96. ҲУҚУҚ НОРМАЛАРИНИ ШАРҲЛАШ АКТЛАРИ
Ҳуқуқ нормаларини шарҳлаш махсус фаолият бўлиб, у расмий кўринишга, шунингдек, ҳужжатлардаги матнли шаклда ифодаланиши мумкин. Бундай ҳужжатлар расмий ҳужжат бўлиб, улар ваколатли давлат органлари ва мансабдор шахслар томонидан қабул қилинади. Ушбу ҳужжатлар ҳуқуқ нормаларининг мазмунини тўғри ва аниқ шаклда ўрнатишга қаратилган бўлади.
Ҳуқуқ нормаларини шарҳлаш актлари ҳуқуқий ҳужжатларнинг бир тури бўлиб, у қуйидаги ўзига хос хусусиятларга эга:
у янги ҳуқуқ нормаларини яратмайди, уларни бекор қилмайди ва амалдаги ҳуқуқ нормаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритмайди;
мазкур ҳужжатлар амалдаги ҳуқуқ нормаларини аниқлаштиради, уларни қандай тушуниш ва қўллаш лозимлигини кўрсатиб беради;
ушбу ҳужжатлар мустақил аҳамиятга эга бўлмасдан, балки ўзи шарҳлаётган ҳуқуқ нормалари билан биргаликда амалда бўлади;
мазкур ҳужжатлар ҳатти-ҳаракатлари шарҳланаётган ҳуқуқ нормалари билан тартибга солинадиган субъектларга эмас, балки уларни қўллаётган органларга қаратилган бўлади;
ҳуқуқ нормаларини шарҳлаш актлари мажбурий характерга эга бўлади, чунки уларни қабул қилган давлат органлари ва мансабдор шахслар давлат ҳокимияти ваколатига эга ва бошқалар.
Ҳуқуқ нормаларини шарҳлаш актларини қуйидаги мезонлар бўйича таснифлаш мумкин:
ҳуқуқ соҳалари бўйича (конституциявий-ҳуқуқий, жиноят ҳуқуқий, маъмурий ҳуқуқий);
қабул қилган субъектга кўра (аутентик, яъни ҳуқуқ нормасини қабул қилган органнинг ўзи томонидан, легал, яъни ваколат берилган субъект томонидан, масалан, жиноят кодекси нормаларини Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми томонидан шарҳланиши);
ифода этиш шаклига кўра (ёзма шаклдаги ҳуқуқни шарҳлаш актлари муайян расмий реквизитларга эга бўлади ва оғзаки); юридик аҳамияти бўйича (норматив шарҳлаш актлари ва аниқ казуал ҳолатларга нисбатан чиқариладиган шарҳлаш ҳужжатлари) ва бошқалар.
Do'stlaringiz bilan baham: |