Давлат бошқарув шакли - бу давлат ҳокимиятининг олий органларини ташкил этиш ҳамда ушбу органларнинг ўзаро ва аҳоли билан бўлган муносабатларини белгиловчи давлат шаклининг элементидир.
Давлат бошқарув шаклига кўра иккига бўлинади: монархия ва республика.
Монархия (лотинча: монос-якка, архе-ҳокимият маъносини англатади) - бунда олий давлат ҳокимияти якка шахс томонидан амалга оширилади ва одатда ҳокимият унга мерос орқали ўтади.
Монархиянинг белгилари:
ҳокимият мерос орқали ўтади;
ўз ҳокимиятидан умрбод фойдаланадиган давлат бошлиғининг (подшо, қирол, император, шоҳ, хон, князь, герцог ва бошқалар) мавжудлиги;
монархнинг ўз хатти-ҳаракатлари юзасидан ҳуқуқий жавобгар эмаслиги;
монарх шахсининг дахлсизлиги;
ички ва ташқи сиёсатни амалга оширишда бевосита ўз номидан иш кўриши ва бошқалар.
Монархия бошқарувининг кўринишлари: мутлоқ (абсолют), чекланган, дуалистик (аралаш), теократик.
1.Мутлоқ (абсолют) монархия. Бунда, давлат суверенитетининг бирдан-бир эгаси монарх бўлиб, у ўз қўлида бутун ҳокимиятни (қонунчилик, ижроий ва суд) тўплаган бўлади ва унинг ҳокимияти аҳоли ёки бирорта орган томонидан чекланмаган бўлади (бугунги кунда Бахрайн, Бруней, Қатар ва бошқаларда мавжуд).
2. Чекланган монархия (парламентар, конституцион). Бунда монарх ҳокимияти вакиллик органи томонидан муайян даражада чекланган ва монархнинг ҳуқуқий мақоми конституция билан чегаралаб қўйилган бўлади. Унинг қуйидаги турлари мавжуд:
Парламентар монархия мамлакатлари (ҳозирги Буюк Британия, Бельгия, Норвегия, Швеция)да қирол давлат бошлиғи вазифасини ўтасада, мамлакатни тўла маънода бошқара олмайди. Парламентар монархиянинг қуйидаги белгилари мавжуд: а) монарх ҳокимияти деярли барча соҳалар бўйича чекланган бўлади; б) ижро ҳокимияти хукумат томонидан амалга оширилади, хукумат ўз навбатида конституцияга кўра монарх олдида эмас, балки парламент олдида жавобгар бўлади; в) хукумат парламентга бўлган сайловларда ғолиб чиққан партиялар вакиллари орасидан шакллантирилади; г) хукумат бошлиғи лавозимига парламентда кўпчилик депутатлик ўрнига эга бўлган партия раҳбари тайинланади; д) қонунларни парламент қабул қилади, монархнинг қонунларни имзолаши эса формал характерга эга бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |