Реакциянинг типлари. Реакциянинг сенсор, мотор ва нейт-
рал типлари фарқланади. Реакциянинг бу уччала типи дастлабки даврда ривожланувчи ва реакциянинг эффектор даврини белгилаб берувчи психик жарёнларнинг ҳарактерига кўра бир- биридан фарқланади.
Реакциянинг сенсор типи. Ушбу тип спортчининг диққати дастлабки даврда ижро сигналини идрок этишга қаратилганлиги билан ажралиб туради. Бунда спортчининг эшитиш таҳлилатори жуда кучли қўзғалишда бўлади; унга нисбатан мия қобиғининг бошқа марказлари, жумладан унинг ҳаракатланиш участкаси ҳам бу даврда тормозланган ёки жуда кам даражада қўзғалган бўлади. (27 –расм).
Диққатнинг ана шундай йўналтирилганлиги туфайли спортчи сигналли қўзғатувчиларни жуда тез ва тўғри идрок этади, бироқ у ҳали старт ҳаракатини тез ва катта куч билан амалга оширишга тайёр бўлмайди.
27-расм. Сенсор типидаги оддий реакциянинг чизмаси
Дастлабки даврда идрок этиш марказлари (эшитиш) кучли қўзғалган, ҳаракатланиш марказлари эса бўшашган ҳолатда бўлади. Бунинг оқибатида сигналга жавобан ҳаракатланиш шу қадар кечикадики, оқибатда бўшашган ҳаракат марказларини фаол ҳолатга келтириш учун анча куч талаб этилади.
Бунга изоҳ − бош мия қобиғининг ҳаракатланиш участкасидаги мотор импульсларини тайёрлаш нисбатан кўпроқ вақтни ва анчагина асаб кучини сарфлашни талаб қилади, чунки улар фақат сигнални идрок этишдан кейингина ишга тушадилар, яъни бундан олдинги ҳаракатланиш марказларининг нисбатан тормозланган ҳолатида вужудга келган “бўш жойидан” ҳосил бўладилар.
Сенсор типидаги реакция бошқа реакция типларига нисбатан анча секин кечади. Уларнинг латент даври ўртача ҳисобда 160-175 сигма (сониянинг мингдан бир улуши) давом этади, чунки асаб қўзғалиши реакциянинг дастлабки даврида миянинг катта ярим шарлари қобиғидаги мотор марказларида эмас, балки сенсор марказида етакчилик қилади.
Реакциянинг мотор типи. Спортчининг диққати реакциянинг дастлабки даврида жавоб ҳаракатини тайёрлашга йўналтирилганлиги билан характерланади. Албатта, бунда бош мия қобиғининг ҳаракат марказлари кучли қўзғалган бўлади, айни пайтда миянинг бошқа участкаларида, шу жумладан эшитиш таҳлилаторининг миядаги сўнгги қисмда ҳам тормозланиш ёки сезиларли сустлашиш кечаётган бўлади (28-расм). Шу туфайли ҳам спортчи ўта тезкор ва кучли жавоб ҳаракатини намоён этишга тўла тайёр бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |