Малакали (профессионал) шарҳлаш – бу амалиётчи юристлар томонидан (адвокат, ҳуқуқшунос-маслаҳатчи ва ҳ.) амалга ошириладиган шарҳлаш тури.
Оддий шарҳлаш –махсус ҳуқуқий билимга эга бўлмаган ҳар қандай шахс томонидан ҳуқуқни англаш ва тушунтиришдир.
93. НОРМАТИВ ВА КАЗУАЛ, ЛЕГАЛ ВА МУАЛЛИФЛИК ШАРҲЛАР
Расмий шарҳлаш норматив ва казуал кўринишларда бўлади.
Норматив кўринишдаги шарҳлаш кенг доирадаги шахс ва ҳодисаларга қаратилади. Бундай шарҳлашнинг субъектлари бўлиб барча турдаги ҳуқуқ ижодкорлиги субъектлари ҳисобланади. Норматив шарҳлашнинг қуйидаги турларини кўрсатиб ўтиш мумкин:
аутентик шарҳлаш (актни чиқарган орган томонидан амалга оширилади);
легал шарҳлаш (ваколатли субъект томонидан берилади).
Казуал шарҳлаш ҳам расмий деб ҳисоблансада, у умуммажбурий характерга эга булмайди ва муайян ҳодисага нисбатан ҳуқуқ нормасини қўллаш жараёнида амалга оширилади. У аниқ бир ишни ваколатли орган томонидан кўриб чиқилаётган пайтда берилади ва айнан ушбу иш учун мажбурий характерга эга бўлади.
94.ҲУҚУҚ НОРМАЛАРИНИ ШАРҲЛАШ УСУЛЛАРИ
Ҳуқуқ нормасини шарҳлаш усуллари – бу ҳуқуқ нормасининг мазмуни ва моҳияти ҳамда унда акс этган ҳуқуқ ижодкорининг иродасини англаш имконини берадиган усул ва воситалар мажмуидир.
Шарҳлаш (англаш) қуйидаги усуллар ёрдамида амалга оширилади: грамматик (филологик); тизимли (систематик); мантиқий (логик); тарихий-сиёсий; функционал; махсус-юридик.
Грамматик усул – бу норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмуни ва матнини грамматик-филология ва тил қоидаларига асосан таҳлил қилиб беришдир. Шарҳлашнинг бундай усули орқали умум қўлланиладиган алоҳида ибораларнинг аҳамияти ҳамда терминологик мазмуни аниқланади (масалан: эпидемия, рецидив, ипотека ва бошқалар). Бунда энг аввало, қонуншунос ушбу сўзларга қандай мазмун бахш этганлигини аниқлаш муҳимдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |