Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти мустақил изланувчиси Бабаназарова Севара Абдиназаровна томонидан


Download 25.37 Kb.
Sana21.02.2023
Hajmi25.37 Kb.
#1217415
TuriДиссертация
Bog'liq
2 тақриз


Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти мустақил изланувчиси Бабаназарова Севара Абдиназаровна томонидан 08.00.05 – “Хизмат кўрсатиш тармоқлари иқтисодиёти” ихтисослиги бўйича “Таълим хизматлари самарадорлиги ва сифатини оширишнинг ташкилий-иқтисодий механизмларини такомиллаштириш” мавзусида иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун тайёрланган диссертация ишига


Т А Қ Р И З

Мамлакатимиз ривожланишнинг янги босқичига ўтиш жараёнида барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва фаровонлигини ошириш энг долзарб вазифалар ҳисобланади. Бугунги кунда жадал ривожланиб бораётган ҳамда жаҳоннинг илғор мамлакатларида кенг қўлланилаётган рақамли технологиялардан фойдаланиш эса мазкур жараёнларни тез, қулай, самарали ва энг муҳими, шаффоф тарзда амалга ошириш имконини беради. Мамлакатимиз иқтисодиётини, қолаверса жамият ҳаётини рақамлаштириш эса ўз навбатида малакали мутахассисларга бўлган талабни кескин ошириши табиийдир. Ўзбекистон ҳукумати томонидан амалга оширишлаётган қатор чора-тадбирлар айнан шу масаланинг ечимига қаратилганлиги бундан далолат беради. Жумладан, ҳудудларда янги олий таълим муассасаларининг ташкил этилиши, кадрлар тайёрлашнинг замонавий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари ҳамда сиртқи ва кечки бўлимларнинг очилиши, олий таълим муассасаларига қабул квоталарининг оширилиши каби муҳим ислоҳотларни амалга ошириш бир қатор қонун ҳужжатлари орқали белгилаб берилди.


Тадқиқотчи томонидан бажарилган диссертация юқорида келтирилган муҳим вазифаларни амалга ошириш, яъни олий таълим муассасаларида рақобатбардош кадрларни тайёрлаш жараёнида мавжуд бўлган муаммолар, уларнинг ечими, таълим самарадорлиги ва сифатини ошириш, ушбу жараёнда рақамли технологияларидан фойдаланиш масалаларини қамраб олган. Диссертация мавзусининг долзарблиги тадқиқотчи томонидан кенг ва асосланган ҳолда ёритиб берилган. Мавзунинг долзарблиги ишнинг мақсадини шакллантиришга, мақсади эса вазифаларни белгилаб олишга асос қилиб олинганлиги, ишнинг таркибий қисмида ҳам яққол кўзга ташланиб турибди. Диссертация иши таркиби кириш, учта боб, хулоса, фойдаланилган адабиётлар рўйхати ҳамда иловалардан иборат.
Диссертация ишининг кириш қисмида мавзунинг долзарблиги, тадқиқот мақсади, вазифалари, илмий янгилиги, илмий, амалий аҳамияти, ўрганилганлик даражаси, апробацияси, тадқиқот натижаларининг амалиётга тадбиқ қилиниши каби масалалар етарли тарзда ёритилган. Диссертация иши уч бобга ажратилган ҳолда назарий асослари, амалий жиҳатлари, такомиллаштириш масалалари мантиқан боғланган ҳолда ифодаланган.
Диссертациянинг “Таълим хизматлари самарадорлиги ва сифатини оширишнинг ташкилий-иқтисодий механизмлари ва уларнинг назарий масалалари” деб номланган дастлабки бобида мамлакатимизда мустақиллик йилларида шаклланган таълим хизматлари самарадорлиги ва сифатини оширишнинг асосий босқичлари ва ташкилий-иқтисодий механизмларини такомиллаштириш йўналишлари атрофлича ўрганилган, таълим хизматлари сифати ва самарадорлигини ошириш ва уларнинг даражасини баҳолашнинг амалдаги тизими тўғрисида кенг маълумот берилган. Бундан ташқари, таълим хизматлари самарадорлиги ва сифатини оширишнинг ташкилий-иқтисодий механизмлари ва уларнинг ўзига хос хусусиятлари ўрганиб чиқилган ва уларга муаллифлик таърифи таклиф этилган.
Диссертациянинг “Таълим хизматлари самарадорлиги ва сифатини оширишда рақамли таълим билан боғлиқ ташкилий-иқтисодий механизмларини такомиллаштириш йўллари” деб номланган иккинчи бобида таълим хизматлари самарадорлигини оширишда рақамли таълимдан фойдаланиш имкониятлари, инсон капиталини шакллантиришда рақамли таълим хизматларини такомиллаштириш ва тарбиянинг уйғунлигини таъминлаш йўллари, рақамли таълимни шакллантиришнинг объектив зарурлиги ва уни жорий қилишнинг ташкилий-иқтисодий механизмлари билан боғлиқ масалалар тадқиқ этилган. Рақамли таълим тушунчасининг муаллифлик таърифи, унинг анъанавий таълим билан қиёсий таҳлили, таълим хизматлар халқасига доир мулоҳазалар айниқса эътиборни жалб қилади.
Диссертациянинг “Таълим хизматлари самарадорлиги ва сифатини ошириш орқали рақобатбардош кадрларни тайёрлаш ва “коррупциясиз олий таълим”ни шакллантириш механизмлари” деб номланган учинчи бобида рақобатбардош кадрларни тайёрлашда профессор-ўқитувчилар меҳнатидан самарали фойдаланиш йўллари, рақамли таълимни жорий қилиш орқали “Коррупциясиз олий таълим”ни шакллантириш механизмлари, таълим хизматлари ўзгаришининг қиёсий таҳлили ва уларнинг прогноз кўрсаткичлари каби масалалар тадқиқ этилади. Жумладан, рақобатбардош кадрларни тайёрлаш жараёнида иштирок этадиган меҳнат ва моддий ресурслар, улардан самарали фойдаланиш масалалари, олий таълим тизимида коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар таҳлили ва уларни бартараф этиш йўллари ўрганиб чиқилган, олий таълим тизимига доир кўрсаткичларнинг 2026 йилга қадар прогнози келтирилган.
Ҳар бир боб матнида тегишли тарзда илмий-назарий ва амалий тавсиялар ҳам келтирилган. Мазкур хулосалар ишнинг мақсади, вазифалари ва олинган илмий натижалар асосида таклиф қилинган илмий янгиликлари билан ҳамоҳанг. Улар бир-бирини тўлдириб борган.
Хулосада мустақиллик йилларида Ўзбекистонда таълимни ривожлантириш бўйича амалга оширилган ислоҳотларнинг учта босқичлардан иборатлиги илмий жиҳатдан асосланганлиги, ўқувчи (талабалар)ни учта тоифалари бўлиб, уларни рағбатлантириш механизмлари ишлаб чиқилганлиги, талабаларни рейтинги бўйича тоифаларга бўлиб, уларни олий ўқув юртини битиргач юқори лавозим ва маош билан буюртма асосида ишга жойлашишини таъминлаш орқали рағбатлантириш механизми ишлаб чиқилган бўлиб, талабаларни ишга жойлаштириш ва илмий ишларга жалб қилишда қўлланилиб келинаётганлиги, таълим хизматлари самарадорлиги ва сифатини ошириш мақсадида олий таълим тизими ходимларини “Ҳалоллик вакцинаси” билан эмлаш натижасида “Коррупциясиз олий таълим”ни шакллантириш модели ишлаб чиқилганлиги ва бу таклифнинг амалиётга жорий қилиниши олий ўқув юртларида адолатнинг қарор топиши, талабаларнинг олган баҳоларининг ҳаққонийлиги ва ўқишга бўлган иштиёқининг уйғониши ҳамда келажакка бўлган ишончининг мустаҳкамланишини таъминлашга хизмат қилаётганлигини таъкидлаб ўтилган.
Изланувчи томонидан тадқиқотни бажариш жараёнида олинган ва илмий янгилик сифатида эътироф этиш мумкин бўлган асосий илмий натижалар сифатида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:
олий таълим хизматлари самарадорлигини аниқлаш мультипликатив модел компонентлари воситасида муайян олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчиларининг таълим сифатини ошириш билан боғлиқ фаолият кўрсаткичларини комплекс баҳолашга кўра такомиллаштирилган;
олий таълим соҳасида таълим сифатини баҳолаш “талаба – гуруҳ – таълим йўналиши” узвий занжиридаги сифат кўрсаткичлари умумий даражасини академик вақт оралиқлари бўйича аниқлаш усулини қўллаш орқали такомиллаштирилган;
таълим хизматлари самарадорлиги ва сифатини баҳолаш меъёрлари таркибига таълим хизмати даражасини ифодаловчи педагогик компетенция, халқаро миқёсдаги илмий эътироф ҳамда таълим хизмати истеъмоли натижасини ифодаловчи талабаларнинг кумулятив рейтингини киритиш таклифи асосланган;
мамлакат макроиқтисодий кўрсаткичлари динамикаси асосида олий таълим соҳаси асосий фаолиятининг 2026 йилга қадар прогноз кўрсаткичлари ишлаб чиқилган.
Ушбу янгиликлар ишда етарли даражада илмий-назарий жиҳатдан асослаб берилган. Булардан кўриниб турибдики, тадқиқот натижалари муҳим илмий-назарий, методологик ва амалий аҳамиятга эга. Унинг илмий ва амалий аҳамияти таълим хизматлари самарадолиги ва сифатини ошириш ва уларнинг ташкилий-иқтисодий механизмларини такомиллаштиришда фойдаланиш мумкинлиги билан изоҳланади. Шунингдек, тадқиқот доирасида таклиф этилган инсон капиталини шакллантиришда рақамли таълим хизматларини такомиллаштириш йўналишлари, олий таълим тизимида “коррупциясиз олий таълим”ни шакллантириш механизми ва унинг модели соҳага оид ўқув дастурлари, ўқув-услубий мажмуалари, маърузалар матни, ўқув қўлланмалари, монография ва дарсликлар тайёрлашда кенг фойдаланиш имконини беради. Булар мазкур тадқиқотнинг ўз вақтида бажарилганлигидан далолат беради.
Диссертация ва унинг авторефератида юқорида қайд этилган ютуқлар билан бирга айрим камчиликлар ҳам мавжуд.

  1. 1.1-параграфда мамлакатимизда узоқ муддатга мўлжалланган таълим ва илм-фанни ривожлантириш дастурида белгиланган ва амалга оширилган тадбирлар келтириб ўтилган. Шундан келиб чиқиб, ҳозирги босқичдаги мавжуд муаммолар ва ҳал этилиши лозим бўлган масалалар тўғрисида маълумот берилса, илмий холислик даражаси янада ошади.

  2. Тадқиқот ишнинг 1.2-параграфида таклиф этилган таълим хизматлари самарадорлигини баҳолаш тизими амалдаги баҳолаш тизимларидан нимаси билан фарқланишини аниқлаштириш ва янги киритилган мезонларнинг аҳамиятини кенгроқ асослаш бериш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

  3. Диссертация 2.1-параграфида келтирилган талабаларни тоифалари бўйича рағбатлантириш механизмларининг бир қанча кўрсаткичлар келтириб ўтилган, бу кўрсаткичлар кенгроқ ёритилиши керак эди.

4. 3.2-параграфда келтирилган “Талаба – Ота-она – Педагог” моделининг ота-она ва педагог элементлари атрофлича очиб берилган. Бу моделдаги талаба элементининг хусусиятлари ва унга қўйиладиган талаблар тўғрисида ҳам маълумот берилганда модел тўғрисида тўлиқ тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.
Аммо ушбу камчиликлар ишнинг умумий қийматини пасайтирмайди. Ҳали ҳимояга қадар вақт борлигини ва кўрсатилган камчиликларни тугатиш учун имкониятларнинг етарлилигини инобатга олиб, ишни ҳимояга тавсия қилиш мумкин, деб ҳисоблайман.
Хулоса қилиб айтганда, мучтақил изланувчи Бабаназарова Севара Абдиназаровна томонидан “Таълим хизматлари самарадорлиги ва сифатини оширишнинг ташкилий-иқтисодий механизмларини такомиллаштириш” мавзусида 08.00.05. “Хизмат кўрсатиш тармоқлари иқтисодиёти” ихтисослигида иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертацияси моҳияти ва мазмунига кўра, юқорида қайд этилган ихтисослигига мос келади ва Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссиясининг “Илмий даражалар бериш тартиби тўғрисида”ги Низом ва “Докторлик диссертацияси ва диссертация авторефератини расмийлаштириш қоидалари” талабларига тўлиқ жавоб беради ва унинг муаллифи эса даъво қилаётган ихтисослиги бўйича иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олишга лойиқ, деб ҳисоблайман.
СамДУ “Инсон ресурсларини бошқариш”
факультети, “Тармоқлар иқтисодиёти”
кафедраси доценти, и.ф.н. С.Л.Алибекова
Download 25.37 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling