Нормурод НАРЗУЛЛАЕВ
ОНАЖОНИМ КИРДИ ТУШИМГА
Сарвар Берди қизига
Соғинибди чоғи бепарво ўғлин,
Безовта қилибман тушларида ҳам.
Энтикиб, сув сепиб, кутармиш йўлим,
Кўзлари нигорон, мунис волидам.
Мени деб тўшагин янгилаганмиш,
Илитганмиш сув ҳам қўл ювиш учун.
Даврада ош тўла янги лаганмиш,
Гулдор пиёлада чой тутмиш мамнун.
Қаршимда турармиш катта чорраҳа,
Қоп-қора булутни бошимдан қувиб —
Тилармишлар менга оқ йўл — фотиҳа,
Ўпиб пешонамдан, эркалаб суюб...
Тушимнинг таъбирин нимага йўяй,
Асл ҳақиқатни билан оналар!
Шеъримга шу жойда мен нуқта қўяй,
Очиқ эътирофни қалбим тан олар!
Ҳаётда нималар бўлмайди содир,
Номатлуб юмушлар тегар Қашимга...
Шунда таскин бериб, ҳар ишга қодир,
Мададкор онамлар кирар тушимга.
Ташвишлари камдай ҳушларида ҳам,
Оббо, тинч қўймадим тушларида ҳам.
Омон МУХТОР
* * *
Ранжимагин, она, ўғлингдан,
Унинг кўпдир наздингда айби.
Сен яшаган кулбага баъзан —
Қўниб ўтар йўловчи каби
Ранжимагин, она, ўғлингдан,
Унинг кўпдир наздингда айби.
У сен билан сўзлашар баъзан —
Жаҳл аралаш, дилхун, асабий.
Ранжимагин, она, ўғлингдан
Унинг кўпдир наздингда айби.
Ўзи меҳр кўрсатмай, баъзан —
Сендан меҳр унинг талаби.
Ранжимагин, она, ўғлингдан,
Унинг кўпдир наздингда айби.
Сен яшаган кулбага баъзан —
Қўниб ўтар йўловчи каби...
Тилак ЖЎРА
ОНА НИЯТИ
От чоптириб чиқдинг уйингдан,
От чоптириб қайтгин, илоҳим!
Қўлингдаги жиловинг каби
Эркинг бўлсин ўзингда доим.
Майли, мени ўйлама, болам,
Топганингни сарф қил ўзингга.
Лек бировга бўлмагин қарам,
Нам тегмасин сира тизингга.
Улғайтирдим полвоним дея,
Толиққанда дармоним дея.
Шамол каби елиб борасан,
Олисдаги осмоним дея.
Осмонингни олиб қайт, болам,
Қолиб кетма осмон васлида.
Отанг қурган бу кичик ҳужра
Осмондан ҳам кенгдир, аслида.
От чоптириб чиқдинг уйингдан,
От чоптириб қайтгин, илоҳим!
Қўлингдаги жиловинг каби
Эркинг бўлсин ўзингда доим.
Do'stlaringiz bilan baham: |