Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари( тамойиллари)нинг моҳияти ва аҳамияти.
Ҳисоблаш принципи
Пул оқими ҳақидаги ҳисоботдан ташқари молиявий ҳисоботлар ҳисоблаш принципи асосида тузилади.
Ҳисоблаш принципига мувофиқ активлар, пассивлар, хусусий капитал, даромадлар, харажатлар, хўжалик операциялари ва ҳодисалар бухгалтерия ҳисобида улар бўйича пул маблағлари ва уларнинг эквивалентлари олинган ёки тўланган пайтда эмас, балки улар содир этилган (ёки ҳақиқатда олинган) пайтда акс эттирилади.
Ҳисоблаш принципи асосида тайёрланган молиявий ҳисоботлар фойдаланувчиларга ўтмишда пул тўлаб ёки пул маблағларини олиб амалга оширилган хўжалик операциялари тўғрисидагина эмас, шунингдек келгусида пул тўланадиган мажбуриятлар тўғрисида ҳам ахборот беради, бу эса тегишли иқтисодий қарорларни қабул қилишда жуда зарур ҳисобланади.
Иккиёқлама ёзув усули билан ҳисоб юритиш
Иккиёқлама ёзув усули билан ҳисоб юритиш принципи хўжалик юритувчи субъект бухгалтерия операцияларини иккиёқлама ёзув тизими асосида рўйхатга олиши кераклигини билдиради. Иккиёқлама ёзув тизими шундан иборатки, бир операция бўйича бир сумма бухгалтерия ҳисобининг икки счётида — бирининг дебетида ва иккинчисининг кредитида акс эттирилади.
Узлуксизлик
Молиявий ҳисоботни узлуксизлик принципи асосида тайёрлаш хўжалик юритувчи субъект доимий ҳаракат қилишини ва аниқ бўлмаган узоқ муддат давомида ўз фаолиятини давом эттиришини, яъни хўжалик юритувчи субъектнинг ўзини тугатишига ёки ўз фаолияти соҳасини қисқартиришга эҳтиёжи йўқлигини билдиради.
Агар раҳбар хўжалик юритувчи субъектни тугатиш ёки унинг фаолияти кўламларини қисқартириш зарур деб ҳисобласа ёхуд шундай вазиятга олиб келадиган шароит мавжуд деб ўйласа, молиявий ҳисоботга тушунтиришларда бундай фактнинг мазмунини ёритиб бериши ва молиявий ҳисоботни тузишга асос бўлган жиҳатларни, узлуксизлик принципидан чекиниш сабабларини кўрсатиши зарур.
Узлуксизлик принципи яна шуни билдирадики, бухгалтерия ҳисобини юритиш муддати хўжалик юритувчи субъект фаолият кўрсатган муддатга мос бўлиши керак, яъни хўжалик юритувчи субъектнинг бухгалтерия ҳисоби субъект тугатилган ёки у банкрот деб эълон қилинган пайтгача юритилиши керак. Хўжалик юритувчи субъект ўз фаолиятини тугатган кундан бошлаб бухгалтерия ҳисобини юритишни ҳам тўхтатади.
Do'stlaringiz bilan baham: |