30. Ўзбекистон Республикаси давлат шаклининг ўзига хос хусусиятлари
Ўзбекистон Республикаси давлат тузилиши жиҳатидан унитар республикадир. Шу билан бирга, Ўзбекистонда давлат тузилишда федерализмнинг айрим хусусиятлари ҳам мавжуд. Чунки, унинг таркибига маъмурий-ҳудудий бирликлар, шунингдек, суверен давлат ҳуқуқига эга бўлган миллий-ҳудудий тузилма бўлган Қорақалпоғистон Республикаси киради. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 17 боби Қорақалпоғистон Республикасининг конституциявий-ҳуқуқий мақомини белгилаб берган.
Ўзбекистон Республикаси маъмурий-ҳудудий жиҳатдан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллардан ташкил топган.
Ўзбекистон Республикаси давлат тузилишининг қуйидаги хусусиятлари мавжуд:
Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий тузилиши бўйича яхлит бирликни ташкил қилади;
қонунчилик тизими бутун Ўзбекистон учун тааллуқли бўлиб, у Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларининг устунлиги асосида амал қилади;
суд ҳокимияти ва прокуратура органлари тизими бутун Ўзбекистон ҳудудида ягонадир;
Ўзбекистонда ташқи сиёсатни Ўзбекистон халқининг манфаатини кўзлаб ва унинг номидан фақат у сайлаб қўйган Олий Мажлис ва Ўзбекистон Республикасининг Президенти амалга оширади;
Ўзбекистонда молия, солиқ, божхона тузилиши ва Республика Қуролли Кучлари, миллий хавфсизлик ва ички ишлар органлари марказлаштирилган ҳолда ташкил этилган;
бутун Ўзбекистон ҳудудида ягона фуқаролик жорий қилинган.
Ўзбекистоннинг унитар давлат эканлигини эътироф этиш билан бирга, унинг давлат тузилишидаги федератив давлатга хос бўлган қуйидаги айрим хусусиятларни ҳам кўрсатиб ўтиш мумкин:
Ўзбекистон Республикаси таркибида суверен Қорақалпоғистон Республикаси мавжуд ва унинг суверенитети Ўзбекистон Республикаси томонидан муҳофаза этилади;
Қорақалпоғистон Республикаси ҳуқуқий тизимида Конституция ва қонунларнинг мавжудлиги;
Ўзбекистон Республикаси умумдавлат органлари билан бир қаторда Қорақалпоғистон Республикаси давлат органларининг ва бошқа давлат-ҳуқуқий институтларининг ўзига хос ва маълум даражада мустақил белгиланиши: Жўқорғи Кенгес, Вазирлар Кенгаши, суд органлари ва бошқалар;
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудуди ва чегарасининг дахлсизлиги (Қорақалпоғистон Республикаси Конституциянинг 3-моддаси);
Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий-ҳудудий тузилиши масалаларини ўзи мустақил ҳал қилади;
Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибидан Қорақалпоғистон халқининг умумий референдуми асосида ажралиб чиқиш ҳуқуқига эга;
Қорақалпоғистон Республикаси билан Ўзбекистон Республикаси алоқалари ўзаро тузилган шартномалар ва битимлар орқали тартибга солинади;
Қорақалпоғистон Республикаси ўз давлат рамзларига эга.
Do'stlaringiz bilan baham: |