Эшикоғаси ёки чеҳраоғаси – эшик олдидаги соқчи, посбон. Хон маҳрамлари ва соқчи-мулозимларининг бошлиғи. Нотаниш кишиларни хон ҳузурига ижозатсиз қўймасликка жавобгар шахс.
Парвоначи – бу унвон эгаси хон номига келган хат ва аризаларни саройга олиб кириб, жавобини олиб чиққан. Бу унвон бошқа унвон соҳибларига ҳам берилган.
Додхоҳ – хон олдига фуқароларнинг хоҳиш-истак ҳамда мақсадларини баён этиш ҳуқуқига эга мансаб, сарой унвони.
Дастурхончи – хон дастурхонига, умуман, ошхонасига жавобгар сарой мансаби.
Сарой қоровулбегиси – хон ўрдасининг соқчиларига бошлиқ бўлган сарой амалдори.
Тунқатор – тун бўйи уйғоқ бўладиган соқчи. Хоннинг дам олиши ва юришлари вақтида қўриқчилик қилиб, хоннинг яқин кишиларидан тайинланадиган амалдор.
Офтобачи – хоннинг хос мулозимларидан бўлиб, унинг ювиниши ва таҳорати вақтида хизмат қиладиган амалдор.
Шарбатдор – энг олий ва фахрий унионлардан бўлиб, хоннинг хос мажлислари ва сафарларида ҳизматда бўлган.
Ҳидоятчи – хон саройига юборилган тортиқ ва совғаларни қабул қилиб олиб, хон назаридан ўтказувчи амалдор.
Шиғовул – саройга ташриф буюрган элчилар ва чопарларни хон ҳузурига бошлаб кирувчи амалдор. Манбаларга кўра, бу мансабдаги амалдорнинг вазифалари кенг бўлган.
Саркор – саройдаги хон амалдорларининг бошлиғи. Бу мансабдаги шахс хонга тегишли шифохоналар, корхоналар ҳамда қурилиш ишларига ҳам бошчилик қилган.
Қушбеги (миришкор) – ов пайтида хонга ҳамроҳлик қиладиган мансаб эгаси. Қушбегининг овчи итлари, лочин ва бургутлари бўлиб, ов пайтидаги хоннинг дам олиш жараёнларига ҳам бу шахс жавобгар бўлган.
Саломоғаси – хон номидан халққа салом берувчи.
Китобдор – сарой китобхонаси учун жавоб берадиган амалдор.
Do'stlaringiz bilan baham: |