Миллий истиқлол ғояси: асосий тушунча ва тамойиллар концепциянинг мазмун ва моҳияти.
Ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти қуришдан иборат миллий стратегияни амалга ошириш Концепциянинг асосий мақсадини ташкил этади. Мазкур мақсад доирасида қуйидаги йўналишларда кенг кўламдаги ишларни амалга ошириш талаб этилади:
- ўзбек халқининг бой тарихий, илмий, бадиий, маданий-маърифий ва ахлоқий меросини ҳар бир фуқаронинг маънавий мулкига айлантириш, миллий ўзликни англатиш мақсадини устувор йўналиш сифатида амалга ошириш, миллий ғоя ва мафкурани халқимизнинг онги ва қалбига чуқур сингдириш, уни руҳий ва маънавий куч-қудрат манбаига айлантириш;
- Ватан озодлиги йўлида жасорат кўрсатган буюк аждодларимизнинг ибратли ҳаётини кенг тарғиб этиб бориш, сиёсий жараёнларга, мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар таҳлили асосида жамиятнинг ҳар бир аъзоси қалбида миллий ғурурни кучайтириш, ҳеч қачон, ҳеч кимга қарам бўлмаслик туйғусини камол топтириш;
- аҳолининг барча қатламларида, хусусан, ёшларда фаол фуқаролик позициясини шакллантириш, фидойилик ва ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш, уларда дунё ва мамлакат миқёсидаги сиёсий жараёнларга мустақил ва онгли муносабатда бўлиш ҳиссини уйғотиш;
- жамиятда ўзаро инсоний муносабатлар, иззат-эҳтиром, меҳр-мурувват, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ғояларини шакллантириш жараёнларини миллий ғоя ва маънавият тамойиллари билан уйғун тарзда тизимли ва узлуксиз тарғиб этиб боришни йўлга қўйиш;
- турли оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоқларида тарқатилаётган, урф-одатларимиз, миллий менталитетимизга зид, одобсизлик ва ахлоқсизликни тарғиб этувчи вайронкор ғояларнинг ёшларимиз онгига салбий таъсир ўтказишининг олдини олиш;
- ахлоқий, тарбиявий ишларни янада такомиллаштириш, ёшларда юксак маънавий ва маданий сифатларни шакллантириш, умуминсоний қадриятлар, миллий ўзликни англаш, ғурур ва ифтихор, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, бой тарихий-маданий меросга асосланган ҳолда мустақил оилавий ҳаётга тайёрлаш, халқимизнинг азалий анъана ва урф-одатларига асосланган ҳолда жамиятда ўз ўрнини топиш, касб-ҳунар эгаллашга бўлган иштиёқини кучайтириш;
- Олий таълим муассасаларида талабаларнинг етакчилик хусусиятларини намоён қила олишлари ҳамда бошқарув маҳорати малакасини ҳосил қилишларига кенг қамровли имкониятлар очиб берилишини таъминлаш;
- ёшларнинг илм-фан соҳасидаги фаоллигини ошириш, илмий-ижодий интилишларини рўёбга чиқариш;
- ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар мазмунини кенг тарғиб этиш орқали уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш;
- ёшларнинг турли соҳаларда эришаётган ютуқларини кенг тарғиб этиш ва уларнинг онгида баркамол шахс идеалини шакллантириш орқали замонамиз қаҳрамонларини камол топтириш.
Do'stlaringiz bilan baham: |