Ўқув маълумотлари – табиат ва жамият ҳодисалари ҳақидаги билимлар, илмий асосланган тажрибалар ўқувчиларнинг ёш хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда тақдим этиладиган илмий, техник ёки тарбиявий маълумотлар.
Ўқув маълумотларини лойиҳалаш технологияси – Унда: 1) таҳсил олувчиларга тақдим этиладиган материаллар; 2) таҳсил олувчиларга мустақил бажариш учун бериладиган вазифалар; 3) таҳсил олувчилар томонидан ўзлаштирилган маълумот (билим) турлари (Н.В.Кузьмина) ўз аксини топади.
Ўқув муассасаси карантини – юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида уюштириладиган тадбирлар тизими.
Ўқув муассасаси маълумотномаси (справочниги) – олий ва ўрта, махсус касб-ҳунар таълими давлат ва нодавлат таълим муассасалари ҳақида ахборот нашри.
Ўқув-орфографик луғат – ўқувчиларга тўғри ёзиш қоидаларини тақдим қиладиган луғат, қ. Орфография.
Ўқув олимпиадалари – таълимий характердаги синфдан ва мактабдан ташқари ишларнинг ўқув мусобоқаси шакли.
Ўқув пансиони – Россия ва Европада ташкил этилган аслзода ва саноат эгаларининг болаларига пуллик хизмат кўрсатилган ўрта ҳамда олий таълим муассасаси.
Ўқув предмети – у ёки бу фаннинг асосий мазмунида ифодаланган дидактик асосланган билим, кўникма ва малакалар тизими.
Ўқув предметларини ўқитиш методикаси – хусусий дидактика ёки хусусий ўқитиш назариясини ифодаловчи педагогика фани тармоғи.
Ўқув расмлари – педагогик мақсадда фойдаланиладиган тасвирий санъат асарлари, кўргазмали қўлланмаларнинг кенг тарқалган тури.
Ўқув режаси – 1) таълим соҳасидаги асосий меъёрий давлат ҳужжати бўлиб, давлат таълим стандартининг муҳим қисми сифатида ўзида ҳар бир синфда бериладиган ўқув фанлари бўйича ўқув юкламаси ҳажмини белгилайди; 2) ўқув юртларида ўқитиладиган фан, уларнинг бўлимлари, ўқитилиш тартиби ҳамда ҳар бир фаннинг йил давомида ўқитилиши, уларнинг ўқув йили ва ҳафтасига қанча миқдорда ўтилиши кераклигини белгилаб берадиган расмий педагогик ҳужжат.
Do'stlaringiz bilan baham: |