O’quv –uslubiy majmua O’zroo`mtv tomonidan 2018 yilda ishlab chiqilgan hamda Uzdjtu kengashining 2018 yil 27 iyundagi 6-sonli bayonnomasi asosida foydalanish uchun tavsiya etilgan namunaviy fan dasturi asosida ishlab chiqilgan


Ma’ruza mashg‘uloti. Til asosiy aloqa vositasi


Download 200.04 Kb.
bet3/41
Sana12.03.2023
Hajmi200.04 Kb.
#1264566
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   41
Bog'liq
2. Majmua tilshunoslik

2.Ma’ruza mashg‘uloti. Til asosiy aloqa vositasi
Reja.
1. Тилшунослик тарихида тил ва нутқнинг ўзаро фарқланиши
2. Тил ва нутқ
3. Нутқда паралингвистик омилларнинг қўлланиши.
Тилшуносликда тил ва нутқ ўзаро фарқлангандан буён уларнинг бирликлари ҳам бир-бири билан ўзаро доимо алоқада бўлган алоҳида-алоҳида бирликлар сифатида ажратиладиган бўлди.
Н.А.Слюсарева таъкидлаганидек, Ф.де Соссюр таълимотининг моҳияти, энг қисқа шаклда ифодалаганда, тил (ланг) ва нутқ (парол) фарқланишидир. Унинг бошқа барча назариялари мантиқан шу асосий тезисдан келиб чиқади.1
В.Я.Звегинцев Ф.де Соссюрнинг тил-нутқ қарама-қаршилиги асосида мазкур ҳодисаларнинг қуйидаги фарқли белгиларини кўрсатади.2
1. Нутқ индивидуал, тил умумий ҳодисадир. Умумхалқ тили доимо ва албатта алоҳида нутқий кўникмаларида тил системаси чегарасида маълум ўзгаришга учрайди.
2. Нутқ психик ҳодиса, тил социалдир.
3. Нутқ ҳаракатчан, динамик, тил эса стабилликка, статикликка интилади.
4. Нутқ тарихий, тил ахроник хусусиятга эга.
5. Нутқий элементлар ўртасида сабабий тобелилик, тил элементлари ўртасида функционал тобелилик мавжуд.
6. Тил лингвистик қонуниятларга бўйсунади. У лингвистик «регуляр», нутқ эса лингвистик норегуляр, спородик характерга эга.
7. Нутқ доимо моддийликка хос. У ўзининг функциясини реал моддий сифатга эга бирликлар сифатида бажара олади. Тил абстракт система сифатида мавжуд. Бундай фарқланиш субстанция ва форма ўртасидаги фарқланиш кабидир.
Н.А.Слюсарева шу кунга қадар тил ва нутқ қарама-қаршилигига бағишланган ишларни умумлаштирган ҳолда, тил ва нутқни қутбий зиддият (бинар оппозиция) асосида уч хил йўл билан аниқлаш мумкин эканини кўрсатади: 1) билиш назарияси нуқтаи назаридан – гносеологик аниқлаш; 2) тил ва нутқнинг предметлик хусусияти нуқтаи назаридан – онтологик аниқлаш; 3) қўлланиш доираси ва фойдаланиш тарзи нуқтаи назаридан – прагматик аниқлаш. Бу уч хил йўл бир-бирини тўлдиради.
Тилшунослик тарихида тил ва нутқ ўзаро фарқланиши билан тилнинг турли сатҳларида мазкур зидланишнинг намоён бўлишини тадқиқ этишга эътибор кучайди, бунинг натижасида тил ва нутқ бирликларини ажратиш эҳтиёжи пайдо бўлди. Структур тилшунослик вакиллари Ф.де Соссюр изидан бориб лисоний фаолиятда тил ва нутқ синтезини кўрадилар.3
Тил атамаси остида автоматлаштирилган белгилар ва тил эгаларининг улардан фойдаланиш қоидаси, нутқ атамаси остида эса индивидлар нутқида унинг реал қўлланилиши тушунилади.4
Аввало, тил атамаси икки маънода қўлланилади: 1) кишилар ўртасидаги энг муҳим алоқа воситаси. Бунда тил бир бутун ижтимоий ҳодиса сифатида тушунилади; 2) ижтимоий ҳодисанинг нутққа зид қўйиладиган ҳолати. Ф.де Соссюрнинг фикрича, тил бу лисоний фаолият минус нутқдир.5 Профессор Ш.Раҳматуллаев фикрича, тил деганда бутунни ҳам (нутқни қамраб олган ҳолати), қисмни ҳам (нутқни қамраб олмаган ҳолати) тушуниш мумкин.6
Барча лингвистик бирликлар тил ва нутқ бирликлари ҳисобланади: бир томондан, улар тилга, иккинчи томондан, нутққа қаратилган бўлади.
Паралингвистиканинг ўрганиш объекти масаласида мутахассислар ўртасида турли хил қарашлар мавжуд. Уларнинг бир гуруҳи барча коммуникациянинг новербал воситаларини паралингвистика доирасига киритадилар. Г.В.Колшанский фикрича, паралингвистик воситалар субъектнинг вербал (сўзли) коммуникациясининг чала томонларини тўлдирадиган коммуникатив подсистемадир.7
Иккинчи гуруҳдагилар эса фақат нутқни кузатиб борадиган ҳар қандай сўзсиз коммуникация воситаларини паралингвистика объекти ҳисоблайдилар. Қуйидаги ҳодисалар нутқни кузатиб борадиган воситалар деб қаралади: характеризаторлар (кулги, йиғи, эснашларнинг турларига кўра халқаро фарқлари), квалификаторлар (талаффуз тезлигининг турлари, асосий тоннинг баландлиги ва бошқалар), айирувчилар (ҳм, уф-уф каби тил ҳодисаси бўлмаган товушларнинг комбинациялари) ҳамда имо-ишоралар, мимикалар ва ёзувдаги турли ёрдамчи график ишоралар киритилади.
Яна бир гуруҳ тадқиқотчилар информацияда қатнашадиган барча ёрдамчи воситаларни вербал бўлмаган воситалар доирасига киритиб, уларни уч гуруҳга ажратади: 1) табиий нутқни кузатиб борувчи новербал воситалар; 2) нутқ ифодаси ўрнида қўлланиладиган новербал воситалар; 3) вербал воситалар билан бирга ишлатилиб аралаш ҳолатни ҳосил қиладиган новербал воситалар. Биринчи тур воситалари паралингвистик ҳолат, иккинчиси тил белгилари субституцияси, учинчиси эса тил ва тил бўлмаган воситалар интерференцияси деб изоҳланади.8 Кўриниб турибдики, мазкур гуруҳдаги олимлар фақат нутқни кузатиб борадиган новербал воситаларнигина паралингвистика таркибига киритадилар. Уларнинг фикрича, новербал воситалар (имо-ишоралар ҳам) уч хил коммуникатив функцияни бажаради. Шулардан фақат биринчисигина паралингвистика доирасига киритилади.
Биз паралингвистика доирасига коммуникацияда иштирок этадиган барча суперсегмент воситалар ва имо-ишора ҳамда мимикаларни киритиш тарафдоримиз.
Паралингвистик омиллар тил структурасига кирмайди. Чунки тил системаси ташқи омилларга боғлиқ бўлмаган ҳолда яшайди. Коммуникациянинг юзага чиқиши учун қандайдир ёрдамчи воситаларга эҳтиёж сезилмайди. Тил системаси ҳамиша ҳар қандай фикр мазмунини, ҳис-ҳаяжонларни ўз ички воситалари билан ифодалаш қудратига эга.9 Аммо коммуникацияда информацияга зиён етмайдиган даражада фонацион энергияни тежашга интилиш ҳар қандай инсон фаолиятига хос хусусиятдир. Шунинг учун инсон тилда доимо ортиқча нарсалардан қутулишга, зарур нарсаларни эса бўрттириб кўрсатишга интилади. Худди ана шу талабга кўра, айтилиши лозим бўлмаган ортиқча формал воситалар ўрнини компенсация қилишда энг содда ва энг тежамли восита бўлган паралингвистик восита таркибига кирувчи кинетик воситалар ёрдамга келади. Масалан, Менга стол устида турган бўёқ қаламни олиб бер жумласида агар сўзловчи шу столга яқин бўлса, столнинг устидаги бўёқ қалам қисми нутқ ситуацияси учун ортиқча бўлиб қолади. Натижада қўл билан стол устидаги бўёқ қаламни кўрсатиб олиб бер қисминигина талаффуз қилган ҳолда жумланинг ҳамма қисмидан англашилиши лозим бўлган фикрни ифодалаш мумкин. Демак, қўлнинг кўрсатиш ҳаракати эллипсисга учраган гап қисмларининг функциясини бажаради, уни компенсация қилади. Бу билан ифодада ихчамлик туғилади. Кўринадики, паралингвистик воситалар, биринчидан, нутқни ихчамлаштиради, иккинчидан, нутқни компенсациялаш вазифасини бажаради. Паралингвистик воситаларнинг нутқ таркибида ишлатилиши тилда доимо амал қилинадиган тежамлилик принципи тенденцияси билан чамбарчас боғлиқдир.
Ҳар қандай тил таркибида қўлланилаётган имо-ишоралар ўзларининг жуда узоқ тарихига эга. Нутқ санъатини эгаллашнинг бошланғич босқичида имо-ишора ва тилнинг мураккаб аралашиб кетиши ибтидоий одамларда имо-ишораларни тасвирловчи ва ифодаловчи жуда кўп сўзларнинг мавжудлиги билан изоҳланади. Ибтидоий одамнинг тили, аслини олганда, икки хил тилдир: биринчи томондан, сўз тили, иккинчи томондан, имо-ишора тили. Ибтидоий одамлар тили предмет образларини ифодалайди, бу образларни ўз кўзи ва қулоғи билан қандай тасаввур этса, шундай ифодалаганлар. Ҳар бир жумла мураккаб шаклда бўлиб, унда имо-ишора, товушлар бирлашган.10 Аммо мазкур фикрлардан коммуникация ифодалашда имо-ишора вербал ҳодисаларга нисбатан олдинроқ қўлланилган деб бўлмайди. «Узоқ даврларга қадар тил (товуш тили) имо-ишоралардан келиб чиққан деган турли назариялар (Л.Трейгер, В.Вундт, XIX аср, Я.Ван-Гиннекен, Н.Я.Марр, ХХ аср) ҳеч нарсани тушунтирмайди. Имо-ишоралар ҳаммавақт товуш тилига эга бўлган кишилар учун иккинчи даражали вазифа бажаради. Имо-ишоралар ичида «сўз» йўқ ва имо-ишоралар тушунча билан боғланмаган. Имо-ишоралар кўрсатиш, экспрессив характерда бўлиши мумкин, аммо ўзича тушунчаларни номлай ва ифодалай олмайди. Фақат шундай функцияга эга бўлган сўз тилини кузатиб боради»11, – дейди А.А.Реформатский. Ҳақиқатан ҳам, тарих товуш тилига эга бўлмаган бирорта ҳам кишилик жамиятини, ҳатто энг қолоқ кишилик жамиятининг бўлганини билмайди. Товуш тили инсоният тарихида кишиларнинг ҳайвонот дунёсидан ажралиб чиқишига, жамият бўлиб бирлашишига, ўз тафаккурини такомиллаштиришига, ижтимоий ишлаб чиқаришни ташкил қилишига, табиат кучлари билан мувафаққиятли кураш олиб боришга ва шу тариқа ҳозирги замон тараққиёт даражасига етишига ёрдам берган кучлардан биридир. Имо-ишоралар эса доимо нутқ билан биргаликда қўлланиб, унга ёрдам берувчи иккинчи даражали восита бўлиб келган. Чунки фикр ўзининг маълум моддий асосига эга бўлиши керак. Ана шу моддий асос нутқдир. Нутқ фақат фикр ифодаловчи воситагина эмас, балки фикрни шакллантирувчи восита ҳамдир. Ҳар қандай фикр маълум бир тил асосида шаклланади. Полиглотлар доимо қайси тилда фикрлаётганини биладилар. Агар бирон тилдаги ифода нотўғри чиқиб қолса, мен фалон тилда фикр қилиб, бу тилда гапирибман деб хатосини тан оладилар. Инсон ўз фикрини нутқ товушлари ёрдамида ифода қилмаган тақдирда ҳам, ўйлаш жараёнидаги нутқ органларининг ҳаракатини махсус аппаратлар ёрдамида кузатиш мумкин.12 Шунингдек, айрим кишилар бирор нарсани ичида ўқиётганда ҳам нутқ органларининг ҳаракати аниқ сезилиб туради.13 Имо-ишоралар вербал воситани тўла компенсация қилганда ҳам, вербал воситанинг изи – артикуляцияси сезилади. Бундан имо-ишоранинг маълум нутқ вазияти тақозоси билан фикр ифодалаш вазифасида қўлланилиши вақтинча – факультатив экани кўринади.
Кар-соқовларнинг коммуникация воситаси бўлган имо-ишоралар эса тамоман бошқа вазифага эга. Бундай имо-ишоралар нутқни кузатиб борувчи имо-ишоралардан фарқ қилган ҳолда табиий тил билан функционал тенг ҳуқуқлидир. Шунинг учун бу хил имо-ишоралар паралингвистиканинг текшириш объектига кирмайди.



Download 200.04 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   41




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling