1. Товар қондирувчи эҳтиёжлар
Эҳтиёжларни тавсифловчи асосий ахборот қуйидагилардан иборат:
товар номи;
товарнинг вазифалари, фойдалилиги;
товардан фойдаланишнинг универсаллиги, билвосита фойдалилик, иккинчи даражали қўллаш соҳалари (масалан, чанг ютгичдан хоналарни бўяшда фойдаланиш имконияти);
товарнинг ўзига хослигини таъминловчи омиллар.
2. Сифат кўрсаткичлари
Маҳсулот хусусиятларига унинг қуйидаги сифат кўрсаткичлари бевосита боғлиқ бўлади: узоқ муддат хизмат қилиш, ишончлилик, оддийлик, хавфсизлик ва ҳоказо. Айрим сифат кўрсаткичлари миқдорий жиҳатдан баҳоланиб, мос келувчи маълумотлар бизнес-режада келтирилиши мумкин. Хусусиятлар йиғиндисини худди сифат даражаси каби харидорлар тасаввурига мос келувчи тушунчалар орқали ўлчаниши зарур.
3. Иқтисодий кўрсаткичлар
Иқтисодий кўрсаткичлардан қуйидагилар келтирилиши лозим:
истеъмол баҳоси;
битта маҳсулот бирлиги таннархи ва у келтирувчи фойда.
Истеъмол баҳоси товарнинг хизмат қилиш муддати давомида унга сарфланувчи харажатларни акс эттириб, қуйидагилардан иборат бўлади:
сотиш баҳоси (нархи);
транспорт харажатлари;
ўрнатиш харажатлари;
ходимларни ўқитиш харажатлари;
эксплуатация харажатлари;
техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш харажатлари;
солиқлар;
суғурта бадаллари ва ҳоказо.
4. Товарнинг ташқи безалиши
Товарнинг ташқи безалишини тавсифлашда унинг замонавий дизайн ва истеъмолчилар талабларига мос келишини акс эттириш, маҳсулотнинг шакли унинг функцияларига қанчалик жавоб бериши, материали ва ранги нима асосида танланганлиги ва бошқаларни кўрсатиш лозим.
5. Янги товарни тавсифлаш
Янги товарни тавсифлаш айрим хусусиятларга эга. Аввало товар «бозор янгилиги» талабларига жавоб бериши кўрсатилади. Бу атама билан белгиланувчи товарлар қуйидаги хислатларга эга бўлади:
истеъмолчилар учун энг янги эҳтиёжларни қондириш имкониятини очиб беради (пионер товар);
оддий, маълум бўлган эҳтиёжни бир поғона юқорига кўтаради (оқ-қора телевизор ўрнига рангли телевизор);
истеъмолчиларнинг кенгроқ доирасига маълум даражада эҳтиёжни қондиришга имкон беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |