Олий таълимда имконияти чекланган талабаларнинг ижтимоий фаоллигини ривожлантириш
Download 69 Kb.
|
Инклюзив таълим
- Bu sahifa navigatsiya:
- Турғуной КАЗИЕВА, Мактабгача таълим кафедраси мудири.
ОЛИЙ ТАЪЛИМДА ИМКОНИЯТИ ЧЕКЛАНГАН ТАЛАБАЛАРНИНГ ИЖТИМОИЙ ФАОЛЛИГИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ. Кўплаб давлатларда инклюзив таълим тизимини жорий қилиш борасида амалий тажрибалар олиб борилаётгани барчамизга маълум. Мисол учун, Буюк Британияда махсус мактаб ўқувчиларининг маълум қисми оммавий мактабда таълим олади. Интеграцияни амалга ошириш учун ўйин, жисмоний тарбия, амалий фаолият турлари алоҳида танланган. Швецарияда ривожланишида нуқсони мавжуд болалар таълимнинг асосий қисмини оммавий мактабда олишади. Ўқитувчилар тўрт киши — оммавий мактабнинг учта ўқитувчиси ва имконияти чекланган болалар билан ишлаш бўйича махсус тайёргарликка эга битта ўқитувчидан иборат гуруҳ фаолият кўрсатади. Қирғизистонда инклюзив таълим танлаб олинган давлат мактаблари ва хусусий ўқув муассасаларида олиб борилади. Мутахассислар гуруҳи оммавий мактабларда таълим олиш учун имконияти чекланган болаларни танлаб олади. Хитойда интеграциялаш жараёни барча умуммиллат маълумотларини йиғиш, тажриба алмашиш, мулоқот ва фикр алмашиш, кадрларни тайёрлаш, мактаб ўқув жараёнларини ислоҳ килиш, мактаб ходимлари билан учрашув ва савол-жавоблар ўтказиш ҳамда барча ахборотларни йиғиб таҳлил қилишдан бошланди. Хитойнинг таълим бўйича миллий тадқиқот институти ЮНЕСКОнинг мақсадли грант маблағлари ёрдамида алоҳида эҳтиёжли болалар таълимини қўллаб-қувватлаш мақсадида Веб-ресурс марказини ташкил этиш бўйича инновация дастурини ишлаб чиқди. Инклюзив таълим ногирон болалар эҳтиёжларининг хилма-хиллиги хизматларнинг узлуксизлиги, биринчи навбатда бундай болалар учун энг мақбул бўлган таълим муҳити билан мос келиши кераклигини англатади. Ўзбекистонда ҳам сўнгги йиллларда таълим соҳасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, олий таълим тизимида таълим олаётган имконияти чекланган талабаларнинг ижтимоий фаоллигини ривожлантириш, уларнинг ижтимоий ташаббускорлигини қўллаб-қувватлаш, маданий ва коммуникатив фаолиятни самарали ташкил этиш, малакаларини ривожлантиришга доир кенг кўламли ислоҳатлар олиб борилмоқдаки, бунда талабаларнинг ижтимоий фаоллиги ва таълим тизимида қулай шарт-шароит яратиш муҳим аҳамият касб этади. Президентимизнинг Президентимизнинг 2019 йил 8 октабрдаги “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030-йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ҳамда 2021 йил 21 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, олий ва профессионал таълим муассасаларида ўқиётган ҳамда ўқиш истагидаги ногиронлиги бўлган ёшлар учун таълим муассасалари томонидан берилган имтиёзлар ва улардан фойдаланиш белгиланган. Президентимиз 2021 йил 3 декабр куни Ўзбекистон халқига Мурожаатида: “Биз ушбу йўналишда ногиронлиги бўлган инсонлар — жамиятнинг тўлақонли аъзолари, деган тамойилга амал қилган ҳолда изчил иш олиб бормоқдамиз. Чиндан ҳам, биз барпо этаётган янги, эркин ва демократик давлатда жамиятнинг ҳар бир аъзоси билим олиш, замонавий касб-ҳунарларни эгаллаш, ўз истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқариш, меҳнат билан банд бўлиш учун зарур имкониятларга эга бўлиши шарт” дея таъкидлаган эди. БМТнинг ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига мувофиқ, ногиронлиги бор шахслар учун оқилона қулайликларни таъминламаслик ногиронлик асосида камситишнинг бир шакли ҳисобланади. Олий таълим муассасаларида таҳсил олиш жараёнида ногиронлиги бор талабаларни оқилона қулайликлар билан таъминлаш алоҳида аҳамиятга эга. Андижон давлат педагогика институтида сифатли билим олиш, балки ҳаёт ва жамиятга қўшилиш кўникмаларига эга бўлиш муҳим ва бошқа талабалар билан бирга имконияти чекланган талабаларнинг тўлиқ ва тенг иштироки таъминланган. Бу мақсадда, улар учун тиббий кўрик, коррекцион педагогик кўмаклашув хизматлари яратилган, келгусида шундай талабалар учун Мактабгача таълим кафедраси негизида реабилитацион марказ ташкил этилиши кўзда тутилган бўлиб, ушбу марказда жисмоний имконияти чекланган талабалар учун логопед, сурдопедагог ҳамда тифлопедагог хизматлари йўлга қўйилиши учун қулай шарт-шароитларни яратиш зарур бўлган молиявий ресурслар ҳисобга олинган. Ушбу ҳаракатларни бир сўз билан айтганда инклюзив ёндашувли олий таълим дейиш мумкин. Шу муносабат билан Андижон педагогика институтида имконияти чекланган талабаларни сифатли таълим олиши ва уларга ғамхўрлик, яратилаётган имкониятлар уларнинг ўз устида ишлаши, тинмай изланиш олиб бориши ва янгиликларни тез ўзлаштириши ҳамда замон талаблари даражасида билим олишлари учун катта имкониятлар яратиб берилган. Андижон давлат педагогика институтида 48 нафар имконияти чекланган талаба таҳсил олмоқда, профессор-ўқитувчилар томонидан уларга инклюзив таълим бериб келинмоқда. Дарс машғулотларини олиб бориш жараёни имконияти чекланган талабаларнинг индивидуал хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, шахсга йўналтирилган таълим тамойилларига асосланиб амалга оширилишига қатъий аҳамият берилаётир. Ногирон талабалар ҳамда соғлом талабалар ўртасидаги ижобий психологик муҳитни яратиш мақсадида турли спорт машғулотлари, кўнгил очар тадбирлар мунтазам равишда амалга оширилаётгани эътиборга молик. Натижада соғлом талабалар имконияти чекланган тенгдошларига атрофлича кўмак кўрсатиши ёшлар ўртасида инсонийлик, ўзаро меҳр-оқибат туйғуларини камол топтирмоқда. Кўриш қобилияти чекланган талабалар учун оқилона қулайлик — уларнинг шахсий эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, Брайл шрифтида тактил сезиш учун мослаштирилган дарсликлар ҳисобланади. Масалан, кўриш қобилияти чекланган талабалар математика формулаларини, доскада чизилган графикларни, чизмаларни фақатгина эшитиш орқали тўлиқ қабул қила олмайди, бу нарсаларни сўзлар орқали тушунтириш қийин. Ахборот ресурс марказини кўришда нуқсони мавжуд талабалар учун элликдан ортиқ брайл алифбосидаги бадиий адабиётлар билан бойитилди. Махсус дарсликларни брайл алифбосида чоп эттиришни мақсад қилиб олинди. Инклюзив таълим бир томонлама бўлмаслиги лозим. Имконияти чекланган талабада ўзига бўлган ишончни ошириш, кўникма ва қобилиятини ривожлантириш, ёшлигидан ўрганишни рағбатлантиришда оила иштироки муҳим. Таъкидлаш жоизки, алоҳида эҳтиёжли талабалар ота-оналарига уларнинг фарзандлари жамиятнинг бир бўлаги бўлиш ҳуқуқига эга эканини тушунтириш, бу ишончни уларнинг онгига етказиш мақсадида ота-оналар ҳамда институт ўртасида доимий равишда ижобий алоқа ўрнатилган. Хусусан институтда имконияти чекланган талабалар ҳамда уларнинг ота-оналари билан биргаликда бажарилган рассомчилик, қўл меҳнати, брайл алифбосида ёзилган шеръий тўпламлари кўргазмалари ташкил этилган. Таълим жараёнида талабаларнинг индивидуал хусусиятлари сабабли пайдо бўлган “муаммо”ларни бартараф этишда барча профессор-ўқитувчилар, тюторлар бирдек ёрдам бериб боришади. Мисол учун кафедрада фаолият юритаётган ўқитувчи Жўрахўжаев Мухаммадазизхўжа Халилхўжа ўғлининг ташаббуси орқали заиф кўрувчи ташхисли Неъматова Тожихон Авазбек қизи брайл алифбосида ёзишдан соғлом курсдошлари қаторида ёзишга ўтди. Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилишга ҳар томонлама шароит яратилмоқда. Инклюзив таълимни бутун мамлакат бўйлаб ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар бунга амалий мисол бўлади. Андижон давлат педагогика институти Мактабгача таълим кафедраси ҳам мазкур ташаббусга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда ва мазкур кафедра аъзолари ўз олдиларига ота-оналарни (қонуний вакилларни) талабаларни тарбиялаш ва ривожлантиришни ташкил этиш ва мақсадлари тўғрисида хабардор қилиш, имконияти чекланган талабалар учун касбий йўналишни амалга ошириш, олий ўқув юртини тугатган имконияти чекланган талабалар битирувчиларни ишга жойлаштириш, кейинчалик касбий фаолиятга мослаштиришда амалий ва маслаҳат ёрдами кўрсатиш, ривожланишдаги бузилишларнинг оғирлигидан қатъий назар, барча имконияти чекланган талабаларнинг таълим, спорт-соғломлаштириш, бўш вақтларини ва тадбирларда иштирокини таъминлаш, институтда тўсиқларсиз муҳитни ривожлантириш мақсадини қўйган холда фаолият юритмоқда. Юқоридагилардан келиб чиқиб шуни таъкидлаш жоизки, конституциямизда белгилаб қўйилганидек кемтик жисмли инсонлар ҳам жамият ҳаётида фаол иштирок этишга ҳақлидир. Имконияти чекланган талабалар соғлом фикрли, дунёқараши кенг, сезгир бўлиши билан бир қаторда жамиятда етук шахс сифатида намоён бўлишига ишонамиз. Турғуной КАЗИЕВА, Мактабгача таълим кафедраси мудири. Download 69 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling