамилияси нимайди?
Шири Пелемье. Дублёр
– Спектаклни қолдиролмаймиз. Шоу давом этиши керак, – деди режиссёр пьесанинг биринчи пардаси бошланишидан бир лаҳза олдин машҳур актёр беҳуш бўлиб йиқилганда. – Бугун у юлдуз, ҳар ҳолда, шунчаки ўликнинг ролини ўйнамайди-ку.
Дублёр барчанинг кўз ўнгида юксалди. Унинг ижроси илҳомбахш чиқди. Янги юлдуз якунловчи саҳнада ролини қойиллатди.
Дублёр чўнтагидаги шприцни бармоқлари билан силаб-сийпаб, олқишлар остида таъзим бажо этди.
Долорес Руп. Сўнгги насиба
Уйларга тушишга одатланган ўғри Билли ўз ишининг бетакрор лаҳзаларини ёқтирарди.
Бу тонг у девор ошиб, бинога кирди. Барча қимматбаҳо тақинчоқларни йиғиштириб олиб, машинасига элтди.
Бу пайт қорни жудаям очганди. Ойнаи жаҳон қаршисида тамадди қилиш учун уйга охирги марта кирди. Овқатланиб бўлгач, тарракдай қотди. Хонадон соҳиблари каламушларни заҳарламоқчи эди.
Том Форд. Жумбоқ
– Бугун жуда мамнун кўринасиз, Ватсон.
– Кечирасиз-у, Холмс, бу сафар жиноятни икки дунёда ҳам фош қилолмайсиз.
Холмс ўрнидан туриб, трубкасини жўшқинлик билан силкита бошлади.
– Яна хато қиляпсиз, деб қўрқаман, Ватсон. Миссис Ворсингтонни ким ўлдирганини биламан.
– Жуда қизиқ! На гувоҳлар, на далил-исбот бор! Хўш, ким қилибди бу ишни?
– Мен, Ватсон!
Do'stlaringiz bilan baham: |