Тадқиқотнинг объектини 5 жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”, Ўзбекистон таълим тизимига оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар матнидаги арабизмлар, арабизмларнинг араб тилидаги луғавий маънолари изоҳланган луғатлар ташкил этади.
Тадқиқотнинг предмети Ўзбекистон таълим тизимида қўлланаётган арабизмларнинг лексик-семантик хусусиятларини аниқлаш, лексемалар семантикасидаги ўзгаришларни таҳлил қилиш, араб тили ва ўзбек тилидаги маънолари нисбатини белгилашдан иборат.
Тадқиқотнинг усуллари. Тадқиқотда қиёсий-тарихий метод, компонент таҳлил методи, моделлаштириш ва концептуал жадвал усулларидан фойдаланилди.
Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
ўзбек тилидаги таълим соҳасига оид арабизмларнинг ўзлашиш омиллари илк бор монографик планда ёритилган ва ўзбек тили таълим соҳасидаги арабизмларнинг лингвостатистик хусусиятлари очиб берилган;
таълимга оид арабизмларнинг лексик-семантик таснифи, арабизмларнинг таълим соҳаси терминлари сифатидаги коммуникатив функцияси белгиланган, уларнинг мулоқот жараёнидаги коннотатив маънолари ва прагматик функциялари кўрсатилиб, арабизмларнинг семантик тараққиётидаги ўзгаришлари асосланган;
арабизмлар семантикасидаги ёндош маъноларнинг шаклланиши аниқланган, семалар тараққиёти изоҳланган, таълимга оид арабизмлар ўзакдошлик қаторлари кесимида берилиб, ўзакдошлик қаторлари узвлари семантикаси ёритилган ва уларнинг сўз ясалиш тизимидаги ўрни далилланган;
таълим соҳасидаги арабизмлар тезауруси учун маълумотлар базаси шакллантирилган.
Тадқиқотнинг амалий натижалари қуйидагилардан иборат:
сўз ўзлаштириш жараёнининг лингвистик ва экстралингвистик омиллари таҳлил қилинган, таълим тизимига оид арабизмларга давр нуқтаи назаридан баҳо берилган;
ўзлашма сўзлар семантикасидаги ўзгаришлар таълим тизимига оид арабизмлар мисолида кўрсатиб берилган, лексеманинг асос тил ва ўзлаштирувчи тилдаги маъно муносабатлари изоҳланган;
лексема мундарижасидаги семантик тараққиёт, семема таркибидаги семалар миқдори, умумлаштирувчи ва фарқловчи семалар таҳлил қилинган;
таълим тизимига хос арабизмлар ўртасидаги кўп маънолилик, омонимлик, паронимлик ҳодисалари; лексемалар ўртасидаги партонимик, гипероним-гипонимик муносабатлар тезаурус асосида ёритилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |