Таълимнинг фундаменталлиги ва амалий йўналганлиги тамойилининг аҳамияти шундаки, умуий ўрта таълим мактабларидаёқ ўқувчилар чуқур назарий ва амалий тайёрликдан ўтадилар. Мазкур ҳолат анъанавий дидактикада таълимнинг ҳаёт билан, назариянинг амалиёт билан боғлиқлиги тамойили сифатида ифода этилади. Ўқишда фундаменталлик билимларнинг илмийлиги, тўлиқ ва чуқур бўлишини кўзда тутади. У юксак интеллектуал салоҳият, фикрлаш лаёқатининг тадқиқотчилик кўринишда бўлиши, билимларини доимий равишда тўлдириб бориш истаги ва малакаларини талаб этувчи замонавий илмий-техник тараққиётга асосланганлик билан тавсифланади. Фундаментал билимлар аниқ билимларга қараганда секин эскиради, шунингдек, инсон ва хотирасига эмас, кўпроқ унинг фикрлаш лаёқатига боғлиқ бўлади. Таълимнинг фундаменталлиги билимлар мазмунининг мунтазамлиги, назарий ва амалий жиҳатдан ўзаро нисбатда бўлишни талаб этади.
Таълим ва тарбиянинг уйғунлиги тамойили яхлит педагогик жараёнда таълим ва тарбиянинг бирлиги қонуниятларига таянади. Бу тамойил таълим жараёнида баркамол ривожланган шахсни шакллантиришни кўзда тутади. Таълим жараёнида тарбиялашнинг самарали кечиши шахснинг интеллектуал ривожланиши, биринчи навбатда, ўқувчиларнинг қизиқишлари, идрок этиш ҳамда индивидуал қобилиятларининг ҳисобга олиниши билан боғлиқ.
Таълимнинг тизимлилиги ва изчиллик тамойили баён қилинаётган ўқув материалини мустаҳкамлаш ва илгари ўтилган материалларни тўлдиришга хизмат қилишини, ўқувчиларнинг узлуксиз ва тизимли суръатда мустақил иш олиб боришларини, ўқувчиларнинг ўзлаштирган билим ва ҳосил бўлган кўникма, малакаларини ҳисобга олиб боришни ҳам ўз ичига олади.
Изчиллик таълим мазмуни, унинг шакли ва усуллари, ўқув жараёни иштирокчилари бўлган субъектларнинг ўзаро муносабатларига тааллуқли. У алоҳида парсиал (юнонча партиалис – қисман) ва хусусий ўқув вазиятлари, предмет ва ҳодисалар ўртасидаги боғлиқлик, алоқадорлик қонуниятларини аста-секин ўзлаштириш асосида уларни ягона яхлит ўқув жараёнига бирлаштиришга имкон беради.
Изчиллик таълим жараёнининг маълум тизим ва кетма-кетлик асосида бўлишини назарда тутади, зеро, мураккаб масалаларни оддий масалаларни ўрганмай туриб ҳал этиб бўлмайди.
Тизимлилик ва кетма-кетлик у ёки бу ўқув материалини ўзлаштириш суръати, унинг элементлари ўртасидаги ўзаро мослигини таҳлил қилишга имкон беради. Таълимнинг тизимлилиги ва кетма-кетлиги маълум фанлар бўйича билим, кўникма ва малакаларини шакллантириш, борлиқни яхлит идрок этиш ўртасидаги қарама-қаршиликни ҳал этишга имкон беради. Ушбу ҳолатлар биринчи навбатда дастур ва дарсликларни муайян тизимда яратиш, фанлараро ҳамда фанлар ичидаги боғлиқликни таъминлаш эвазига намоён бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |