Режа Жамоатчилик назорати тушунчаси ва унинг генезиси


Download 116.37 Kb.
bet1/10
Sana08.02.2023
Hajmi116.37 Kb.
#1177079
  1   2   3   4   5   6   7   8   9   10
Bog'liq
Стратегия 12-мавзу


12-мавзу. Жамоатчилик назорати ва давлат органлари фаолиятининг очиқлиги. ИЖТИМОИЙ ШЕРИКЛИК.


Режа
1.Жамоатчилик назорати тушунчаси ва унинг генезиси.
2.Ўзбекистонда жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ҳуқуқий-меъёрий асослари ва амалиёти
3. Коррупцияга қарши курашда жамоатчилик назоратининг аҳамияти.
4. “Фуқаролик жамияти” ва “ижтимоий шериклик” тушунчалари ўзаро алоқадорлигининг хусусиятлари
5.Ижтимоий шериклик ҳақидаги ғоялар эволюцияси

  1. Ўзбекистонда фуқаролик жамияти тараққиётида ижтимоий шерикликни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари

Таянч сўзлар: фуқаровийлик, жамоатчилик, жамоатчилик назорати, жамоатчилик назорати субъекти, жамоатчилик назорати объекти, жамоатчилик назорати шакллари, жамоатчилик назорати институти, электрон хизмат, “электрон ҳукумат”, ҳокимият органларининг шаффофлиги.


Ҳозирги фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлат шароитида давлат ҳокимияти органларининг самарали ишлаши учун албатта уларни фаолияти жамоатчилик назорати остида кечши лозимлигини ҳозирги давр ривожланган давлатлар тажрибаси исботламоқда. Агар, ҳозирги ғарб давлатлари тажрибасига эътибор берсак, фуқаролик назоратидан ҳоли бўлган давлат ҳокимияти логанларинимнг масълиятсизлиги аниқ сезилади: қонуннинг ишлаши тўлиқ таъминламайди, ҳисобсиз давлат ваколатларидан четга чиқадиган ва турли кампаниябозликларга берилишлар авж олади, бюджет ижросини амалга оширишда четга чиқишлар рўй беради, коррупция авж олади, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига амал қилиш қийин кечади, уларни ҳимоя қилишга унчалик аҳамият берилмайди, мансабдорлар бошқарув фаолияти самарасиз кечади, ижтимоий муносабатларни тартибга солиш иккинчи даражали ишга айланади, давлат ҳокимияти ресурсларини бошқаришда субъективлик авж олади.
Фуқаролик жамияти шароитида жамоатчилик назорати – бу фуқаролар, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, сиёсий партиялар, жамоат бирлашмалари, касаба уюшмалари томонидан давлат ҳокимияти органларини қонунга амал қилишга мажбур этиш, уларнинг ўз вазифаларини маъсулият билан бажариши ва бунинг оқибати ўлароқ жамиятда малакали ва самарали бошқарувни бажаришга мажбурлаш мақсадида давлат ҳокимияти органлари ва маҳаллий бошқарув органлари фаолияти устидан назорат қилиш ва текширишидир.
Жамоатчилик назорати – бу жамиятнинг алоҳида фуқаролар шахсида ҳамда фуқаролик жамияти институтлари воситасида давлат ҳокимияти органларининг қонунларни ва ўз қарорларини қўллаш, амалга ошириш, шунингдек бу жараёнлар натижаларини баҳолаш механизмидир. Жамоатчилик назорати – бу фуқаролар, фуқаролик жамияти институтлари – жамоат ва нодавлат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, сиёсий партиялар, касаба уюшмаларининг давлат ва маҳаллий ҳокимияти органларининг қонунга амал қилишларини таъминлашга мажбурлаш, ўз вазифасини бажаришида масъулиятни ҳис этиши, ўз мажбуриятларини сифатли тарзда бажариши каби фаолиятлари устидан турли шаклдаги текширувларни амалга оширишидир. Шунингдек, ривожланган давлатларда жамоатчилик назоратини жамиятда тутган ўрни унинг қанчалик “транспарент” эканлиги, яъни шаффофлик даражаси билан ўлчанади1.
Ҳозирги даврга хос замонавий давлатларда жамоатчилик назорати ижроия ва бошқа ҳокимият тармоқларини қонунга амал қилишни, ўз ҳуқуқ ва ваколатларини малакали тарзда бажаришга мажбурлайди. Жамоатчилик назорати кучсиз бўлган ҳолатлар кўпинча ўтиш даврини ўз бошидан кечираётган давлатларда учрайди. Албатта, олимларнинг тадқиқот натижаларида кўрсатилишича, бу каби ҳолатнинг асосан учта сабаби мавжуд:
биринчидан, ҳокимият фаолиятини шаффофлик (очиқлик) билан рўй беришини таъминлайдиган механизмларнинг етишмаслиги; Иккинчидан, ҳали ўрта синфнинг жамоатчилик назоратининг бош ижтимоий базасининг ташкил этшга улгурмаганлиги; учинчидан, давлат ҳокимияти органлари мансабдорларида ва фуқароларида жамоатчилик назоратининг мохияти, усуллари, услублари, шакллари, механизмлари ва восита-куроллари тўғрисида зарур билимлар ва тасаввурларнинг етишмаслиги. Шунинг учун ҳам Россия фуқаролик жамиятини шаклланишига шарт-шароитларни яхшилаш омили сифатида Ғарбий Европанинг ривожланган мамлакатлари ва АКШ каби давлатларнинг жамоатчилик назоратини амалга оширишга доир тажрибаларини ўрганишга зарурат туғилади. Зеро, бу вазифа фуқаролик жамиятини қуришнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади. ривожланиши тажрибасини бир неча маколада очиб бериш долзарб масала бўлиб колмокда.
Маълумки, давлат ҳокимияти органлари бошқарувчилари – мансабдорлар давлатнинг марказий ва минтақавий молиявий муонсабатларини бошқаради, ер ва бошқа ресурсларни тақсимлайди, оммавий ахборот воситалари (ОАВ) ва бошқа жамоат ресурсларини назорат қилади, жамиятнинг турли соҳалари бўйича қабул қилинадиган қарорларнинг қабул қилинишига ўз таъсирини ўтказади, кадрларни ва хизмачиларни ишга олади ва ўз лавозмидан, меҳнат жамоаларини ўз ортидан эргаштиради, мамлакатни ривожлантириш стратегиясини аниқлашда иштирок этади.
Давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари ўз шахсий манфалатларини мамлакатнинг миллий манфаатлари билан айнанлаштирган тақдирдагина улар бошқарув тизимининг ҳақиқий ва самарали намоёндага айланади. “Миллий манфаатлар” деганда халқнинг хавфсизлиги таъминлаш, ҳуқуқнинг, қонун ижросини устуворлиги, инсон эркинлиги ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мулкдорлар қатлами - ўрта синфни фуқаролик жамияти иқтисодий ва ижтимоий таянчи бўла оладиган даражада шакллантириши, демократик қадриятларни ва бозор муносабатлари асосида иктисодиеёни ривожлантириш кабилар тушунилади. Бошкача айтганда, агар бошқарувчилар қатламида ўзининг жамиятдаги юкори ўрнини, молиявий жиҳатларга ва мулкга эга бўлишга оид ўз манфаатларини мамлакатнинг миллий манфаатларини ҳимоя қилиши ғоясининг кичик бир қисмига айланган тақдирдагина у самарали ва халқчил мансабдорга айланади. Давлат мансабдори ўзини кучли ва гуллаб-яшнаетган мамлакатидагина яхши яшаши ва ўз хавфсизлигини сақлай олишини чуқур англаган бўлиши лозим. Моҳиятан самарали бошқариш қобилиятга эга бўлган, нафақат ўзини, балки барча фуқароларнинг хавфсиз, кулай ва барқарор ҳаётини таъминлаш ишида фаол иштирок этадиган, фақат ўзидан юқори давлат ҳокимияти органлари олдидагина эмас, балки фуқаролар олдида ҳам масъулиятни ҳис қила оладиган – яъни фуқаролик жамияти талабларига жавоб бера оладиган мансабдорлар кўпчиликни ташкил этгандагина давлат ривожлана бошлайди.
Жаҳон тажрибасидан маълумки, жамоатчилик назорати жамиятга ҳам, давлат ҳокимиятига ҳам фойдали омил сифатида таъсир этади. Ҳақиқатан, у давлат ҳокимияти органларининг маъсул билан фаолият юритишига - қонуннинг ишлашини таъминлашга, инсон ҳуқуқи ва эркинликларини хурмат қилишга ва ҳимоялашга, бинобарин, умумий фаровонликка самарали ва ижобий таъсир кўрсатишга мажбур килади. Жамоатчилик назорати давлат ҳокимияти органларини доимий ва муттасил равишда такомиллашиб боришини рағбатлантиради:
биринчидан, у давлат хизмати ходимларини турли туман, сон-саноксиз ўзига тортадиган, ҳою-ҳавасга бериладиган бойликлар ва лаззатларга игтилмаслик иммунитетига эга бўлиши, маънавий бой бўлишга интилади;
иккинчидан, фуқароларнинг жамоатчилик назорати жамиятнинг ҳокимият органлари билан ўзаро – таъсир – акс таъсир алоқаларининг бир омили сифатида намоён бўлади, фуқароларга мамлакат тараққиётининг мақсадлари ва унинг устувор йўналишлари тўғрисида ҳаққоний тасаввурларга эга бўлиши ва давлат ҳокимияти органлари билан очиқ мулоқатларда бўлиб туришини таъминлайди. Давлат – жамият – фуқаролар ўзаро алоқалари ёрдамида ҳокимият органлари фуқароларнинг мамлакатда зарур ислоҳотларни ўтказишга доир талабларига нафакат қулоқ тутади, балки бу ислоҳотларни амалга оширишга киришади;
учинчидан, жамоатчилик назорати давлат ҳокимияти органларини самарали ишлашга ундайди, у фуқароларнинг жамоатчилик назорати воситасида бошқарув кадрларини ўз вазифаларини астойдил бажаришга ундаш омили сифатида намоён бўлади. Бошқарув тизими кадрлари жамият аъзоларининг назорати остидагина самарали бошқарувни амалга ошириши мумкин, жамоатчилик назорати кучи билан фуқароларнинг яратувчилик таклифлари ҳаётда ўз ифодасини топиши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, жамоатчилик назоратининг фаоллашуви натижасида рақобатбардош иктисодиёт ривожланади, кадрларнинг ички салоҳияти рўёбга чиқди, халқнинг турмуш даражаси ошади, кучли фуқаролик жамияти шаклланади, миллий хавфсизлик мустахкамланади, инсоний капитал ва унинг ресурси ҳаётда ишга тушади. Буларнинг барчаси пировард натижада мамлакатни салоҳиятли бўлишига олиб келади, жамият гуллаб-яшнайди, бошқача айтганда, миллий манфаатлар рўёбга чиқади.
АҚШда жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун кўплаб воситалардан фойдаланилиб, у асосан давлат ҳокимияти органлари фаолияти, фуқаролик иштироки ва уларнинг биргаликдаги хатти-ҳаракатларини шаффофлик билан кечиш принципига асосланади. Давлат ҳокимияти органларининг халқ олдида ҳисобдорлиги АҚШ тарихини дастлабки давридаёқ шаклланган эди. Фуқаролар уруши даврида АҚШ Президенти Авраам Линкольн ўзининг 1863 йилдаги машҳур “Геттинсберг мурожаати”да ўз сўзини ҳукуматнинг табиатига доир қуйидаги фикр билан тугатган эди: “халқ ҳокимияти, халқ иродаси ва халқ учун” бошқарилади. АҚШ оталардан яна бири – Жеймс Мэдисон 1775-1778 йилларда нашр этилган “Федералчи” мақолалар тўпламида хафтаномасида “Ҳеч бир шак-шубҳасиз республикавий эркинлик руҳияти ...нафақат барча ҳокимиятнинг халқдан келиб чиқишини, балки ҳокимият кимга ишониб топширилган бўлса, уларнинг халқ измида бўлишини тақозо этади”2. Мазкур демократик принцип ҳозирги даврга қадар АҚШ сиёсий анъаналари тамал тоши сифатида келмоқда.
Давлат ҳокимияти органларининг фуқаролар учун ахборот очиқлиги тамойилини давлат миқёсида қарор топиши дастлаб Швецияда юз берган. Бу давлат 1766 йилда “Нашрларнинг эркинлиги тўғрисида”ги қонун қабул килди. Бу қонун 1812 йилдан буён “Матбуот эркинлиги тўғрисидаги қонун” деб атала бошланди. Бу қонун ҳар қандай давлат органидан фуқаролар ва ОАВ вакиллари расмий ҳужжатлар билан танишини талаб килганда, давлат органи уларга ҳар қандай ахборотни дарҳол ва бепул тарзда такдим этишга мажбур эди3. Бу қонун 1949 йилда янги ўзгартиришлар ва қўшимчалар билан “Матбуот эркинлиги тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилинади. Шунингдек, у Швеция Конституциясининг таркибий қисми сифатида эълон қилинган. Бу қонунга яна 1976 йилда янги тузатишлар киритилиб, у ахборот эркинлиги ва очиқлигига доир меъёрларни белгилаб берди: “умумий хабардорлик асосида ҳар бир швед фуқароси ўз эркин фикр алмашишини рағбатлантириш мақсадида барча расмий ҳужжатлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлиши шартдир4.
Давлат ижроия ҳокимияти ва унинг тузилмалари ҳамда ўзини ўзи бошқариш органлари фуқароларнинг турли сўровларига дарҳол жавоб беришлари ахборот эркинлигининг асосий принципи сифатида намоён бўлди. Ҳар бир ҳокимият органи расмий ҳужжатлар рўйхатини юритишга мажбур эканлиги, уларнинг кўпчилигидан фуқаролар ва жамият институтларининг фойдаланишлари учун очиқ бўлиши гўёки фуқаролик жамиятининг асосий белгиларидан бирига айланди. Ҳозирги даврдада мазкур рўйхатлардан электрон шаклда фойдаланилмоқда. Бунда ҳужжатларни руйхатга олиш бўйича асосан тўртта мустаснолик мавжуддир:
Биринчи мустаснолик – давлат ҳокимияти органлари фаолияти учун унчалик катта аҳамият касб ютмаган ҳужжатлар.
Иккинчи мустаснолик – бу махфий бўлмаган ҳужжатлар; уларнинг қачон олинганлиги ёки яратилганлиги аниқ ҳолда сақланиши талаб этилади.
Учинчи мустаснолик – бу давлат сири тоифасига кирувчи ҳужжатлар.
Тўртинчи мустаснолик – бу рўйҳатга киритилган, электрон кўринишда сақланадиган ва фойдаланиш мумкин бўлган тоифага кирувчи ҳужжатлар.
Швецияда фуқароларнинг ахборот эркинлиги ҳуқуқи бошқа мамлакатлардан энг узун тарихга эга бўлишига қарамасдан бу фуқароларнинг расмий ахборотдан фойдаланиш ҳуқуқи 1990- ва 2000 йиллар бошларида амалий ҳаётда ҳокимият органлари томонидан тўлиқ тарзда таъминламади. Натижада молия ва ишлаб чикариш соҳаларида - техникавий, мехнат ва бошқа ресурсларни давлат бошқаруви томонидан мувофиқлаштиришнинг самарадорлигини пасайиб кетди. Жаҳон бозорида рақобатнинг кескин ортиши шароитида бу ҳолат юқори бошқарув ҳокимияти намоёндаларини ўз эгаллаб турган мавқелари, маблағлари ва мулкларини цшқотиб қўйиш хавфини келтириб чиқарди. Шудан кейин 2002 йилда ҳукумат мамлакатда турли соҳалардаги рақобатбардошликни ошириш воситасида миллий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида “Очиқ швед кампанияси”ни ташкил этишга қарор қилди. Бу кампаниянинг асоси мақсади, биринчидан, давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг барча соҳаларида амалга оширилаётган сиёсий йўналишлар бўйича ахборотларнинг очиқлиги амалиёти ўрнатилди. Иккинчидан, жамият аъзолари ва институтларининг давлат ҳокимияти фаолиятидан хабардорлиги даражаси юқори даражага кўтарилди5.
Швециядаги ижро ҳокимияти фаолиятининг очиқлигини таъминлаш тажрибасидан Финляндия давлатида кенг фойдаланилди. 1919 йилда мустақил давлат мақомига эришган финляндия бошқарувчи элитаси конститутцияга ахборот эркинлиги тўғрисидаги махсус нормани киритди. 1951 йилда Финляндия парламенти “Расмий ҳужжатларнинг ошкоралиги тўғрисида»ги Қонунни қабул қилди6. 1990 йиллар бошидаги чукур иктисодий тушкунлик Финляндиянинг бошқарувчи сиёсий қатламига мамлакатда турли соҳаларда рақобатбардошликни оширишга янгидан-янги имкониятларни топишга мажбур килди.
Бу жараёнда энг муҳим меъёр сифатида мамлакатда жамоатчилик назоратини кучайтиришга ҳар томонлама шарт-шароитлар яратиш йўли билан ҳукуматнинг бошқарув фаолияти самарадорлигини оширишга эришди. Жамоатчилик назоратининг фаоллаштирилиши натижасида 1999 йилда “Ҳукумат фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”, 2001 йилдаги “Давлат бошқаруви сохасида электрон хизматлар тўғрисида”ги ги қонунлар қабул қилинди, шунингдек 2000 йилда Конститутцияга фуқароларнинг ахборот олиш ҳуқуқларини кенгайтиришга доир махсус моддалар киритилди.
“Ҳукумат фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун фуқаролар томонидан турли ижтимоий вазифаларни бажарадиган давлат ҳокимияти органлари ва хусусий ташкилотлар фаолиятларига доир ахборотларни турли жамоат тармоқларидан олиш, улардан фойдаланишга катта имкониятлар яратди. Қонуннинг мақсади фуқароларга ва корпорацияларга ҳокимият органлари фаолиятини кузатиш, эркин фикрни шакллантириш, давлат ҳокимияти сиёсатига таъсир кўрсатиш ва ўз манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлиш кабиларга қаратилди7.
Қонун фуқароларнинг расмий ҳужжатларидан фойдаланишга нисбатан ҳуқуқларини амалга оширишнинг барча жиҳатларини белгилаб берди: расмий ҳужжатлардан фойдаланишга сўров, фойдаланишни такдим этиш тўғрисида қарор, сўровни бошқа ҳокимият органига узатиш, улардан фойдаланиш турлари. Қонунга мувофик ахборотни талаб қилувчи фуқаролар ўз сўровининг мақсадини изохлашга мажбур эмаслиги каби ҳуқуқларни ўзида ифода этди. Бу каби сўровларга бериладиган жавоблар 14 кун мобайнида берилиши шарт қилиб қўйилди8. Давлат ҳокимияти органлари ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан қабул қилинган қарорлар тўғрисидаги ахборотларга доир ҳужжатлар йўқ қилинмаслиги шарт, улар сакланиши лозим. Қонун фуқароларнинг давлат ҳокимияти органларларидан ўз фаолиятига доир ахбортларни ҳам олиши ҳуқуқини эълон қилди. Бунинг ҳокимият органлари ўз фаолиятларининг асосий йўналишларини, ҳисоботларни ва бошқа статистикани нашр этиб боришга мажбурдир9.
Қонун расмий ҳужжатларда миллий хавфсизликка таҳдид соладиган баъзи ахборотларни ва бошқа такдим этилиши мумкин бўлмаган ҳужжатларни 32 тоифага бўлди, шунингдек, расмий ҳужжатларни махфий ахборотлар тоифасига киритишининг 120 тақоидасини ишлаб чиқди. Қонунга мувофик ҳукумат идоралари ва муассасалари ўз фаолиятлари тўғрисидаги ахборотларни доимий равишда нашр этиб боришга мажбурдирлар. Ҳукумат мажлислари жамоатчилик учун очиқ хисобланиши зарур. Барча ҳукумат департаментлари ўз хусусий веб-сайтларига эга бўлиши ва электрон ҳукумат стандартларини амалга оширишлари шартдир10.
2000 йилга келиб Финляндия Конституциясининг 12-бўлимига “ҳар бир киши ижтимоий ҳужжатлардан эркин фойдалана олиш ҳуқуқига эга” эканлигига доир қўшимча киритилди11. 2001 йилда эса Финляндия парламенти жаҳонда биринчилардан бўлиб “Давлат бошқаруви сохасида электрон хизматлар тўғрисида”ги қоннуни қабул килди. Бу қонуннинг асосий мақсади давлат бошқаруви хизматларининг фаолият юритишида мансабдорларнинг масъулиятли бўлиши, тезкорликни таъминлаши ва профессионал бўлишни кабиларга қаратилди. Қонун электрон давлат хизматлари соҳасида давлат бошқарувчи органлари ва мижозларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва масъулиятларига доир қоидаларни ўз ичига олди12. Қонунга биноан, ҳокимият органлари ва етарлича техник, молиявий ва бошқа ресурсларга эга бўлган расмий идоралар фуқароларга энг кулай муқобилликлардан бирини танлаш имкониятини яратишлари лозим: электрон хабарни кўрсатилган электрон манзиллар бўйича жўнатиш ёки масалаларни ҳал қишининг бошқа механизмларини таклиф этиши шарт. Бундан ташкари, ҳокимият фуқароларга хабарномалар, ҳисоб-китоб ҳужжатлари кабилар ва бошқа ахбортларни электрон узатиш тарзида етказиб бериши лозим13.
Айни пайтда, Финляндияда барча расмий идораларнинг 90 фоизидан ортиқроғи фуқароларга ўз хизматларини Интернет орқали такдим эта бошлади. Бу давлат хизматлари буюртмалар ва талабларга доир ҳуқуқий ҳужжатларни тақдим этиш, фуқароларни турли миллий лойиҳаларда иштирок лойихалари тўғрисида хабардор қилиш, бўш иш ўринлари тўғрисида ва таълим олиш имкониятлари ҳақида ахборотлар бериш ва бошка хизматларни таклиф этиши белгилаб қўйилди14. Бундан ташкари, Бош вазир девонхонаси ўз сайтида вазирликлар тамонидан тайёрланаётган қонунлар лойиҳалари тўғрисидаги ахборотларни нашр этиб бориш қоидаси ҳам киритилди15. Ўз навбатида Финляндия парламенти фуқароларни ўзи ишлаб чиққан қонунлар лойиҳалари ва ҳужжатлар бевосита танишиш имкониятини яратди16. Интернет тизими ёрдамида фин фуқаролари Адлия вазирлиги сайтида эълон этиб бориладиган барча қонунларни, меъёрий ҳужжатларни, Финляндия давлат органларининг қарорларини ва давлатлараро битимларни назорат қилиш имкониятлари яратилди. Финляндия давлат органлари сайтларида жойлаштирилган барча материаллар – қонунлар ва бошка расмий ҳужжатлардан фуқаролар бепул фойдаланади.
Буюк Британиянинг энг яхши намоёндаларининг ҳокимият фаолияти тўғрисидаги ахборотдан эркин фойдаланишлари учун шароитлар яратиш бўйича тажрибалари диққатга сазовордир. Жаҳон бозорларида рақобатли курашнинг ошиши шароитида ҳокимият самарадарлигининг долзарблиги ҳам анча ортди. Буюк Британияда масъулиятли, бинобарин, малакали ҳокимиятни шакллантириш мақсадида 2000 йилда «Ахборот эркинлиги тўғрисида» Қонун қабул қилинган эди. Бу қонун хар бир кишига давлат ҳокимияти ихтиёрида булган ахборотдан фойдаланиш ҳуқуқини берди17 . Фуқаролар мурожаатига давлат органлари томонидан унга 20 кун ичида жавоб беришлари керак. Ахборот такдим этшини истисно килувчи учта тоифа назарда тутилди - бу суд ҳужжатлари, кўпчилик хусусий ахборотлар: хавфсизлик хизматига, махфий разведка хизматига тааллукли ахборот, махфий олинадиган ахборот18. “Ахборот эркинлиги тўғрисида”ги қонуннинг 2005 йилнинг 1 январдан кучга кирди. Асосий эътибор электрон ҳукуматни яратишга қаратилди19. Хозирги пайтда Буюк Британияда электрон муҳитда омилкор ва тезкор фаолият олиб бориш учун кулай шароитлар яратилган.
АКШ ўз тарихининг 200 ортикроқ даврида давлат мансабдорлари ахборот эркинлигигини таъминлаш соҳасида катта тажриба орттирди. 1966 йилга келиб барча ахборот эркинлигига доир ҳуқуқий асослар шу йилда қабул қилинган “Ахборот эркинлиги тўғрисида”ги қонунда мужассамлашди. Унда ҳукумат ва унинг қуйи ташкилотлари ўзларининг тузилмалари ва функцияларига тааллукли материалларни, шунингдек олиб борган сиёсати ва бошқарув фаолиятининг йуналишлари тўғрисидаги қабул қилинган қарорлар ва ахборотларни расмий раишда нашр этилишини шарт қилиб қўйди20. Қонунга бир неча марта ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилди. 1996 йилда “Электрон ахборот эркинлиги тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Бу қонун мамлакатдаги бу ҳар бир фуқарога ёки ташкилотга, фуқаролиги қандай ёки қандай мамлакатда туғилганлигидан қатъий назар федерал ҳукумат ва унинг қуйи органларига тааллуқли ҳужжатларни талаб қилиб олишга имкон бера бошлади. Қонунга мувофиқ мурожаат қилган фуқаро давлат ҳокимияти органларидан 20 кун ичида жавоб хати олиши тартиби ўрнатилди21. Қонун ахборотдан фойдаланишни истисно этувчи 9 та ҳужжатлар тоифасини белгилади: миллий хавфсизлик, давлат органининг ички қоидалари, шунингдек, бошка қонунларга мувофиқ фойдаланиш таъқиқланган ҳужжатлар, тезкор ахборотлар, ҳокимият органларининг ишчи ёзувлари, хусусий (шахсий) ҳаёт тўғрисидаги ахборотлар, ҳуқуқ-тартибот органларининг ҳисоботлари, молиявий институтлар ва нефть конлари манбалари тўғрисидаги ахборотлар22.
Хорижий тажрибалар кўрсатиб турибдики, ўз ичига биринчи навбатда ҳокимиятнинг шаффофлиги ва фуқароларнинг давлат бошқарувида кенг иштирок этиши принциплари ўз ичига олган жамоатчилик назоратининг ҳуқуқий ва маданий асосланишлари синовлардан ўтди. АҚШ ва Европа мамлакатларида давлат нодавлат ташкилотлар, ижроия ҳокимияти органлари ҳузуридаги кенгашлар, қўмиталар томонидан назорат қилишга доир махсус ахборотларни ошкор этишга ҳуқуқий асосларини яратиб берди. Бу жараёнда кўнгилли ёки ихтиёрий ҳаракатлар, жамоатчилик ташаббуслари, экспертизалар ва журналист суруштирувлари муҳим рол ўйнайди. Ривожланган мамлакатларда жамоатчилик назоратининг интернет-лойиҳалар кенг тарқалди. Масалан, АҚШда Оқ уй сайтида петициялар учун махсус бўлим – Wethepeople ташкил этилган23.
Европа Иттифоқида (ЕИ) эса жамоатчилик назоратининг тўртта асосий шакли кенг тарқалди:
1)жамоат бирлашмалари, иттифоқлари кабилардан жамоатчилик фикрига доир сўровномаларга жавоблар, петицияларга имзо тўплаш, турли таклифлар олиш. Масалан, 2012 йил май ойидан буён “Европа фуқаролик ташаббуси” (“The European Citizens Initiative”) фаолият юритади. У Европа Комиссиясига кўриб чиқиш ташкилий ва ҳуқуқий таклифларга асосланган петицияларни юборади. Бунда қуйидаги шартга амал қилинади: юбориладиган петицияни ЕИ давлатларини камида тўртдан бир қисмида яшайдиган бир миллион киши қўллаб-қуватлаши талаб этилади. Петиция фуқаролар томонидан қўллаб-қувватланиб юборилганидан кейин Европа Комиссияси уни қабул қилади, ёки рад этади. Ҳозирги даврга қадар қабул қилинган петицияларнинг сони рад этилганига қараганда кўпроқни ташкил этмоқда. Сўнгги марта бир миллиондан ортиқ фуқароларни қўллаб-қувватлашига 2013 йил март ойида эришилди: бунда “Сув олишга ҳуқуқ”га сув билан канализацияга эга бўлишни инсон ҳуқуқлари қаторига киритиш талаб этилган24.
2)жамоатчилик маслаҳатлари – уларда асосан ҳукумат ёки мунициапал органларининг лойиҳалари шарҳланади ва баҳолнади. Улар ҳам мансабдорлар, ҳам фуқаролар – яъни ўз фикрларини эътироф этилишини хоҳловчилар томонидан ҳам чақирилиши ва ўтказилиши мумкин. Жамоатчилик масалаҳатлари барча манфаатдор томонларнинг очиқ ижтимоий учрашувларида, жамоатчилик вакиллари иштирокида, ёпиқ ҳолда ва баённомалар кўринишида ёки Интернет воситасида ўтказилади. Бунинг ўзига хос ҳусусиятлари – бу муҳокамалар вақтининг чегараланганлиги, яъни уларни муайян қарор қабул қилиш санасига мувофиқлаштирлиши ҳисобланади.
3)Кейинги ўн йилликларда ғарб сиёсий муносабатлар ва бошқарув фаолиятида Интернетда коллаборация25 (вазиятли ҳамкорлик ҳаракатлари) деб аталадиган жамоатчилик назоратларини ўтказиш русумга кирди. Бир-бирига бегона фуқаролар турли қарорлар ва баҳолашларни муҳокама қилади, сўнгра уларни таклиф қилади. Коллаборациялар ахбортлардан фойдаланадиган ўзгаларга нисбатан очиқликни талаб қилиши бир қаторда жамоавий муросасоз қарорлар қабул қилишни кўзда тутмайди, балки у кўпчилик билан бир қарорга эришишда ҳар бир иштирокчининг хусусий ахборотига муҳим аҳамият қаратади.
Коллаборация тизимли назорат сифатида муайян шарт-шароитларни талаб этади: зарурий хабардорлик ва аҳамият касб этадиган мотивацияларга эга бўлган фаолларнинг (улар очиликни ташкил этиши мумкин) жамоавий заковотли ичидан ютиб чиқиши ва муҳокамаларнинг очиқ тарзда бўлиши. Коллаборация тўғридан-тўғри давлат устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда иштирок этишни ўрнини боса олмасада жамиятда пайдо бўлган муаммонинг ечимини энг яхши муқобилини топиши билан жамоатчилик назорати функциясини бажаради. Унинг устун томони шундаки, уни ҳар қандай турдаги ва мазмундаги муаммони ечимини топишга қўллаш мумкин, уни Интернет воситасида, яъни қулай тарзда ўтказилади, ўзини жўшқинлиги ва ачиқлиги билан бошқа назорат шаклларидан ажралиб туради. Коллаборация мутахассисларнинг чекланмаган сонини ўзида бирлаштириб, муаммоларнинг ечимларини оддийлаштиради, самарали бўлишини таъминлайди, уни молиялаштиршга ҳожат қолмайди. У давлат ҳокимияти органларига ёрдамлашишдан ташқари фуқароларни жамиятдаги муаммоларни кўтаришга ва ҳал этишга сафарбар этади26.
4)мунозара майдонлари ва анжуманлар (форумлар, конференциялар, фуқаролик жюрилар ва бошқалар) жамоатчилик вакиллари, экспертлар ва мансабдорларнинг турли сиёсий масалалар бўйича биргаликда қарорлар қабул қилишини таъмнлайди. Унга мисол тариқасида Your voice in Europe ресурсини келтириш мумкин. У ЕИ сиёсатини шакллантиришда қандай тарзда иштирок этишни ўзида ифодалайди27. Ғарбий Европада ижтимоий муҳокамаларни ривожланиб бориши шуни кўрсатадики, уларнинг ёрдамида қарорларни қабул қилиниши далиллаш даражаси ошиб бормоқда, жамият учун кераксиз лойиҳалар рад этилмоқда.
5)ижтимоий тармоқлар орқали давлат ҳокимиятининг турли идоралари ва нодавлат ташкилотлар ўзаро интерфаол мулоқотлар. Унга мисол тариқасида Атроф муҳитни назорат қилиш ва ахборот бўйича Европа тармоғи фаолиятини келтириш мумкин. Унда ҳамкорлар сифатида 39 та давлатнинг экспертлари, 300 та атроф-муҳитни ҳимоялаш миллий агентликлари, алоҳида олинган фуқаролар иштирок этади. Бу мулоқотларда асосан экологик муаммолар аниқланади, уларнинг ечимларига доир муҳокамалар амалга оширилади, назорат функцияларини бажарувчи хужжатлар қабул қилинади.
6)Бир қанча раижланган давлатларда давлат ҳокимияти органлари ҳузурида ижтимоий кенгашлар фаолиятлари институтлашмоқда. Бунга Росссия Жамоатчилик палатасини мисол келтириш мумкин. Унга ўхшаш ташкилотлар – Францияда турли касбий гуруҳлар вкилларидан иборат бўлган Ижтимоий ва иқтисодий кенгаш, Нилерландия Қироллиги, Австрия, Ўзбекистон каби давлатларда фаолият юритаётган Нодавлат нотижорат ташкилотларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси кабилар жамоатчилик назоратини самарасини оширишга қаратилганлиги билан ажралиб туради28. Жамоатчилик назоратининг яна бир таъсирчан шакли журналист тешируви ҳисобланади. Бу шакл АҚШда авж олган.
XIX аср - XX аср бошларида АКШ ва Ғарбий Европа ривожланган мамлакатларида ҳокимият органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тажриди. Жамоатчилик назоратини амалга ошириш усуллари деганда фуқароларнинг ҳокимият фаолияти устидан ўз назоратларини амалга оширишда қўллайдиган хатти-ҳаракатлари ёки ҳаракатлар тизимини тушуниш лозим. Жамоатчилик назорати иккита асосий усул билан – 1)фуқаролар иродасининг тўғридан - тўғри (бевосита) талаби билан, 2) фуқароларнинг топшириғига асосланган - билвосита (ваколатли) тарзда хатти-ҳаракат қиладиган, улар сайлаган идоралар воситасида амалга ошириладиган усуллар билан ўтказилади. Бунда жамоатчилик назоратининг у ёки бу усулининг бир-биридан устуворлиги тўғрисида масала қўйишнинг ҳожати йўқ, чунки бу икки усулнинг ўз мақсадлари ва вазифаларини амал оширишининг аҳамияти тенг тарзда муҳим ҳисобланади.
Жамоатчилик назоратининг бевосита ва ваколатли (билвосита) усуллари ўзининг амалга оширилиши бўйича хилма хил шаклларга эгадир. Жамоатчилик назоратининг бевосита усулида фуқаролар иродасининг намоён бўлиши қуйидаги шаклларда амалга оширилади:
- фуқароларнинг ҳокимият фаолиятига оид ахборотлардан воқиф бўла олиши;
- журналистик текширув;
-арзномалар – фуқароларнинг давлат ҳокимияти органлари ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларига якка тартибдаги ёки жамоавий мурожаатлари;
-фуқароларнинг маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролар йиғинлари, оммавий тарзда тинглашлари воситасида жамият ишларини бошқаришдаги иштироклари;
-жамоатчилик фикрини шакллантирувчи ва бошқарувчи энг юқори доирадаги раҳбарларга таъсир кўрсатадиган илмий-тадкикотлар, публицистик ва бадиий асарлар;
-қонун лойихалари ва бошқа давлат ҳаётига доир бошка муҳим масалаларни оммавий муҳокама қилиш;
-халқнинг қонунчилик ташаббуслари;
-қонун лойихаларининг жамоатчилик томонидан экспертиза қилиниши;
- судлар маслахатчилари.
Фуқаролар назоратининг билвосита – ваколатли усули ўзининг турли шаклларига эгадир. Уларга парламент назорати, ҳудуд (штат, ўлка, вилоят) қонун чикарувчи органларининг назорати ва маҳаллий ўзини ўзи бошқаришнинг ваколатли органлари назоратларини келтириш мумкин.
Жамоатчилик назоратининг тўғридан-тўғри усулининг муҳим шакли – бу фуқароларнинг давлат ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотдан фойдалана олишлари ҳисобланади. Фуқароларнинг ҳокимиятнинг фаолияти тўғрисида хабардорлигининг тўлиқлиги ва ўз вақтида хабардор бўлиши инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳимоялаш, давлат органларининг самарали бошқаруви ва ижтмоий хизматларини сифатли бўлиши учунк уларга таъсир кўрсатиш қобилиятларига боғлиқдир. Шу муносабат билан АҚШ сиёсатшунос олими Б.Пейдж қуйидаги фикрни билдиради: “Жамият ҳукумат устидан ҳақиқий назорат қилиш имкониятига эга бўлиши учун унинг фаолиятидаги барча тафсилотлардан яхши хабардор бўлиши, фуқаролар эса мамлакатда пайдо бўлаётган барча муҳим муаммоларни муҳокама қилишда фаол иштирок этишлари талаб этилади”29.



Download 116.37 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
  1   2   3   4   5   6   7   8   9   10




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling