Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги


Эконометриканинг ҳозирги замон асосий йўналишлари


Download 1.28 Mb.
bet72/112
Sana23.10.2023
Hajmi1.28 Mb.
#1717428
1   ...   68   69   70   71   72   73   74   75   ...   112
Bog'liq
Иқтисодий таълимотлар тарихи

4. Эконометриканинг ҳозирги замон асосий йўналишлари

Юқорида иқтисодиётдаги математик услублар тўғрисида фикр юритган эдик (Курно, Тюнен). Унда иқтисодиётни дастлаб математика, 354 статистикадан фойдаланиб таҳлил этиш усуллари берилган. ХХ асрда бу йўналиш яна юқори босқичга кўтарилди. Бу йўналишнинг муҳим хусусияти шуки, унинг намояндалари иқтисодий та'лимотлар ва иқтисодий таҳлилларда математика услубларини кенг қўллайдилар, иқтисодиётга либерал ёндошув мавжуд. Давр тақозоси туфайли иқтисодиётдаги эконометрика йўналиши ҳам тобора ривожланиб, такомиллашиб бормоқда. Эволутсия давомида унинг намояндалари қўллайдиган тушунчалар ўзгармоқда, бугунги кунга келиб миқдорий таҳлил усуллари ҳам ривожланмоқда, таҳлил соҳаси ҳам кенгайиб бормоқда. қуйидаги омиллар бу йўналишнинг ривожини зарур қилиб қўйди: 1. Таҳлилнинг математик ва статистик услубларининг ривожи, айниқса математик программалаш, турли ўйинлар назарияси, математик статистикага оид ишларнинг кўпайиши; 2. Илмий-техника тараққиётининг ривожи, фаннинг янги тармоқларининг пайдо бўлиши, хусусан кибернетика, электрон-ҳисоблаш техникаси, комп'ютерлар тизими, иқтисодиёт соҳасидаги информатсиянинг тобора кўпайиши, бу информатсияни тайёрлаш, узатиш, қабул қилиш ва қайта ишлаш ҳажмларининг кескин ортиб кетиши; Умуман ҳозирги даврда ҳаётни, унинг муҳим қисми бўлган иқтисодиётни бу йўналишсиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу сабабли эконометрика ҳам илмий, ҳам амалий жиҳатдан муҳим бўлиб қолди.


ХИХ аср охири - ХХ аср бошларида Лозанна университети профессори Л.Валрас капиталистик иқтисодиётнинг "умумий иқтисодий мувозанати" моделини қурди. Бу йўналиш Валрас ишининг давомчиси, италиялик олим Вилфредо Парето (1848-1923) томонидан кенг ривожлантирилди. У "енг юқори наф" назариясини ҳал этиш, исте'мол не'матларининг нафи (фойдалилиги)ни ҳисоблаш учун ҳаракат қилди ва математик усуллардан кенг фойдаланди. Парето ўз таҳлили асосига даромад миқдори ва товарлар баҳосини қўйди. Исте'мол не'матлари тўплами турлича бўлиши табиий. Шу сабабли Парето "идеал мувозанат" схемасини олади, бунда автоматик равишда пайдо бўладиган "хусусий мувозанат" ҳар бир исте'молчининг оптимал танловидан вужудга келади. Бу усул билан Парето "енг юқори наф" назариясини боши берк кўчадан олиб чиқа олмади, лекин унинг "афзал кўриш" ва "лоқайдлик эгри чизиқлари" назариясидан эконометрик тадқиқотларда фойдаланиб келинмоқда. У Валраснинг умумий иқтисодий мувозанат назариясини такомиллаштиришга ҳаракат қилди. У устозидан фарқли равишда ишлаб чиқариш функсиясининг маҳсулот чиқариш ҳажмига боғлиқлиги коеффитсиентининг ўзгариши мумкинлигини тан олган. "Парето қонуни"да капиталистик мамлакатларда аҳоли даромадларининг тақсимланиш гиперболасининг тенгламаси берилади (1897). Фойдалилик (наф) функсиясини топиш учун не'матлар тўплами афзаллиги консепсияси Жон фон Нейман томонидан янада ривожлантирилди. У ўйин назариясига асосланиб, индивидуумнинг максимум ютуққа интилиши шароитидан келиб чиқиб, исте'молчининг ўзини тутиш моделини ишлаб чиқди. Бунда не'матлар фойдалилиги консепсияси психологик талабни қондириш мезонлари билан боғлаб ўрганилади. Р.Хукер (Буюк Британия) томонидан коррелатсион таҳлил ўтказилган, бунга рус статисти А.А.Чупров ҳам анча ҳисса қўшган. Эконометрика алоҳида илмий йўналиш сифатида иқтисодий назария, математика ва статистикадан 20-30 йилларда ажралиб чиқди, бу хусусан Г.Мур ва Г.Шулс (АҚШ) асарлари туфайли рўй берди.
"Економетрия" матни биринчи бор пол'шалик иқтисодчи П.Чомпа (1910) томонидан ишлатилди (економетрика ва эконометрия иборалари тенг кучли ҳисобланади), илмий қўлланувга эса норвегиялик иқтисодчи Р.Фриск (1926) киритди. У И.Фишер, И.Шумпетер, Ч.Роуз ва бошқа америкалик олимлар билан бирга "Халқаро эконометрия жамияти"нинг ташкилотчиси ҳамдир (1930). Бу жамият 1933 йилдан "Економетрика" журналини нашр этади. У.Митчелл ва у бошқарган "иқтисодий барометрлар"нинг Гарвард мактаби вакиллари ҳам бу йўналишга катта ҳисса қўшмоқдалар. Кейинги даврда италиялик иқтисодчилар Э.Бароне ва М.Панталеони, америкалик И.Фишер, Г.Л.Мур, Э.Чемберлин, шветсиялик К.Викселл, Г.Кассел ва бошқалар бу соҳада муҳим ютуқларни қўлга киритдилар. 30-йиллардаги тадқиқотлар асосан иқтисодий цикл муаммолари билан боғлиқ бўлиб, улар бу цикл сабаблари ва иқтисодий кон'юнктура характерини аниқлашга бағишланган. И.Фишер, Р.Фриш, М.Калетский ва айниқса Я.Тинберген бу соҳада қатор тадқиқотларни ўтказдилар. Нидерландлик олим Тинберген ба'зи цикллар консепсияларини иқтисодий моделлар ёрдамида текширишга уриниб кўрди. У бундай цикллардан 1919-1932 йиллардаги АҚШ, 1870-1913 йиллардаги Англия ва 1923-1937 йиллардаги Нидерландия иқтисодий моделларини тузиб чиқди: улар аҳамиятга эга бўлмаса-да, математик-статистик услубларнинг ривожига катта туртки бўлди. И. Фишер И. Шумпетер Л. В. Канторович Шуни та'кидлаб ўтиш керакки, одатда ўзгарувчилар ёки уларнинг логарифмлари орасидаги боғланиш чизиқли бўлади, я'ни уларнинг графиги тўғри чизиқ бўлади. Шундай тенгламалар йўли билан талаб (нархлар, маҳсулот ҳажми, даромад, солиқ ва бошқалар), таклиф, чиқимлар, импортекспорт ва бошқа функсияларни ифодалаш мумкин. Ишлаб чиқариш функсиялари ҳам шу типдаги тенгламалар гуруҳига киради.
Биринчи, энг оддий ишлаб чиқариш функсияси Ч.Кобб ва П.Дуглас (АҚШ, 1928) томонидан тузилди, кейин Р.Солоу, К.Арроу (АҚШ)лар томонидан умумлаштирилди, унда ишлаб чиқариш кўлами, техника тараққиёти ва бошқа омиллар ҳам ҳисобга олинди. Бундай регрессив моделлар алоҳида маҳсулотлар учун, корхона ва фирма, тармоқ ва умумхалқ хўжалиги учун ҳам тузилиши мумкин. 30-йилларда Я.Тинберген (Нидерландия), 50-йилларда Л.Клайн (АҚШ), Р.Стоун (Буюк Британия) коррелатсион кўп факторли моделларни туздилар, унда алоҳида капиталистик мамлакатлар иқтисодиётидаги ишлаб чиқариш, шахсий ва давлат талаби, нарх, солиқ, ташқи савдо обороти, капиталнинг ишлатилиши ва жамғарилиши, ишчи кучи таклифи ва бошқа ўзгарувчилар ўртасидаги статистик алоқадорлик ўз аксини топган. Халқ хўжалиги таркибини таҳлил этиш мақсадида тармоқлараро баланс типидаги моделлардан фойдаланилади. Дастлаб бундай модел 1925-26 йилларда собиқ СССРда П.И.Попов (1872-1950) раҳбарлигида ишлаб чиқилди. Кейинчалик бу услуб В.Леонтйев (асли россиялик, АҚШ) томонидан ривожлантирилди ва молия оқимлари таркибини ўрганиш учун Р.Фриш томонидан тадбиқ қилинди. Маркснинг қайта ишлаб чиқариш схемаси модели совет иқтисодчиси Г.А.Фелдман (1928) томонидан тайёрланди. Капиталистик циклларнинг иқтисодий динамика моделлари Тинберген, Фриш, М.Калетский , Ж.Хикс, Р.Харрот, П.Самуелсон ва бошқалар томонидан ишлаб чиқилди. Эконометрика услублари кўпинча экстраполатсия тенденсияларига асосланган. Совет олими Л.В.Канторович чизиқли программалаш (1939) услубининг асосчиси ҳисобланади. У В.В.Новожилов, А.Л.Лурйе (СССР), В. Леонтйев Т.Кумпанс, Ж.Дансиг (АҚШ) ва бошқалар билан бирга ресурсларни оптимал тақсимлаш ва фойдаланишга оид иқтисодий масалаларни ҳал қилишга имкон берди. Лекин шуни алоҳида та'кидлаб ўтиш керакки, собиқ СССРда бу йўналиш, айниқса кибернетика, электрон-ҳисоблаш машиналаридан фойдаланишга мафкуравий тус берилди, кибернетика, генетика фанлари буржуа манфаатлари учун хизмат қиладиган соҳа деб қаралди, бу соҳа олимлари тазйиқ остига олинди. Фақат кейинги йилларда бу хатолик тўғриланди ва эконометрика фанига э'тибор кучайди.
Эконометриканинг муҳим хусусияти шуки, у ҳам илмий, айниқса амалий аҳамиятга эга. Кўпгина етакчи мамлакатларда иқтисодий математик услублардан фойдаланиш иқтисодиётнинг ма'лум соҳалари, тармоқлари бўйича цикл моделлари ишлаб чиқилмоқда ва амалда қўлланилмоқда. Айниқса, АҚШда бу соҳада муҳим ютуқлар қўлга киритилди. Л.Клейн ва А.Голдбергер АҚШнинг (1929-52 йиллар) мукаммал моделини тузиб чиқдилар. Квартал, йиллик, беш йиллик ва бошқа моделлар мавжуд. Буюк Британияда ҳам қайта ишлаб чиқариш иқтисодий модели (1961) 1948-56 йиллардаги параметрлар асосида А.Клейн, Р.Болл, Э.Хезлвуд, П.Вандом томонидан тузилган. Р.Стаун Кембридж модели (1960-70 йиллар) ҳам диққатга сазовор. Эконометрик моделлаштириш Япония, Франция, Нидерландия ва Норвегияда кенг қўлланилади ва иқтисодий прогнозлаштиришда бевосита фойдаланилади. Иқтисодий таҳлилнинг тармоқлараро баланс методини тузиш 30- йилларда америкалик иқтисодчи (асли россиялик) В.Леонтйевнинг тадқиқотлари асосида юзага келди ва бу тадқиқотлар "харажат - чиқариш" модели номи билан ма'лум.
1973 йилда Нобел мукофоти лауреати бўлган В.Леонтйев (1906-1999) методи иқтисодиётда бир маҳсулотнинг бошқа турдаги маҳсулот билан тўлдирилиши жараёнларини тадқиқ қилишга йўналтирилган. У 1941 йил "1919-29 йилларда "Америка иқтисодиётининг структураси" китобини нашр қилди ва унда ўз услубини таклиф этди. Ҳозирги даврда деярли барча мамлакатларда "харажат - чиқариш" жадваллари мавжуд. Бу метод айниқса прогнозлаш, келажакни аниқлаш борасида қўл келмоқда. Айниқса, турли шароитларда (агар ..., ундай ёки бундай бўлса...) иқтисодий сиёсат оқибатлари тахмин қилинади ва шунга хос тактика, стратегия ишлаб чиқилади. Ҳозирги даврда чоп этилаётган иқтисодиётга оид китоблар, айниқса Ғарб асарлари турли-туман схема, жадвал, графиклар билан жиҳозланган, ҳар бир фикр, ғоя, математик ва статистик ма'лумотлар билан изоҳлаб борилади, бу эса материални яхши ўзлаштириш, уни тўғри ва тез тушунишга ёрдам беради (масалан, "Економикс" китоби). Кейинги йилларда иқтисодиётда прогноз ва келажак масалалари муҳим бўлиб қолмоқда ва футурология ("келажак" дегани) назариялари вужудга келмоқда. Бу борада турли соҳа мутахассислари Д.Белл, Ж.Еллул, Г.Кан, Л.Мартел, В.Браун, Р.Хейлбронерларнинг ғоялари диққатга сазовордир. Улар 200 йилдан кейин бўладиган (супериндустриал) жамият тўғрисида оптимистик фикр юритмоқдалар. Шу билан бирга пессимистик, ташвишли ва ҳалокатли прогнозлар ҳам бор (Е.Фромм, О.Тоффлер), глобал, умумбашарий ўзгаришлар оқибати ҳалокатли бўлиши ҳам тахмин этилмоқда. Рим клуби ва В.Леонйтевнинг муаллифлар билан бирга билдирган фикрлари "Жаҳон иқтисодиёти келажаги" (1979) китобида акс эттирилган бўлиб, унда ҳозирги замон қарама-қаршиликлари, техник-иқтисодий ва сотсиал масалаларнинг ўзаро боғлиқлиги кўрсатилган.
Собиқ СССР даврида иқтисодиётда математик усулларни қўллаш борасида ҳам муҳим тадқиқотлар олиб борилди. Марказ (Москва), Украина (Кийев) ва Ўзбекистонда (Тошкент) илмий марказлар вужудга келди. Тошкентда Ўзбекистон Фанлар академияси қошида Кибернетика (1966) илмий тадқиқот институти (ҳозир илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси) ташкил этилди. Уни ташкил этиш, шакллантириш ва ривожлантиришга, малакали кадрлар тайёрлашга академик В.Қобулов (1921 йилда туғилган) катта ҳисса қўшди. Бу олимнинг илмий фаолияти ҳисоблаш техникасини фан-техника ва халқ хўжалигининг турли соҳаларига жорий этиш билан боғлиқ. У айниқса иқтисодий кибернетика соҳасида самарали ижод қилди. У республикада кибернетика мактаби асосчисидир. Иқтисодиётга математик услубларни қўллаш борасида Тошкент Халқ хўжалиги институти (ҳозирда Тошкент Давлат иқтисодиёт университети) олимларининг роли ниҳоятда катта. Университет қошида республикада ягона "Иқтисодий кибернетика" (1969) - ҳозирги "Информатика ва бошқариш" (1992) факултети ташкил этилган ва у кадрлар тайёрлаш ўчоғи ҳисобланади. Бу ерда "Иқтисодий кибернетика", "Иқтисодий информатика", "Иқтисодий информатсияни автоматик қайта ишлаш системалари" ва бошқа кафедралар мавжуд. Академик С.С.Ғуломов, и.ф.д., профессорлар Т.Шодийев, Б.Беркинов, А.Қодиров, И.Убайдуллайев, Р.Алимов, К.Алимов, Ш.Комилов ва бошқалар математик методларни иқтисодиётда қўллаш, айниқса ишлаб чиқариш тармоқларини моделлаштириш йўналишида муҳим тадқиқотларни амалга оширганлар. В.Қобулов асос солган ижтимоий-иқтисодий жараёнларни алгоритмлаш бўйича махсус йўналиш катта илмий ва амалий аҳамиятга эга. Ижтимоий-иқтисодий тизимларни, айни пайтда улардаги жараёнларни тадқиқ этишда академик В.Қ.Қобулов томонидан асос солинган алгоритмлаштириш услубиёти марказий ўринни эгаллайди. Алгоритмлаштириш услубиёти ижтимоий-иқтисодий жараёнларга математика ва у билан боғлиқ фанларни қўллашнинг туб моҳиятини очиб беради. Мазкур услубиёт иқтисодий назария ва амалиёт учун зарур бўлган восита ва усулларни, йўналишлар ва тамойилларни, "инсон - компютер" мулоқотидаги самарадорликни та'минлашда хизмат қилади, ҳар қандай макро- ёки микроиқтисодий жараёнларнинг асл ҳолати билан улар тўғрисидаги субйектив билимлар ўртасидаги фарқланишнинг энг кичик даражада бўлишига эришиш воситаси ҳисобланади.
Иқтисодий жараёнлардаги яхлитлик ва қисмийликка узлуксизлик ва узилишларни барқарорлик ва бошбошдоқликни, даврийлик ва давомийликни, боғлиқлик, алоқадорлик ва бошқа ҳолатларни сифат ва миқдорий жиҳатдан муқобилликда тадқиқ этувчи восита ва усулларнинг мажмуаси алгоритмлаштириш фанини ташкил этади. Алгоритмлаштириш ижтимоий-иқтисодий тизимлар фаолиятини тадқиқ этишда бир неча босқичларни ўз ичига олади. Булар амалиёт - тажриба, қонунлар, масалалар, математик андозалар, алгоритмлар, дастурий-математик та'минот, ҳисоблашлардир. Албатта, бу келтириб ўтилган босқичлар тескари алоқага асосланган ёпиқ бошқарув тизимини ташкил этади. Улар ўз хусусиятларига кўра таснифланади. Ҳар бир босқич айрим амалий ўзгаришлар асосида рамзий ма'нодаги "банк"лар номи билан аталади. Алгоритмлаштирилган тизимнинг амалий таркиби В.Қ.Қобуловнинг тавсиясига кўра олтита асосий ва иккита ёрдамчи алгоритмик банклардан иборат бўлади. Асосий банклар: ма'лумотлар банки Н 1, қонунлар банки Н 2, белги-хусусиятлар банки Н 3, андозалар банки Н 4, алгоритмлар банки Н 5, амалий дастурлар банки Н 6. Ёрдамчи банклар: масалалар қўйиш банки Н 0 ва операцион банк Н 7. Ҳар бир банк икки қисмга: ма'лумот қисми ва шу ма'лумотларни қайта ишлаш (киритиш-чиқариш, ўчириш, ўзгартириш, сақлаш ва бошқалар) воситалари қисмига бўлинади. Шундай қилиб, алгоритмлаштириш услубиёти ижтимоий-иқтисодий тузумлар тараққиётини ҳисобга олишда ва фаол та'сир ўтказиш бўйича восита ҳисобланади. Мазкур услубиётни сун'ий тафаккур ("интеллект") яратишнинг алифбоси десак муболаға бўлмайди. Чунки ҳар қандай ижтимоий-иқтисодий жараёнларни замонавий комп'ютерларда кузатиш, таҳлил этиш ва бошқариш учун келтирилган услубиётни қўллаш талаб этилади.
В.Қ.Қобулов мазкур йўналишни "алгоритмик кибернетика" деб та'рифлаган. Бу йўналишни амалиётга тадбиқ этиш турли йирик ижтимоийиқтисодий муаммоларни ҳал этишни тезлаштиради. Чунки алгоритмлаштириш йўналишида математик статистика, эконометрия, иқтисодий кибернетика ва бошқа соҳаларда эришилган ютуқларни ўзаро уйғунлик асосида қўллаш кўзда тутилган.



Download 1.28 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   68   69   70   71   72   73   74   75   ...   112




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling