Ҳозирги ўзбeк романлари структурасида психологизм муаммоси


Download 19.27 Kb.
Sana18.11.2023
Hajmi19.27 Kb.
#1783453
TuriДиссертация
Bog'liq
taqriz kril


ШАРОФ РАШИДОВ НОМИДАГИ САМАРҚАНД ДАВЛАТ УНИВEРСИТEТИ ТАДҚИҚОТЧИСИ БОБОХОНОВ МАВЛОН РАХМАТИЛЛАЕВИЧНИНГ “ҲОЗИРГИ ЎЗБEК РОМАНЛАРИ СТРУКТУРАСИДА ПСИХОЛОГИЗМ МУАММОСИ” МАВЗУСИДА 10.00.02 – ЎЗБEК АДАБИЁТИ ИХТИСОСЛИГИ ЙЎНАЛИШИДА ФИЛОЛОГИЯ ФАНЛАРИ ДОКТОРИ ИЛМИЙ ДАРАЖАСИНИ ОЛИШ УЧУН ЁЗГАН ДИССЕРТАЦИЯСИГА РАСМИЙ ОППОНEНТ
ТАҚРИЗИ
Бугунги кун жаҳон ва ўзбек адабиётшунослигида адабий асарни психоаналитик ўрганиш масаласига алоҳида диққат қаратилмоқда. Бадиий асар инсон онги, руҳияти ва қалбидаги фикр-у кечинмаларни ифода этар экан, инсон руҳиятини талқин этиш, бадиий психологизмнинг асар таркибидаги ўрнини белгилай олиш, инсон ички олами тасвирлашда ёзувчи танлаётган усулларни ўрганиш юзасидан ўзбек адабиётшунослигида нисбатан кам тадқиқот олиб борилган. Тадқиқотчи Бобохонов Мавлон Рахматиллаевичнинг “Ҳозирги ўзбек романлари структурасида психологизм муаммоси” номли 10.00.02 – ўзбек адабиёти ихтисослиги бўйича филология фанлари доктори илмий даражасини олиш учун ёзган диссертацияси айни шу кемтикликни тўлдиришга қаратилган диссертация бўлиб, назарий поэтика масалаларига бағишланган ишлар сирасига киради.
Тадқиқот ишининг мундарижаси ҳозирги ўзбек романлари структурасидаги психологизм муаммоларининг асосий жиҳатларини қамраб олган дейиш мумкин. Тадқиқотнинг “Кириш” қисми талаб даражасида шакллантирилган. Диссертациянинг боблари ҳам ўзаро бир-бирига алоқадор ички фасллардан ташкил топган. Хусусан, “Бадиий психологизм генезиси” тадқиқига қаратилган биринчи боб “Психологизмнинг тарихий илдизлари”, “Адабиётшунослик тушунчалари тизимида психологизм” ва “Руҳий таҳлил тамойил ва усуллари, психологик тасвир воситалари” деган фаслларни қамраб олган.
Диссертант биринчи бобнинг “Психологизмнинг тарихий илдизлари” деб аталган биринчи фаслида психологизмнинг эстетик категория сифатида адабиётга кириб келиши ва ривожига диққат қаратади. Мазкур категориянинг генезисини тадқиқ этиб, унинг илк пайдо бўлишидан тортиб, ХХ аср адабиётида аналитик йўсиндан синтетик принцип фойдасига силжишигача, антик ва ўрта аср олимлари фикрларини таққослайди.
Бобнинг “Адабиётшунослик тушунчалари тизимида психологизм” деб номланган иккинчи фаслида психологизмнинг адабиётшунослик терминлари системасидаги ўрнига эътибор қаратади. Д. Н. Ушаков, В. И. Чернишев, А. Мадвалиев, А. В. Безрукова, Т. Ф. Ефремо кабиларнинг таҳрири остидаги луғатлардаги психологизм атамасининг маъноси қиёсланган ва “психологик тасвир” бирикмаси “психологизм” термини билан синонимлиги ҳақида шахсий мулоҳазалар билдирилган.
Биринчи бобнинг учинчи фасли “Руҳий таҳлил тамойил ва усуллари, психологик тасвир воситалари” тадқиқига йўналтирилган бўлиб, унда диссертант адабиётшунослар томонидан эътироф этилган руҳий шакл “ботиний” ва “зоҳирий” турларга ажратилиши субъект ва объект муносабатларининг қоришиб кетиши билан боғлиқ чалкашликни келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақида асосли фикрларини билдириб ўтади.
Ўзбек замонавий романчилиги психоанализ ва коллектив ғайришуурийлик назариялари призмасида” деб номланган иккинчи бобда, “Роман таҳлилида психоанализ ва коллектив ғайришуурийлик методларининг устуворлик жиҳатлари”, “Замонавий ўзбек насрида ғайришуурийлик: “Қўрқма” романида ривоя ва талқин муаммоси”, “Руҳий таҳлил асар поэтикасининг услубий доминантаси” фасллари орқали ушбу бобда қўйилган масалалар узвий боғлиқ равишда очиб берган.
Иккинчи бобнинг “Роман таҳлилида психоанализ ва коллектив ғайришуурийлик методларининг устуворлик жиҳатлари” деб аталган биринчи фаслида психологизмнинг бадиий асардаги шакл ёки мазмун ҳодисасига тааллуқли эканлигини аниқлаш мақсадида ўтказилган сўровнома натижаларига асосланиб, ушбу категория шакл ҳодисаси дея хулоса чиқарилади. Шунингдек, тадқиқотчи романда нималар кўпроқ тасвирланса қизиқарлироқ бўлиши юзасидан ўтказилган тажрибасида инсон руҳияти, ички дунёсидаги тебранишлар тасвири китобхонларни (70,2%) қизиқтириши борасидаги илмий хулосалар чиқаради. Кейинги тажриба қаҳрамонлар ички дунёси тасвирланган асарларни таҳлил қилишда З.Фрейд назариясининг устун жиҳатларини амалий кўрсатишга бағишланади.
Бобнинг “Замонавий ўзбек насрида ғайришуурийлик: “Қўрқма” романида ривоя ва талқин муаммоси” номли иккинчи фаслида ёш ёзувчи Жавлон Жовлиевнинг “Қўрқма” романи Карл Юнг таклиф этган коллектив ғайришуурийлик тамойили нуқтаи назаридан тадқиқ этилган. Тадқиқотчи асардаги Кўланка образини таҳлил қиларкан, “Жавлон Жовлиев қўллаган ғайришуурийлик призмаси орқали ҳикоя қилиш тамойили миллий характерлар руҳиятини очиш, қаҳрамон онг оқими тасвири орқали бугунги ўзбек жамиятининг аҳволи ҳақида фикр юритиш имконини берган”, деган фикрга келади.
Руҳий таҳлил асар поэтикасининг услубий доминантаси” деб номланган учинчи фасл аксарият ёзувчиларнинг роман ёзишдан олдин қисса жанрида инсон ички дунёсини тасвирлаш маҳорати ҳақида сўз боради ва Тоғай Мурод қаҳрамони Зиёдулланинг руҳий ҳолати мисолида қиссада қўлланган вербал ва новербал хатти-ҳаракатлар мажмуи (психологик доминантлар) чуқур мотивли миллий қаҳрамон – сурхондарёлик оддий кал чўпон характерининг ишончли чиқишига замин яратганлигига тўхталади.
Ушбу бобнинг “Бадиий психологизм “Шовқин” романида услубни белгиловчи мазмуний шакл сифатида” номли сўнгги фаслида эса Эркин Аъзам услубидаги маълум бир бадиий мазмун қаҳрамон нуқтаи назаридан ҳикоя қилиш масаласи “Шовқин” романи қаҳрамони Фарҳод Рамазон тушган психологик вазиятлар орқали очиб берилади.
Диссертациянинг “Роман структурасида психологизм поэтикаси” деб номланган учинчи бобининг биринчи фасли “Бадиий асар оламининг ўзига хос хусусиятлари” деб аталган бўлиб, унда асар таснифига доир жаҳон, рус ва ўзбек олимларининг қарашлари таққосланган. Шунингдек, асар оламининг тузилиши, дунёнинг нутқ субъектлари билан ўзаро нисбати ўрганилган.
Учинчи бобнинг “Матн экспрессив бўёқдорлигининг руҳият тасвиридаги аҳамияти” номли иккинчи фаслида эмотив лексиканинг қаҳрамон руҳиятида тутган ўрни ва ҳиссий бўёқдорликни таъминлашдаги вазифаси аниқланади.
Бобнинг “Характер руҳиятини очишда ҳикоя қилиш техникасининг ўрни” деб номланган учинчи фаслида ҳикоя қилиш субъектлари – муаллиф, ҳикоячи, ровий, қаҳрамон нутқларининг ўзига хосликлари келтирилган.
Диссертациянинг тўртинчи боби “Ўзбек психологик романларининг ўзига хос хусусиятлари” тадқиқига бағишланган ва “Билвосита нутқ “Лолазор” романида бевосита психологизм кўринишларидан бири сифатида”, “Отамдан қолган далалар” романида руҳий кечинмалар тасвири”, “Психологик романда ҳикоя субъектлари: нуқтаи назар тамойилининг имкониятлари”, “Исён ва итоат” романида руҳий таҳлил динамикаси” каби тўртта фасл орқалиқўйилган илмий муаммолар бирма-бир очиб берилган. Ўзиники бўлаган кўчирма гап, ички нутқнинг роман қаҳрамонлари ички руҳиятини тасвирлашдаги ўрнини очиб беришда “Лолазор”, “Отамдан қолган далалар”, “Исён ва итоат” номли машҳур роман қаҳрамонлари Назар Яхсибоев, Деҳқонқул, Акбар кабиларнинг таҳлилга тортилганлиги диссертациянинг ютуқларидан биридир.
Тадқиқотда диссертант боблар мазмунини ёритиб берувчи дадил назарий хулосалар чиқаради. Келтирилган хулосалари қўйилган муаммоларни очиб беришга хизмат қилган. Шунга қарамай, диссертацияда айрим жузъий камчиликлар ҳам мавжуд:
1. Ишнинг ўрганилганлик даражаси қисмида тадқиқотчи ўзидан олдинги шу мавзу бўйича ўрганган олимларнинг ишларига қисқача изоҳ бериб, ўз тадқиқотининг уларникидан фарқланганлик томонларини кўрсатса, мақсадга мувофиқ бўлган бўлар эди.
2.1-бобнинг биринчи фасли “Психологизмнинг тарихий илдизлари” деб номланиб, тадқиқотчи бу қисмда А.Б.Есин, В.П.Рагойша, Л.Й.Гунзбург, Н.С.Лейтес, Г.Н.Поспелов ва яна бир қатор олимларнинг фикрларидан мисоллар келтиради, аммо мулоҳаза ва таҳлилга киришмайди, шу сабабли бу қисмда тадқиқотчининг мустақил фикрлари унча кўзга ташланмаган (Автереферат 14-17-бетлар).
3. Ишнинг 3-боб қисмида бадиий асарлардан келтирилган парчалар бироз катта ўринни эгаллагандай таассурот қолдиради.
4. Диссертация авторефератида ишнинг объекти сифатида танланган барча асарлардаги психологик таҳлиллар қамраб олинмаган, зеро автореферат диссертациянинг асосини кўрсатиши лозимдир.
Бироқ келтирилган камчиликлар жузъий характерда бўлиб, ишнинг юқори савияда ёзилганлигига соя солмайди. Ишнинг хулоса қисмида келтирилган фикрлар тадиқиқотчининг назарий билимлари етарли эканлигини кўрсатади. Шунга кўра, Бобохонов Мавлон Рахматиллаевичнинг “Ҳозирги ўзбек романлари структурасида психологизм муаммоси” номли 10.00.02 – ўзбек адабиёти ихтисослиги бўйича ёзган диссертациясини Олий Аттестация Комиссиясининг барча талабларига жавоб бера олишини қайд этган ҳолда, диссертантни филология фанлари доктори илмий даражасини олишга муносиб деб ҳисоблайман.
Ҳамдамов Улуғбек Абдуваҳобович,
Филология фанлари доктори, профессор. 12.06.2023
Download 19.27 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling